Print this page

Жаҳаннам ва унинг даҳшатлари

Тугаб битаётган дунёнинг ташвишларига алданаётган, эй ғофил нафс! Сен энди буткул ташлаб кетаётган ўткинчи уйнинг эмас, балки абадий қолиш учун кўчиб ўтаётган охират уйингнинг ғамини е! Чунки ҳар бир инсоннинг жаҳаннамга туширилиши сенга яхши маълум:

«Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Биз Ўзимиз унга (жаҳаннамга) киришга лойиқроқ бўлган кимсаларни жуда яхши билгувчидурмиз. Сизлардан ҳар бирингиз
унга тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингизга (яъни, у Зотнинг амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнг Биз тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз» (Марям, 70-72-оятлар).
Демак, барчанинг, жумладан сенинг ҳам жаҳаннамга тушишинг аниқ, ундан нажот топишинг эса гумон. Боришинг аниқ бўлган жойнинг қўрқинчини қалбдан ҳис қил, шояд ундан нажот топсанг.
Қиёмат даҳшатларини бошдан кечираётган халойиқнинг аҳволини тасаввур қил. Улар қайғу ва қўрқинч ичра тик ҳолатда қотиб қолишган. Қиёмат ҳақида эшитганлари кўзлари ўнгида содир бўляпти, шафоат кутишади. Ўша пайт мужрим – гуноҳкор бандаларнинг атрофини зулмат қоплайди. Бирдан уларнинг устига олов ёлқини «кўлка» ташлайди. Жаҳаннамнинг ҳовурли нафасини эшитадилар. Бўкирикка ўхшаш бу нафасдан ғазаб учқунлари сачрайди. Ана ўшанда мужрим бандалар ваъда этилган ҳалокатга узил-кесил ишонадилар.Умматлар тиз чўккан ҳолларида келтирилади. Ҳатто дўзахдан нажот топганлар ҳам қўрқувдан дир-дир титрашади. Шунда азоб фаришталаридан бири чиқиб, нидо қилади: «Дунёда нафсини орзу-ҳаваслар билан алдаб, ёмон амаллар билан умрини зое қилган фалончининг ўғли фалончи қани?!» Қалбларга таҳдид солиб, улкан калтаклар билан уни қаттиқ азоб сари ҳайдашади ва «мана бу азобни тотиб кўргин» дея уни жаҳаннам қаърига юз тубан улоқтиришади. Бу тор, қоронғу, хатарларга тўла уйни маскан тутганлар у ерда абадий тутқун бўлишади. У ерда оловлар ёнади, у ердагиларнинг ичадиган сувлари қайноқ, у ердагиларнинг қароргоҳи – жаҳаннам. Жаҳаннам аҳли ўлимни орзу қилишади, лекин у ердан қутулишнинг имкони йўқ. Арқоннинг у учини бу учига боғланганидек, уларнинг оёқлари ёноқларига боғланади, юзлари гуноҳ зулматидан қорайиб кетади. Улар дўзахнинг у бурчию, бу бурчидан бақирашади: «Эй жазо Кунининг подшоҳи! Азобларинг ҳақ бўлди, темир гурзилар бизни эзди, териларимиз куйди. Эй салтанатнинг танҳо эгаси! Бизни жаҳаннамдан халос эт. Энди биз зинҳор гуноҳ йўлига қайтмаймиз».

