Print this page

Кичик ва катта гуноҳдан тавба қилиш

Кичик ва катта гуноҳдан тавба қилиш
Гуноҳларнинг қисмларга бўлиниши ва  банданинг сифатлари
 

Билгилки, инсоннинг сифатлари ва хулқлари кўпдир. Гуноҳларнинг келиб чиқиши тўртта сифатга бориб тақалади: а) рубубийлик сифатлари (яратувчига хос сифатлар); б) шайтонийлик сифатлари; в) ҳайвонийлик сифатлари; г) ёввойилик сифатлари. Инсон тийнати ҳар хил аралашмалардан қорилган. Ҳаммаси ўз таъсирига эга, бамисоли шакар, сирка ва заъфарон сиканжабин қоришмасида турли таъсирларга эга бўлганидек. Кибр, фахр, ғурур, мақтовни севиш, беҳожатликни яхши кўриш, боқий қолишни орзу қилиш, ҳаммадан устун бўлишни исташ, ҳатто "мен сизнинг парвардигорингизман", деган даражагача бориш кабилар рубубийлик сифатларига иштиёқни қўзғайди. Барча гуноҳи кабиралар мана шу нуқтадан ёйилади. Кўпчилик бу гуноҳлардан ғофил қолиб, уларни гуноҳ санамайди. Аслида улар шаксиз ҳалокатга олиб борувчи энг катта гуноҳлар бўлиб, аксар жиноятларнинг онасидир. Ҳасад, зулм-ситам, ҳийла, алдамчилик, фасод ва макрга буюриш, товламачилик, мунофиқлик, бидъат ва залолатга даъват қилиш кабилар шайтоний сифатлардан тарқалади.  Қизғанчиқлик, очкўзлик, жинсий ва қорин шаҳватини қондириш учун ҳирс билан ташланиш, зино, баччабозлик, ўғирлик, етимларнинг молига хиёнат, дунё орттиришга меҳр кабилар ҳайвоний сифатдан туғилади. Ёввойилик сифати эса, ғазаб, нафрат, одамларга қўл кўтариш, сўкиш, ўлдириш, мол-мулкни зоеъ қилиш каби иллатларни пайдо қилади. Барча гуноҳлар мана шу сифатлардан тармоқланиб, ёйилади. Бу сифатлар инсон фитратида аста-секин ҳаракатланиб бири иккинчисига йўл очади. Аввало, ҳайвонийлик сифати ғолиб келиб, кейин унга ёввойилик сифатлари эргашади. Улар бирлашиб, ақлни қаллоблик, маккорлик ва ҳийла йўлида ишлатади. Бу шайтоний сифатдир. Кейин фахр, иззат, улуғлик ва буюкликни даъво қилиш, барчадан устунликни қасд қилиш каби рубубийлик сифатлари фитратни эгаллайди. Мазкур сифатлар гуноҳларнинг онаси ва манбаидир. Сўнг гуноҳлар аъзоларга ёйилади. Куфр, бидъат, нифоқ, ичиқоралик каби сифатлар қалбда қарор топади. Баъзилари кўз ва қулоқда муқим бўлса, яна баъзилари тилда, қорин ва жинсий аъзоларда, қўл ва оёқларда, умуман, барча аъзоларда маскан топади.  Билгилки, гуноҳлар икки қисмга ажралади: –  банда ва Оллоҳ таоло орасидаги гуноҳлар; –  бандаларнинг ҳақларига тааллуқли гуноҳлар.


