Print this page

Риёзат билан ахлоқ ўзгарадими?

Нафс ва ахлоқ тарбияси жиддий ва мушкил иш. Ҳатто ғайрати жўш уриб турган баъзи ботирлар ҳам бу меҳнат қаршисида ожиз. Тасаввуру ўй-фикрлари қусурли бўлгани учун улар ўзини бу ишдан четга тортишади, ахлоқни ўзгартириш тасаввурга сиғмайдиган иш, чунки табиат ўзгармайди, деган фикр билан ўзларини оқлашади.

Бунда улар икки қарашни далил сифатида келтиришади. Биринчиси, хулқ ботиннинг сурати эканлиги, бамисоли хулуқ зоҳирнинг сурати бўлганидек. Хилқатни-ташқи кўринишни ўзгартириб бўлмайди. Масалан, бўйи паст одам узун бўлишни қанчалик хоҳламасин, бўйини узайтиролмайди. Новча киши қанча истамасин, бўйини қисқартиролмайди, хунук киши ўзини чиройли қилолмайди. Ботин ҳам шу асосга қурилган. Демак, хулқни ўзгартириб бўлмайди.
Иккинчи қарашга кўра, улар айтишади: «Гўзал хулқ шаҳват ва ғазаб оловини ўчиради, дейишади. Аслида, шаҳват ва ғазаб мижоз ва табиатнинг тақозоси. Одамзод бу ҳиссиётлардан ҳеч қачон узилолмайди. Демак, улардан узилиш учун қилинган ҳаракат бекорга вақтни йўқотишдан бошқа нарса эмас. Чунки, бу ерда қалбнинг ўткинчи лаззатларга майл этишини қирқиш талаб этилаётир. Бу мумкин бўлмаган ишдир!»
Биз деймиз: агар ахлоқ ўзгармайдиган нарса бўлса, у ҳолда тавсиялар, панд-насиҳат ва тарбияларнинг барчаси бекор ишлар экан-да?!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Хулқларингизни чиройли қилинг!» (Муоздан ривоят қилинган). Ёввойи табиатли лочин қўлга ўрганиб, ювош ва мулойим бўлади. Очкўз ит тарбия билан ўлжани олиб келадиган, эгасининг битта ишораси билан қанча машаққатлар билан олиб келган ўлжани қўйиб юборадиган даражага етади. Асов от жиловга ўрганади. Ҳайвонларнинг хулқини ўзгартириш мумкину, наҳотки одамзоднинг хулқини ўзгартириб бўлмаса?!
Буни шундай изоҳлаш мумкин. Тўлиқ ва нотугаллиги жиҳатидан мавжудотлар икки хил бўлади. Инсон ва унинг аъзолари тўлиқ ва тугал яратилган. Шунингдек, ҳайвонот олами, қуёш, юлдуз, ой каби самовий жисмлар ҳам тугал ва комил яратилган. Яна шундай нарсалар борки, уларнинг мавжудлиги ҳали тугалланиб охирига етмаган. Шарт-шароит пайдо бўлиши билан бу нарсалар ўзидаги яширин қувват таъсирида ривожланиб, комил суратга киради. Шарт-шароит баъзан банданинг ихтиёрига боғлиқ бўлади. Масалан, уруғ олма эмас, хурмо ҳам эмас, балки ўзи қандай бўлса, шундай шаклда яратилган хилқат. Лекин бу уруғни тарбияласа, хурмога айланиши мумкин. Ёки аксинча, қандайдир уруғни экдингиз, қанча тарбия қилдингиз, унмади, масалан олмага айланмади. Демак, уруғ маълум таъсир остида баъзи ўзгаришни қабул қилиб, баъзисини қабул қилмаслиги ҳам мумкин экан.
Агар биз ғазаб ва шаҳватни буткул сўндириб, уларнинг таъсиридан тўлиқ халос бўлишни хоҳласак, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Агар уларни жиловлашни, бўйсундиришни хоҳласак ва бу йўлда озгина риёзат ва машаққат чексак, албатта бунинг уддасидан чиқамиз. Аслида биз шунга буюрилганмиз ва бу бизнинг нажот топишимизга, Оллоҳ таолога етишимизга сабаб бўлади.
Ҳақиқатан ҳам хилқатлар ҳар хил, баъзиси таъсирни тез қабул қилади, баъзиси секин. Бунинг иккита сабаби бор. Биринчиси, ғариза қуввати, яъни туғма сезги қуввати. Инсон табиатининг аслида мавжуд бу қувватнинг таъсири сўнгги нафасгача таъсир этади. Бошқариш ва итоатда тутиш энг қийин бўлган ғариза шаҳват қувватидир. Чунки, шаҳват яралиш жиҳатидан муқаддам, яъни инсон чақалоқлик пайтидаёқ унинг фитратида шаҳват қуввати яратилган. Бола етти ёшларга етганидан сўнг эса унга ғазабланиш қуввати берилади. Кейинроқ унга тамйиз, яъни ҳақ билан ботилни ажратиш қуввати ато этилади.