       Шунда азоб фаришталари дейди: «Ҳайҳот! Орзулар вақти ўтди. Энди сизлар учун бу хорлик диёридан чиқиш йўқ. Боринг, ичкарироқ киринг, гапирмангиз. Агар у ердан чиқарилсангиз, албатта яна манъ қилинган ишларга қайтасиз». Улар ноумид бўладилар, Оллоҳга яқин бўлатуриб, фурсатни бой берганларига афсус чекадилар. Кошки бу надоматлар фойда берса! Улар юзлари тубан, мағлуб ҳолда боришади. Устларида ва остларида ҳам, ўнгу сўлларида ҳам – олов! Улар олов денгизига ғарқ. Уларнинг таоми олов, шароби олов, либоси олов, тўшаклари ҳам оловдан. Улар қора мойдан бўлган кийимлари билан аланга ичра қолиб, оғир занжирлар ва гурзилар зарбидан азоб чекадилар. Тор йўлаклардан тубанликка тушиб кетаверадилар, зулмат пардаси уларни изтиробга солади. Олов қозонни қайнатган каби жаҳаннам уларни қайнатади. Улар ҳўнграб, ўлимни чорлайдилар.Чорлагани сайин бошлари узра қайноқ суюқлик қуюлади. Бу қайноқ суюқлик уларнинг ичи ва териларини эритиб юборади. Темир гурзилар пешоналарини парчалайди, оғизларидан йиринг оқади, жигарлари иссиқдан ёрилиб кетади. Қорачиқлар ёноқларга оқиб тушади, ёноқларнинг эти силинади, сочу туклар теридан бир-бир юлинади. Терилар куйиб жизғанак бўлганидан сўнг қизиб турган этларга қайтадан тери қопланади. Суяклар этдан ажралади. Томир ва асаб толалари билан боғланган тириклик ришталаригина қолади. Улар ҳам оловнинг шиддатли ҳовуридан қуриб боради.
Азоблар ичра тўлғонаётган жаҳаннамийлар ўлимни орзу қилади, лекин ўлолмайдилар. Айтчи, юзлари иссиқдан қоп-қора тусга кириб, кўзлари кўр, тиллари соқов бўлиб қолган, беллари синиб, суяклари парчаланган, қулоқлари кесилиб, терилари титилиб кетган, қўллари бўйнига, боши ва оёғи бир-бирига чирмаб ташланганларга кўзинг тушса, ҳолинг не кечади?
Улар жаҳаннамга юзлари билан судралиб борадилар, қорачиқларига темир тиканлар босилади. Ўтнинг ёлқини аъзоларининг ич-ичигача ўрлайди. Дўзахнинг илон ва чаёнлари баданларига ёпишади.
Кел, дўзахийлар кўрадиган даҳшатларга яқинроқдан назар сол, жаҳаннам водийлари ва даралари хусусида тафаккур эт.
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Жаҳаннамда етмиш минг водий, ҳар водийда етмиш минг дара, ҳар дарада етмиш минг илон ва чаён бор. Кофир ва мунофиқлар бу водию дараларнинг барчасидан ўтмагунча жаҳаннамнинг ниҳоясига етмайди» (Ибн Коний ривояти).
Али каррамаллоҳу важҳаҳу ривоят қилади: «Расули акрам шундай деган эдилар:
– «Жуббул ҳузн»га тушиб қолмаслигингиз учун Оллоҳдан паноҳ тилангиз.
– «Жуббул ҳузн» нима? дея сўралди.
– У жаҳаннамдаги шундай водийки, жаҳаннамнинг ўзи ҳар куни етмиш марта ундан паноҳ тилайди. Оллоҳ таоло бу водийни риёкор қорилар учун ҳозирлаб қўйгандир, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» (Ибн Адий ривояти).
Жаҳаннамнинг кенглиги ва у ердаги қуйилашиб борувчи водийларнинг сони дунё водийлари ва ундаги шаҳват (дунёвий истак)ларнинг ададига мувофиқ келади. Банданинг гуноҳга восита бўладиган аъзоси нечта бўлса, жаҳаннам эшикларининг сони ҳам шунчадир. Бу эшиклар устма-уст қурилган. Улар қуйидаги тартибда жойлашган бўлиб, энг тепадаги эшикнинг номи – Жаҳаннам, кейин – Сақар, Лаззо, Хутома, Саъир, Жаҳим ва Ҳовийа деб аталади. Ҳовийанинг чуқурлиги худди дунё шаҳватлари каби тубсиздир. Шунингдек, дунё ҳаётида бир узв ўзидан каттароқ бошқа узвга бориб улангани каби жаҳаннамдаги Ҳовийа ҳам ўзидан чуқурроқ Ҳовийага бориб уланаверади.
Абу Ҳурайра айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Дафъатан гумбурлаган сасни эшитдик. Шунда Расули акрам:
– Бу нима биласизларми? – сўрадилар.
– Оллоҳ ва расули билгувчироқдир,– дедик.
