Print this page

Ахлоқ ва уни сайқаллаш

Ахлоқ «хулқ» сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқ-атворни билдиради. Баъзи уламолар ахлоқни «ироданинг одати» деб таъриф қилган. Яъни, ирода ўзига бир нарсани одат қилиб олса, ўша ахлоққа айланган бўлади. Мисол учун, кишининг иродаси хайр -эҳсон қилишга азму қарорли бўлиб қолса, ўша карамли хулқ дейилади.

Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисми, десак муболаға қилмаймиз. Зеро, дин яхши деб ҳисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, ёмон деб ҳисоблаган ва ман этган нарсалар эса ёвузликдир. Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазилатлар Ислом жамиятида қадрият, ҳусни хулқ ва маънавий фазилатлар ҳисобланади.
Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.
Қадимдан ахлоқ илми уламолари «Одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?» деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган.
Улардан баъзилари, яхши ва ёмон ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади, ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди, деганлар.
Бошқа бир гуруҳ ахлоқ илми уламолари эса, инсон туғилганда ҳеч қандай фазилат ёки разилатсиз туғилади, унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади, деганлар.
Ахлоқ илми уламолари эса, ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар хамиртуриши инсонга онасининг қорнидаёқ пайтида ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида ахлоқ қобилиятини қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади, дейдилар.
Шунинг учун ҳам Исломда хулқни сайқаллашга алоҳида эътибор берилади. Бу иш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуд ишлардан бири даражасига кўтарилади.
Аллоҳ таоло «Қалам» сурасида: «Ва, албатта, сен улкан хулқдасан», деган (4-оят).
Бу ояти карима Пайғамбар алайҳиссалом учун катта ва олий баҳодир. Аллоҳ у зотга хитоб қилиб, хулқларини улуғлик билан сифатламоқда.
Язийд ибн Бобанусдан ривоят қилинади: «Оишанинг олдига кирдик ва: «Эй мўминларнинг онаси! «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари хулқлари қандай бўлган эди?» дедик.
«Хулқлари Қуръон эди. Мўминун сурасини қироат қиласизларми? «Қод афлаҳал мўминун»нинг ўқи!» деди.
Язийд айтади: «Мен «Қод афлаҳал мўминунни то ли фуружиҳим ҳофизун»гача ўқидим.
«Хулқлари Қуръон эди», деди Оиша.
Бухорий «Ал-Адаб ал-Муфрад»да ва Насаий «Кубро» ҳамда «Туҳфатул Ашроф»да ривоят қилган.
Яъни, Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланиб, барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўз айтувчини ёмон кўрур», дедилар». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, мўмин ўзининг ҳусни хулқи ила рўза тутувчи ва бедор бўлувчининг даражасини топадир», деганларини эшитдим». Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралди. Бас, у зот: «Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни хулқ», дедилар.
У зотдан яна одамларни кўпроқ дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралди.
Бас, у зот: «Оғиз ва фарж», дедилар
». Термизий ривоят қилган.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшингиз ҳусни хулқлигингиздир», дедилар». Термизий, Муслим ва Бухорий ривоят қилган.
Бухорийнинг лафзида:«Албатта, сизнинг энг яхшингиз ҳусни хулқлигингиздир», дейилган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан менга энг маҳбубингиз ва қиёмат куни мажлиси энг яқинингиз ҳусни хулқлигингиздир. Сизлардан менга энг ёқмайдиганингиз ва қиёмат куни мажлиси энг узоғингиз сергап, тили узун ва мутафайқиҳингиздир», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули! Сергап ва тили узунни биламиз, мутафайқиҳлар кимлар?» дейишди.
«Мутакаббирлар», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Аввал ҳам ишора қилинганидек, ахлоқ ва одобни яхши савияда тутиб туриш учун доимо уларни сайқаллаб туриш ва бузилишига қарши чора кўриб туриш керак. Бунинг учун эса, ахлоқ-одобни бузадиган, ёмонлаштирадиган омилларни ва уларни сайқаллаш йўлларини яхшилаб ўрганиш лозим.