Намозни, рўзани, махсус вожибларни тарк этиш нафсга тааллуқли гуноҳдир. Закотни тарк этиш, бирон жонни ўлдириш, мол-мулкка босқинчилик қилиш, ор-номусни топташ бандаларнинг ҳақларига тааллуқли гуноҳлардир. Шунингдек, бидъат амалларга чақириб, гуноҳларга рағбат уйғотиш, Оллоҳ таоло рози бўлмайдиган ишларга журъат этиш ҳам (хавфу ражони баробар билмасдан, ражони хавфдан устун қўядиган баъзи воизларни мана шундай "журъат"да айблаш мумкин) ўзгаларнинг ҳақларига тажовуз саналади.  Банда ва Оллоҳ таоло орасидаги гуноҳ, агар ширк бўлмаса, афв этилишига умид қилиш мумкин. Хабарда келади: "Битиклар учтадир: кечириладиган гуноҳлар битиги; кечирилмайдиган гуноҳлар битиги; тарк қилинмайдиган битик. Бандалар билан Оллоҳ таоло орасидаги гуноҳлар кечириладиган гуноҳлар битигида, Оллоҳ таолога ширк қилиш кечирилмайдиган гуноҳлар битигидадир. Бандаларнинг ҳақларига тажовуз қилган золимлар, то афв этилгунга қадар зулми учун ҳисоб беради. Уларнинг гуноҳлари тарк этилмайдиган битикда қайд қилинган" (Аҳмад, Ҳаким ривояти, саҳиҳ). Билгилки, гуноҳлар сағоир (кичик гуноҳлар) ва кабоирга (катта гуноҳлар) бўлинади. Гуноҳларни катта-кичикка бўлишда ҳар хилликлар мавжуд. Баъзилар айтади: "Гуноҳнинг катта ё кичиги йўқ. Оллоҳга қарши ҳар бир иш улуғ жиноятдир". Бу заиф қараш. Чунки, Оллоҳ таоло айтади: "Агар сизлар манъ этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил – жаннатга киритурмиз" (Нисо, 31-оят); "Улар (яъни, жаннатга сазовор бўлганлар) кичик хатолардан бошқа катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир. Албатта Парвардигорингиз мағ-фирати кенг зотдир. У сизларни (яъни, оталарингиз Одамни) ўзи ердан – тупроқдан пайдо қилган пайтиданоқ ва сизлар оналарингизнинг қорнида ҳомила бўлган пайтингизданоқ жуда яхши билгувчидир. Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! У тақводор бўлган кишиларни ҳам жуда яхши билгувчидир" (Нажм, 32-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:  "Беш вақт намоз ва жума намозлари уларнинг орасидаги гуноҳларга каффоратдир, агар катта гуноҳлардан сақланилса" (Муслим ривояти). Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини ривоят қилади: "Оллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш, ёлғон ғасам ичиш катта гуноҳлардандир" (Бухорий ривояти).
 
Саҳоба ва тобеъинлар катта гуноҳларни тўртта, еттита, тўққизта, ўн битта ва ундан ортиқ деб, уларнинг сонида ихтилофга боришган. Ибн Масъуд катта гуноҳлар сонини тўртта, Ибн Умар еттита, Абдуллоҳ ибн Амр тўққизта дейишган. Ибн Аббос Ибн Умарнинг: "Катта гуноҳлар сони еттита", деган сўзини эшитиб, шундай деган экан: "Гуноҳи кабиранинг еттитадан кўра етмишта экани ҳақиқатга яқинроқдир". Мурра розийаллоҳу анҳу дейди: "Оллоҳ қайтарган ҳар бир нарса гуноҳи кабирадир". Бошқаси айтади: "Оллоҳ тарафидан эвазига жаҳаннам ваъда қилинган ҳар бир гуноҳ кабира жумласидандир". Салафлардан баъзилари дейди: "Дунёда жазони вожиб қиладиган ҳар қандай иш гуноҳи кабирадир". Яна шундай хабар ҳам бор: "Катта гуноҳлар мубҳамдир, уларнинг сонини аниқлаб бўлмайди, худди Қадр кечасини, жума кунидаги дуолар ижобат бўладиган соатни аниқ белгилаб бўлмагани каби".  Шу ҳақда Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳуга савол беришганида: "Нисо сурасининг аввалидан, то "агар сизлар манъ этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар" (Нисо, 31) оятигача ўқинглар. Мана шу сурада мазкур оятгача бўлган ўринда Оллоҳ қайтарган барча нарсалар гуноҳи кабирадир", деб айтган. Абу Толиб Маккий гуноҳи кабираларни ўн еттита санаб, бу саноқни хабарлардан ва Ибн Аббос, Ибн Масъуд, Ибн Умарларнинг сўзларидан хулоса қилиб айтади: "Катта гуноҳнинг тўрттаси қалбга тегишли:  – Оллоҳга ширк; – гуноҳда қатъий туриш; – Оллоҳ раҳматидан ноумид бўлиш; – Оллоҳнинг азобидан хотиржам бўлиш. Тўрттаси тилга тегишли: – ёлғон гувоҳлик бериш; – покдомон аёлни бадном қилиш; – ғамус қасам, яъни, у туфайли ботил ҳаққа, ҳақ ботилга айланади ёки бир мўминнинг моли ноҳақ тортиб олинади, гарчи у мол арзимас мисвок бўлса ҳам. Бу қасам жаҳаннамга тортувчи бўлгани учун ҳам "ғамус" деб номланди; – сеҳр.  
