Print this page

Ўткинчи дунёга муносабатда инсонларнинг фарқланиши


Билинг! Шундай инсонлар борки, мангу яшашни орзу қилишади:
«...уларнинг айримлари минг йил умр кўришни истайдилар...» (Бақара, 96-оят).

Шундайлар борки, қариб, мункиллаб қолиш даражасигача узоқ умр кўришни хоҳлайди. Улар дунёга қаттиқ муҳаббат қўйишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Киши қариб, мункиллаб қолса ҳам, қалби доимо узоқ умр кўриш ва бойликни севишдек икки нарсага нисбатан ёш бўлади» (Абу Ҳурайрадан Бухорий ва Муслим ривояти).
Яна шундай инсонлар борки, бир йиллик умр орзусида бўлишади. Ундан у ёғига бошини қотирмайди. Ўзини келгуси йил яшамайдигандек тутади. Лекин у ёзда қиш учун, қишда ёз учун ҳозирлик кўришни унутмайди. Бир йилга етадиган заҳира тўплагач, ибодат билан машғул бўлади.
Шундай инсонлар ҳам борки, бир мавсумгина яшашни орзу қилади. Улар ёзда қишлик, қишда ёзлик кийими учун қайғурмайди.
Кимлардир бир кеча-кундуз яшаш орзусида бўлади. Уларда шу куннинг ғами бор, эртанинг ғами йўқ. Исо алайҳиссалом деди: «Эртаги ризқ учун ғам еманг. Мабода эртага ажалингиз етадиган кун бўлса, ажалингиз билан бирга ризқингиз ҳам келади. Агар ажалингиз етмаса ҳам, барибир эртанги ризқингиз белгиланган. Шундай экан, ўзганинг ажали учун қайғурмоққа не ҳожат?!»
Шундай инсонлар борки, яшаш орзуси соатдан ошмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳисалом дедилар: «Эй Абдуллоҳ! Саҳар уйғонар экансан, оқшом орзусини қилма! Оқшомга етган экансан, саҳар орзусини қилма!» (Бухорий).
Шундай инсонлар борки, улар ўлимни бир фурсат ҳам унутмайди, доимо кўз ўнгида тутади. Улар бамисоли умрининг вақти-соати етишини кутиб турган одамга ўхшайди. Бундай инсон ўқиётган намоз видолашаётган инсон намозини эслатади.

`Бир куни Муоз ибн Жабал Пайғамбар алайҳиссаломдан иймон ҳақиқати (моҳияти) ҳақида сўради. Сарвари олам дедилар: «Ҳар одим отганимда мана шуниси сўнгги қадамим эмасмикан, деган ўйга бораман» (Анас ибн Молик ривояти).
Демак, инсонлар ана шу тариқа даражаланади. Уларнинг ҳар бири Оллоҳ ҳузурида ўз мартабасига эга. Бир ой яшашни истаган киши мартабаси билан бир ойу бир кун яшашни орзу қилган киши мартабаси бир хил эмас. Уларнинг Оллоҳ ҳузуридаги даражаларида тафовут бор:
«Оллоҳ бировга бир зарра вазнича зулм қилмас» (Нисо, 40-оят).
Орзу-ҳавасдан тийилиш кучайган сайин, солиҳ амал салмоғи ошади. Кимки: мен орзу-ҳавасга берилмайман, деса, билингки, у ёлғончидир. Инсон то тирик экан, орзу-ҳаваслар оғушида бўлади. Орзу-ҳавасдан тийилиш эса, амалларга қараб билинади. Инсон умри давомида эҳтиёждан ташқари нарсалар ғамида юради. Мана шу унинг орзу-ҳавасга берилганига етарли далилдир.
Кимда тавфиқ бўлса, бунинг аломати шуки, ўлим доимо унинг кўз олдида, у бирон соат ўлимдан ғофил қолмайди. Белгиланган вақтидан бир нафасга ҳам кечикмай келадиган ажалга у ҳамиша тайёр туради. Агар саҳар уйғониб, умри оқшомгача етса, шу кунги тоатлари учун Оллоҳга чексиз шукрона айтади. Кунни зое қилмагани учун мамнун. Ахир у бугундан улушини олди, эртага-саҳарга ҳозирлик кўриб қўйди, энди у киши қувонмай, ким қувонсин!
Ҳа, у киши ҳар куни шу руҳда янгидан яшайди, ҳар куни шу ҳол давом этаверади. Албатта, бундай ҳолат фақатгина эрта ва эртанги ишлар ғамидан озод бўлган қалбгагина муяссар бўлади. Мана шу ҳолатда яшаган инсоннинг ҳаёти хотиржамлик сурури ва муножот лаззатига тўлиқ. Унинг ўлими — саодатли ўлим, ҳаёти кони ибратдир.
Эй мискин инсон! Ўлим доим эсингда бўлсин. Бу тентираб юришларинг ўзингни унуттиради, ўзингни ўзингдан ғофил этади. Кўзингни оч, балки сўнгги манзилга оз қолгандир. Фурсатни ғанимат билиб, солиҳ амалга шошил!

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Мақолани улашиш