Тилдан етадиган улкан хатар ва жим юриш фазилати

Тилдан етадиган улкан хатар ва жим юриш фазилати

Билгин! Тил туфайли жуда катта хатарлар етади. Бундан сақланишнинг ягона йўли жим юришдир. Шунинг учун шариатимиз жим юришни мақтайди ва жимликка ундайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтган эдилар: «Жим юрган киши нажот топди» (Термизий ривояти).

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жим юриш - ҳикмат. (Аммо) бунга амал қилувчилар кам» – деган эдилар. (Дайламий ривояти)
Абдуллоҳ ибн Суфён отасининг шундай деганини ривоят қилади: «Эй Аллоҳнинг расули! Менга Исломдаги шундай бир иш ҳақида хабар берингки, бу ҳақда Сиздан бошқасидан сўрамайин.
– Аллоҳга иймон келтирдим, дегин. Сўнг тўғри бўл, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
– Нимадан сақланай, эй Расулуллоҳ? – дедим.
Шунда Расулуллоҳ қўли билан тилларига ишора қилдилар» (Термизий ривояти).
Ақаба ибн Омир айтади: «Нажот нимада, эй Расулуллоҳ? – деб сўрадим.
– Тилингни тий, уйингни кенг қил ва хатоларинг учун йиғла, – дедилар Расули акрам» (Термизий ривояти).
Саҳл ибн Саъд Соъидий дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Кимки менга иккала жағи ва оёқлари орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман» (Бухорий ривояти).
Расули акрам дедилар: «Кимки қобқоб, забзаб ва лақлақнинг ёмонлигидан сақланса, у барча ёмонликдан сақланибди» (Дайламий ривояти). «Қобқоб» – қорин, «забзаб» – фарж(жинсий аъзо), «лақлақ» – тил. Шаҳватга ундовчи бу учта аъзо кўп одамларни ҳалокатга етаклайди.
«Расулуллоҳдан сўралди:
– Одамларнинг жаннатга киришига нима кўпроқ сабаб бўлади?
– Тақво ва гўзал хулқ, – дедилар.
– Дўзахга киришларига-чи?
– Иккита бўшлиқ: оғиз ва фарж, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» (Термизий ривояти).
«Оғиз» дейилганда тил ва қорин назарда тутилган. Чунки, оғиз – тилнинг макони. Шунингдек, қоринга тушадиган нарса ҳам фақат оғиз орқали ўтади.
«Муоз ибн Жабал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
– Эй Аллоҳнинг расули, гапирганларимизга ҳам жазоланамизми?
– Сен ўлиб, онанг боласиз қолгур, эй Жабалнинг ўғли! Ахир, фақат тилларидан унган ҳосиллар туфайли одамлар жаҳаннамга юзлари билан қуламайдими?!» (Термизий ривояти)
Абдуллоҳ Сақафий дейди: «Расули акрамга шундай дедим:
– Эй Аллоҳнинг расули, маҳкам ушлашим керак бўлган нарсани айтинг.
– Раббим Аллоҳ, дегин, сўнг тўғри бўл, дедилар.
– Эй Расулаллоҳ, мен учун нимадан кўпроқ хавфланасиз? сўрадим. Тилларини ушладилар, сўнгра:
– Мана бу! – дедилар» (Термизий ривояти).
Ривоят қилинади: «Муоз Пайғамбар алайҳиссаломдан:
– Эй Аллоҳнинг расули! Амалларнинг энг афзали қайси? – дея сўради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларини чиқардилар, сўнгра унга бармоғини қўйдилар» (Табароний ривояти).
Анас ибн Молик айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «То банданиннг қалби тўғри бўлмагунча, иймони тўғри бўлмайди. То тили тўғри бўлмагунча, қалби тўғри бўлмайди. Киши то қўшниси унинг озорларидан омон бўлмагунча, жаннатга кирмайди» (Абу Дунё ривояти).
Яна айтилади: «Саломатлик қувончини тотмоқчи киши жим юришни ўргансин» (Абу Дунё ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганлари Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинади: «Одам фарзанди эрталаб уйқудан уйғонган пайтда, жасадининг барча аъзолари уйғонади ва улар тилга айтишади: «Орамизда сен Аллоҳдан (кўпроқ) қўрқ! Чунки, сен тўғри бўлсанг, биз тўғри бўламиз. Сен эгри йўлга кетсанг, биз ҳам эгри йўлга кетиб қоламиз» (Термизий ривояти).
Ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ жанобларининг қўли билан тилини чўзаётганини кўриб қолди ва:
