Print this page

Ғурур

Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири ғурурдир.
Ғурур сўзининг зийракликдаги нуқсон ва ғафлат туфайли алданиб қолиш маъноси бор.
Уламолари ғурурнинг таърифида уламолар бир – бирини тўлдирувчи маъноларни айтганлар.

Имом Журжоний «Таърифот»да: «Ғурур нафснинг ҳавосига мувофиқлик ва табъига мойилликдир», деган (167 – бет).
Ал-Кафвий «Куллиёт»да: «Ғурур хатони тўғри дея зийнатлашдир», деган. Баъзилар «Ғурур оқибати номаълум ва бўлиш бўлмаслигини идрок қилиб бўлмайдиган нарса», деган (672 – бет).
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ғурурга кетишни атрофлича қоралаган.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Қиёмат куни ажрларингизни тўлиғича олурсиз. Ким дўзахдан узоқлаштирилса ва жаннатга киритилса, шубҳасиз, ютибди. Бу дунё ҳаёти ғурур матоҳидан ўзга нарса эмас», деган (185 – оят).
Бу дунё алдамчи дунё. Ўзига қизиққанларни ва ошиқ бўлганларни алдайди ва ғурурга кетказади. Аммо ҳақиқий матоҳ ҳар қанча саъйу ҳаракатга лойиқ нарсадир. Чунки у дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилишга боис бўлади. Қачонки инсон қалбида ушбу ҳақиқат жо бўлса, қалбдан дунё ҳирси кўтарилади.
Аллоҳ таоло «Ҳадид» сурасида: «Уларга (мунофиқлар): «Биз сиз билан бирга эмасмидик?!» деб нидо қилурлар. Улар: «Худди шундай. Лекин сизлар Аллоҳнинг амри келгунча ўзингизни ўзингиз фитнага дучор қилдингиз, кўз тикиб кутдингиз, шубҳа қилдингиз ва сизларни хом-хаёллар ғурурга кетказди. Сизларни Аллоҳ ҳақида алдамчи алдаб қўйди. Бугун сизлардан ҳам, куфр келтирганлардан ҳам тўлов олинмас. Жойларингиз жаҳаннамда, у сизнинг эгангиздир. Қандай ҳам ёмон борар жой!» дерлар», деган (14 – 15 – оятлар).
Бу ердаги алдамчидан мурод, шайтондир. Демак, мунофиқлар шайтоннинг гапига кириб, алдовига учиб расво бўлганлар.
Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида: «Эй одамлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас ҳаёти дунё сизни ғурурга кетказмасин. Ўта ғурурга кетказгувчи сизни Аллоҳ ила ғурурга кетказмасин», деган (5 – оят).
Эй одамлар, турли хаёлларга бориб, ғофил қолманг.
«Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир».
У зот, қиёмат бўлади, деб ваъда берганми, демак, қиёмат бўлиши ҳақ.
У зот, ўлганлар қайта тирилади, деб ваъда берганми, демак, қайта тирилиши ҳақ.
У зот, бу дунёдаги ишлар охиратда ҳисоб-китоб қилинади, деб ваъда берганми, демак, охиратдаги ҳисоб-китоб ҳақ.
Кофирлар, мушриклар, мунофиқлар, осийлар ва гуноҳкорлар дўзахда азобланади, деб ваъда берганми, демак, уларнинг азобланиши ҳақ.
«Бас, ҳаёти дунё сизни ғурурга кетказмасин...»
Бу дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳларига берилиб, алданиб қолманг. Бу дунё ҳаётига охиратни алмашманг.
«Ўта ғурурга кетказгувчи сизни Аллоҳ ила ғурурга кетказмасин».
Бу жумладаги «ўта ғурурга кетказувчи»дан мурод шайтондир. Шайтон одамларни энг кўп ғурурга кетказади ва алдайди. Яъни, ҳеч нарсага парво қилма, Аллоҳнинг Ўзи кечиргувчи, деб одамларни гуноҳ ишларга чорлайди. Аллоҳ таолонинг авф этиши ва мағфират қилишини суистеъмол этиб, Аллоҳ Ўзи кечирар, деб ҳар хил гуноҳларга қўл уравериш нақадар ёмон шайтоний иш эканини ҳеч қачон эсдан чиқармаслик зарур бўлади.
Аллоҳ таоло «Мулк» сурасида: «Роҳмандан бошқа сизларга ёрдам берадиган аскар ким ўзи? Кофирлар ғурурдан бошқа ҳеч нарсада эмаслар!» деган (20 – оят).
Пайғамбар саллоллоҳу алаҳи васаллам кофирларни Аллоҳнинг азобидан қўрқитсалар, улар ўз қувватларини ва аскарларининг ёрдамини пеш қилар эдилар. Юқоридаги оят бу эътиқод нотўғри эканлиги, қуруқ ғурурдан бошқа нарса эмаслигини таъкидламоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида ғурурга кетишни қоралаганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатдаги қамчидек жой, албатта, дунё ва унинг ичидаги нарсадан яхшидир. Агар хоҳласангиз «Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Қиёмат куни ажрларингизни тўлиғича олурсиз. Ким дўзахдан узоқлаштирилса ва жаннатга киритилса, шубҳасиз, ютибди. Бу дунё ҳаёти ғурур матоҳидан ўзга нарса эмас»ни қироат қилинглар», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Охири замонда бир кишилар чиқадир. Улар дин ила дунёни талаб қиладилар. Улар одамлар учун юмшоқ қўй териларини киядилар. Тиллари шакардан ҳам ширин. Қалблари эса, худди бўриларнинг қалбларидек. Аллоҳ азза ва жалла «Мен ила ғурурга кетдиларми ёки Менга журъат қилдиларми?! Бас, Ўзим ила қасам ичиб айтаманки, албатта, ўшаларнинг бошларига уларнинг ўзларидан фитна юбораман. У ҳалимни ҳам ҳайрон қолдиради», дейди», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам охири замон бўлганда пайдо бўладиган бир ҳолат ҳақида сўз юритмоқдалар. Бу ҳолатни ўрганиш жуда ҳам муҳим. Чунки унинг оқибати жуда ҳам қўрқинчлидир.

