Print this page

Яхши ва ёмон хулқ моҳияти

Билгил! Одамлар гўзал хулқнинг моҳияти, унинг нима эканлиги ҳақида кўп гапирдилар, лекин аслни очиб беролмадилар. Гўзал хулқ меваларини санадилар, аммо бунида тўла қамраб ололмадилар. Балки, хотирига нима келса, ўша пайт зеҳнида нима бўлса гапирдилар, гўзал хулқ чегараларига эътибор қаратмадилар. Гўзал хулқнинг барча самараларини ўз ичига олган моҳиятни муфассал баён қилолмадилар.

Ҳасан Басрий дейди: «Ҳусни хулқ-очиқ юзли, хайру саҳоватли бўлиш, озор беришдан тийилишдир».
Воситий айтади: «Гўзал хулқ-хусуматлашмасликдир. Маърифати кучли, яъни Оллоҳни танийдиган инсон ҳеч қачон душманликка бормайди».
Шоҳ Кирмоний дейди: «Гўзал хулқ-озорлардан тийилиш ва машаққатга сабр-тоқатдир».
Баъзиларнинг айтишича, гўзал хулқ-одамларга яқин бўлиш ва улардан содир бўладиган ёмонликлардан четда туришдир.
Воситий дейди: «Гўзал хулқ яхшию ёмон кунда халқни рози қилишдир».
Абу Усмон дейди: «Гўзал хулқ Оллоҳ таолодан розиликдир».
Саҳл ибн Тустарийдан гўзал хулқ ҳақида сўрашди: «Гўзал хулқнинг энг қуйи даражаси машаққатларни кўтариш, мукофотдан кечиш, золимга раҳм-шафқат қилиб, унга мағфират тилаш, деди у.»
Али каррамаллоҳу важҳаҳу деди: «Гўзал хулқ учта хислат билан ҳосил бўлади: ҳаромдан тийилиш, ҳалолни излаш, аҳлига бағрини кенг қилиш».
Абу Саид Харроз айтади: «Оллоҳ таолодан бошқа ғами бўлмаган кишинигина гўзал хулқ соҳиби дейиш мумкин».
Гўзал хулқ ҳақида бу ва бунга ўхшаш мисоллар кўп. Буларнинг барчаси гўзал хулқнинг ўзига эмас, балки унинг меваларига берилган таърифлардир. Шунингдек, бу таърифлар гўзал хулқ берадиган меваларнинг барчасини қамраб ҳам ололмайди. Ҳақиқат юзидан пардани кўтариш анвойи сўзларни нақл қилишдан авлороқдир.
«Хулқ» ва «хулуқ» биргаликда қўлланувчи сўзлардир. Масалан: «фалончининг хулқи ва хулуқи гўзал» дейилса, унинг ботиний ва зоҳирий гўзаллиги тушунилади. «Хулуқ» зоҳирга, «хулқ» ботинга далолат қилади. Негаки, инсон кўз билан кўриладиган жасаддан ва басират билан англанадиган руҳ, нафс (жон)дан иборат. Уларнинг ҳар бирида ўзига хос ҳолат ва сурат бор. Бу ҳолат ва сурат чиройли ёки хунук бўлиши мумкин.
Басират билан англанадиган жон-руҳнинг кўз билан кўриладиган жасаддан қадри улуғдир.Зеро, Оллоҳ таоло шундай дейди:
«Эсланг, Парвардигоригиз фаришталарга деган эди: «Албатта мен лойдан бир одам Яратгувчидирман. Бас, қачон уни тиклаб, унга Ўз руҳимдан пуфлаб киргизганимдан сўнг унга сажда қилган ҳолларингда йиқилинглар!» (Сод, 71-72-оятлар).
Оятда жасаднинг лой-тупроққа, руҳнинг оламлар Парвардигорига мансублиги эслатиляпти. Бу ўринда руҳ ва нафс(жон) билдирган маъно биттадир. Хулқ нафс(жон)га мустаҳкам ўрнашган ҳайъат(ҳолат) бўлиб, бу ҳайъатдан ҳеч бир иккиланишларсиз, машаққатсиз, ўй-фикрларга ҳожат сезилмасдан, осонгина феъллар содир бўлади. Агар бу ҳайъатдан ақл ва шариатга мувофиқ мақталган ва чиройли феъллар содир бўлса, уни «ҳусни хулқ» яъни гўзал хулқ деб, агар зидди бўлса, ёмон хулқ деб номланади.
