Тасаввуф ва унинг ҳақиқати ҳақида (3-қисм)

Муҳаббат боби

Абул Қосим Наср Обозий[1] айтади: «Муҳаббат»/ة/ ва «машаққат»/ة/сўзларидаги/ة/ нуқталар бир-бирига яқиндир. Муҳаббат кўзи билан машққатнинг кўзига қаралса, машаққат билинмагай. Бас, ошиқ машаққатга муҳаббат назари билан боқиши лозим. Шунда муҳаббат тўғри бўлади[2].

Баъзилар учун қуйидаги байтни келтираман:

Ошиқларда мудом   бир сир ҳамдам

Фош эта олмас уни на сўзу на қалам,

“Ҳуббу” (حب) (муҳаббат) икки ҳарф – “ҳо” ва “бо”дан ташкил топган. “Ҳо” ҳарфи “руҳ” сўзидаги охирги ҳарфдир. “Бо” ҳарфи “бадан” сўзидаги биринчи ҳарфдир. Муҳиб (ошиқ) “бадан”сиз “руҳ” ва “руҳ”сиз “бадан” бўлади.

Муҳаббатдан бошқа ҳар бир нарсанинг иборати (ёзилиш шакли) бор. Фақат муҳаббатнинг иборати йўқ, зеро у ибодатга кирмаса ҳам латиф ва улуғроқдир. Шу боис ҳам Аллоҳ таоло фаришталарни хизмат учун, жинларни оғир ишларни бажариш учун ва шайтонларни эса лаънат учун халқ этгандир. Орифларни муҳаббат учун яратгандир. Бас, муҳаббат (ошиқлик) оловдир, унинг ўтини ошиқлар жигаридир. Хавф – ўт, муҳаббат – нурдир. Ҳеч қачон нурсиз олов бўлмайди.   

Жунайд Бағдодий айтади: “Мен қари чолни ураётган ёш болани кўрдим. Чол тинмай куларди. Мен ундан: “Нимага куласиз?” деб сўрадим. У: “Қандай қилиб кулмайин, ахир унинг қўли жонимдир, ураётган қамчиси қалбимдир, унинг ҳаёти ҳаётимдир. Бас, қандай қилиб ўзимдан ўзимга шикоят қилай”, дея жавоб қайтарди”.

Баъзилар қуйидаги байтни айтишади:

Агар ўртамизда бўлаётган хатлар билан қониқсак,

Бас, сен маъшуқ эмассан ва мен эса эмасман ошиқ.

Гар севги йўлида бўлмаса қурбонлик ва висол,

Бас, бусиз бўлган муҳаббат бекорчи чўпчак[3].

Самнун[4] деди: “Қўшнимизнинг бир жорияси бўлар эди. Уни бениҳоя даражада севар ва у билан доимо овора эди. Бир куни жория бетоб бўлиб қолди. Ҳалиги киши унга шўрва пишириб беришга тутинди. У қозондаги таомни кавлаш билан машғул бўлиб турганида жорияси “оҳ” деб қолди. Қўшни қўрқиб даҳшатга тушди. Қўлидан чўмич учиб кетди ва ўзи билмаган ҳолда қўли билан қозонни кавлай берди. Ҳатто бармоқларидан айрилди. Жория ундан сўради: “Нима қилиб қўйдингиз?” У: “Бу сенинг бир “оҳ” дейишинг эвазидир”, дея жавоб қайтарди”.

Муҳаммад ибн Довуд Исфаҳонийга қарата ушбу шеър айтилди:

Сенинг ота-онангга ҳасад қилгум бегумон,

Улар сенга қарашса ёки айтишса бир сўз.

Менга боқувчи икковин ўзига қаратсайди,

Сен ҳақда ўйласайди сенга тушганида кўз.

