Print this page

Тавбага шошилиш вожиб

Тавбага шошилиш вожиб

Гуноҳдан сўнг дарҳол тавба қилиш вожибдир. Чунки гуноҳнинг ҳалокатли эканини англаш иймон тақозосидир. Тавбани кечиктириш мумкин эмаслигини англаган киши дарҳол амалга ўтади, ўзини ёмон феъллардан тия бошлайди. Бу маърифат (яъни, зудлик билан тавба қилишнинг вожиблигини англаш) амалга боғланмаган мукошафа илмлари жумласидан эмас, балки муомала илмидандир.

Ҳар бир илм амал қилиш учун ўрганилади. Модомики, илм амалга сабаб бўлмас экан, унинг масъулиятини тўла ҳис қилиш мушкул. Гуноҳларнинг зарарини билиш, англаб етиш илмдир. Мана шундай илм гуноҳларни тарк қилишга сабаб бўлади. Ундан кўзланган мақсад ҳам аслида ана шу.
Кимки гуноҳларни тарк этмас экан, иймонидан бир жузъни йўқотган ҳисобланади. Пайғамбаримизнинг ушбу сўзларига диққат қилинг:
"Зинокор зино қилаётганида мўмин эмас" (муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзлари билан Оллоҳнинг борлигини, бирлигини, сифатлари, китоблари, пайғамбарларини таниш каби мукошафа илмларидан келиб чиқувчи иймоннинг йўқлигини назарда тутмаяптилар. Чунки зино ва маъсият иймонни йўққа чиқаролмайди. Балки ҳадисдан кўзланган мақсад зинонинг Оллоҳдан узоқлаштирувчи, Оллоҳнинг нафратига дучор этувчи гуноҳ эканига зинокорда иймон-ишонч йўқлигини кўрсатишдир.
Мисол учун табиб: "Бу заҳар, уни ичма", деди. Шу огоҳлантиришдан кейин ҳам кимдир уни ичди. Энди бу одам ҳақида шундай дейиш мумкин: "Бу киши заҳарни истеъмол қилаётган пайтда мўмин эмас эди". (Яъни, заҳарнинг ўлдирувчи хусусиятига ишонувчи эмас эди.) Бу гап табибнинг борлигига, унинг табиб эканига иймон келтирмади, уни тасдиқламади, деган маънони билдирмайди. Балки, бунда табибнинг "заҳар ҳалокатлидир", деган сўзини кимнингдир тасдиқламагани назарда тутиляпти. Негаки, заҳарнинг ҳалокатли эканини билган одам уни асло оғзига олмайди.
Зарурат туфайли гуноҳ қилган кишининг иймони ноқисдир. Иймон бир бутун эмас, у етмишдан ортиқ жузъдан иборат. Бу жузъларнинг энг олий даражаси "Ла илаҳа иллаллоҳ" деб гувоҳлик бериш бўлса, энг қуйи даражаси азият етказувчи нарсани йўлдан четга олиб ташламоқдир.
Бу ҳолатга шундай қиёс келтирилади. Инсон яхлит бир вужуд эмас, балки етмишдан ортиқ аъзодан иборат. Уларнинг энг юксаги қалб ва руҳ бўлса, энг қуйиси озор етказувчи нарсани йўқ қилиш. Масалан, мўйловни қисқартириш, тирноқни олиш, кирлардан тозаланиш ва ҳоказо. Агар инсон шу ишларни қилмаса, панжа ва туёқларидаги узун тирноқлари тезаги билан булғанган кир ва ифлос ҳайвонларга ўхшаб қолади.
Иймон ҳам инсон кабидир. Тавҳид шаҳодатининг йўқолиши руҳнинг йўқолиши кабидир. Нимадир йўқолар экан, нимадир унинг ўрнини эгаллайди. Тавҳид шаҳодатининг йўқолиши эса тўла ботилликни вужудга келтиради.
Шунингдек, фақат тавҳид ва рисолат (ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур расулуллоҳ) шаҳодати билан чекланган инсон ҳам оёқ-қўли кесилган, кўзлари ўйилган, зоҳиру ботин аъзоларини йўқотган кимсага ўхшайди. Унда руҳ не қилсин?!
Унинг ҳолати худди ўлими яқинлашаётган кишининг аҳволини эслатади: бир пайтлар аъзоларга қувват бўлиб, уларни доимо олға бошлаган руҳ энди яккаланиб, зўрға судралиб, аъзолардан ортда қоляпти, улардан айриляпти.
Кимдаки иймон бўлиб, амал бўлмаса, ўткинчи шамоллар уни қулатиши тайин. Токи иймон дарахти шак-шубҳадан холи бўлган мўмин қалбга илдиз отиб, новдаю шохларини амал ичра ёймас экан, бу дарахт ўлим фариштаси келган пайтда эсувчи даҳшатли шамолларга дош беролмайди. Қандай ёмон хотима! Лекин кунларию тунлари, соатларию дақиқалари Оллоҳга тоат билан суғорилган иймоннинг хотимаси нақадар гўзал! У ҳар қандай ҳолатда мустаҳкам ва собитдир!
