Print this page

Севги рақами

Ўқи, ўрган, яша!

Энг ёқтирган таомимизнинг илк луқмаси энг тотлисидир. Лаззатнинг ўлчови йўқ, аммо уни қирқ даража деб ҳисобласак, биринчи луқманинг таъми қирқ даража, иккинчи луқманики ўттиз тўққиз даража, қирқинчи луқманинг лаззати эса бир даража бўлади.

Ҳатто ўттизинчи луқмаларда тузи ва ёғининг оз ёки кўплиги, қанча қайнагани аҳамият касб этмай қўяди. Яъни еган-ичганларимизнинг тўйими бор. Тўйимсиз нарса эса фақат севгидир. Севмоқ-севилмоқ туйғуси жонли ҳар яратиқда мавжуд. Инсонлар маънавий даражаларига кўра нимани ёки кимни севишларини тартиблайдилар. Биринчи ўринга бойликни, шон-шуҳратни, салтанатни қўядиганлар ҳам йўқ эмас.
Исломий тарбияда, биз севган нарсаларни яратган Зот – Аллоҳга бўлган муҳаббат биринчи ўринни эгаллайди. Иккинчи ўринда суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келади. Ундан кейин ота-онамиз, турмуш ўртоғимиз, болаларимиз, қариндошларимиз, қўшниларимиз, маҳалламиз, сўнгра шаҳримиз инсонларини севамиз.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эҳтимол, Аллоҳ сизлар билан сизлар душман тутиб юрган кимсалар ўртасида (уларни Исломга киритиб) дўстлик пайдо қилиб қўяр. Аллоҳ (бундай ишларга) қодирдир. Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир» (Мумтаҳана сураси, 7-оят).
Ҳар бир мусулмон томонидан севилмоқ учун барча мусулмонларни севмоқ керак. Ўзгаларнинг қалбига олиб борадиган йўлларни билолмаганимиздан, барча қалбларни яратган Зотнинг севгисига лойиқ бўлишга ҳаракат қилсак; У севса – севдиради!
Ақраъ ибн Ҳобисдан ривоят қилинишича, у ҳужралар орқасидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни чақириб: “Ё Расулуллоҳ!” дебди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жавоб бермабдилар. Шунда у: “Ё Расулуллоҳ, менинг мақтовим зийнат, ёмонлашим шармандаликдир”, дебди. Абу Саламанинг айтишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундай қилувчи Аллоҳдир”, дебдилар (Имом Аҳмад ривояти).
Шунда Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилган: «(Эй, Муҳаммад!) Албатта, (хотинларингиз яшайдиган) ҳужралар ортидан туриб, Сизни чақирадиган кимсаларнинг кўплари (андиша ва фаросат билан) ақл ишлатмайдилар» (Ҳужурот сураси, 4-оят).
Ақраъ ибн Ҳобис (розияллоҳу анҳу) Макка фатҳидан олдин мусулмонлик шарафига ноил бўлган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг дуоларидан бири эса бундай: “Ё Аллоҳ, Сендан муҳаббатингни, Сени севадиганларнинг муҳаббатини, Сенинг муҳаббатингга етказувчи муҳаббатни сўрайман” (Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган). 
Биз ҳам инкорчиларнинг “Хоҳласак сени мақтаймиз, хоҳласак шарманда қиламиз”, деган таҳдидли иддаоларига қарамасдан, Ҳақнинг ва халқнинг ҳақларига риоя этишга, сўз ва амалларимизда хато қилмасликка уринамиз. Қиладиган яхшиликларимизни кўз-кўзламасдан, билдирмасдан бажарамиз. Ўнг қўлимиз берганини чап қўлимиздан сир сақлаймиз. У ҳолда нимага эришамиз?
Нимага эришишимизни суюкли Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай хабар берганлар: «Агар Аллоҳ таоло бирор бандани яхши кўрса, Жаброил (алайҳиссалом)га нидо қилиб: “Мен фалончини яхши кўрдим, сен ҳам уни яхши кўр”, дейди. Сўнг осмонда бу нидо янграйди ва Ер аҳли уни яхши кўриб қолади. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида айтилганидек: “Албатта, имон келтириб, эзгу (иш)ларни қилган зотлар учун Раҳмон (уларнинг қалбида Ўзига нисбатан) дўстликни пайдо қилур” (Марям сураси, 96-оят). Агар Аллоҳ таоло бирор бандани ёмон кўрса, Жаброилга “Мен фалончини ёмон кўрдим”, дейди. Сўнг осмонда шундай нидо қилинади ва ерда уни ёмон кўриб қолишади» (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч бир зот етти қават само узра ҳукм беролмагай. 
Шундай экан, севгимиз ҳам қўрқувимиз ҳам аввало Аллоҳга бўлсин, сўнг Аллоҳ учун бўлсин...

Таржимон: Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ

Мақолани улашиш