Print this page

Саҳобалар ва олимларнинг сўзлари

Саҳобалар ва олимларнинг сўзлари

Мутарриф ибн Абдуллоҳ деди: «Эҳтимол ажалим қачон келишини билганимда, ақлдан озиб қолардим. Лекин Оллоҳ таоло бандаларига ўлимдан ғофилликни ато этди. Агар ана шу ғафлат бўлмаганида, бандалар ҳаёт лаззатини тотолмас эдилар. Бозорлар қурмас эдилар». Ҳасан Басрий дейди: «Одам фарзандига унутиш ва орзу-ҳавас каби иккита улуғ неъмат берилган.

Агар шу неъмат бўлмаганида мусулмонлар йўлларида юрмас эдилар». Суфён Саврий дейди: «Агар инсон аҳмоқ бўлмаганида ҳаётдан ҳузурланмас эди». Оллоҳ рози бўлсин, Салмон Форсий деди: «Учта иш бор, кулгимни қистатадиган даражада ажаблантиради:  инсон фарзандининг ўлим чорлаб турган бир пайтда  дунё орзусига берилиши; ҳар нафасидан хабардор бўлинаётган бир пайтда инсоннинг бу огоҳликдан ғофиллиги; оламлар Парвардигорининг ўзидан рози ёки ғазабда эканлигидан бехабар ҳолда оғзини тўлдириб кулиши. Яна учта иш борки, йиғлатадиган даражада мени маъюс этади: дўстлардан – Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг жамоатидан айрилиш; қиёмат даҳшати; жаннат ёки дўзахга юборилишингни билмасдан Оллоҳ ҳузурида (довдираб) туриш». Ўтганлардан бири деди: «Зурора ибн Абу Авфо оламдан ўтгандан кейин уни тушимда кўрдим. Ўшанда ундан: – Сизнинг наздингизда энг балиғ (комил) амал қайси? – деб сўрадим. – Оллоҳга таваккул ва дунё ҳавасидан тийилиш,– деди Зурора». Суфён Саврий деди: «Дунёдан зуҳд қилиш фақат қаттиқ нон еб, жанда кийишгина эмас, балки асл зоҳидлик орзу-ҳавасдан тийилишдир». Ўтган азизлардан бири деди: «Менинг ҳолатим боши кундага қўйилган, боши узра кўтарилган қиличнинг бўйнига тушишини кутаётган кишининг ҳолатига ўхшайди». Довуд Тоий деди: «Агар кўнглимга бир ойдан ортиқроқ яшаш орзуси келса, ўзимни катта гуноҳга ботган, деб ҳисоблайман. Ахир одамларнинг кундузни фожеалар билан ўтказиб, кечга фожеалар билан кираётганини кўриб, қандай бир ой яшашни орзу қилишим мумкин?!» Умар ибн Абдулазиз бир хутбасида деди: «Албатта, ҳар қандай сафар олдидан йўл озиғи ҳозирланади. Бас, дунёдан охират сари  бўладиган сафарингиз учун тақво озиғини ҳозирланг. Оллоҳ тайёрлаб қўйган мукофот ва жазони худди кўриб турган кишидек бўлинг. Ибодатга рағбат қилиб, гуноҳдан чекининг. Муддатни узоқ билиб, қалбингиз қотмасин, душманга бўйсуниб қолманг. Оллоҳга қасамки, кечаси ухлаб, эрталаб уйғонишни, эрталаб уйғонганидан сўнг кечга етиш-етмаслигини билмаган киши зинҳор орзуҳавасга берилмайди. Ўлим чангали бўғзимизда, қаерга қочамиз? Дунёга алданганларнинг кўпини кўрдик. Лекин ҳақиқий қувонч — Оллоҳ таолонинг азобидан нажот топишига ишонган кўзлар қувончи, қиёмат даҳшатларидан эмин бўлган кишининг қувончидир. Битта жароҳатни даволайман деб, бошқа жароҳат орттирган киши қандай қувонсин? Ўзим нафсимни тийолмасам-у, сизга нафсни тийишни буюрсам, бу қандай бўлди?! Акс ҳолда, аҳдимга зиён етади, айбим очилади. Ҳақиқий бойлик ва камбағаллик аён бўладиган, тарозу қурилган кунда қашшоқлигим намоён бўлади. Дарҳақиқат, сиз шундай бир иш билан машғул бўлдингизки, агар юлдузлар бу ишни қилса, хира тортарди, тоғлар эриб йитарди, ер ёрилиб кетарди. Албатта, сиз жаннат ва дўзахдан бошқа манзил йўқлигини биласиз! Амалларингиз сизни ё жаннатга, ё жаҳаннамга етаклайди». Ўтган азизлардан бири дўстига шу мазмунда мактуб битди: «Дунё тушдир, охират уйғоқлик. Ўлим бу иккаласининг орасида. Биз бир-бирига боғланмаган, пойинтар-сойинтар тушлар ичидамиз, вассалом!» Яна бири биродарига ёзди: «Дунё учун ғам чекмоқнинг чеки йўқ. Ўлим эса инсонга нақадар яқин! Инсон умрининг ўтаётган ҳар кунида ўлимнинг улуши бор. Умр давомида инсон жисмига қанчадан-қанча балолар йўлиқади. Бас, кетишга нидо келишидан аввал ҳозирлик кўринг, вассалом». Абдуллоҳ ибн Сомит дейди: «Отамнинг шундай деганини эшитдим: – Эй, доимо шундай соғлом бўлиб юраман, деб алданган кимса! Хасталикка чалинмасдан ўлган кишини кўрмаганмисан? Эй, муддат узоқ, деб алданган кимса! Тайёргарликсиз қўлга