– Бу етмиш йил олдин жаҳаннамга ташланган тошдир, ҳозир унинг қаърига етди, – дедилар Расули акрам» (Муслим ривояти).
Энди тубанлашув поғоналаридаги тафовутга ҳам бир назар сол. Чунки охират уйи даражот ва фазилатларга бой қароргоҳдир. Зеро, мана шу ҳаётда ҳам бандалар дунёга муҳаббат жиҳатидан фарқланадилар. Кимдир дунёга муккасидан кетиб, унга буткул ғарқ бўлади, кимдир маълум чегарада тўхтайди.
Шунингдек, жаҳаннам олови комига тортилиш даражаси ҳам тафовутлидир. Оллоҳ зарра мисқолича зулм қилмайди. Дўзахга тушган барча кишиларнинг азоби бир хил эмас. Балки ҳар бир дўзахийнинг азобланиш даражаси исёну гуноҳига қараб маълум доирада чегараланган. Агар азоби энг кам дўзахийга бутун дунё тўлалигича берилса, азоб шиддатини камайтириш учун у ўша дунёнинг ҳаммасини фидо қилган бўларди.
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Қиёмат кунида дўзах аҳли тортадиган азобнинг энг енгили – ўтдан кавуш кийиш, кавушнинг ҳарорати мияни қайнатади» (муттафақун алайҳ).
Бас, шундай экан, бу азобларни ўзига енгил санаётганлардан қандай ажабланмаслигинг мумкин?! У азобларни ўзига шиддатли билаётган инсондан эса нега ибратланмайсан? Жаҳаннам азобининг шиддатидан шубҳага бораётган бўлсанг, қани, бармоғингни ўтга яқинлаштир ва жаҳаннам азобини шунга қиёс эт. Энди билгинки, сен бу қиёсда адашдинг. Чунки, дунё олови жаҳаннам оловига ўхшамайди. Аммо бу дунёда энг қаттиқ жисмоний азоб ўтнинг куйдиришидир. Шу азоб орқали жаҳаннам нелигини англагандай бўламиз. Лекин бу англаш нақадар ноқис! Агар жаҳаннам аҳли дўзахда дунё оловини топса, жаҳаннам оловидан қочиб, ўзларини дунё оловига урган бўлар эдилар. Хабарларда келишича, дунё олови етмиш марта раҳмат суви билан ювилганидан сўнг дунё аҳли тоқат қиладиган даражага етди (Ибн Абдулбар ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом жаҳаннам оловини шундай сифатлайдилар: «Оллоҳ таоло жаҳаннамга минг йил ёнишни буюрди, ҳатто олов қизарди. Кейин яна минг йил ёнишга буюрди, олов оқарди. Сўнг яна минг йил ёнишга буюрди, олов қорайди. Жаҳаннам қоп-қора, зимистондир» (Термизий ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом хабар берадилар: «Дўзах Раббига шикоят қилди: - Эй Раббим, ўзим ўзимни еяпман. Парвардигори олам унга икки марта нафас олишга изн берди: ёз ойида бир марта ва қиш ойида бир марта. Ёз мавсумидаги энг иссиқ кун жаҳаннамнинг ҳароратидандир. Қиш мавсумидаги энг совуқ кун жаҳаннамнинг замҳарир совуғидандир» (муттафақун алайҳ).
Анас ибн Молик айтади: «(Қиёмат куни) дунё ҳаётида тўкин-сочин яшаган кофирлардан бири келтирилади ва фаришталарга:
– Уни жаҳаннам оловига бир тиқиб олинг! – дея буюрилади. Ўтга кириб чиққандан сўнг ундан:
– Дунё ҳаётида ҳеч тўкинлик кўрдингми? – деб сўралади.
– Йўқ, – дейди.
Дунё ҳаётида энг кўп озор ва зарар кўрган одам келтирилади ва фаришталарга:
– Уни жаннатга бир киритиб олинг, дея амр қилинади. Сўнгра унга:
– Дунё ҳаётида ҳеч ёмонлик кўрдингми? – деб сўралади.
– Йўқ, асло, – дейди у».