 
Инсонни ва бошқа жисмларни асл хилқатидан ўзгартириб кўрсатадиган ҳар бир гап сеҳрдир. Катта гуноҳнинг учтаси қоринга тегишли: – ичкилик ичиш ва маст бўлиш; – зулм билан етимнинг молига тажовуз қилиш; – судхўрлик эканини билган ҳолда унинг фоизини ейиш; Иккитаси жинсий аъзога тегишли:  – зино;  – баччабозлик. Иккитаси қўлга тегишли: – ўлдириш; – ўғирлик.  Биттаси оёққа тегишли: –бир мусулмоннинг иккита кофирдан, ўн мусулмоннинг йигирмата кофирдан қочмоғи. Биттаси бутун аъзоларга тегишли:  – ота-онага оқ бўлиш". Абу Саид Худрий ва бошқа саҳобалар (розийаллоҳу анҳум) айтишган: "Сизлар қилаётган амалларингизни кўзингиз олдидаги қилча ҳам кўрмайсизлар. Ҳолбуки, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида уларни гуноҳи кабиралардан деб билардик" (Бухорий ривояти). Олимлардан бир тоифаси гуноҳи кабира ҳақида шундай дейдилар: "Қасддан қилинган ҳар бир гуноҳ кабирадир. Оллоҳ қайтарган ҳар бир нарса кабирадир". "Ўғирлик гуноҳи кабирами, йўқми?" деган саволга "кабира" сўзининг маъносини фаҳмламагунча тўғри жавоб бериб бўлмайди. Бу гап "ўғирлик ҳаромми ё ҳаром эмас?" деган кишининг сўзига ўхшайди. Бунинг учун, аввало, ҳаромнинг маъносини англаш зарур. Кейин ўғирлик феълида ҳаромнинг иштироки борми ё йўқлиги аниқланади. Гуноҳи кабира лафз жиҳатидан мубҳам. Яъни, на луғатда, на шариатда унинг қатъий чегараси бор. Негаки, "катта" ва "кичик" тушунчаси нисбийдир. Гуноҳнинг катта деб ҳисобланиши ундан қуйироқда кичик гуноҳ тургани учун, гуноҳнинг кичик деб ҳисобланиши ундан баландроқда катта гуноҳ тургани учундир. Бегона аёлга қарашга нисбатан бегона аёл билан бир тўшакда ётиш оғир гуноҳдир. Лекин бир тўшакда ётиш у билан зино қилишдан енгилроқ гуноҳдир. Мусулмоннинг қўлини кесиш уни калтаклашга нисбатан оғир гуноҳ, аммо уни ўлдиришга нисбатан енгил гуноҳдир. Инсон ўзи содир этган қандайдир ёмон феъли учун жаҳаннам билан қўрқитилса, дўзахийликка сабаб бўлувчи бу амални кабира деб аташ мумкин. Биз бу ўринда жаҳаннамнинг олови билан азобланишнинг улуғлигини назарда тутяпмиз. Шунингдек, бу дунёда оғир жазони вожиб қиладиган амални ҳам гуноҳи кабира дейиш жоиз. Оллоҳ таоло Қуръонда қайси амаллардан қайтарган бўлса, уларни ҳам гуноҳи кабира деб аташ мумкин. Қуръони каримда махсус зикр этилишининг ўзи бу ишнинг катталигига далолат қилади. Кейин бу ишнинг улуғ, катта бўлиши, шаксиз нимагадир нисбатан олинади. Чунки, Қуръон каломлари даражада ҳам фарқланади. Умуман олганда, гуноҳи кабирага берилган бу таърифларнинг зарари йўқ. Саҳобалар тарафидан нақл қилинган таърифлар ҳам мазкур эҳтимоллардан узоқ эмас. Муҳими, "Агар сизлар манъ этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансанглар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирурмиз" (Нисо, 31)оятининг маъносини англамоқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дейдилар: "Намозлар улар орасида содир этилган гуноҳларга каффоратдир. Кабиралар бундан мустасно". Мана шунинг ўзи гуноҳлар катта ва кичикка бўлиниши исботидир. Шариат назарида гуноҳлар уч қисмга бўлинади: – кабиралиги шариатда маълум гуноҳлар; – сағиралар жумласида саналган гуноҳлар; – кабира ё сағиралиги иштибоҳли бўлган, ҳукми номаълум гуноҳлар.  