Хулқ-нафсда мустаҳкам ўрнашган ҳолат, дедик. Бунинг сабабини шундай изоҳлаш мумкин. Масалан, фақат эҳтиёж туғилган пайтдагина, яъни камдан-кам ҳолатда молини сарфлайдиган кишини сахий дея оламизми? Йўқ! Чунки, бу ҳолат унинг нафсида собит эмас. Шунинг учун у молини ихтиёрий суратда эмас, қандайдир ичкию ташқи босимлар остида, бошқа иложи қолмагани учун сарфлайди.
Қачонки киши молини қийналиб сарфласа ёки ғазаби келганда чираниб, ҳар хил ўй-фикр, иккиланишлар билан ўзини босса, бу ҳали унинг хулқида саҳоват ва ҳилм пайдо бўлди дегани эмас.
Хулқ ҳақида тўлақонли тасаввур ҳосил қилиш учун тўртта нарсани назардан қочирмаслик керак. Биринчиси, яхши ва ёмон феъл. Иккинчиси, яхши ва ёмон феълни қилишга қодирлик. Учинчиси, яхши ва ёмон феълдан хабардорлик. Тўртинчиси, нафснинг ҳолати бўлиб, нафс доимо ё яхшиликка, ё ёмонликка мойил бўлади, бу икки ишдан бирига эришиш унга осон кечади.
Хулқ феълдан иборат эмас. «Сахий» деб танилган қанча кишилар бор, боридан ажраб қолишдан қўрқиб ёки бошқа монеликлар сабабли молини сарфламайди. Қанча бахил кишилар бор, молини бекорга ё риё учун сарфлайди.
Хулқ қувватдан иборат эмас. Чунки, қувватни ҳам сахийлик, ҳам хасисликка боғласак, битта нарсада иккита зидликни жамлаган бўламиз. Ҳар бир инсон саҳоват этиш ва зиқналик қилиш имконияти билан, яъни саҳоват ва зиқналикка қодирлик фитрати билан яратилган. Шунинг учун бу фитрат инсонга на бахиллик хулқини, на сахийлик хулқини юклайди.
Хулқ маърифатдан ҳам иборат эмас. Чунки, маърифат яхшилик ва ёмонлик, гўзаллик ва хунуклик тушунчаларининг барчасига баробар тааллуқлидир (яъни, гўзал хулқ фақат яхшиликни таниб, билишни эмас, балки ёмонликдан ҳам хабарли бўлишни тақозо этади).
Хулқ ҳайъат(ҳолат)дан иборатдир. Нафс шу ҳолатдан келиб чиққан ҳолда «беради» ё «қизғанади». Демак, хулқ нафснинг ички ҳолати ва суратидан иборат. Масалан, ташқи кўринишнинг гўзаллиги фақат иккита кўзнинг чиройли бўлиши билан тўла бўлмайди. Балки, ташқи чирой мукаммал бўлиши учун бурун ҳам, оғиз ҳам, ёноқ ҳам, барча аъзолар унга мутаносиб гўзал бўлиши лозим.
Шунингдек, ботинда ҳам тўртта рукн бор, уларнинг гўзаллигисиз хулқ гўзал бўлмайди. Қачонки, шу тўрт рукн ўзаро мутаносиб бўлса, гўзал хулқ ҳосил бўлади. Булар: илм қуввати, ғазаб қуввати, шаҳват қуввати ва ушбу қувватлар орасидаги адолат, яъни мўътадиллик қуввати (Бу ва кейинги саҳифаларда шаҳват дейилганида фақатгина жинсий муносабатга алоқадор тушунчалар эмас, балки дунёга боғлиқ барча истак ва иштаҳалар назарда тутилади).
Илм қувватининг гўзал ва манфаатли бўлиши -сўзларда тўғри ва ёлғоннинг, эътиқодда ҳақ ва ботилнинг, феълларда чиройли ва хунукнинг орасини осон ва енгил фарқлай билиш билан белгиланади. Илм қуввати соғлом бўлар экан, ундан ҳикмат мевалари ҳосил бўлади. Ҳикмат эса гўзал ахлоқнинг бошидир:
«У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали билим) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди. Ваъз-эслатмаларни фақат аҳли донишларгина оладилар» (Бақара, 269-оят).
Ғазаб қувватининг гўзал ҳолати хоҳ у кучайсин, хоҳ пасайсин ҳикмат тақозо қиладиган даражада бўлишидир.