Абу Ҳурайра айтади: «Агар юз минг ёки ундан-да кўпроқ киши жамланган масжид ичида жаҳаннам аҳлидан биттаси бир марта нафас олса, масжид аҳлининг барчаси ўша заҳоти тил тортмай ўлган бўларди».

«Уларнинг юзларини ўт куйдириб, бадбашара бўлиб қолгувчидирлар» (Мўминин, 104) ояти хусусида олимларидан бири дейди: «Бу жаҳаннам оловининг бир марта куйдиришидир. Шу куйдиришда этлар суякдан ажраб, тўпиққача шилиниб тушади».
Жаҳаннам аҳлининг баданларидан оқаётган бадбўй йирингларни кўз олдингга келтироласанми?! Улар ўша сассиқ йирингларга ғарқ бўлишган. Абу Саид Худрий Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Агар жаҳаннам йирингидан бир пақири дунёга тўкилса, бутун ер аҳли бадбўй, сассиқ ҳидга кўмилган бўларди» (Термизий ривояти).
«Унинг(яъни, ҳар бир кофир кимсанинг) олдида жаҳаннам бордир. (Жаҳаннамда) унга йирингли сувдан берилганида, уни ютмоқчи бўлади-ю (томоғидан) ўтказолмайди, унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўлолмайди...» (Иброҳим, 16-17-оятлар).
«...Агар улар (ташналик шиддатига чидолмай) сув сўрасалар, уларга эритилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдиргувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у» (Каҳф, 29-оят).
Кейин уларнинг «заққум» деб аталмиш таоми хусусида фикр эт. Оллоҳ таоло деди:
«Сўнгра албатта сизлар, эй (қайта тирилишни) ёлғон дегувчи гумроҳлар! Шак-шубҳасиз, (жаҳаннамнинг ўртасида ўсадиган) Заққум дарахтидан егувчи, ундан қоринларингизни тўлдиргувчидирсизлар. Сўнг унинг устига қайноқ сувдан ичгувчи, (ичганда ҳам) ташна, тўймас туялар каби ичгувчидирсизлар!» (Воқеа, 51-55-оятлар).
«Дарҳақиқат, у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир. Унинг бутоқлари(даги мевалари хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар. Бас, улар (яъни, дўзахилар) албатта ундан еб, қоринларини тўлдиргувчидирлар. Сўнгра албатта улар учун унинг (Заққум меваларининг) устига қайноқ сувдан аралаштирилур (яъни, уларга мажбуран қайнаётган сув ичирилур). Сўнгра албатта уларнинг яна қайтадан дўзахга қайтишлари бордир» (Яъни, қайноқ сув уларнинг бутун ички аъзоларини куйдириб битганидан сўнг энди дўзах ўти уларнинг баданларини куйдирур) (Вассоффот, 64-68-оятлар).
«(Улар) қизиган дўзахга кирур! Қайнаб турган булоқдан суғорилур!» (Ғошия, 4-5-оятлар).
«Зеро, Бизнинг даргоҳимизда (кофирлар учун тайёрлаб қўйилган) кишанлар ва (уларни куйдириб азоб бергувчи) олов-дўзах бордир! Ва (томоққа) тиқилгувчи (йиринг ва қон каби) «таом» ҳамда аламли азоб бордир!» (Муззаммил, 12-13-оятлар).
Ибн Аббос Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Агар дунё денгизларига «заққум»нинг бир томчиси тўкилса, дунё аҳлининг бутун ҳаётини бузади» (Термизий ривояти).
Бир томчиси шунчалик бўлса, таоми «заққум» бўлган кишининг ҳоли не кечаркан?!
Анас айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Оллоҳ сизларга тарғиб этган нарсаларга рағбат қилинг. Оллоҳ сизларни
қўрқитган нарсанинг азобидан, жазосидан, жаҳаннамдан сақланинг. Агар сиз яшаётган бу дунёга жаннатдан бир парча тушса, ҳаётингиз ниҳоятда гўзал ва кўркам бўлиб кетарди. Агар унга дўзахдан бир парча тушса, бутун ҳаётингиз булғанган бўларди» (Байҳақий ривояти).