Демак, гуноҳларнинг қатъий чегарасини ёки уларнинг сонини билишга интилиш мумкин бўлмаган нарсани хоҳлашдир. Чунки, бунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Мен ўнта ёки бешта гуноҳи кабирани ирода қилдим", деб айтганлари ва уларни ажратиб кўрсатганлари эшитилган бўлиши керак. Лекин Пайғамбар алайҳиссалом бундай демаганлар. Балки, баъзи лафзларда "гуноҳи кабирадан учтаси", "гуноҳи кабирадан еттитаси", деб айтганлари ворид бўлган. Шариат саноғини билдирмаган нарсанинг саноғини билиш мумкинми?! Шариатда баъзи нарсаларнинг аниқлиги қасд қилинмайди. Токи бандалар шу нарсага бўлган эътиборини кучайтирсинлар, доимо ундан огоҳ бўлсинлар. Масалан, одамларнинг  Қадр кечасига бўлган интилишлари кучли бўлиши учун "лайлатул қадр"нинг вақти аниқ қилинмади. Тўғри, гуноҳи кабираларнинг жинслари ва навларини аниқлаш мумкин. Лекин унинг зоти ва ҳаддини аниқлашда фақат шубҳа ва тахминларгагина асосланамиз. Гуноҳи кабираларнинг энг каттасини биламиз, аммо энг кичик гуноҳни билишнинг иложи йўқ. Шаръий далиллар ва басират нури ила англаймизки, шариатнинг бутун мақсади халқни Оллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилишга, дийдори саодатини топишга ундашдир. Бунга етишнинг ягона йўли – Оллоҳ таолони, унинг сифатларини, китобларини, пайғамбарларини танишдир. Оллоҳ таолонинг ушбу сўзлари шунга ишорадир:  "Мен жин ва инсни фақат ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим" (Зорийот, 56-оят). Яъни, одамларни менга банда бўлишлари учун яратдим, бандага банда бўлиш учун эмас. Бандага бандалик – Оллоҳни Парвардигор деб, нафсини қул деб билмасликдан туғилади. Пайғамбарлар юборилишидан кўзланган асосий мақсад ҳам шу. Лекин бу мақсад фақат дунё ҳаётидагина тўла амалга ошади. Пайғамбарларнинг ушбу сўзларидаги маъно ҳам шудир: "Дунё охиратнинг шудгоридир" (Уқалий заиф ҳадислар жумласида ривоят қилган). Дунёни асраш ҳам динга тобеъ мақсаддир. Чунки дунё дин учун воситадир. Дунёда охират билан боғланган икки нарса бор: жонлар ва моллар. Оллоҳ таолонинг маърифати (Оллоҳни таниш) эшигини ёпувчи ҳар қандай нарса гуноҳи кабиранинг энг каттасидир. Инсоннинг ҳаёт эшигини ёпувчи нарсалар ундан кейинги ўринда, одамларнинг тирикчилиги эшигини ёпувчи нарсалар ундан кейинги ўринда туради. Мана шу учта даражадир. Қалбларнинг маърифатни, бандаларнинг ҳаётни, шахсларнинг молларни асрашлари шариатда зарурийдир. Бу учта иш хусусида ҳеч бир дин ихтилофга бормайди. Албатта, Оллоҳ таолонинг