Қиёмат куни, унинг даҳшати ва номланишлари

Эй мискин! Муддати узун, султони қаҳрли, вақти яқин у улуғ Кунга ҳозирлигингни кўр. У кун сен осмоннинг ёрилганига, қўрқинчдан юлдузларнинг сочилиб кетганига гувоҳ бўласан. У Кун чақнаб турган юлдузлар фалакларидан тўкилади, қуёш ўралиб(нурсизланиб) қолади.

Тоғлар ўз жойларидан жилдирилади, қорнидаги боласи ўн ойлик бўлган бўғоз туялар бўш қўйиб юборилади, ваҳший ҳайвонлар бир жойга тўпланиб қолади, денгизлар тандир каби қизитилади ва сув ўрнига олов билан тўлади. Жонлар қайтадан баданларга жуфтланади, дўзах ловуллатиб ёқилади, жаннат яқин қилинади. Тоғлар қумлар каби сочилади, ер ёйилиб теп-текис бўлади.
Ўша Кун ер даҳшатли силкинади, бағридаги хазина ва инсон жасадларидан иборат «юк»ларни юзага чиқариб ташлайди. У Кунда одамлар қилган амалларининг жазо ёки мукофотлари кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келадилар. У Кунда ер ва тоғлар зўриқиб, бир дафъада портлаб кетади. Ана шунда Қиёмат воқе бўлади, осмонлар ёрилади. Фаришталар осмоннинг чор атрофида Оллоҳнинг амрига мунтазир! Уларнинг устида Раббингнинг Аршини у Кунда саккизта фаришта кўтариб туради.
Ўша Кунда сизлар ҳисоб-китоб учун Оллоҳга юзлантириласиз, бирон сирингиз махфий қолмайди. У Кунда тоғлар булутлар каби юргизилади, ер тоғ-тошларсиз, боғ-роғларсиз очиқ-яланғоч ҳолда қолади. У Кун ерлар қаттиқ ларзага келади, тоғлар титилиб, чанг-тўзонга айланади. У Кунда одамлар тўзғитиб юборилган парвоналар каби бўлиб қолади. Тоғлар эса титилган жун каби учиб юради.
У Куни оналар эмизиб турган боласини унутади, ҳомиладор аёллар ҳомиласини ташлаб юборади. У Куни одамларни масту гангиган ҳолда кўрасиз, ҳолбуки улар маст эмаслар. Оллоҳнинг азоби эса қаттиқ.
У Куни ер бошқа ерга, осмонлар ўзга осмонларга айланиб қолади. Барча одамлар ёлғиз ва қудратли Оллоҳга рўбарў бўладилар. У Кун тоғлар қумлар каби сочилади, ер теп-текис қилиб қўйилади, унда на чуқур ва на дўнгликни кўрасиз. У Кун сиз тоғларни кўриб, тек қотиб турибди, деб ўйлайсиз. Ҳолбуки улар худди булутлар юрган каби юради. У Кун осмон ёрилиб, тери каби қизариб қолади. Ана ўша Кунда на бир инс ва на бир жин қилиб ўтган гуноҳидан сўралади.
У Кунда осий кимсалар сўздан маҳрум қилинади. У Кунда гуноҳлар ҳақида сўралмайди, балки пешона ва оёқларидан ушлаб улоқтирилади.
У Кунда ҳар бир жон ўзи қилган яхши амалларини ҳозиру нозир ҳолда кўради, ёмон амалларининг эса олис-олисларда қолиб кетишини истайди. У кун ҳар бир жон нима амал қилганини билади, аввалу охир қилган гуноҳларига гувоҳ бўлади. У Кун тиллар соқов бўлиб, аъзолар гапиради.
У Куннинг зикри мурсаллар саййиди Муҳаммад алайҳиссаломнинг соқолини оқартирди. Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу: «Эй Оллоҳнинг расули, соқолингизга оқ оралаганини кўряпман?» – деди. «Ҳуд ва унга ўхшаган суралар мени қаритди» – дедилар Оллоҳнинг расули.
Улар: Воқеа, Вал-мурсалот, Набаъ, Таквир сураларидир».