Абу Дардо Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганлигини айтади: «Жаҳаннам аҳли жаҳаннам азоблари баробар очликка дучор этилади. Улар таом сўрайдилар. Уларга озиқ бўлмайдиган, очликни зиёда қиладиган «зарийъ»(заҳарли ва бадбўй тикансимон ўсимлик)дан бўлган таом берилади. Улар «таом, таом» деб бақиришади. Шунда уларга томоқларини бўғадиган таом берилади. (Дунё ҳаётида) томоққа нимадир тиқилиб қолганида уни сув билан ютиб юборганларини эслаб, сув сўрайдилар. Уларга темир чангакларга илинган идишларда қайноқ сув узатилади. Идишга яқинлишишлари билан чангакнинг ҳовурли тафти юзларни ёндиради, ичган сувлари тамоми аъзоларини куйдиради. Кейин улар бир-бирларига: «Жаҳаннамнинг қўриқчиларини чорланглар» деб қолишади.
«(Шунда) дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: «Парвардигорингларга дуо қилинглар, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин», деб ёлворганларида, улар айтдилар: «Ахир сизларга пайғамбарларингиз аниқ ҳужжатлар билан келмаганмидилар?!». «Ҳа, (келган эдилар, лекин бизлар уларни ёлғончи қилган эдик)» деди улар. (Шунда фаришталар уларга) айтдилар: «У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаверинглар. Кофирларнинг дуо-илтижолари албатта залолатдадир (яъни, бефойдадир)» (Ғофир, 49-50-оятлар).
«Парвардигоро, бизларни (жаҳаннамдан ҳаёти дунёга) чиқаргин. Бас, агар яна (куфр ва туғёнга) қайтсак, у ҳолда шак-шубҳасиз, (ўз жонимизга) жабр қилгувчидирмиз (яъни, жаҳаннам азобига лойиқдирмиз). (Оллоҳ) айтди: «(Жаҳаннамда) хор бўлингиз ва Менга сўз қотмангиз» (Мўминун, 107-108-оятлар).
Ўшанда улар оҳу фарёд қилиб, туганмас ҳасратга ботадилар.
«Унинг (яъни, ҳар бир кофир кимсанинг) олдида жаҳаннам бордир. (Жаҳаннамда) унга йирингли сувдан берилганида, уни ютмоқчи бўлади-ю, (томоғидан) ўтказолмайди, унга ҳар томондан ўлим келади-ю, ўлолмайди. Унинг ортида (бундан-да) оғир азоб бордир» (Иброҳим, 16-17) ояти хусусида Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини Абу Умома ривоят қилади: «Унга йирингли сув яқинлаштирилганида, жирканади. Янада яқинлаштирилганида юзи (ўтдек) ёнади. (Қайноқ сув) бош терисига тўкилади. Ичган сувлари ичакларини ёриб юборади, парча-парча бўлган ичаклар унинг орқасидан тушади». Оллоҳ таоло дейди:
«..(Жаннат аҳли бўлган тақво эгалари) дўзахда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!» (Муҳаммад, 15-оят).
Жаҳаннамнинг илон ва чаёнлари тўғрисида ҳеч ўйлаганмисан? Уларнинг заҳарлари ўткир, кўринишлари қўрқинчли, совуқ қарашларидан баданлар
музлайди. Уларнинг ҳамла билан ташланиб, чақиб-чақиб олишларига қандай чидаш мумкин.
Абу Ҳурайра Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Кимгаки Оллоҳ таоло мол-дунё берса-ю, у мол-дунёсининг закотини адо қилмаса, ўша берилмаган закоти Қиёматда бошидан туки тўкилган, кўзлари ўрнида иккита қоп-қора нуқта бўлган илон сувратида унинг олдида пайдо бўлади. Сўнгра у дўзахийга ўралиб, комига тортар экан, дейди: «Мен сенинг мол-дунёнгман, мен сенинг хазинангман» (Бухорий ривояти).
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оллоҳ таолонинг ушбу оятини тиловат қилдилар:
«Оллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг (закотини) беришга бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик ҳисобламасинлар! Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмонликдир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари Қиёмат кунида бўйинларига ўралажак!» (Оли Имрон, 180-оят).