бирор пайғамбарни халқнинг дини ва дунёсини ислоҳ қилиш учун жўнатиб, кейин уларни Оллоҳ расулларини танишдан тўсадиган ишларга ёки кишиларни ўлдириб, молларни ҳалок қилишга буюриши ҳеч жоиз бўлмаган ишдир. Гуноҳи кабираларнинг учта даражаси бор. Биринчи даража – Оллоҳ таолони ва унинг расулларини танишдан тўсадиган куфр. Куфрдан ўтадиган гуноҳи кабира йўқ. Чунки Оллоҳ ва банда ўртасидаги парда жаҳолатдир. Бандани Оллоҳга яқинлаштирувчи восита эса, илм ва маърифат. Банда маърифати миқдорида Оллоҳга яқинлашади, жаҳолати миқдорида  Ундан узоқлашади. Куфр деб номланган жаҳолатнинг орқасидан "азобдан қутулиб қоламан", деган хомхаёл ва Оллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш даражаси келади. Бу ҳам айни жаҳолатнинг ўзидир. Кимки Оллоҳни таниса, Оллоҳнинг азобидан қутилиб қолишини хаёлига ҳам келтирмайди, ноумид ҳам бўлмайди. Бу даражадан кейин келадиган бидъатлар бир-биридан шиддатлидир. Оллоҳнинг зоти, сифатлари, феъллари билан боғлиқ бу бидъатлар ўзаро фарқланади.  Иккинчи даража – жон, яъни, инсон ҳаётидир. Чунки тириклик сифати билан Оллоҳни таниш ҳосил бўлади. Жонга қасд қилиш гарчи куфрдан кичик гуноҳ бўлса ҳам, шаксиз гуноҳи кабирадир. Негаки, бу билан айни мақсад ва мақсад василаси барҳам топади. Дунё ҳаётидан кўзланган мақсад охиратдир. Охиратга етишиш Оллоҳни таниш орқалигина амалга ошади.  Аъзоларни кесиш ва умуман инсоннинг ҳалокатига сабаб бўлувчи ҳар бир ҳаракат, ҳатто калтаклаш ҳам жонга қасд қилишдан кейинги гуноҳи кабирадир. Зино ва баччавозлик ҳам шу иккинчи мартабадаги гуноҳи кабирадир. Агар одамлар мана шундай бузуқ асосда яқинлик қилсалар, насл қирқилади, вужуд ҳалокат сари юзланади. Зино мавжудликнинг асосини йўқотолмайди, лекин насабларни қориштириб, ворислик низомини, ҳаёт интизомини издан чиқаради. Зинога ижозат бўлса, қандай қилиб бу низом бузилмасин!? Ҳайвонларнинг эркаги ва урғочиси бир-бирига хосланмагани учун уларнинг бу ишида интизом бўлмайди. Шунинг учун мақсади ислоҳ этиш бўлган ҳеч бир шариатда зинога рухсат берилишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Учинчи даража – мол-мулклар. Улар халқнинг тирикчилик воситаси бўлиб, уларни ҳар ким ўзича қандай хоҳласа, шундай идора қилмоғи (масалан, босқинчилик, ўғрилик ва ҳоказо йўллар билан қўлга киритмоғи) жоиз эмас. Балки, моллар жонларнинг, яъни, инсонларнинг яшаши учун асралмоғи лозим. Агар моллар олиб қўйилса, уларни қайтариб олиш имкони бор. Аммо моллар кейин тузатиш қийин бўлган йўл билан қўлга киритилса, гуноҳи кабира бўлиб қолади. Тузатиш қийин бўлган йўллар тўрттадир. 1. Яширин йўл билан. Бу ўғирликдир. Кўпинча мол эгаси ўғирликдан бехабар қолади (Агар хабардор бўлса, ўғирлик рўй бермасди). Ўғри номаълум бўлганидан кейин молини кимдан талаб қилсин. 2. Етимнинг молини ейиш. Бу ҳам яширин йўл билан амалга ошади.