Ҳа, дин ила дунёни талаб қилиш Аллоҳ таоло ила ғурурга кетишдир.
Ҳа, дин ила дунёни талаб қилиш Аллоҳ таолога нисбатан журъат қилишдир.
Ҳа, дин ила дунёни талаб қилиш Аллоҳ таоло қасам ила таъкидлайдиган азобга сазовор ишдир.
Ҳа, дин ила дунёни талаб қилишга ўтганлар ҳалимни ҳам ҳайрон қолдирадиган фитнага дучор бўладилар.
Ҳа, дин ила дунёни талаб қилишга мутлақо яқинлашиш керак эмас.

Ғурурга кетишнинг зарарларидан:

1. Ғурурга кетиш нафси бузуқлик ва ичи қораликнинг далилидир.
2. Ғурурга кетиш ҳалокатга олиб боради.
3. Уламоларнинг ғурурга кетиши уларни амалдан четлатади.
4. Ғурурга кетиш туғён, куфр, фисқ ва фужурга олиб боради.
5. Ғурурга кетиш бу дунёда ҳасрат, охиратда азобдир.
6. Ғурурга кетиш халқларни ҳалок қилади ва шахсларни хаста қилади.
7. Ғурурга кетиш кибрни келтириб чиқаради.

ҒУРУРНИНГ ТУРЛАРИ

Ғурурга кетиш – ўзини ўзи алдашнинг бир неча турлари бор. Улардан баъзилари билан танишиб чиқайлик:
1. Ғурурга кетишнинг энг ашаддий турларидан бири динсизларнинг ғурурга кетишидир. Уларни кўпроқ бу дунё ҳаёти ғуруга кетказади.
Улар «нақд насиядан афзал» дейдилар. Уларнинг фикрича бу дунё нақд. Охират насия. Демак, бу дунё охиратдан афзал ва уни устун қўйиш керак.
Динсизларнинг бу сафсаталари мутлақо ўринсиздир. Агар нақд билан насия тенгма тенг бўлса, ўйлаб кўриш мумкин. Аммо уларнинг ўзлари бу дунё тижоратида ҳам бир сўм нақд ўрнига икки сўм насияни жон жаҳдлари билан шошилиб қабул қиладилар. Агар бирга ўн ёки юз бўладиган бўлса қўяверасиз. Бу дунё ва охиратни олганда, орадаги фарқ милёнлабку! Нима учун охиратнинг насиясини эътирборсиз қолдирадилар?!
Ҳа. Динсизлик ғурурга кетиш – ўзини ўзи алдашнинг энг ашаддий тури экани шундан.
2. Осий мўминларнинг ғурурга кетиши.
Улар «Аллоҳ карамли зот. Биз Унинг афву мағфиратидан умидвормиз», дейдилар. Уларнинг даъвосича Аллоҳ таолонинг даргоҳи кенг, ноумид шайтон, иймон бўлганидан кейин умид қилса бўлади ва ҳоказолар.
Бу гапларнинг сиртига қарасанг, тўғрига ўхшайди. Аммо аслини олганда шайтон айнан шулар билан инсонни иғво қилади. Агар сирти гўзал бўлмаса, қалб ҳам алданмайди – да!
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Доно нафсини тергаган ва ўлимдан кейинни кўзлаб амал қилган одамдир. Аҳмоқ нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан умидвор бўлган одамдир», дедилар». Имом Термизий ривоят қилган.
Имом Ҳасан Басрий: «Амал қилмасдан жаннатни талаб қилиш гуноҳлардан бир гуноҳдир», деган.
3. Ҳам тоат, ҳам маъсият қилган, аммо маъсиятлари кўп бўлган тоифаларнинг ғурурга кетиши.
Улар бири ҳалол ҳаром аралаш бир сўмни инфоқ қилиб қўйиб одамларнинг ўн сўмини зулм ила олади ва инфоқ қилган бир сўми эвазига деб ўйлайди. Бу жаҳолатнинг энг каттасидир.