Эй басирати заиф ўқувчи! Сенинг қироатдан олган улушинг – Қуръон калималарини ғўлдирашу, улар билан тилингни қимирлатиш холос. Агар ўқиётганларингни фикр эта олсайдинг, мурсаллар саййидининг соқолини оқартирган нарса сенинг ўтакангни ёрган бўларди. Билгинки, Оллоҳнинг Каломини тилидагина такрорлайдиган қори Қуръон самарасидан маҳрумдир.
Қиёмат Қуръонда кўп зикр қилинган мавзулардандир. Қуйида бу Куннинг турли-туман номланишлари ва уларнинг маъноларидан воқиф бўламиз. Мақсад Қиёматнинг турли-туман номларини такрорлашдангина иборат эмас, балки у Кунни ақл эгаларига эслатиш. Билгинки, Қиёматнинг ҳар битта номи остида бир сир яширин, ҳар бир сифат алоҳида маънога эга. Бас, маъноларни илғашга урин!
Қиёмат куни (жасадлар тирилиб, тик турадиган кун), Ҳасрат куни, Надомат куни, Ҳисоб куни, Сўралиш куни, Мусобақа куни, Муноқаша (баҳс-мунозара) куни, Мунофаса (рақобатлашув) куни, Зилзила куни, Дамдама(момоқалдироқ) куни, Соиқа(чақмоқ) куни, Воқеа куни(қиёмат воқе бўладиган кун), Ал-Қориа куни(қалбларни қаттиқ қоқувчи кун), Рожифа куни (сур биринчи марта чалиниб, ерни титратгувчи кун), Родифа куни (сур иккинчи марта чалиниб, барча нарсага қайтадан ҳаёт ато этиладиган кун), Ғошия куни (ўз даҳшати билан ўраб оладиган кун), Доҳия (даҳшат) куни, Ал-Озифа куни (яқин кун), Ал-ҳааққа куни (аниқ рўй берувчи кун), Томма (бало) куни, Сохха(қулоқларни кар қилгувчи даҳшатли қичқириқ) куни, Толақ(мулоқот) куни, Фироқ (ажралиш) куни, Масақ (ҳайдалиш) куни, Қасос куни, Нидо қилинадиган кун, Ҳисоб куни...
Эй инсон! Нима сени «улуғ Парвардигорингга ибодат қилмасанг ҳам бўлаверади» деб алдаб қўйди? Эшикларни ёпдинг, пардаларни туширдинг, халойиқдан бекиндинг ва бузуқ ишларга шўнғидинг. Бутун аъзоларинг сенга қарши гувоҳлик берганда аҳволинг не кечади?
Эвоҳ! Биздек ғофилларнинг аҳволига вой бўлсин, вой бўлсин! Оллоҳ таоло бизга мурсаллар саййидини жўнатди, у зотга очиқ-равшан Китоб нозил этди, Қиёматнинг даҳшатларидан хабар берди. Кейин бизга ғафлатда эканимизни билдирди:
«Одамларга ҳисоб-китоблари (яъни Қиёмат қойим бўлиши) яқинлашиб қолди. Улар эса ғафлатда, (иймон келтириб, яхши амаллар қилишдан) юз ўгиргувчидирлар. Уларга Парвардигорлари томонидан бирон янги эслатма-оят келар экан, албатта уни масхара қилиб, диллари ғофил бўлган ҳолларида тингладилар»(Анбиё,1-2-оятлар).
Сўнгра бизни Қиёматнинг яқин қолганидан огоҳ этди:
«(Қиёмат) соати яқинлашиб қолди ва ой ҳам бўлинди» (Қамар,1-оят).
«Чунки улар у (Кун)ни узоқ деб билурлар, Биз эса унинг яқинлигини билурмиз!» (Маориж, 6-7-оятлар).
«Одамлар сиздан (Қиёмат) соати (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. «У (соатни) билиш ёлғиз Оллоҳнинг ҳузуридадир» деб айтинг. Қаердан билурсиз, эҳтимол у соат яқин келиб қолгандир» (Аҳзоб, 63-оят).
Кейин бизнинг энг гўзал ҳолатимиз - Қуръон ўқиш ва унинг маъноларини фаҳм этмасликдан иборат бўлди. Ҳа, биз Қиёмат кунининг сифатлари ва номлари нима учун кўп зикр этилгани хусусида ўйламадик, у Куннинг даҳшатларидан халос бўлиш учун ҳозирлик кўрмадик.
Оллоҳим! Ўзинг бу ғафлатдан бизни асра, марҳаматингни кенг қилмасанг, ҳолимиз хароб.

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.