 
Етимнинг яқини, етимнинг молига мутасадди киши бу ишда синалади. Чунки, у етимнинг моли ишониб топширилган кишидир. Унга етимдан бошқа даъвогар йўқ. Лекин етим ёш бола, даъво қилишни билмайди. Демак, етимнинг молини ейишни улуғ гуноҳ санаш бу ўринда вожибдир. Босқинчилик эса бунинг хилофидир. Чунки, босқинчилик яширин эмас, очиқ содир этилади. Шунингдек, омонатга хиёнат ҳам бунинг хилофи бўлиб, омонат эгаси ўз молини даъво қилишга ҳақлидир. 3. Ёлғон гувоҳлик билан ўзгаларнинг молига эга бўлиш. 4. Сохта қасам билан омонат ёки омонат бўлмаган молни олиш. Буларнинг барчасида моллар тузатиш имконсиз бўлган йўллар билан қўлга киритилган. Уларни аслан ҳаром қилишга шариатда ҳар хиллик бўлиши жоиз эмас. Гарчи бу тўртта йўлнинг баъзиларига шариат жазо тайинламаган бўлса ҳам, улар гуноҳи кабира саналишга муносибдир. Ўзгаларнинг молига бу тариқа эга бўлишнинг оқибати хусусида Оллоҳ ва Расулининг таҳдид – ваъиди кўп, бу йўлларнинг дунё манфаатига салбий таъсири катта. Рибо, яъни судхўрликка келсак, бу ерда икки томоннинг розилиги асосида шариат қўйган шартни бузиш билан ўзганинг молини ейиш бор. Бу каби ишларда шариатда ҳар хиллик бўлиши мумкин. Бировнинг молини ўша одамнинг ва шариатнинг розилигисиз талаш гуноҳи кабира қилинмади. Рибо эса мол эгасининг розилиги билан, аммо шариатнинг норозилиги билан ҳосил бўлади. Шариат зинони улуғ гуноҳлардан санаб, ундан қайтарар экан, талаш ва бошқа йўллар билан бўладиган зулмни, хиёнатни ҳам улуғ гуноҳ деб билди. Аммо, хиёнат ё талаш йўли билан майда пулчақаларни ўзлаштиришни ҳам гуноҳи кабиралар жумласига қўшиш шубҳали масаладир. Бу ҳукм гумонга асосланган. Гумоннинг оғирроқ палласида "бундай ишлар гуноҳи кабира доирасига кирмайди" деган қараш тош босяпти. Гуноҳи кабира шариат ихтилоф қилмайдиган жиҳат билан хосланмоғи лозим. Чунки бу динда жуда муҳим масала. Демак, бу айтилганлардан сўнг, Абу Толиб Маккий санаган гуноҳи кабиралардан қуйидагилар қолади: бадном қилиш; маст қилувчи ичкилик ичиш; сеҳр; жанг майдонидан қочиш; ота-онага оқ бўлиш. Маст қилувчи ичкилик ичишнинг гуноҳи кабира қаторида саналишига келсак, ичкилик ақлни кетказади, демак, уни гуноҳи кабира дейиш тўғри. Шариатнинг бу хусусидаги қаттиқ таҳдидлари ва соғлом назар йўли шунга далолат қилади. Худди нафс каби ақл ҳам инсонга берилган неъматдир. Агар ақл бўлмаса, қуруқ нафсдан нима фойда?!