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Бағдодийдан ҳикоя қилинади. У айтди: “Мен Басра шаҳрида баланд уй томида бир йигитни кўрдим”. У одамларга юзланиб бундай деди: “Ким ошиқ бўлиб ўлса, мана бундай қилиб ўлсин! Огоҳ бўлинглар! Ўлимсиз ишқда ҳеч бир маъно йўқдир!”. Сўнгра у ўзини ерга отди. Одамлар унинг ўлигини ердан кўтаришди.

Баъзилар жавоб тариқасида ушбу байтни айтади:

Сабрга собирлар сабр билан сабр қилганда,

Ошиқ сабр билан сабрни айлайди бурда-бурда.

Баъзилар дейдики: “Муҳаббатда сабр чин сабрнинг таркидир, зеро ишқдаги сабр муҳаббатни маҳв этишдир. Ишқда сабрни тарк этиш сабрнинг ростидир”.

Баъзилар ушбу байтни айтишади:

Сендан сабр қилиш оқибати ёмондир,

Бошқа ашёларда сабр этиш яхшидир.

Абул Фатҳ айтди: “Бир куни бетоб ётган Шиблий[5] ҳузурига кирдим ва унга: “Сени даволашга табиб келтирайликми?” дедим. У айтди: “Табибимдан (Аллоҳдан) қандай қилиб шикоят қиламан. Ахир менга бетоблик Табибимдан  етди-ку”. Елпиғич олиб уни елпий бошладим. У деди:

            Гар Ҳабиб бемор бўлса, узайса ишқи,

       Унинг ўзи дард берур, Ўзи даво қилур.

       Агар бир кун келиб дардга даво бўлмаса,

       Гар ошиғинг сени севса – даво шу бўлур”.

Абдулвоҳид ибн Зайд[6] айтади: “Ранги-рўйи ўчган, беҳол ва заифлашган бир кишини кўриб унга салом бердим ва ундан: “Руҳий риёзатинг сени шу ҳолга олиб келдими?”, деб сўрадим. У “йўқ”, дея жавоб қайтарди. Мен: “Бўлмаса нимадан?”, деб сўрадим. У: “Доимий муҳаббат ва қалбимдаги олов ёнишидан”, деди. Мен: “Кимга шунчалик муҳаббат қўйгансан?” деб сўрадим. У чуқур “оҳ” тортиб ҳушидан кетди. Ўзига келганидан сўнг унга: “Ҳой одам, ошиқлик даъво қилма, Парвардигорингдан уялсанг бўлмайдими?” дедим. У юқорига қаради ва: “Ўзингга қасамёд этаман, икки қадам ўртасида жонимни ол!” деди. Сўнгра у сажда қилди ва саждада узоқ вақт қимирламай қолди. Жон таслим қилиб бўлган экан. Шундан кейин бирон ошиқ ишқини инкор қилмайдиган бўлдим”.

Зуннун Мисрий Бани Исроил адашган саҳрода бир обида аёлдан муҳаббат ҳақида сўради. У: “Унинг ибтидоси йўқки, сен уни билсанг! Интиҳоси ҳам йўқки, сен уни англасанг! Чиндан ҳам Маҳбубнинг ниҳояси йўқ (яъни ҳеч бир чегараси йўқ, Аллоҳнинг аввали ҳам, охири ҳам йўқ. Унинг Ўзи аввал ва охири ҳам Унинг Ўзидир). Бас, ишқнинг аввали ҳаммага, унинг ўртаси қаноатгадир. Ниҳоясига чегара йўқ”, деб жавоб берди ва ҳушидан кетди. Ўзига келиб қуйидаги байтни айтди:

Аллоҳни севган ошиқлар аҳдида ёр бўлдилар,

Муҳаббат йўлларида ҳамиша бедор бўлдилар.

Мусаффо ишқ жомидан уларни этди баҳраманд,

Ишқида бор нарсадан кечиб бахтиёр бўлдилар.

“Шундайларки Аллоҳга берган ишонч-аҳдларини бузадилар ва силаи раҳм этишда Аллоҳ буюрган нарсаларни тўсадилар”. (Бақара сураси, 27-оят)    Улар Унга муҳаббат кўзи билан назар қилганларидан кейин Ундан бошқасига қарайдилар. Байт:

Муҳаббат жафоси  яхшироқдир адолатидан,

Бахиллиги эса унинг сахийлигидан кўркамроқ.