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Дўзахда йўғонлиги туянинг бўйнидек келадиган илонлар бор. Улар бир марта чақса, оғриғи қирқ йилгача давом этади. У ерда эгарланган хачирдек чаёнлар бор. Агар улар бир марта чақса, ҳарорати қирқ йилгача кетмайди. Бу илон ва чаёнлар дунё ҳаётида бахил, бадхулқ, одамларга азият берувчи кишиларга ёпишади. Кимки бундай ёмон хулқлардан сақланса, дунёда ўхшаши йўқ ўша илонлардан сақланган бўлади» (Аҳмад ривояти).
Жаҳаннам ҳолатларидан бирма-бир огоҳ бўлар экансан, жаҳаннамийларнинг жуссаларини ҳеч тасаввур қилганмисан? Оллоҳ таоло уларни энига ва бўйига ҳаддан ортиқ ўстиради ва шу катта жуссалар орқали жаҳаннамийларга азобини зиёда қилади. Дўзахийлар оловнинг ёндириши-ю, илон ва чаёнларнинг чақишини бир дафъада бутун аъзоларини билан ҳис этадилар.
Абу Ҳурайра Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Дўзахда кофирнинг тиши Уҳуд тоғича, териси уч кунлик масофа миқдорида бўлади» (Муслим ривояти).
Расули акрам дедилар: «Дўзах аҳлининг пастки лаби кўкрагигача осилиб тушган, тепаси юзларини ёпадиган даражада юқорига кўтарилгандир» (Термизий ривояти).
«Кофир Қиёмат куни Сижжийнда тилини ерга судраб юради, одамлар уни босиб ўтади»(Термизий ривояти).
Жасад катта бўлгани учун жаҳаннам олови уни бир неча марта ёндиради. Терилари куйиб бўлгач, қайтадан қопланади.
«Қачонки терилари куйиб битиши билан ҳақиқий азобни тотиб кўришлари учун ўрнига бошқа териларни алмаштирамиз» (Нисо, 56) ояти тафсирида Ҳасан Басрий шундай дейди: «Дўзах кофирларни ҳар куни етмиш минг марта еб тугатади. Ҳар еб тугатганида уларга: «Олдинги ҳолингизга қайтинглар» дейилади. Кейин улар олдин қандай бўлса, (янги азоб) учун яна шундай ҳолатга қайтишади».
Жаҳаннам аҳлининг ҳўнграб йиғлашлари, бўкириб ўлимни чорлашларини ҳам бир хаёлингга келтир. Буларнинг барчаси дастлаб дўзахга отилган пайтдаёқ, содир бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «У Куни жаҳаннам етмиш минг жилов билан олиб келинади. Ҳар жиловни етмиш минг фаришта ушлайди» (Муслим ривояти).
Анас ибн Молик Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Дўзах аҳлига шундай йиғи бериладики, уларнинг юзида, тугаган кўз ёшлар ўрнида чуқурга ўхшаш ёриқлар пайдо бўлади. Ёриқлар ичида кема сузадиган даражада қонга тўлади. Ҳўнграш, бўкириш, дод-войлаб ўлимни чорлашга изн берилганида гўё роҳатланадилар. Лекин улар бундан ҳам ман қилинадилар» (Ибн Можа ривояти).
Муҳаммад ибн Каъб дейди: «Жаҳаннам аҳлининг бешта сўрови бор, Оллоҳ улардан тўрттасига жавоб беради. Бешинчи сўровларидан кейин улар абадий гапирмайдилар:
«Улар дедилар: «Парвардигоро, Сен бизларни икки бор ўлдирдинг ва икки бор тирилтирдинг (яъни, аввал она қорнида ўлик-жонсиз ҳолда яратиб, сўнгра Ўзинг бизларга жон-ҳаёт ато этдинг. Кейин, ажалимиз етганида Ўзинг жонимизни олиб-ўлдириб, Қиёмат кунида яна тирилтирдинг). Бас, бизлар (ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча) гуноҳларимизни эътироф этдик. Энди (бу дўзах азобидан) чиқишнинг бирон йўли борми?» (Ғофир,11-оят).