Иккинчи сабаби, инсон бирон амални яхши деб ҳисоблайди ва уни кўп қилиш орқали инсонда ўша амалга мувофиқ хулқ шаклланади, мустаҳкамланади. Шунга кўра одамлар тўрт тоифага бўлинади:
1. Ғофил инсонлар. Улар ҳақ билан ботилнинг, чиройли билан хунукнинг фарқига бормайди. Улар фитратан барча эътиқоддан холи. Лаззатларга ҳаддан ташқари тобе бўлиб қолгани учун улар биронта истагини тўла қондиролмайди. (Яъни, бир лаззатни қўйиб, ундан яхшироғига чопади, кейин ундан ҳам яхшироғи учрайди... Оқибат, биронта истагини комил амалга оширолмайди). Бу тоифадаги инсон муолажани жуда тез қабул қилади. Фақатгина у бир муаллимга, бир муршидга муҳтож. Қалбида уйғониб, уни ғайратлантирадиган бир ҳимматга муҳтож. Шунда у тез орада хулқи гўзал инсонга айланади.
2. Жоҳил ва адашган инсонлар. Бу тоифадагилар ёмоннинг нелигини билади, лекин яхши ишларга одатланмаган, қилаётган ёмон амали уларга чиройли бўлиб кўринади. Дунё истакларига қул бўлиш билан улар тўғриликдан юз ўгирган бўлсада, амалидаги қусурлардан хабардор. Бу тоифанинг тарбияси оғирроқ бўлгани учун уларга бир неча вазифалар юкланади. Аввало, улар бузуқликка одатланиш натижасида ичда маҳкам ўрнашган жуда кўп иллатларни нафсидан суғуриб олишлари лозим. Кейин яхшиликка ундайдиган сифатни қалбига экмоқлари керак. Хуллас, енг шимариб, жидду жаҳд этилса, бу тоифа тарбияси риёзат учун кенг майдондир.
3. Жоҳил, адашган ва фосиқ кимсалар. Бу тоифадаги киши ёмон ахлоқни яхши ахлоқ деб эътиқод қилади. Унинг наздида бу ахлоқ ҳақ ва энг гўзал. Ундаги бу қараш борган сари такомиллашади. Шунинг учун бу тоифадаги кишининг муолажаси мушкил, соғайишига деярли умид йўқ, камдан-кам ҳолда у дардига даво топиши мумкин. Бу жиҳатларнинг барчаси залолатга кетиш имкониятини оширади.
4. Жоҳил, адашган, фосиқ ва ёвуз кимсалар. Бу тоифага мансуб кимса нафақат бузуқ қарашда такомиллашади, балки у ёмонликларни кўпайтиришни фазилат деб билади, бу билан фахрланади ва: бу ишлар қадримни оширади, деб ўйлайди. Бу тоифадаги кишиларнинг аҳволи оғир. Улар ҳақида шундай дейилган: «Кексани тарбияламоқ-машаққат, бўрини тарбияламоқ уни азобламоқдир».
Яна шундай қарашдагилар ҳам бор: «Одамзод то тирик экан, шаҳват, ғазаб, дунёга муҳаббат қўйиш ва бошқа хулқлар ундан узилмайди!»
Бу адашишдир. Негаки, бу қарашдагилар ахлоқий тарбиядан мақсад-юқорида тилга олинган туйғуларни таг-томири билан суғуриб, бутунлай йўқ қилиш, деб тушунади. Шаҳват табиий зарурат. Унинг яратилишидан муайян фойда кўзланган. Агар таомга бўлган иштаҳа бутунлай сўнса, инсон ҳалокатга юз тутади. Агар шаҳвоний истак кесилса, насл қирқилади. Агар ғазаб туйғуси бутунлай йўқ қилинса, инсон ҳалокатга сабаб бўладиган нарсаларга қарши курашолмайди. Натижада улар инсонни ҳалок қилади.
Модомики, инсон табиатида шаҳват мавжуд экан, албатта, мол-дунёга муҳаббат йўқолмайди. Бу муҳаббат ўз навбатида инсонни янада кўпроқ шаҳватга етаклайди, ҳатто мол-дунё тўплашга ундайди. Мақсад- бу туйғуларни батамом йўқ қилиш эмас, балки уларни мўътадил бир ўзанга буриш.
Ғазаб туйғусидаги мўътадиллик чиройли шаклда қизғин ва жўшқин бўлиш билан сақланади. Чиройли шаклдаги қизғинлик сержаҳлликдан, дарғазабликдан ҳамда қўрқоқликнинг барча турларидан холидир. Бир сўз билан айтганда, ғазабнинг мўътадил даражасини эгаллаган одам ботинан кучли ва шу қуввати билан бирга ақлга тобе бўлади. Оллоҳ таоло айтади:
«Муҳаммад Оллоҳнинг Пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар» (Фатҳ, 29-оят).