Гар муҳаббат ишқ аҳлига қилса адолат,

Албатта ишқ адолатидан ҳалок бўлур барча халқ.

Муҳаббат соҳиби бир вақтда уни талаб этади ва бир соатда ундан қочади, бир вақтда у хафа ва бир замонда у шод. Унда муайян ҳолат йўқ. Доимийлик унга ҳамроҳ эмас. Бир вақтда бўғизланиб ва бир замонда тириладиган бўлса, бир соатда бадбахт бўлиб, бир соатда хурсанд бўлса, бир вақтда қалбини очсаю, бир вақтда муроди ҳосил бўлмаса, бундай ҳолатдаги кишининг аҳволи қандай бўлади?

Зуннун Мисрий (Аллоҳ уни раҳмат қилсин!) айтди:

“Сени кўрмакни этдим орзу, кўрган вақтимда эса,

сурур даҳшати ғолиб бўлиб, йиғига бўлмадим қодир.

Муҳаббат олов, шавқ унинг алангасидир”.

Улуғ Аллоҳ Довуд алайҳиссаломга ваҳий юбориб айтди: “Эй Довуд! Ким Мени талаб қилса, Менга мулоқот бўлиш йўлидаги шавқдан, муҳаббатимдан уни ўлдирдим. Ким Мени севса, Мен ҳам уни севдим, яъни уни эҳтирос билан севдимки, ҳатто Менсиз унда сабр ҳам қолмайди”.

Ҳикоя қилинишича, Абу Ҳусайн Нурий бир замон Жунайд Бағдодий ҳузурига келди ва унга: “Менга етиб келган хабарларга қараганда, сиз муҳаббат ҳақида баъзи сўзларни айтибсиз. Бу ҳақда собит бир нарса айтинг, унинг аксини сизга қайтариб айтай”, деди. Шунда Жунайд бундай деди: “Ҳикояни бошидан айтай. Мен бир гуруҳ шерикларим билан бир боғда эдик. Бизга керакли нарсаларни олиб келувчи киши кечикиб қолди. Шунда бир одам чиқиб келди. Қарасак, бир кўр киши чиройли юзли бир ғулом билан олдимизга келарди. Кўр киши унга айтарди: “Ҳой бола! Менга буни, буни амр қилдинг. Уни бажардим. Мени бу – бу нарсалардан қайтардинг. Шунда  уларни тарк этиб, қилмадим. Сен истаган нарсаларнинг биронтасига ҳам қарши иш қилмадим. Энди мендан нима истайсан?” Ғулом: “Ўлишингни истайман”, деди. Кўр киши: “Мана, ҳозир ўламан”, деди. У чўзилиб ётди ва юзини беркитди. Мен шерикларимга: “Бу кўр кишида бирон-бир ҳаёт асари қолмади, у ўликка ўхшаб қолди. Аммо у ўлиб қолиши мумкин эмас”, дедим. Биз боғдан пастга тушиб, уни қимирлатиб кўрдик, у ўлиб бўлган эди”.

Ҳикоя этилишича, бир куни Зуннун Мисрий бир бетобни кўришга борди, уни инграётган ҳолида кўрди ва унга: “Зарбасига сабр қилмаган кишининг муҳаббати тасдиқланмайди!” деди. Шунда бемор: “Зарбасидан лаззат топмаган киши Унинг муҳаббатига сабр қила олмайди”, деди. Уйнинг бир бурчагидан нидо эшитилди: “Биздан ўзгага муҳаббат қилишдан ноумид бўлмаган киши бизга бўлган ишқида содиқ эмас!”

Сўфийларнинг биридан: “Дўстингга бўлган муҳаббатинг қандай?” деб сўрашди. У: “Агар Уни кўрсам, Ундан бошқасини кўришни истамайман. Агар сўзини эшитсам, Унинг каломидан ўзга нарсани эшитмасликни хоҳлайман”, деди.