 
Киши маст қилувчи ичкиликдан бир томчи тушган сувни ичиши гуноҳи кабира эмас, чунки у нажасли сувни ичиб қўйган бўлади. Қачонки шариат бирор гуноҳга жазо белгилар экан, бу ҳолат гуноҳнинг моддийлигига далолат қилади ва у гуноҳ шариат бўйича гуноҳи кабира саналади. Шариатнинг барча сирларидан воқиф бўлишга инсониятнинг қуввати етмайди. Шунинг учун қайси ишнинг гуноҳи кабира экани ижмоъ билан собит бўлган бўлса, бу ҳукмга эргашиш вожиб. Агар аксинча бўлса (яъни, ҳужжат собит бўлмаса), бу ўринда тафаккур қилишга имкон бор. Бадном қилиш номусни топташдир. Кишининг номусини топташ кишининг молига хиёнат қилишдан қуйироқ мартабада туради. Номусни топташнинг бир неча даражалари бор. Энг каттаси зинода айблаб, бадном қилишдир. Шариат наздида бу жиддий ишдир. Ўйлаймизки, саҳобалар жазо вожиб бўлган ҳар амални гуноҳи кабира деб ҳисоблаганлар.   Шу эътиборга кўра, бадном қилишдек гуноҳи кабирага беш вақт намоз ўқиш каффорат бўлолмайди. Сеҳр хусусида тўхталадиган бўлсак, сеҳрга куфр аралашган бўлса, гуноҳи кабирадир. Агар куфр аралашмаган бўлса, у ҳолда инсоннинг ўлимига ё унинг хасталанишига ёки бошқа зарарларга сабаб бўлишига кўра, сеҳрнинг нечоғли оғир гуноҳлиги белгиланади. Жанг майдонидан қочиш ва ота-онага оқ бўлиш масаласига келсак, бу ўринда ҳам қиёсга мурожаат қилиш лозим. Зеро, кишини зинодан бўлак ҳар қандай ёмонлик билан ҳақоратлаш, уриш, молларини тортиб олиш, уйидан, шаҳаридан ҳайдаб чиқариш, ватанидан кўчириш билан зулм қилиш юқорида саналган ўн еттита гуноҳ қаторида йўқлиги учун гуноҳи кабира ҳисобланмас экан, демак, бу ўринда таваққуф – сукут сақлаш жоиз кўринади. Лекин ҳадислар бунинг гуноҳи кабира эканига далолат қилади.  Хуллас, шаръий ҳукм билан беш вақт намоз каффорат бўлолмайдиган гуноҳни гуноҳи кабира деб эътибор қилиш тўғрироқдир. Бундан келиб чиқадики, гуноҳлар уч қисм: – намозларнинг каффорат бўлмаслиги аниқ бўлган гуноҳлар; – намозлар каффорат бўлиши лозим гуноҳлар; – намозлар каффорат бўлиш-бўлмаслиги хусусида сукут сақланган гуноҳлар. Юқорида айтилганлар гуноҳи кабирага аниқ таъриф бериш мушкул эканини кўрсатувчи ҳужжатлардир.
 
"Ҳад-ҳудуди номаълум нарса хусусида шариат қандай қилиб қатъий жавоб бера олади?" дейишинг мумкин.  Билгилки, дунёда қайси нарса бирор ҳукм билан боғланмаган экан, унга мубҳамлик йўл топади. Чунки бу дунё сарҳисоб қилиш эмас, топшириқларни зиммага олиш дунёсидир. Демак, бу дунёда гуноҳнинг катталигини қатъий белгилайдиган ҳукм ҳам йўқ. Балки, жазони вожиб қилувчи барча гуноҳлар ўз исмлари билан маълум (ўғирлик, зино ва ҳоказо). Беш вақт намоз гуноҳи кабирага каффорат бўлолмайди. Бу охиратга тааллуқли ишдир. Бу ишга аниқлик эмас, мубҳамлик муносиб. Токи одамлар гуноҳи кабирани содир этиб қўйишдан доимо хавфсираб, ҳушёр ва зийрак турсинлар. Шунингдек, катта гуноҳлардан сақланиш кичик гуноҳларга каффоратдир. "Агар сизлар манъ этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансанглар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирурмиз" (Нисо, 31-оят). Лекин бунинг учун кишида албатта гуноҳдан сақланишга қудрат ва ирода бўлиши шарт. Мисоли, бир киши бегона аёл билан бирга