Шунингдек, шаҳват қувватининг гўзал ва муносиб шаклда бўлиши ҳикмат ишорати остида, яъни шариат ва ақл кўрсатмаси доирасида бўлиши билан белгиланади.
Адолат қуввати шаҳват ва ғазабни шариат ва ақл кўрсатмаси остида ушлашдир.
Ақл бамисоли, йўл кўрсатувчи насиҳатгўй. Адолат эса ақл кўрсатмасини бажарувчи куч. Ғазаб бамисоли, овчи ит. У нафс истагидаги ҳаяжон билан эмас, балки битта ишора билан чопиб, битта ишора билан тўхташ даражасида тарбияга муҳтож. Шаҳват эса бамисоли, овга миниладиган от. У баъзан тарбия кўрган, ювош. Баъзан асов, қайсар.
Кимда бу хислатлар мўътадил бўлса, демак унинг хулқи гўзал. Акс ҳолда, кўз олдимизда аъзоларининг бири чиройли, бошқаси хунук манзара гавдаланади.
Ғазаб қувватининг гўзал ва мўтадил ҳолатидан шижоат туғилади. Шаҳват қувватининг гўзал ва мўътадил бўлишидан иффат ҳосил бўлади.
Агар ғазаб қуввати меъёрдан ошса, бемулоҳаза сўзлар, ўзни тута билмаслик каби ножўя ҳаракатлар юзага чиқади. Ғазаб қуввати меъёрдан пасайса, қўрқоқлик туғилади.
Агар шаҳват қуввати мўътадил ҳолатдан ошса, очкўзлик, пасайса, фаолиятсизлик бошланади.
Демак, энг мақтовга сазовор ҳолат мўътадиллик бўлиб, бу фазилатдир. Меъёрдан ошгани ҳам, пасайгани ҳам фақат мазаммат(сўкиш)га лойиқ ҳолат бўлиб, бу нуқсондир.
Адолат тушунчасида ошиш ва камайиш хусусияти йўқ. Яъни адолат кўпайиб ё озайиб кетгани учун бузилмайди. Балки унинг рўпарасида битта қарши куч-зулм бор.
Ҳар қандай нарса ҳаддан ошса, сифати ўзгаради. Жумладан, ҳикматни ҳам беҳуда, бузуқ ғаразлар йўлида ишлатавериш, уни кераксиз нарсага айлантириб қўяди. Ҳикматга эътиборсизлик эса аҳмоқликни келтириб чиқаради. Ўрталик, мўътадиллик ҳикматга ҳам хос фазилатдир.
Демак, ахлоқнинг асоси тўртта: ҳикмат, шижоат, иффат ва адл(адолат).
Биз ҳикмат деганда нафснинг ҳолатини назарда тутяпмиз. Шу ҳолат орқали ихтиёримизга боғлиқ феъллардаги хатони ўнглаш идрок қилинади.
Адолат ҳам нафснинг ҳолати. Нафс ундан қувват олади. Ҳикмат тақозосига кўра, шу қувват ғазаб ва шаҳватни босиб туради, балки бошқаради.
Ғазаб қувватининг хоҳ кучайган, хоҳ пасайган ҳолатда ҳам ақл етовида бўлишини шижоат, ақл ва шариат билан тарбия топган шаҳват қуввати одобини иффат дедик.
Шу тўртта асоснинг мўътадиллиги туфайли ахлоқ гўзал бўлади.
Ақл қувватининг мўътадиллиги тадбирнинг чиройли, зеҳннинг тиниқ, фикр-ўйларнинг тўғри ва ишончли бўлишини таъминлайди, амалларнинг нозик, нафс офатларининг махфий жиҳатларини англашни ўргатади. Ақлнинг ҳаддан ошиши макр-ҳийлага, фирибгарлигу айёрликка бошлайди. Агар ақл меъёрдан паст бўлса, бефаҳмлик, хом ғайрат, аҳмоқлик ва жунун пайдо қилади. «Хом ғайрат» деганда дунё ва охират ишларидаги тажрибасизлик(балки,тамйизнинг заифлиги, яъни фойда-зарарни фарқлаш қувватининг сустлиги) назарда тутиляпти. Дарҳақиқат, инсоннинг тасаввур ва хаёл қилиш қуввати нечоғли соғлом бўлмасин, тажрибасизлиги туфайли баъзан касалга ўхшаб қолади.