Мутанаббий айтади:

Шояд кўзимни сақлашга бўлсам эдим мен қодир,

Боқмас эдим ҳеч ўзгага Сени кўргунга қадар [7].

Шиблий: “Муҳаббат ҳақиқати – севган кишингга ўзингдаги бирон-бир нарсани қолдирмай бор вужудингни беришингдир”, деган.

Ҳикоя қилишларича, бир-бирини севган икки киши денгиз сафарига чиқишди. Ногоҳ улардан бири денгизга тушиб, ғарқ бўлди. Шунда иккинчиси ўзини сувга отди. Ғаввос икковларини денгиздан соғ-саломат олиб чиқди. Биринчиси бошқасига айтди: “Мен-ку денгизга йиқилдим, сен нима учун ўзингни отдинг?” У қуйидаги шеърни айтди:

Мендан олис кетсанг, ҳолим танг, найлай,

Сени ўзим каби ҳисобларман изингдан қолмай.

Бишр ибн Ҳорис[8] айтади: “Ҳабибингни ғазаблантирадиган нарсани севишинг мурувватдан эмас”. Абу Бакр Сиддиқ (розийаллоҳу анҳу): “Маҳбублардан фироқда бўлишдан ортиқ қийинчилик йўқдир”, деган.

 

 

[1] Абул Қосим Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Махмуях Наср Обозий Найсабурда таваллуд топган. У ўз вақтида Хуросон ўлкасининг шайхи эди. Тарих ва сийрат илмларининг билимдони бўлиш билан бирга ҳақиқат илми бўйича мутахассис эди.  Илм ва ҳол бобида ўз замонасининг ягонаси эди. У зот 367 ҳижрий санада вафот топган.

[2] Халлож шу маънода бундай деган эди: “Муҳаббатни ёр жамолига сочилган дон деб билдим. Унга қалб чумчуқлари учиб келишди. Улар донни чўқиш учун қўнишган замон дон домига илинишди. Шунда улар муҳаббат ҳақиқатини билишди. Муҳаббат сўзидаги “Бо” ҳарфидаги нуқтани мафтун бўлиш (донга) ўзгартириб юборди. Бас, муҳаббат машшақатга ( محبّة – محنة)айланди”.

[3] Сўфийлар бу байтларда ва бундан бошқа рамзий усулдаги байтларда Зоти Илоҳийга бўлган муҳаббатларига ишора қиладиган завқий ишораларни кўзда тутадилар. Уларни рамз ва киноя услубларини қўллашларига кучли сабаблар мажбур қилган. Мана шундай сабаблардан бири нарсаларнинг зоҳирига қараб ҳукм қиладиган фуқаҳолар томонидан нотўғри тушунилмаслиги учун – сўфийлар завқий маъноларни ўзлари учун сақлаб қолишга бўлган рағбатларидир.

Юқорида зикр этилган байтларда Зоти Илоҳийга муножот қилаётган сўфийни кўрамиз. У гўё башардан бўлган маҳбубига мактублар юбораётганга ўхшайди. У илоҳий муҳаббат шароби билан ўзидаги нашъу-наво ва ҳиссиётини баён қилади. Шу вақтнинг ўзида сўфийлар сўзлари ва улардаги маъноларни таъқиб этувчиларнинг инкорларига дучор бўлмасликка ҳаракат қилади.

[4] Абул Ҳасан Самнун ибн Ҳамза Хаввоснинг лақаби Ошиқ эди. Ўзини Самнун ёлғончи деб айтарди. Шунинг учун у қуйидаги байтни айтди: “Сендан ўзга менда насиба йўқ, Мени хоҳлаганингга қил имтиҳон. Агар қалбим сендан ўзгани этса ражо, Маҳрум эт мени барча орзуларимдан”. Аллоҳ таоло уни “сийдик тутилиши” касалига мубтало қилади. У мактаб болалари олдида азобланиб-қичқириб, уларга: “Ёлғончи амакиларинг ҳаққига дуо қилинглар”, деб ёлборарди. Яна унинг шеъридан: “Агар хоҳласанг менга васл эт, Агар хоҳласанг етишма менга. Қалбим сендан ўзгага лойиқ, деб билмайман асло”.