олинган қалъани кўрмаганмисан? Агар умрингнинг нечоғли узунлигини фикр этганингда эди, ўтмиш лаззатларини унутардинг. Хуш кайфиятнинг давомийлигига алданяпсанми? Ёки ўлимдан омон қолишни, ўлим фариштасига қарши жасоратни хаёл қиляпсанми? Билгил, на бойлик, на лак-лак қўшининг сени ўлимдан қутқара олади. Билгил! Ўлим соати – қайғу ва ҳасрат, бепарво ўтган дамларга пушаймонликдир. Ўлимдан кейинги боқий ҳаёт учун амал қилган бандасига, ўлим келишдан аввал назарини ўзига қаратган бандасига Оллоҳнинг раҳмати бўлсин!» Абу Закариё Таймий деди: «Сулаймон ибн Абдумалик билан Масжидул ҳарамда эдик. Устига ёзувлар ўйилган бир тошни келтиришди ва ёзувни ўқий оладиган одамни излашди. Ваҳб ибн Мунаббиҳни чақиришди. У тошдаги ёзувни ўқиди: «Эй одам фарзанди! Агар ажалинг қанчалик яқин келганини  билганингда эди, бунчалик узун орзу-ҳавасларга берилмас эдинг, солиҳ амалларингни зиёда қилишга интилиб, ҳирс ва ҳийладан узоқ бўлардинг. Бугун адашсанг, эртага пушаймон бўласан, аҳлингга, хизматкорингга бўйсунасан. Отанг ва қариндошларинг сени тарк этади, фарзандларинг ва аҳлинг сени инкор этади. Орқага қайтолмайсан, савоб амалларингни кўпайтиролмайсан. Бас, ҳасрат ва надоматда қолишингдан аввал  қиёматни ўйлаб, савоб амалларга шошил!» Бу сўзларни тинглаётган халифа Сулаймон ибн Абдумалик ҳўнграб йиғлаб юборди». Азизлардан бири деди: «Муҳаммад ибн Юсуфнинг Абдураҳмон ибн Юсуфга ёзган мактубини кўрдим. Унда шундай дейилган эди: «Сенга салом!  Яккаю ягона зот – Оллоҳга ҳамд бўлсин! Мен сени ўткинчи дунёдан амалларингга яраша жавоб бўладиган боқий дунёга ўтишинг учун сабабчи нарсадан огоҳ этаман. Ер юзидан ер остига кетасан. Мункар ва Накир ёнингга келиб, сени ўтирғизишади, саволлар ёғдириб қийнашади. Агар Оллоҳ сен билан бирга бўлса, умидсизликка, хавфга, қашшоқликка ўрин йўқ. Оллоҳ асрасин, агар акси бўлса, ҳалокат юзланади, қабр торайиб сиқади. Кейин сен Маҳшар қичқириғини эшитасан, сур пуфланади. Оллоҳ махлуқотлари орасида ҳақ ва ноҳақни юзага чиқариш, еру осмонларни мавжудотлардан холи қилиш учун ҳукмини жорий этади. Сирлар очилади. Олов гуриллайди. Тарозилар қурилган. Пайғамбарлар ва шаҳидлар келтирилади. Улар орасида ҳақ қарор топади. Бутун оламлар Парвардигори – Оллоҳга ҳамд айтилади. Ажабо шарманда бўлганлар қанча! Айби ёпилганлар қанча! Ҳалок бўлганлар ва нажот топганлар қанча! Азобга дучор бўлганлар ва раҳматга эришганлар қанча! Кошки, у кун менинг ҳолим ва сенинг ҳолинг не кечажагини билсайдим. Бас, ана шунда лаззатлар унутилиб, шаҳватлар кесилар эди. Орзуҳаваслар қисқариб, уйқудагилар уйғонар, ғофиллар огоҳ бўлар эди. Бу улкан хатар олдида сизу бизга Оллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин. Муттақийлар қалбида дунё ва охират қандай мавқеда бўлса, менинг ва сенинг қалбингда ҳам Оллоҳ уларни шу мавқеда жойлаштирсин. Биз Оллоҳ туфайли ва Оллоҳ учун мавжудмиз, вассалом!» Умар ибн Абдулазиз Оллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, ушбу хутбани ўқиди: «Эй инсонлар! Билингки, сизлар бекорга яралмадингиз ва ҳеч қачон бекорга ташлаб қўйилмайсиз. Ваъда қилинган кун, албатта, келади. Оллоҳ у кунда барчангизни тўплайди, ҳақни ноҳақдан ажратиб, ҳукмини жорий этади. Умрини зое қилган бадбахт бандани эртага Оллоҳ ўзининг ҳар нарсадан кенг раҳматидан, осмонлару ерни сиғдирган жаннатидан тўсади. Оллоҳдан қўрққан, тақво қилган, озга кўпни, фанога бақони, шақоватга саодатни сотиб олган банда эртага нажот топади. Сизлар вафот этиб кетган отангизнинг пушти камарида эдингизлар, сиздан сўнг фарзандларингиз қолажак, ибрат олмайсизми?! Ибратланмайсизми, ҳар куни муддати битган, орзу-умиди сўнган бир кишини улуғ ва қудратли Зот ҳузурига кузатасиз. Уни ёстиқсиз, тўшаксиз қаро ер бағрига қўясиз. Унинг аҳволи оғир: тириклик сабабларидан узилган, дўстларидан ажралган, ҳисоб билан юзма-юз... Оллоҳга қасам, бу сўзларни айтяпман, балки гуноҳим сизникидан кўпроқдир. Албатта, Оллоҳнинг қонуни одил, тоатга буюради, маъсиятдан қайтаради.
 
