Print this page

Жондан ичкари

Жондан ичкари

Севарман мен Сени жондан ичкари,
Йўлим бордур бу аркондан ичкари.

Мени менда дема, менда эмасман,
Бир мен бордур менда, мендан ичкари.

Қай ерга боқар эрсам, тўладурсан,
Сени қандай қўям, мендан ичкари?

У бир дилбардурур, йўқдур нишони,
Нишон бўлурму нишондан ичкари?

Мени мендан сўрма, менда эмасман,
Суратим бўш юрур тўндан ичкари.

Мени мендан олганга етмас қўлим –
Қадам ким босар, Султондан ичкари?

Тажаллидан насиб етди кимига,
Кимининг мақсуди ундан ичкари.

Кима дийдор кунидан шуъла тегса,
Унинг шуъласи бор кундан ичкари.

Муҳаббатинг мени мендан олибдур,
На ширин дард бу – дармондан ичкари.

Шариат, Тариқат – йўлдур борганга,
Маърифат, Ҳақиқат ундан ичкари.

Сулаймон қуш тилин билур, дедилар,
Сулаймон бор Сулаймондан ичкари.

Унутдим, дин-диёнат қолди мендан,
Бу не мазҳабдурур, диндан ичкари?

Динин тарк этганнинг куфрдур иши,
Бу не куфрдур, иймондан ичкари?

Ўтар экан Юнус лол бўлди Дўстга,
Ки қолди эшикда ундан ичкари...

Юнус ЭМРО

 

Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ таржимаси
20.12.2017

Last modified on 25/12/2017

Мақолани улашиш