Жаноза ва қабристон хусусида орифларнинг сўзлари, қабр зиёратининг ҳукми

Билинг! Жаноза ориф киши учун ибрат, ғафлат аҳли учун танбеҳ ва эслатмадир. Тобут ғофил кишининг қалбини юмшатмайди. Негаки, ғофил банда бу тобутда ўзи эмас, бошқалар ётади, деб ўйлайди. Бир куни одамлар унинг ҳам тобутини кўтаришларини хаёлига келтирмайди. Хаёлига келтирса ҳам, яқин орада бу иш воқеъ бўлмаслигига қаттиқ ишонади.

Ўйламайдики, тобутда олиб кетилаётганларнинг аксари яқин-яқингача шундай фикрда эдилар. Лекин оқибат: ишончлари ер билан яксон бўлди, ҳаёт шамлари буткул сўнди. Огоҳ бўлинг! Инсон эртами-индин, албатта, тобутга тушади. Шундай экан, тобутга елка тутган банда нима учун тобут ичида ўзининг жасади ётгандек ҳис этмасин?! Абу Ҳурайрадан бир тобутни кўриб, шундай деганлиги ривоят қилинади: «Ўтинглар (яъни тобут томон ўтиб, уни кўтаринглар)! Биз ҳам тез ўтгувчимиз». Молик ибн Динор акаси ўлганида унинг тобути олдига бориб йиғлади ва: «Оллоҳга қасамки, сенинг қаерга кетганлигингни билмагунимча, кўз ёшларим тинмайди. Қаерга кетганингни эса, то ҳаёт эканман, билмайман», – деган эди. Аъмош дейди: «Жанозаларда ҳозир бўлардик. Ҳазинлик, ғам барчада баробар бўлганидан, кимга таъзия билдиришни билмасдик». Собит Баноний дейди: «Жанозаларда ҳамманинг юзларини ёпиб йиғлаганини кўрар эдик». Ҳа, саҳобаларнинг ўлимдан хавфи мана шундай эди. Ҳозир-чи? Жаноза маросимида ҳозир бўлган жамоатнинг аксарияти кўп кулиб, кўп гапиради, ҳазил-ҳузил қилади, марҳумнинг мероси, ворисларига нималар қолдириб кетаётгани ҳақида гап сотади. Аммо, энг асосийси, ўзлари ҳам бир куни мана шундай тобутга тушиши, ўша пайтда аҳволлари қандай бўлиши хусусида фикрлашмайди. Нега..? Чунки устма-уст  гуноҳлар қилиб, қотган қалб ғафлат оғушида қолган. Энди у на Оллоҳ таолони, на охиратни эслайди. Эртанинг даҳшатли манзаралари унга ёт. Бу қалбнинг ёлғиз овунчи – дунё, улфати – ўйин-кулгу, машғулоти – маъсият.
 
