Намоздаги хушуъ ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин. Оламларга раҳмат этиб юборилган зот Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммадга саловоту саломлар бўлсин. Шунингдек у зотнинг аҳллари ва барча саҳобаларига саловату саломлар бўлсин.  

Сир эмаски ҳар бир мусулмон киши учун намоз диннинг устуни, тоатларнинг энг асосийси ва бадан ибодатларининг энг афзалидир. Аллоҳни таниш ва У зотга иймон келтиришдан кейинги энг афзал нарса ибодатдир. Аллоҳни таниш ва У зотга иймон келтириш ҳар бир ибодатнинг шартидир. Зеро бу энг шарафли ва фазилатли амалдир. Ана шундан кейин намоз туради. Аллоҳ таоло намозни фахш ва мункардан қайтаради деб васф қилган. Аллоҳ таоло айтади:

Албатта намоз фаҳш ва мункардан қайтарур” (“Анкабут” сураси, 45-оят).

Намоз хатоларни каффорат қилиш ва даражаларни кўтаришнинг энг буюк сабабларидан биридир.

Намоз ҳар куни банда ва Аллоҳ орасидаги аҳдни беш маротаба янгилайди. Аллоҳ таоло намозда қалб, тил ва аъзолардан иборат бўлган амалларни фарз, суннат каби ҳукмлар ила жамлагандирки, бундай нарсалар бошқа ибодатларда мавжуд эмас.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу намознинг аҳамияти ҳақида гапирган сўзлардан кўра гўзалроқ, ростгўйроқ бир сўз топиш қийиндир. У киши айтганлар:

“Менинг наздимда ишларингизнинг энг муҳими намоздир. Ким уни ҳимоя қилса, ким уни доимий сақласа ўз динини сақлабди. Ким уни зое қилса, у намоздан бошқа нарсаларни янада зое қилувчироқдир”.

Мусулмон дўстим, билгинки хушуъ намознинг руҳи, ҳаёти ва нуридир. Мана шу хушуъ ила сен малаул аъло ва юксак самоларга кўтариласан.

Хушуънинг кўп маънолари бўлиб, салафлар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) буларни зикр қилиб ўтганлар. Шундай маънолардан бири бу қалбни Роббисининг хузурида сокинлик ва хокисорлик билан туришидир. Шунингдек у қалбнинг Аллоҳ хузурида синиқлик ҳолида, бўйинсунган ҳолида туриши, Алоҳга тавозуъли бўлиши ва хокисорлик қилишидир. Шунингдек у аъзоларнинг ўз холиқи олдида сукунатда туриши ва шаҳват ўтини ўчиришдир. Аллоҳни улуғлаш қалбда нурни ёришишидир. Уламолардан бири хушуънинг маъноларини жамлаб туриб қуйидагиларни айтган:

“Хушуъ Аллоҳ таолони улуғлаш, У зотга бўлган муҳаббат, У зотга нисбатан бўлган хокисорлик, бўйин эгишдан иборат бўлган бир маънодир”.

Аллоҳ таоло хушуъни мўмин, намозхон бандаларининг сифатининг аввалида зикр қилган. Аллоҳ таоло айтади: “Батахқиқ мўминлар нажот топдилар ва улар на- мозларида хушуъ қилувчилардир” (“Мўминун” сураси, 1-2-оятлар). Шунингдек Аллоҳ таоло намозхонларни васф қилиб қуйдагиларни айтган: “Ва албатта бу намоз хушуъ қилувчилардан бошқалар учун ўта катта ишдир” (Бақара сураси, 45-оят).