ҒУРУРГА КЕТГАН ГУРУҲЛАР

Бу маънодаги гуруҳлар жуда ҳам кўп. Биз баъзилари билан танишиб чиқамиз.
1. Илмига амал қилмайдиганлар гуруҳи.
Бу гуруҳдагилар шаръий ва ақлий илмларни яхши эгаллаган, чуқур ўрганиб иш олиб борадиган бўладилар. Аммо уларда илмга амал қилиш, тоатларни адо этиб, маъсиятлардан четланиш йўқ.
Булар илм ила ғурурга кетиб адашаган гуруҳлардир. Улар илмлари ила Аллоҳ таоло азобламайдиган даражага етганларини гумон қиладилар. Балки бошқа кишиларни шафоат қилишни даъво қиладилар. Илм ибодатдан афзал дейдилар.
Аслида илм икки хил бўлади:
Биринчиси Аллоҳ таоло ва Унинг сифатлари ҳақидаги илм. Буни одатда «Илми маърифат» дейилади.
Иккинчиси муомала илми. Бунда ҳалол ва ҳаром, мақталган ва ёмонланган ахлоқларни билиш илми киради. Бу хилдаги илмларни амал қилиш учун олинади. Агар амал қилинмаса, бу илмларни кераги йўқ.
Шунинг учунҳам илмига амал қилмаган олимларнинг ғурурга кетиши оғир мусибат бўлади. Уларни уламолар қаторига қўшмаслик керак бўлади.
Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида: «Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар», деган (28 – оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидир», деган эканлар.
Имом Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳу: «Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб: «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар эканлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Аллоҳдан қўрқиш илмнинг аломатидир. Аллоҳ ила ғурурга кетиш жаҳолатнинг аломатидир», деганлар.
Ҳасан Басрийдан фатво сўралди ва у киши жавоб бердилар. Шунда: «Бизнинг фақиҳларимиз буни айтмайдилар», дейилди.
«Сен бирор марта фақиҳни кўрганмисан ўзи?! Фақиҳ кечасини бедор, кундузини рўзадор ўтказадиган ва дунёдан зоҳид бўлган одамдир», деганлар.

2. Илми ва амали бор, аммо ахлоқи бузуқ кишилар гуруҳи.
Бундай кишилар, илмли бўладилар. Амал ҳам қиладилар. Ибодатларни ўрнида адо этиб, маъсиятлардан четланадилар. Аммо қалбларида ахлоқ борасида нуқсон бўлади. Уларда кибр, ҳасад, риё, мансабпарастлик ва шуҳратпарастлик каби қалб хасталиклари мавжуд бўлади. Бундай кишиларни сирти силлиқ, ичи бузуқ бўлади.
Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини унутган бўладилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ сувратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади», дедилар». Муслим ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Нўъмон ибн Баширдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у салоҳиятли бўлса, жасаднинг барчаси салоҳиятли бўлур. Қачон у бузулса, жасаднинг барчаси ҳам бузулур. Огоҳ бўлинг! Ана ўша нарса қалбдир», деганларини эшиттим». Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