НАФСНИ ПОКЛАШ ВА АХЛОҚНИ САЙҚАЛЛАШДАН КЎЗЛАНГАН МАҚСАД

Мазкур икки улуғ амалдан кўзланган мақсадлардан бири ибодатларни адо этиш жараёнида қалбни тўғри тутиш, хушуъ ва хузуъни қойиллатиб адо этиш, бир сўз билан айтганда ибодатларга руҳ бағишлашдир. Шунингдек, улар орқали иймонни амалий равишдаги ҳақиқатга айлантириш, куфрдан четланиш ва нифоқдан қутилиш йўлга қўйилади.
Бу икки улуғ ишни амалга ошириш орқали айнан Қуръон ва Суннатда келган маъноларни тушуниш билан кифояланиб қолмай, уларнинг моҳиятини англаб етиш, бутун вужуд ила уларга амал қилиш йўлга қўйилади.
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашнинг мақсадларини уламоларимиз асосан уч йўналишга тақсимлайдилар:

1. Банданинг Парвардигори билан бўлган алоқасини ислоҳ қилиш.
2. Банданинг ўзи билан алоқасини ислоҳ қилиш.
3. Банданинг ўзгалар билан алоқасини ислоҳ қилиши.

Ушбу уч йўналишнинг ҳар бири бир қанча катта маъно ва амалларни ўз ичига олади. Уларни батафсил ўрганиш ушбу китобдан кўзлаган мақсадимиздир.
Қисқача тасаввур ҳосил қилиш учун улардан баъзиларининг номини зикр қилиб ўтишимиз фойдадан холи бўлмас, деган умиддамиз.
I. Банданинг Парвардигори билан бўлган алоқасини ислоҳ қилиш.
Бунда қуйидаги маъно ва амаллар ўз аксини топади:

1. Тавба.
2. Ҳамд, шукр ва ризо.
3. Истиғфор.
4. Эҳсон, яхшилик ва фазилат.
5. Аллоҳнинг гўзал исмлари моҳиятини тушуниш.
6. Аллоҳнинг қазо ва қадардаги ҳикматини англаб етиш.
7. Аллоҳнинг ҳифзи ва ёрдамига банданинг ҳожати борлигини англаб етиш.
8. Ёрдам сўраш, паноҳ тилаш ва дуо.
9. Бандаликнинг мукаммал бўлиши.
10. Аллоҳнинг ҳилми, карами ва афви чексиз эканини билиш.
11. Муҳаббат ва Аллоҳнинг Ўзига талпиниш.
12. Тавозуъ ва хушуъ.

II. Банданинг ўзи билан алоқасини ислоҳ қилиш.
Бунда қуйидаги маъно ва амаллар ўз аксини топади:

1. Банданинг ўзини ўзи таниши.
2. Такаббурлик ва манманлик тўнини ечиш.
3. Чегара ва торликнинг йўқолиши.
4. Бандада инсонийлик сифатларининг намоён бўлиши.
5. Надомат ва йиғи.

III. Банданинг ўзгалар билан алоқасини ислоҳ қилиши.
Бунда қуйидагилар ўз аксини топади:

1. Банданинг бошқаларга нисбатан кенгбағрлик бўлишни ўрганиши.
2. Банданинг бошқаларга нисбатан гўзал муомалада бўлишни ўрганиши.
3. Банданинг бошқаларга нисбатан рози бўлишни ўрганиши.
4. Банданинг бошқаларга нисбатан тавозули бўлишни ўрганиши.
5. Банданинг бошқаларга нисбатан кечиримли бўлишни ўрганиши ва ҳоказолар.

НАФСНИ ПОКЛАШ ВА АХЛОҚНИ САЙҚАЛЛАШ
ИЛМИНИНГ ТАРИХИ

Албатта, мусулмонларда барча илмлар қатори нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш бўйича ҳам асосий ва биринчи манба Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлари нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашга салмоқли ҳисса қўшганлар.
Кейинроқ бу масалалар Абу Ҳанифа, Шофеъий, Молик ва Ибн Ҳанбал каби улуғ мужтаҳидларнинг шахслари ва фиқҳий баҳсларида ўз аксини топди.
Ҳижрий учинчи асрга келиб нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш бўйича алоҳида асарларнинг дебочалари ҳам пайдо бўла бошлади. Бу соҳада тадқиқот олиб борган олимлар машҳур Жоҳизнинг «Таҳзийбул ахлоқ» китобини мисол қилиб келтирадилар. Шу билан бирга, Ибн Қутайба, Жоҳиз ва бошқаларнинг катта асарларида нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашга оид алоҳида боблар борлигини ҳам эслаб ўтадилар.
Учинчи асрнинг иккинчи ярмида Ибн Исҳоқ Киндий ўзининг «Ал-Қавлу фин-нафс» китобини ёзди.
Ҳижрий тўртинчи асрга келиб, Ҳаким Термизий «Китобуз завқи» ва «Ар-Риёза ва адабун нафс» китобларини таълиф қилди. Абу Наср Форобий «Ороу аҳли мадийнатил фозила» ва «Ал-Одоб ал-мулукийя» китобларини ёзди.
Бешинчи асрда Ибн Мискавайҳ бир неча асарларни, жумладан, «Таҳзийбул ахлоқ» китобини ёзди.
Ибн Синонинг фалсафий асарларида ҳам ахлоқ масаласи кенг ёритилган бўлиб, хусусан, «Рисолатун фил ҳикмати», «Китобут-тойр», «Асрорус-солати» ва «Ал-Инсоф» номли китобларида бу масалага алоҳида эътибор қаратилган.
Ибн Божанинг «Иттисолул ақл» ва «Китобун-нафс» номли асарларини алоҳида эслаш лозим бўлади.
Юқорида зикр қилинган китоблар ва уларнинг муаллифлари шеърият, адабиёт ва фалсафага мансубдирлар.
Аммо нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш бўйича асосий илмий ишларни Қуръони Карим ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида фақиҳ, муҳаддис ва руҳий тарбия уламоларимиз олиб борганлар. Уларнинг илмий ҳаракатлари ва ёзган асарларини санаб ўтишнинг ўзи ҳам осон эмас. Биз баъзи бирларни эслаб ўтиш билан кифояланамиз.