Оллоҳ таоло уларга жавоб беради:
«(Йўқ, сизлар мана шу азобда мангу қолурсизлар). Бунга сабаб, қачон (сизларни) ёлғиз Оллоҳгагина (ибодат қилишга) даъват қилинганида, кофир бўлиб, бўйинсунмай, агар У Зотга ширк келтирилса (яъни сизлардан кимдир турли бут-санамларга сиғинишга чорлаганида), иймон келтиришларингиздир» (Ғофир, 12-оят).
Кейин айтишади:
«Парвардигоро (ваъданг рост эканини), кўрдик ва эшитдик, бас, бизларни (ҳаётга) қайтаргин, бизлар яхши амал қилайлик. Энди бизлар (Қиёмат ҳақ эканига) шак-шубҳасиз ишонгувчидирмиз» (Сажда, 12-оят).
Оллоҳ таоло уларга жавоб беради:
«...(Қиёматда) золим кимсалар: «Парвардигоро, бизларга озгина муҳлат бергин (яъни, бизларни дунёга қайтариб, озгина ҳаёт бергин, албатта) Сенинг даъватингни қабул қилурмиз ва пайғамбарларингга эргашурмиз» дейдилар. (Шунда уларга жавоб қилинур): «Илгари (ҳаёт пайтларингизда) ҳеч қачон заволга юз тутмаслигингиз (яъни ҳеч қачон ўлмаслигингиз ва Охират жазосига дучор бўлмаслигингиз) ҳақида қасам ичмаган эдингизларми?!» (Иброҳим, 44-оят).
Жаҳаннам аҳли дейди:
«...Парвардигоро, бизларни (бу азобдан) чиқаргин, бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқа яхши (амалларни) қилурмиз» деб дод-вой қилурлар...» (Фотир, 37-оят).
Оллоҳ таоло дейди:
«...Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Бас, энди (азобларингизни) тотаверинглар! Энди золим кимсалар учун бирон ёрдамчи бўлмас!» (Фотир, 37-оят).
Жаҳаннам аҳли дейди:
«Парвардигоро, бадбахтлигимиз бизлардан ғолиб келиб, адашган қавм бўлиб қолган эканмиз. Парвардигоро, бизларни (жаҳаннамдан ҳаёти дунёга) чиқаргин. Бас, агар яна (куфр ва туғёнга) қайтсак, у ҳолда шак-шубҳасиз (ўз жонимизга) жабр қилгувчидирмиз (яъни, жаҳаннам азобига лойиқдирмиз)» (Мўминун, 106-107-оятлар).
Оллоҳ таоло жавоб беради:
«(Жаҳаннамда) хор бўлингиз ва Менга сўз қотмангиз!» (Мўминун сураси, 108-оят).
Бу жавобдан сўнг жаҳаннамийлар абадий гапирмайдилар».
Расули акрам дедилар: «Қиёмат куни ўлим, бамисоли, кўзларига оқ тушган қўй сувратида келтирилади. Сўнгра у жаннат ва дўзах орасида сўйилади. Кейин: «Эй жаннат аҳли! Ўлими йўқ боқий саодатга келинглар. Эй дўзах аҳли! Ўлими йўқ мангу шақоватга келинглар» (Бухорий, Муслим ривояти).
Ҳасан Басрийдан шундай ривоят қилинади: «Одамлар ичида дўзахда минг йил қолиб, кейин чиқадигани ҳам бор. Кошки, ўша киши бўлсам!»
Оллоҳ ундан рози бўлсин, Ҳасан Басрийнинг бир бурчакда йиғлаб ўтирганини кўришди. Ундан: «Нега йиғлаяпсиз? – дея сўрашди. «Жаҳаннамга улоқтирилиб, эътиборсиз қолишимдан даҳшатга тушяпман» – деди Ҳасан Басрий.
Жаҳаннам аҳлига мана шундай ниҳояси йўқ азоб, синов ва ҳасратлар юзланади. Азобнинг энг қаттиғи – жаннатни, Оллоҳ таолонинг розилигини бой бериб қўйганлари учун ҳасрат чекишларидир. Оллоҳнинг розилиги каби энг олий неъматни дунёдек арзимас матоҳга сотганларини англаган пайтда бу ҳасратнинг аччиқлиги чидаб бўлмас даражага етади ва улар буни бутун вужудлари билан тўхтовсиз ҳис қилиб турадилар.