3. Ғурурга кетган воизлар гуруҳи.
Булар бир неча хил бўлади.
Баъзилари гўзал исломий сифатлар ҳақида оғиз кўпиртириб ваъз сўзлайдилар. Аммо ўзларида мазкур сифатлардан ному нишон ҳам бўлмайди. Ўзларича гапириб юрганлари кифоя қилишини даъвоси ила ғурурга кетадилар.
Бошқалари одамларни ҳайратга солиб, уларнинг ичидаги жоҳилларнинг олқишига маст бўладилар. Ҳеч ким гапирмаган гапларни топиб, шариатга тўғри келадими, келмайдими бари бир гапираверади. Уларнинг дарди ғами қофиядор қилиб гапириш, шиддатни изҳор қилиш ва одамларни кофирга, мушрикка, фосиққа чиқариш бўлади.
Яна бирлари зоҳидларнинг, таркидунёчиларнинг ва дунёнинг мазаммати ҳақидаги гапларни ёдлаб олиб ҳаммани танқид қилишни ўзига касб қилиб олган бўлади. Уни ғурурга кетказган шайтони елкасига миниб олиб «дунё сендан яхши мусулмон йўқ, ҳаммани сўкаверишга ҳақинг бор» деб туради.

4. Ибодатда ғурурга кетганларнинг гуруҳлари.
Улардан баъзилари фарзу вожибни қўйиб нафл ва фазл нарсаларга мубтало бўладилар. Улар нафл ибодатларда чуқур кетиб ҳаддан ошадилар.
Бирлари таҳоратда васвасага учраган бўлади. шариат рухсат берган, ҳамма таҳорат қилаётган сувга рози бўлмайди. Таҳоратни қилиб бўлиб, васвасага тушиб яна бошидан бошлайди. Баъзида шу қабилдаги ишлари билан ҳатто фарз намознинг вақтини чиқариб юбориши ҳам мумкин. Аммо ўзи таҳоратда тенги йўқлиги билан ғурурланиб юради.
Баъзилари нафл рўза ғурурига алданган бўлади. Нафл рўзани кўп тутиши билан мақтанади. Лекин тилини ғийбатдан, хотирасини риёдан ва қорнини ҳаромдан тиймайди. Шу тариқа фарз ёки вожибни тарк қилиб, нафлга мағрур бўлиб юраверади.
Бошқа бирлари ҳаж ғурурига кетиб – ўзини ўзи алдайди ва ҳаж қилсам барча гуноҳларим мағфират қилинади деган даъвони қилади. Аммо ҳажжи қабул бўлиш бўлмаслиги ўз ихтиёрида эмаслигини унутади. Ҳаж қилишдан олдин зулмларини тўхтатмайди, қарзларини узмайди, ота – онаснинг розилигини олмайди, ҳалол касбдан сарф харажат қилмайди.
Ҳаж давомида фисқу фужурдан тийилмайди, йўлда намозни тарк қилиш ҳам мумкин. Ҳамроҳлари билан жанжал қилади. Ҳаж арконларини ўрнига қўйиб бажармайди. Унинг фикри зикри одамлар фалончи ҳам ҳажга борган деган гап қилишлари.
Мазкур гуруҳлар ичида амри маъруф ва наҳйи мункарни ўзига ниқоб қилиб олган толамачилар ҳам йўқ эмас. Улар шу тариқа ўзларини мўмин мусулмонлар устидан тафтишчи ва охират мартабаларини тақсимловчи қилиб оладилар. Одамларни яхшиликка чақириб ўзини унутади. Яхшиликка чақиришда қўполлик қилади. Ўзини ҳаммадан юқори ва бошқаларга ўтказиб қўйгандек тутади. Агар биров унинг хатоларини айтадиган бўлса, балога қолади. Аммо ўзининг иши риёкорлик ва иззатпарастликдан бошқа бўлмайди.
Агар мазкур нусха муаззин бўлса, Аллоҳ таоло учун азон айтишини ва ундан бошқа одам бу ишга лойиқ эмаслигини даъво қилади. Биров киши унинг йўқлигида кутиб турмай азон айтиб қўйса, унинг лаънатига учрайди. Бировнинг меросини олиб қўйган одамдек тўҳматга учрайди.
Баъзилари Зуҳо намози, Таҳажжуд намози ва бошқа нафл намозлар ғурурига кетган бўлади. Бу намозларни мендан бошқа ўқийдиган кам деган хаёлда бўлади. Ҳамма фазл айни шу намозларда деган даъвони қилади. Бора – бора бу намозларни фарз, вожиб, суннат намозлардан ҳам устун қўядиган бўлиб қолади.
Тажрибада собит бўлган ҳақиқатлардан бири шулки, мазкур сифатга эга бўлган жоҳиллар уларга фарз, вожиб ва суннат намозларни ўз вақтида ўқишни таъкидлаган олимларни нафл намозга аҳамият бермагани учун тарк қилиб, тўҳфаи расул ёки шунга ўхшаган ўтганларга бағишланадиган намозларни вазифа қилиб берадиганларга шогирд тушадилар.
Ўша илмсиз гуруҳга мансуб шахслар имом Муслим ривоятидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:«Менга қурбат ҳосил қилмоқчи бўлганлар, уларга фарз қилган нарсаларим ила яқин бўлганлари каби яқин бўлмаганлар», деган ҳадисларига хилоф иш қиладилар.
Аҳли ғурурнинг ичида тасаввуф ғурурига кетган ўзи тасаввуф нималигини билмайдиган нусхалар жуда ҳам кўп. Улар маърифат, ҳақиқат, мақомот, илм ҳол каби истилоҳларни ёдлаб оладилар. Ўзлари бу нарсаларнинг исмидан бошқа нарсани билмайдилар.
Шу билан ўзларини ўтганлардан ҳам, қолганлардан ҳам илмли ҳисоблайдилар. Тафсирчилар, ҳадисчилар, фақиҳлар ва бошқа илмларнинг уламоларига таҳқир назари билан қарайдилар. Уларни «илми қол» билан машғул бўлиб юрган гумроҳлар деб атайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, одамлар ичида ғурурнинг тури кўп. Кимдир молу дунё, кимдир мансабу насаб, яна бошқалар касб ғурурига кетган бўладилар. Буларнинг ҳаммасини санаб ўтишнинг ўзи ҳам қийин. Лекин ҳаммаси ҳам яхши эмаслигини билишимиз лозим ва улардан қутилиш йўлини ахтаришимиз керак.