– Эй Расулуллоҳнинг халифаси, нима қилаяпсиз?! – деди. Шунда Абу Бакр Сиддиқ жаноблари айтди:
– Бу мени кўп ҳалокатли жойларга етаклади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деган эдилар: «Жасадда Аллоҳга шикоят қилмайдиган бирорта аъзо йўқ. Шулардан энг ғазабнок ва ўткири тилдир» (Абу Дунё ривояти).
Ибн Масъуддан ривоят қилинади: «У Сафо тепалигида талбия айтаркан, дерди:
– Эй тил! Яхшиликни гапир, фойдани қўлга кирит. Ёмонликдан сукут қил, пушаймонликдан илгари саломатликка эришасан. Шунда унга:
– Эй Абу Абдураҳмон! Бу ўзингдан чиқариб айтилаётган гапларми ёки эшитилган нарсами? – дейилди.
– Йўқ, балки Расулуллоҳнинг шундай деганларини эшитган эдим: «Одам фарзандининг аксар хатоси тилидадир» –деди Ибн Масъуд. (Табароний ривояти).
Ибн Умар айтади: «Расулуллоҳ шундай деган эдилар: «Ким тилини тийса, Аллоҳ унинг авратини тўсади. Ким ғазабини босса, Аллоҳ уни азобидан сақлайди. Ким Аллоҳга узрхоҳлик қилса, Аллоҳ унинг узрини қабул қилади» (Абу Дунё ривояти).
Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳга:
– Эй Аллоҳнинг расули, менга насиҳат қилинг, дедим.
– Аллоҳ сени кўриб турганидек ибодат қил, нафсингни ўлимга ҳозирла! Агар хоҳласанг, буларнинг ҳаммасига сени молик қиладиган нарсанинг хабарини бераман, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва тилига ишорат қилдилар» (Абу Дунё ривояти).
Сафвон ибн Салимдан ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: «Ибодатнинг энг осон ва бадан учун энг енгилини айтайми? Бу – жим юриш ва гўзал хулқ!» (муттафақун алайҳ).
– Жаннатга киришимизга сабаб бўладиган амални бизга кўрсатинг, сўрашди Ийсо алайҳиссаломдан.
– Ҳеч қачон гапирманглар, деди Ийсо алайҳиссалом.
– Бунга қодир эмасмиз, – дейишди.
– Фақат хайрни гапиринглар, – деди Ийсо алайҳиссалом.
Сулаймон ибн Довуд алайҳимуссалом айтди: «Гап кумуш бўлса, сукут олтиндир».
«Бир аъробий Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб деди:
– Мени жаннатга киритадиган амални айтинг.
– Очларни тўйдир, ташналарни қондир, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар. Агар буларга қодир бўлмасанг, фақат хайрни гапир, йўқса, тилингни тий, – дедилар Расули акрам» (Ибн Абу Дунё ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Сўзлаётган тил борки, албатта, унинг олдида Аллоҳ турибди. Бас, нима деяётганини англаган киши Аллоҳдан қўрқсин!»
Ибн Масъуд дейди: «Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Одамлар уч хилдир: ғоним, солим ва шоҳиб. Аллоҳ таолони зикр қиладиган киши ғонимдир. (Ғоним – муваффақиятни қўлга киритган киши) Сукут сақлайдиган киши солимдир. (Солим – жисмоний ва маънавий соғлом киши.) Ботил амалларга шўнғиган киши шоҳибдир» (Табароний ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Мўминнинг тили қалбида. Агар бирор нарсани гапиришни хоҳласа, қалби билан ўйлайди, сўнг тилига чиқаради. Мунофиқнинг тили қалбидан ташқарида, хаёлига келган нарсани тилига чиқаради, қалби билан ўйламайди» (Хароитий ривояти).
Ийсо алайҳиссалом: «Ибодат ўн қисмдир. Шундан тўққизтаси жим юришда ва биттаси одамлардан узлатда» – деди.
Расули акрам дейдилар: «Гапи кўп одамнинг йиқилиши кўп. Йиқилиши кўп одамнинг гуноҳи кўп. Гуноҳи кўп одам жаҳаннамга лойиқдир» (Абу Наим ривояти).
Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу тилини гапдан тийиш учун оғзига тош солиб юрарди. У тилига ишора қилиб: «Бу мени кўп балоларга дучор этди» – дерди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд дейди: «Яккаю ёлғиз Аллоҳга қасамки, узоқ зиндонбанд қилинишга тилдан муносиброқ нарса йўқ».