Оллоҳдан мағфират тилайман», – деди ва юзини енгги билан ёпиб, йиғлай бошлади. Кўз ёшлари соқолини ювар эди...» Абу Муҳаммад ибн Алий Зоҳид деди: «Куфада бир жанозага чиқдик. Довуд Тоий ҳам у ерда бор эди. Ўлик дафн қилинганидан сўнг, у чеккароққа чиқиб ўтирди. Мен ҳам унинг ёнига бориб ўтирдим. Довуд шундай деди: «Кимда қиёмат қўрқинчи бўлса, узоқ яқинлашади. Ким орзу-ҳавасга берилса, амали заифлашади. Ҳар бир келувчи нарса яқиндир. Билгил, эй биродарим! Парвардигорингдан чалғитувчи ҳар нарса фалокат келтиради. Билгил, дунё аҳлининг барчаси қабр аҳлидандир. Дунё аҳли ортда қолганига пушаймон бўлади, қўлга киритилганига қувонади. Қабр аҳли пушаймон бўладиган нарса учун дунё аҳли талашиб тортишади, келишолмай қозига мурожаат қилишади, хусуматга боришади».  Муҳаммад ибн Абу Тавба дейди: «Оллоҳ раҳматига олсин, Маъруф Кархий намозга иқомат айтди ва мени имомликка чорлади. Шунда мен: – Майли, бу намозда имомликка ўтсам ҳам, бошқасида имомликка ўтмайман, – дедим. – Нима, сен ҳали нафсингга бошқа намозгача яшаб, уни адо қилишни  айтяпсанми? Оллоҳ бизни орзу-ҳавасга берилишдан сақласин. Орзу-ҳавасга берилиш хайрли амални тўсади, – деди Кархий». Умар ибн Абдулазиз бир хутбасида шундай деди: «Дунё доимий қароргоҳимиз эмас. Оллоҳ унга фонийликни битган. Дунё аҳлига эса дунёдан кетиш битилган. Дунёнинг энг мустаҳкам, ишончли қалъаси ҳам озгина фурсат ўтиб, хароб бўлади. Энг муқим қувонч ҳам сал туриб тарқайди. Оллоҳ сизга раҳматини ёғдирсин, гўзал амаллар билан рихлат (охират сафари) ни безанг. Йўл озиғини ҳозирланг. Албатта, энг яхши озиқ тақводир. Дунё бамисоли соя, қисқариб-қисқариб йўқолади. Одам фарзанди дунёга шўнғийди, дунё курашларида ғолиб келиб, кўзлари қувончга тўлади. Кунлардан бир кун Оллоҳ уни Ўз тақдирига мувофиқ ҳузурига чорлайди. Лаҳаддан жой беради, дунёдан маҳрум қилади. Унинг корхона-ю бойликлари бошқа қавм қўлига ўтади. Дарҳақиқат, дунёнинг улашган қувончи у етказган зарар олдида арзимасдир...» Абу Бакр Сиддиқ, Оллоҳ ундан рози бўлсин, бир хутбасида шундай деди: «Ёшлик кўркамлиги гупириб турган гўзал, ёруғ юзлар қани? Шаҳарлар бино қилиб, уларни мустаҳкам деворлар билан ўраган подшоҳлар қани? Жанг майдонларида ғолиб, ғалаба нашидасини сурганлар қани? Замон уларнинг курагини ерга текизди, қабр зулматларига ошно қилди. Сиз нажотга, нажотга шошилинг!»

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Last modified on 01/08/2017

Мақолани улашиш