Кўпгина намозхонлар ушбу хатарли ишда камчиликга йўл қўядилар. Бир кишини кўрасан намоз ўқийди, аммо қалби дунё ва унинг ишларига, ғамларига боғланиб қолган. Ўзининг ишини намозда доим фикрлаб туради. Қалби дунёнинг умидида мудроқ босган, бадани ва тили ҳозир бўлсада, аммо қалби  ва фикри Аллоҳдан ғоибда бўлади, Аллоҳни эсламайди. Мана шу ҳақда улуғ саҳобий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сирдошлари Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу хабар берганлар:

“Сизлар динингиздан аввало йўқотадиган нарсангиз хушуъдир. Бўлиши мумкинки, бир намозхон намоз ўқийди аммо унда яхшилик йўқ. Ва ҳаттоки шундай бўлиши мумкинки, сен жамоат масжидига кирасан ва у ерда бирорта хушуъли инсонни кўрмайсан”.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кишининг намозидан қалби ва фикри ҳозир бўлган миқдорича ёзилиши ҳақида хабар берганлар. Амор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги гапларни айтганларини эшитдим:

“Албатта банда намоз ўқийди ва намозини тугатиб кетади. Унга эса ўша ўқиган намозидан ўндан бири ёки тўққиздан бири ёки саккиздан бири ёки еттидан бири ёзилган бўлади.Токи адад тугагунча”.

Абу Довуд ва Насаий ривояти.

Мусулмон кишининг Аллоҳга қалби ила юзланиши муҳим бир шартдир. Бу нарсадан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган ҳолда қуйидагича айтганлар:

“Бир мусулмон киши таҳорат олиб, таҳоратини гўзал қилса, сўнгра туриб икки раъкат намоз ўқиса ва ўша намозида қалби ва юзи ила Аллоҳга юзланган ҳолда турса, унга албатта жаннат вожиб бўлади”,

Муслим ва Аҳмад ривояти.

Инсон ёши катта бўлиб энг охирги чегарасига бориб қолганда ҳам, унинг биронта намози комил бўлмаслиги мумкин. Бунинг сабаби у намоз ичида лозим бўлган хушуъни ўз ўрнига қўймаганлиги бўлади. Бу ҳақда Умар розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар:

“Инсон Исломда қарийди ва Аллоҳ унинг биронта намозини комил қилмаган бўлади. Шунда айтилдики – Бу қандай бўлади? – У киши айтдилар – Аллоҳга бўлган хушуъсини ва Аллоҳга бўлган юзланишини мукаммал қилмайди”.

Мақоламизни хушуъ аслида қалбда бўлиши ҳақидаги бир ривоят ила якунлаймиз.

Кўпгина мусулмонлар кишининг юзида сажда аломати кўринса, у хушуъ қилувчилардандир деб гумон қиладилар. Баъзилари шу гапга қуйидаги оятни далил қилиб келтирадилар: “Юзларидаги сиймолари сажданинг асаридан” (Фатҳ сураси, 29 оят).

Ваҳоланки, Ибн Абу Хотим ўз тафсирларида Маъсур раҳимаҳуллоҳдан, у Мужоҳид ибн Жабр раҳимаҳуллоҳдан келтирган. Мужоҳид ибн Жабр тобеинларнинг имомларидан бўлиб, тафсирни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан олган. Мужоҳид ибн Жабр юқорида айтиб ўтилган оятни, яъни “Юзларидаги сиймолари сажданинг асаридандир” оятини тиловат қилгач: “Сажданинг асари бу хушуъдир”, дедилар. Маъсур: “Бу юздаги бир асар эмасми, пешонадаги бир белги эмасми?” деганида, Мужоҳид: “Гоҳида шундай бўладики, бир кишининг икки кўзининг орасида бир асорат пайдо бўлади. Ваҳоланки унинг қалби Фиръавннинг қалбидан ҳам қаттиқроқ бўлади. Ҳаттоки унинг икки кўзининг орасида эчкининг тиззасига ўхшаган бир асорат пайдо бўлади ёки Аллоҳ хоҳлаган бошқа бир из пайдо бўлади. Ваҳоланки у хушуъ қилувчилардан бўлмайди” дедилар.

 

Манба: islom.uz

Таржимон: Афзал Аброр

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин

 

САВОЛ БЕРИШ