Бир осий Оллоҳнинг тоатида бўлган мутеъ кишига: "Мен ҳам сенга ўхшаган мўминман", деди.
Унинг бу гапи қовоқнинг санобар дарахтига айтган сўзларини эслатади:
– Мен ҳам дарахтман, сен ҳам дарахтсан.
Санобар дарахти унга шундай жавоб қилди:
– Илдиз нелигидан ғофилсан. Ҳали куз шамоли эссин, заиф илдизларинг ердан узилади, баргларинг тўкилиб, ўзингни қандай алдаганинг очилиб қолади:
Ҳали тўзон тинсин, кўрасан бешак,
Минган уловинг не – отми ё эшак?8
Бу саволнинг жавоби охирги нафасларда аён бўлади.
Жончиқар ҳолатнинг даҳшатларини эслаганда Оллоҳни таниган кишиларнинг қалби қўрқинчдан ёрилай дейди. Зеро, охирги нафасда собит бўлиш камдан-кам инсонларга насиб этади.
Осий киши гуноҳлари туфайли дўзахда абадий қолишдан қўрқмайди. Чунки у тани-жони соғлом бўлгани учун ўлимни эсламайди. Зарарли хоҳиш-истакларга муккасидан кетади. Соғлом одам бетоб бўлиб қолишдан қўрқади, бетоб бўлгач, ўлимдан қўрқади, дейишади. Осий киши ҳам жон ҳалқумга келгач, сўнгги нафаснинг даҳшатидан қўрқувга тушади, ўша даҳшатни бошидан кечиради. Ана энди дўзахда абадий ёниш унга вожиб бўлади. (Оллоҳ асрасин.)
Зарарли озиқлар баданга қандай таъсир этса, гуноҳлар ҳам иймонга шундай таъсир қилади. Доимий равишда ичкарида тўпланиб қолаётган зарарли озиқлар киши сезмаган ҳолда унинг мизожини ўзгартиради, ҳатто уни бузишгача олиб боради. Натижада киши дафъатан дардга чалинади, дафъатан ўлади.
Гуноҳларнинг иймонга таъсири ҳам шу йўсинда бошланиб, шу йўсинда якун топади. Демак, бу ўткинчи дунёда ўлимдан қўрқувчи кишига дарҳол ва ҳар қандай ҳолатда зарарли озиқлардан тийилмоқ вожиб. Абадий ҳалокатдан қўрқувчи кишига эса гуноҳлардан тийилишнинг вожиблиги яна бир ҳисса кўпроқдир.
Диннинг заҳари – гуноҳ. Кимки уни содир этса, фурсат борида бу қилмишидан қайтмоғи вожиб. Бу фурсат умрдир. Фурсат бой берилса, умр зоеъ бўлади. Гуноҳ заҳаридан, умрнинг зоеъ бўлишидан-да хавфлироғи ва аламлироғи муқим неъмат ва буюк мулкка тўла боқий охиратни бой бериш, сўнгра жаҳаннам оловида ёниш, доимий азобга гирифтор бўлишдир. Бу дунёдаги умрларнинг бир қанчасини жамлаганда ҳам охиратдаги азоб муддатининг мингдан бирича бўлолмайди. Негаки, у азобнинг муддати чексиз, туганмас.
Бас, гуноҳлар заҳари иймон руҳини заҳарламасидан аввал тавбага шошилмоқ зарур. Акс ҳолда иш табибларга, уларнинг ихтиёрига ўтади. Бундан сўнг ҳимоя наф бермайди, насиҳатгўйларнинг насиҳати нажот бўлолмайди, воизларнинг ваъзи бефойда. Энди унинг ҳалокатга маҳкумлар жумласидан эканига шубҳа қолмайди ва Оллоҳ таолонинг ушбу сўзидаги умумий ҳукм унга ҳам тегишли бўлади:
"Дарҳақиқат, Биз уларнинг бўйинларига то иякларигача (етадиган) кишанларни уриб қўйдик, бас, улар ғўдайиб қолдилар (яъни, улар Ҳаққа эгилмаслар). Ва Биз уларнинг олдиларидан бир тўсиқ-парда қилиб, уларни ўраб қўйдик. Бас, улар кўра олмаслар. (Эй Муҳаммад), сиз уларни огоҳлантирдингизми ёки огоҳлантирмадингизми, уларга баробардир – иймон келтирмаслар" (Ёсин, 8–10-оятлар).
Олдин баён қилинганидек, иймон етмишдан ортиқ жузъдан иборат. "Зино қилаётган пайтда зинокор мўмин бўлолмайди". Ўша пайт у иймоннинг шох ва новдаларига шикаст етказади. Аҳвол шу тарзда давом этар экан, охирги нафасларида у илдиз бўлмиш иймондан ажралади.
Дарахт шох ва новдаларсиз узоқ яшолмайди. Шох-новдалар илдизсиз мавжуд бўлолмайди. Илдиз ва шох-новдалар битта жиҳат билан фарқланади: шох ва новданинг мавжуд бўлиши ва яшаши учун илдиз бор бўлиши шарт. Аммо илдизнинг мавжудлиги учун шох ва новдаларнинг бўлиши шарт эмас. Балки улар илдизнинг яшашига муҳтождир.

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Тавба китоби» китобидан

Мақолани улашиш