Аҳмоқлик билан жиннилик ўртасидаги фарқ шундаки, аҳмоқнинг мақсади тўғри, лекин уни амалга ошириш йўли нотўғри. Чунки, аҳмоқ мақсадга олиб борувчи йўл хусусида тўғри қарашга эга эмас.
Жинни эса танлаш лозим бўлмаган нарсани танлайди. Аслида жиннидаги танлов ихтиёрининг асоси бузуқ.
Шижоат билан хулқланган инсон олийҳиммат, мард, жасур, довюрак, мулоҳазали, нафси синиқ, сабр-тоқатли, ҳалим, босиқ, салобатли, мулойим бўлади. Аммо шижоатнинг ҳаддан ошиши ўзни тута билмаслик, ўйламасдан иш қилиш каби оқибатларга олиб келади. Натижада киши бир нафасда мақтанчоқ, димоғдор, ғазабнок, такаббур, иззатталаб, шуҳратпарастга айланиб қолади.
Шижоат меъёрдан кам бўлса, унинг ўрнини хорлик ва хўрлик, доимий безовталик, қўрқоқлик, ҳақни бой бериш, майдалашиш эгаллайди.
Кимки иффат билан хулқланса, саҳоватли, ҳаёли, сабрли, кечиримли. қаноатли, парҳезкор, латиф, зариф, барчага кўмакчи, бетамъа бўлади. Агар иффат меъёрдан ошса ёки кам бўлса, ҳирс ва очкўзлик, қўполлик ва беҳаёлик, исрофгарлик ва хасислик, риёкорлик ва шармсизлик, ҳасад, ичиқоралик, бойларга ялтоқланиб, камбағални камситиш каби иллатлар юзага чиқади.
Хулоса шуки, гўзал ахлоқнинг асоси тўртта: ҳикмат, шижоат, иффат ва адолат. Қолганлари ушбу тўртта фазилатнинг тармоқларидир.
Бу тўртта асосда ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек мукаммал мўътадилликка эриша олмаган. Расулуллоҳдан кейингилар у зотга хулқан яқин ёки узоқ деган мезон билан фарқланадилар.
Кимки гўзал ахлоқи билан Пайғамбар алайҳиссаломга яқинлашса, шу яқинлиги миқдорида у Оллоҳ таолога ҳам яқиндир. Гўзал ахлоқни ўзида жамлаган киши бутун халқ унга эргашишга, итоат қилишга муносиб кишидир.
Гўзал ахлоқдан холи, балки унинг зидди билан сифатланган киши бандалар орасидан ҳайдаб чиқарилиб, мамлакатдан бадарға қилинишга лойиқдир. Чунки у Ҳақдан узоқлаштирувчи лаъин шайтонга яқинлашди.
Гўзал хулқли инсонлар муқарраб фаришталарга яқин зотлардир. Уларга эргашмоқ, уларга эргашмоқ, уларга яқинлашмоқ зарур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилдим».
Оллоҳ таоло мўминларни сифатлаб, уларнинг хулқи хусусида:
«Ҳақиқий мўминлар Оллоҳ ва Унинг Пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра (ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Оллоҳ йўлида курашган зотлардир. Ана ўшаларгина (ўз иймонларида) содиқ бўлган зотлардир» дейди (Ҳужурот, 15-оят).
Оллоҳ ва унинг расулига шак-шубҳасиз иймон келтириш-йақин(аниқ ишонч)нинг қуввати, ақлнинг мевасидир. Ҳикматнинг ва молу дунёлар билан Оллоҳ йўлида курашмоқнинг баланд нуқтаси саҳоватдир. Саҳоват шаҳват қувватини забт этувчи куч.
Оятда зикр этилган «жонлари билан курашмоқ» эса шижоат маъносига алоқадордир. Ғазаб қуввати ақл доирасида, мўътадил чегарада ишлатилса, шижоатга айланади. Оллоҳ таоло саҳобаларни сифатлаб айтади:
«Муҳаммад Оллоҳнинг Пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар» (Фатҳ, 29-оят).
Оятда қаерда шиддату қаҳр, қаерда раҳмату шафқат қилишга ишора бор. Демак, ҳар қандай ҳолатда қаҳр сочавериш ва ҳар қандай ҳолатда раҳмли бўлиш комиллик белгиси эмас.
Мана шу айтилганлар хулқнинг маъноси, унинг гўзал ва хунуклиги, рукнлари, мевалари ва тармоқларининг баёнидир.

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Нафс тарбияси» китобидан

Мақолани улашиш