Оллоҳим! Бу ғафлатдан бизни уйғот. Охиратда ёрдам берадиган ишлар билан машғул бўлайлик. ...Олдимизда тобут турибди. Жанозада ҳозир бўлганлар учун энг яхши ҳолат ўликнинг аҳволига йиғламоқ, агар оқил бўлсалар, ўзлари учун йиғламоқдир. Иброҳим Зиёт жанозада маййитга раҳмат тилаётган одамларни кўриб деди: «Раҳматни ўзларингиз учун тилаганларингизда яхшироқ бўлур эди. Чунки бу марҳум учта даҳшатдан қутилди: ўлим фариштасини юзига боқиш даҳшатидан, чунки аллақачон уни кўрди; ўлимнинг аччиқлиги даҳшатидан, чунки аллақачон уни тотди; сўнгги нафас хавфидан, чунки хавф ўтди». Абу Бакр ибн Ало дейди: «Жарирнинг ҳузурида эдим. У котибига шеър  айтиб ёздираётган эди. Шу пайт кўчадан тобут кўтарган одамлар ўтиб қолди. Дарҳол машғулотдан тўхтаб: «Оллоҳга қасамки, бу тобутлар менинг соқолимни оқартирди», – деди ва ушбу байтни ўқиди:   Ўлим даҳшат, тобутлар дуч келганда   Чекар қайғу алам хавф ичра банда.   Маййит ўтиб кетгач, на хатар, на ғам,   Яна шод-хуррамлик, қаҳқаҳа-ханда.   Ўхшар бу ҳол: гўёки сурув аро   Кириб бўри, юзланди офат бало.   Бўри кетгач, қўйлар яна яйловда   Ўтлай бошладилар яйраб мосиво.        Ўлимни ўйлаш, ўлимдан ибратланиш, ўлимга тайёр бўлиш, тобут олдида тавозуъ билан юриш жаноза одобларидандир. Гарчи марҳум фосиқ бўлса ҳам, унга нисбатан яхши гумонда бўлиш, ўз нафсини эса итоб қилиш ҳам одоб саналади. Негаки, хотиманинг қандай бўлишини ҳеч ким билмайди. Умар ибн Зардан ривоят қилинади: «Унинг қўшниларидан бири вафот этди. Марҳум фақат ўзини ўйлайдиган, ўта худбин киши эди. Кўпчилик унинг жанозасига бормади. Шунда Умар ибн Зар у ерда ҳозир бўлиб, марҳумнинг жанозасини ўқиди. Сўнгги манзилга кузатар экан, қабри тепасида туриб, деди: «Эй фалончи! Оллоҳ сени раҳматига олсин. Умринг тавҳидда кечди, пешонанг саждалар қилиб, чангларга беланди. Яна сени гуноҳкор адашган дейишади-я! Ичимизда кимнинг гуноҳи йўқ, ким адашмаган?!» Ҳикоя қилинадики, Басранинг қайсидир ноҳиясида фасодга ботган бир киши вафот этди. Унинг аёли эрининг тобутини кўтарадиган одам тополмади. Марҳум ўта фосиқ бўлгани учун ҳам қўшнилар унинг ўлимидан бехабар қолдилар. Тобутни кўтариш учун аёл иккита ҳаммол ёллади. Улар тобутни маълум бир жойгача кўтариб келишди. Аммо марҳумга жаноза ўқийдиган бирорта киши ҳам топилмади. Сўнгра уни дафн қилиш учун қабристон томон элтишди. Шу ерга яқин тоғларда улуғ бир зоҳид истиқомат қиларди. Қарангки, ўша зоҳид жаноза намозига мунтазир бир ҳолатда аёлнинг кўз ўнгидан ўтди ва марҳумга жаноза намозини ўқишга чоғланди. Бу хабар шаҳарга ёйилди. Зоҳид жаноза намозини адо қилар экан, бутун шаҳар аҳли унга иқтидо этди. Одамлар зоҳиднинг бу ишидан ажабланиб, сабабини сўрашганида: «Тушимда менга айтилди: фалон ерга борсанг, у ерда бир тобутни кўрасан. Тобут ёнида битта аёлдан бошқа ҳеч ким йўқ. Тобутдаги ўликнинг жанозасини ўқи! У мағфират қилингандир», – деди. Одамларнинг ажабланиши янада ортди. Зоҳид аёлни чақириб, ундан марҳумнинг ҳолат ва сийрати қандай бўлганини сўради. Аёл: – Ҳар куни майхонада май ичиш билан машғул эди, – деди. – Унинг бирор хайрли иш қилганини кўрганмисан? – деб сўради зоҳид. – Ҳа, учта иши бор эди. Биринчиси, ҳар куни кайфи тарқаб, ҳушига келгач, эрта билан кийимларини алмаштирарди, таҳорат олиб, жамоат билан бомдод намозини адо қиларди. Кейин яна ўзининг ишига шўнғир эди. Иккинчиси, уйида ҳар доим бир-икки етим бола бўлар эди. Уларга эҳсон бериб, ўз фарзандларидан ҳам яхшироқ эътибор қилар эди. Учинчиси, кайфи тарқаб, ҳушига келгач, қоқ тунда: «Раббим! Бу жирканч нафс билан жаҳаннамнинг қайси чуқурини тўлдирмоқ истайсан» – деб йиғлар эди. Сабаб аён бўлгач, зоҳид кетди». Сила ибн Ашим акаси дафн қилинган пайтда, унинг қабри тепасида туриб, шундай деганлиги ривоят қилинади:   Қабр азобидан гар бўлдинг озод,   Улкан, бир балодан топибсан нажот!..

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.