Ҳа, улар олий неъматни ўткинчи дунёнинг арзимас, кир, чиркин истакларига алишдилар. Кейин: «Вой, бунчалик ҳасрат! Раббимизга исён қилиб, ўзимизни ҳалок қилибмиз! Нимага шошилдик? Озгина сабр қилсак, муддати кўз очиб юмишга тенг кунлар аллақачон тугаб, ҳозир оламлар Парвардигорининг ҳузурида ризо мулкини қўлга киритган бўлмасмидик?!» – деб қолишади.
Қандай мусибат! Улар борини бой беришди. Энди улар учун дунёнинг бирорта неъмату лаззати қолмади. Кейин уларга жаннат неъматлари кўрсатилди. Балки, шу неъматларга гувоҳ бўлишмаса, ҳасратлари зиёда бўлмасмиди?!
Расули акрам шундай дедилар: «Қиёмат куни одамлар дўзахдан жаннат томон олиб келинади. Улар жаннатга шу даражада яқин бўлишадики, ҳатто жаннатнинг бўйини ҳидлашади, у ердаги қасрларни ва Оллоҳ жаннат аҳли учун ҳозирлаган нарсаларини кўришади. Шунда уларга бу ердан жўнаб қолишлари, жаннатда улар учун насиба йўқлиги нидо қилинади. Улар шундай бир ҳасрат билан қайтишадики, на аввалгиларга ва на охиргиларга бундай ҳасратнинг мисли кўрилган. Кейин улар: «Эй Парвардигоро! Кошки, жаннатингдаги савобларни ва у ерда дўстларингга ҳозирлаган нарсаларни кўрсатмасдан бизни жаҳаннамга киритсанг, бизга чандон енгил бўларди» – дейишади. Шунда Оллоҳ таоло уларга айтади: «Сизлар ёнингизда ҳеч ким йўқ пайтда катта гуноҳларни қилиб, мен билан курашга чоғландингиз. Қачон одамларга йўлиққанингизда итоаткор бўлиб қолдингиз. Қалбингизда Менга нисбатан ҳақсизликлар содир этган ҳолда, одамларга бунинг хилофини кўрсатдингиз. Мендан эмас, одамлардан қўрқдингиз. Мени эмас, одамларни улуғладингиз. Одамлар учун (энг азиз нарсаларингиздан ҳам) кечдингиз, Мен учун кечолмадингиз. Бас, бугун сизлар маҳрум бўлган абадий савоб баробарида аламли азобни тотингиз» (Абу Ҳудба ривояти).
Аҳмад ибн Ҳарб шундай дейди: «Орамизда шундайлар борки, сояни қуёшдан афзал санашади-ю, жаннатни дўзахдан ортиқ кўрмайди».
Исо алайҳиссалом дедилар: «Қанча соғлом гавдалар, гўзал юзлар, фасиҳ тиллар бор, эртага жаҳаннам эшиклари олдида «дод-вой» солиб қолишади».
Довуд алайҳиссалом айтади: «Оллоҳим! Қуёшингнинг тафтига сабрим йўқ. Дўзахингнинг тафтига қандай чидар эканман? Раҳматинг савтига сабрим йўқ, азобинг овозига қандай тоқат қилар эканман?!»
Эй мискин! Бу айтилганлар жаҳаннам даҳшатларидан бир томчи. Билгинки, Оллоҳ таоло дўзахни ва унинг даҳшатларини яратди, кўпаймайдиган ва камаймайдиган дўзах аҳлини ҳам яратди, бу битган ишдир:
«(Эй Муҳаммад), сиз уларни барча иш битирилиб (яъни, жаннат аҳли жаннатга, дўзахилар дўзахга ҳукм қилиниб), улар ҳасрат-надомат қилиб қоладиган Кундан - Қиёматдан қўрқитинг! (Бугун) улар ғафлатдадирлар (шу сабабдан), иймон келтирмайдилар» (Марям, 39-оят).
Ажабо! Бу ҳукмдан сўнг қандай қилиб кўнглингга ўйин-кулгу сиғади? Ўзинг ҳақда азалий ҳукм қандайлигини билмайсан-у, яна нелар билан машғулсан?!...

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Мақолани улашиш