[5] Абу Бакр Дулаф ибн Жахдар Шиблий – сўфийларнинг энг машҳурларидан бири эди. У Бағдодда таваллуд топган бўлиб, асли Хуросондан эди. Шиблий Халлож ва Жунайд билан замондош бўлган. Улар ўртасида жуда кўп ҳолатлар ва нодир воқеалар содир бўлган эди. Суламий ўзининг “Табақотлар” китобида бундай ёзган: “У ҳол ва илм жиҳатидан ўз вақтининг ягонаси эди”. Шиблийдан кўплаб ҳикматли сўз ва шеърлар мерос қолган. Илоҳий ишқ ҳоли ва сўфий ҳиссиёти тасаввури унинг қуйидаги сўзида ўз ифодасини топган: “Илм тили бизга восита билан етмади, Ҳақиқат тили бизларга бевосита етиб келмади”. Унинг сўзларидан бири: “Тасаввуф – бу ғам-андуҳсиз Аллоҳ билан бирга бўлишдир”. Иброҳим ибн Шайбон бир кун ундан сўради: Бешта туя закоти қанча бўлади? У айтди: Бир қўй вожиб бўлади. Биз сўфийларга лозими эса ҳаммасини бериб юборишдир. У яна бундай деган эди: “Фақирликнинг энг қуйи даражаси шуки, фаразан дунё молини барчасини бир кишига бериб юборсаю, сўнгра бир кунлик таомини олиб қўйиш дилига келса, унинг фақирлиги рост бўлмайди”. Шиблий 320 ҳижрий санада вафот этди.

[6] Абдулвоҳид ибн Зайд аввалги сўфийлардан эди. Ибн Таймия уни “биринчи сўфий” деб айтганди. У ўзининг руҳий мавъизалари билан машҳур бўлган. Бу ҳақда шундай дейишарди: “Унинг мавъизасидан таъсирланиб ўлган кишилар бўлган эди”. У тўғрида бундай сўзлар бор: “Агар Абдулвоҳид ибн Зайднинг қайғуси Басра аҳлига тарқатилса барчаларига етарди”. У 177 ҳижрий санада вафот этди.

[7] Байт 303 ҳижрий санада вафот этган Абу Тоййиб Аҳмад ибн Ҳусайн Мутаннабий қасидасидан бўлиб, бошланиши қуйидагича: فدى لك من يقصر عن مداكا ‘ فلا ملك اذا الافداك .

[8] Абу Наср Бишр ибн Ҳорис ибн Абдурраҳмон ибн Ато ибн Ҳилол ибн Моҳон ибн Абдуллоҳ Ҳофийдир. Ҳофий деб лақаб олишига сабаб, у бир куни дўстлари билан ҳовлисида ўйнаб ўтирган эди. Ногоҳ эшикни бир одам қоқди. Жория чиқиб эшикни очган эди, у сўради: Уйнинг эгаси озодми ёки қулми? Жория унга жавоб берди: У озод киши. У деди: Агар у қул бўлганида эди (яъни Аллоҳнинг қули), Парвардигори билан қуллик одобларини сақлаган бўлур эди. Шу сўзларни айтиб у одам чиқиб кетди. Бишр ибн Ҳорис ходимаси билан бўлган бу суҳбатни эшитди ва у одам ортидан чопди. У шу вақтда ҳофий – ялангоёқ эди. Шу кундан бошлаб у асло оёқ кийим киймади. У деди: Парвардигорим менга хитоб қилган вақтда мен шу суратда (ялангоёқ) эдим. Бишр Ҳофий зоҳидлик ва таркидунёчилик билан ҳаёт кечирди ва 227 ҳижрий санада вафот этди.

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.