Товус дейди: «Тилим йиртқичдир. Агар қўйиб юборсам, у мени ейди».
Ваҳб ибн Мунаббаҳ Довуд оиласидаги ҳикматни баён қилади: «Оқилнинг зиммасида замонини танимоқ, тилини сақламоқ ва шаънини ҳимоя қилмоқ ҳақлари бор».
Ҳасан Басрий дейди: «Тилини тиймаган кишининг дини мустаҳкам эмас».
Авзоъий айтади: «Аллоҳ раҳматига олсин, Умар ибн Абдулазиз бизга мактуб жўнатди. Унда шундай ёзувлар бор эди: «Кимки ўлимни кўп эсласа, дунёнинг озига рози бўлади. Сўзи билан амали мувофиқ киши оз гапиради...»
Яна шундай дейилади: «Жим юрган киши ўзида иккита фазилатни жамлайди: динда саломатлик ва дўстни тушиниш».
Муҳаммад ибн Восиъ Молик ибн Динорга деди: «Эй Абу Яҳё! Инсон зотига тилини сақлаш (яъни, тилни тийиш) динору дирҳамларни сақлашдан мушкилроқдир».
Юнус ибн Убайд дейди: «Тилини ўйлаб ишлатадиган (яъни, аввал чуқур ўйлаб, кейин, зарурат туғилса, сўйлайдиган) бирорта одамни кўрмадим. Ҳолбуки, бошқа амалда бу мувофиқликни кўп кузатдим».
Ҳасан айтади: «Муовия раҳимаҳуллоҳ ҳузурида кўпчилик гапирди, Ахнаф ибн Қайс эса жим эди. Шунда Муовия:
– Эй Абу Баҳр! Нега гапирмаяпсан? – деди унга.
– Гапим ёлғон бўлса Аллоҳдан, рост бўлса сендан қўрқаяпман, – деди Ахнаф».
Абу Бакр ибн Ийош ҳикоя қилади: «Тўртта шоҳ – Ҳинд, Чин, Эрон ва Рум подшоҳлари бир жойга жамланди. Бири деди: – Айтмаганларимга эмас, айтган сўзларимга пушаймонман. Яна бири айтди: – Қачонки битта сўз гапирган бўлсам, у сўз менинг хўжайинимга айланди, мен унга тобе. Гапирмаган сўзимга эса мен хўжайин бўлдим, у менга тобе. Учинчиси деди: – Гапирган гапи ўзига қайтарилса, зарар берадиган, агар қайтарилмаса, фойда бермайдиган гапирувчига ажабланаман?! Тўртинчиси деди: – Айтганларимдан кўра, айтмаганларимни рад қилиш менга осонроқ»...
Балки, сенда савол туғилар: жим юришнинг афзаллигини билдиришга катта бир боб ажратилишининг сабаби нима?
Билгин! Бунинг сабаби, тил офатларининг кўплигидир. Ёлғон, ғийбат, чақимчилик, риё, мунофиқлик, бузуқлик, шубҳа-гумон, ботилга шўнғиш, хусумат, маҳмаданалик, ичиқоралик, ўзни оқлайвериш, ҳақорат каби офатларнинг барчаси тил орқали содир бўлади. Тил бу ёмонликларни гўё ўз вазифасидек бажаради, ҳатто қалб ундан ҳаловат топгандай бўлади. Лекин бу шайтондандир. Бу алдовларга учган киши тилини тийишга кучи етмайди. Кўнглига нима ёқса, у нарса учун тили жиловсиз. Нима ёқмаса, у нарсадан дарҳол тилини тияди.
Сўзамолликда хатар бор, жим юришда саломатлик. Шунинг учун жим юришнинг фазилати улкан. Албатта, жим юриш қуруқ сукутдан иборат феъл эмас. Унда охират ғами, давомли вазминлик, тафаккур учун имкон, зикр, ибодат жамланган. Жим юрган инсон бу дунёда сўзлар чарчоғидан, охиратда у сўзлар учун ҳисоб беришдан халос бўлади.
Аллоҳ таоло дейди: «У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса), унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатгувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф, 18-оят).
Жим юришнинг фазилатини яна шундай далил билан ҳам изоҳлаш мумкин. Гап тўрт хил бўлади:
1) фақат зарардан иборат гап;
2) фақат фойдадан иборат гап;
3) зарар ва фойдадан иборат гап;
4) зарари ҳам, фойдаси ҳам йўқ гап.
Фақат зарардан иборат гапдан сукут қилиш лозим. Зарари ва фойдаси бор гапдан ҳам тийилган маъқул, зараридан сақланиш учун. На фойда, на зарари бор гап керакмас, ортиқча юмушдир. Унга машғул бўлиш вақтни исроф қилишдан, айни зиёндан бошқа нарса эмас.
Демак, тўртнинг учи соқит бўлди, бири қолди. Аслида ҳамма хатар мана шу бирда. Аллоҳ асрасин, ўша тўртнинг бири, яъни фақат фойдадан иборат гапга риё, сохталик, ғийбат ва ҳакозо тил офатлари аралашса, нима бўлади? Фойда билан зарарнинг чегараси махфийлашиб, инсон хатарлар ичра қолмайдими?!
Кимки тил офатларини бутун нозикликлари билан тушиниб етса, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ушбу эслатмасини тўла англаган бўлади: «Жим юрган киши нажот топади».
Аллоҳга қасамки, Пайғамбаримизга ҳикматларнинг жавҳарлари, бир сўз билан кўп маъноларни ифодалаш қуввати берилган эди. У зот айтган сўзларнинг маънолар хазинасидан иборат моҳиятини фақат хос уламогина англаган.
ИншаАллоҳ, энди тил офатларини бирма-бир санаб, уларнинг изоҳига ўтамиз. Изоҳни тил офатларининг енгилидан бошлаб, оғири томон давом эттирамиз. Ёлғон, ғийбат ва чақимчилик мавзуси кенг бўлганлиги учун бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз.
Билгин! Тилнинг йигирмата офати бор. Қуйида бу хусусда батафсил тўхталамиз. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга бошласин.

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.