ҒУРУРНИНГ ДАВОСИ

Ўзини ўзи алдашдан иборат бўлган ғурурга кетиш номли оғир ахлоқий дарддан халос бўлишнинг давоси уч нарсададир. Улар ақл, илм ва маърифатдан иборатдир.
Ақл.
Ақл бандага Аллоҳ таоло томонидан берилган улкан неъмат бўлиб у ила инсон нарсаларнинг ҳақиқатини идрок қилади. Оқил шахс заковат ва фаросат соҳиби бўлса, ғурурга кетишдан ўзини тийиши осон бўлади. Аммо зеҳни паст ва бефаросат одамларин бу ишни қилишлари қийин.
Маърифат.
Бу мақомдаги маърифатдан тўрт нарса ҳақида маърифат ҳосил қилиш кўзда тутилади:
1. Ўзини ўзи таниши.
2. Роббисини таниши.
3. Дунёни таниши.
4. Охиратни танишии.
Агар банда ўзини, Роббисини, дунёни ва охиратни таниб олса, унинг қалбида Роббининг маърифати ила Аллоҳнинг муҳаббати, дунёнинг маърифати ила унга ўта қизиқмаслик, охиратнинг маърифати ила унга қизиқиш ўрнашади.
Бу эса ўз навбатида барча ишларини Аллоҳ таолонинг розилиги ва охиратнинг манфаати учун бўлишини таминлайди. Мисол учун таом тановул қиладиган бўлса, бу иш ила охират учун қиладиган ишлари учун кўмак олаётган бўлади.
Шу тариқа унинг нияти пок бўлади ва ундан молу дунё, мансабпарастлик ҳамда ғаразгўйлик туфайли пайдо бўладиган ғурур дарди узоқлашади. Зотан, банда учун дунё охиратдан, ҳавойи нафси Аллоҳ таолонинг розилигидан устун бўлиб турганда ғурурдан қутилиш мумкин эмас.
Илм.
Бу ердаги илмдан мурод Аллоҳ таолога эришиш йўлини, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қиладиган ва Ундан узоқлаштирадиган нарсаларни, мазкур йўлдаги офатлар, тўсиқларни билиш илмидир.
Ўша нарсаларни билган одам юқорида айтиб ўтилган ғурурга кетишлардан ҳазир бўлиши мумкин. Буларнинг барчасидан кўзланган асосий мақсад банда қалбида Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан бошқа нарсага жой қолмаслигидир.

Мақолани улашиш