Оятда мўминлар «ашидда» яъни шиддатга тўла, қаҳрли деган сифат билан васф қилиняпти. Шиддат ғазабдан туғилади. Агар ғазаб бекор қилинганида, кураш ҳам бекор қилинган бўларди.
Ажабо! Пайғамбарлар тўла узилмаган шаҳват ва ғазабдан қанақасига батамом узилиш, уларни таг-томири билан суғуриб ташлаш мумкин. Ахир
Пайғамбаримиз: «Мен ҳам инсонман. Инсонлар ғазаблангани каби ғазабланаман» деганлар (Муслим ривояти).
Ҳадислардан маълум, қачон Расулуллоҳ ҳузурларида у зотга ёқмайдиган гап айтилса, бўйин томирлари бўртиб, қизариб кетадиган даражада ғазабланардилар. Лекин шундай ҳолатда ҳам фақат ҳақни айтардилар, ғазаб у зотни ҳақдан тўсолмасди.
Оллоҳ таоло айтади:
«(У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир» (Оли-Имрон,134-оят).
Оятда тақводор зотлар ҳақида «ғазабларини ичларига ютадиган» деган ибора қўлланди, «ғазабларини йўқ қиладиган» дейилмади. Ғазаб ва шаҳватни мўътадил даражада сақлаш шу даражада бўлиши керакки, на ғазаб, на шаҳват ақлдан ғолиб келмасин, уни бўйсундириб қўймасин. Балки, ақл ғазаб ва шаҳватни ўз ҳаддида ушлаб турсин. Хулқни ўзгартириш дегани аслида мана шу.
Кўп ҳолларда инсон шаҳватга бўйин эгади, ақл ўз идорасини унга топширади. Натижада шаҳват қутуриб, бузуқликларга бошлайди.
Риёзат билан шаҳватни мўътадилликка ўргатиш мумкин. Барча ишда бўлганидек, ахлоқ тарбиясида ҳам ўртачалик матлуб йўлдир. Мисол учун, саҳоватни олиб кўрайлик. Саҳоват-шаръиатга кўра, мақтовга сазовор хулқ. Бошқачароқ айтсак,саҳоват-на исрофгарлик, на хасислик томон оғмаган, балки иккисининг ўртасида турган феъл. Оллоҳ таоло бундай феълли кишиларни мақтаб дейди:
«Улар инфоқ-эҳсон қилган вақтларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (балки эҳсонлари) ана ўша (хасислик билан исрофнинг) ўртасида мўътадил бўлур» (Фурқон, 67-оят).
Оллоҳ таоло айтади:
«(Бахиллик билан) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг! (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёзиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва ҳасратда қолурсиз» (Ал-Исро, 29-оят).
Шунингдек, таомга бўлган истак ҳам очкўзлик ёки қурумсоқлик томонга ўтмасдан мўътадил ҳолда бўлиши лозим.
«Эй Одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз (яъни, тоза либосда бўлингиз) ҳамда (хоҳлаганингизча) еб-ичаверинглар, фақат исроф қилманглар» (Аъроф, 31-оят).
Пайғамбар алайҳиссалом: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир» деганлар (Байҳақий ривояти).
Дунё ёмонликларидан холи қалб соғлом қалбдир. Соғлом қалб эгаси бўлиш қандай саодат! Оллоҳ таоло айтади:
«У Кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Магар Оллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)» (Шуаро, 89-оят).
Қалб салимлигининг шарти дунёга муккасидан кетмаслик, исрофгарлик ва бахилликдан сақланишдир. Қачонки қалб бу икки жиҳатни ўзидан бир хил узоқликда ушласа, (яъни исроф ва бахилликни ўзидан бир хилда узоқлаштирса) камолга етади. Аслида, ўртача йўл – мана шу!
Масалан, «илиқлик»ни олиб кўрайлик. У на қайноқ, на совуқ, балки иккисининг ўртасида. Шунингдек, сахийлик ҳам исроф ва бахилликдан бир хил узоқликда, яъни уларнинг ўртасида жойлашган сифат. Шижоат эса қўрқоқлик билан ўзни тута олмаслик каби икки чегаранинг ўртасидаги сифат. Иффат очкўзлик билан cустлик ўртасидаги сифат. Умуман, барча хулқларда ўрталикни тарк этиш ҳаддан ошиш ҳисобланади.
Ҳа, муршид муридига бошиданоқ, ғазаб ва бахилликнинг ёмон хулқ эканини англатмоғи лозим. Агар бу ишда муршид томонидан озгина эътиборсизлик ўтса, мурид буни рухсат сифатида қабул қилиши мумкин...

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Нафс тарбияси» китобидан

Мақолани улашиш