1. Имом ал-Маъофий ибн Имрон ал-Мувсилий (ҳижрий 185-санада вафот этган) – «Зуҳд китоби».
2. Имом Муҳаммад ибн Фузайл ибн Ғазвон ал-Куфий (ҳижрий 195-санада вафот этган) – «Зуҳд китоби».
3. Имом Вакийъ ибн Жарроҳ (ҳижрий 197-санада вафот этган) – «Зуҳд китоби».
4. Ҳофиз Асад ибн Мусо (ҳижрий 212-санада вафот этган) – «Зуҳд китоби».
5. Имом Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал (ҳижрий 241-санада вафот этган) – «Зуҳд китоби».
6. Ҳофиз Ҳаннод ибн ас-Саррий (ҳижрий 243-санада вафот этган) – «Зуҳд китоби».
7. Аҳмад ибн Ҳарб ибн Абдуллоҳ Зоҳид (ҳижрий 234-санада вафот этган) – «Зуҳд китоби».
8. Имом Абу Довуд (ҳижрий 275-санада вафот этган) –«Зуҳд китоби».
9. Имом Ибн Аби Дунё (ҳижрий 281-санада вафот этган) – «Макоримул ахлоқ», «Ихлос», «ал-Амру бил-маъруф», «Ҳазар ва шафақа», «Зикрул мавт», «Заммул ғазаб», «Ризо аниллаҳи вас-собру ала қазоиҳи», «ал-Ғийбату ван-намийма», «ал-Қаноъа», «ас-Сомту ва одобул-лисон».
10. Ҳофиз Иброҳим ибн ал-Жунайд (ҳижрий 260-санада вафот этган) – «Зуҳд китоби».
11. Ҳофиз Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Ассол ал-Асфиҳоний (249 ҳижрий санада вафот этган) – «Зуҳд китоби».
12. Имом Муҳаммад ибн Ҳусайн ал-Ожурий – «Зуҳд китоби».
13. Имом Ибн Шоҳийн (ҳижрий 385-санада вафот этган. – «Зуҳд китоби».
14. Ҳофиз Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ал-Байҳақий (ҳижрий 485-санада вафот этган) – «Зуҳд китоби».
15. Имом ибн Даббоғ (ҳижрий 393-санада вафот этган) – «Зуҳд китоби».
16. Ҳофиз Абдул Ҳақ ибн Абдурроҳман Ишбилий (581 ҳижрий санада вафот этган) – «Зуҳд китоби».
19. Имом Мовардийнинг «Адабуд-дунё вад-дин» китоби.
20. Абу Бакр Хароитий – «Макоримул ахлоқи ва маолийҳа» ҳамда «Масовил ахлоқи ва мазмумиҳа ва тароиқу макруҳиҳа».
21. Абу Бакр Ожурийнинг «Ахлоқу ҳамалатул Қуръони», «Ахлоқул уламо», «Адабун-нафс», «Китобу аҳлил бирри ват-тақво», «Китобут-тавба», «Китобут-таҳажжуд» ва бошқа китоблари.
22. Абу Абдуллоҳ Ҳалимийнинг «Ал-Минҳож фии шуъабил иймон» китоби.
23. Ибн Ҳазм Андалусийнинг «Ал-ахлоқ вас-сияр фии мудовотун-нуфус» китоби.
24. Имом Нававий – «Шуъабул иймон».
25. Роғиб Асфиҳонийнинг «Аз-Зарийъа ила макоримиш- шарийъа» китоби.
26. Ҳофиз Мунзирийнинг «Ат-Тарғийбу ват-тарҳийб» китоби.

Мақолани улашиш