бўлишга, у билан жинсий яқинлик қилишга имкони бўлатуриб, қўшилишдан нафсини тийгани, фақат қараш ёки силаш билан кифоялангани каби. Чунки, нафснинг ношаръий қўшилишдан тийилишга интилиши қалбни мунаввар қилади. Бу интилишнинг қалбни ёритишга таъсири назарни бегоналарга қаратиб, зулматларда адашиш таъсиридан шиддатлироқдир. Катта гуноҳдан сақланиш кичик гуноҳларга каффорат бўлишининг маъноси шудир. Нафс бегона аёлдан тийилар экан, агар бунга мижознинг сустлиги ёки бошқа ожизлик туфайли туғилган заруратлар сабаб бўлса, ёхуд жинсий яқинлашувга қодир бўлса-ю, бошқа бир муаммонинг хавфи зинога монелик қилса, гуноҳдан бу тариқа тийилиш асло каффоратга сабаб бўлолмайди. Кимки хамрни (маст қилувчи ичимлик) ичишга имкон берилганида ҳам оғзига олмаса-ю, лекин кўнглида унинг истеъмолига майл бўлса, бундай тийилиш кичик гуноҳларга, жумладан, куй-қўшиқларни тинглаш каби хамр ичишдан кичикроқ бўлган гуноҳларга каффорат бўлмайди. Бу ухровий ҳукмларнинг тафсилоти шаръий ҳужжат асосидагина ойдинлашади. Ваҳоланки, айнан шу вазиятлар учун қатъий ҳужжат ворид бўлмаган, балки хилма-хил лафзлар мавжуд.
 
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Намоз намозгача бўлган гуноҳларга каффоратдир. Рамазон рўзаси рамазон рўзасигача бўлган гуноҳларга каффоратдир. Лекин учта гуноҳ бундан мустасно: Оллоҳга ширк келтириш; суннатни тарк қилиш; келишувни бузиш. – Суннатни тарк қилиш қандай бўлади? - деб сўрашганида,  – суннатни тарк қилиш жамоатдан ажралишдир. Келишувни бузиш эса, аввал бир киши билан аҳдлашиб, кейин унга қарши қилич ўқталиб чиқишдир",- дедилар. Бунга ўхшаш лафзларнинг саноғи йўқ. Уларни битта доирада жамлаш мушкул. Демак, улар доимо мубҳам бўлиб қолаверади. Сен: "Гуноҳи кабирадан сақланган кишининггина гувоҳлиги қабул бўлади. Гувоҳликнинг қабул бўлишида кичик гуноҳлардан сақланиш шарт қилинмаган ва бу дунё ишларига боғлиқ ҳукмлар-ку?!" деб айтишинг мумкин. Билгилки, биз шаҳодатнинг рад қилинишини гуноҳи кабирага боғламаймиз. Куй-мусиқа асбобларини тинглайдиган, ипак матоларни киядиган, тилла узук тақадиган, олтин ва кумуш идишларда еб-ичадиган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Ҳолбуки, ҳеч бир имом бу ишларни гуноҳи кабира деб ҳукм этмаган. Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ дейдилар: "Агар ҳанафий мазҳабидаги бир киши набиз (маст қилувчи ичимлик) ичса, унга жазо тайин этаман. Лекин унинг гувоҳлигини қайтармайман". Демак, Имом Шофеъийга кўра, қайси гуноҳ учун жазо белгиланса, бу гуноҳи кабирадир. Лекин жазонинг белгиланиши гувоҳликни рад этмайди. Бу қараш яна шунга далолат қиладики, гувоҳликнинг рад ёки қабул бўлиши гуноҳнинг катта- кичиклигига боғлиқ эмас. Балки, барча гуноҳлар адолат мезонининг бузилишига олиб келади. Ғийбат, жосуслик, ёмон гумон қилиш, сўзларга ёлғон қўшиш, ғийбатни тинглаш, амри маъруф ва наҳйи мункарни тарк қилиш, шубҳали нарсаларни ейиш, фарзандлари ва хизматкорларини ҳақоратламоқ, танбеҳда ҳаддан ошиб, ғазабини босолмасдан уларни калтакламоқ, золим султонларга ҳурмат кўрсатиш, фожирлар билан дўстлашмоқ, яқинлари ва фарзандига диний ишлардан таълим беришда ялқовлик қилиш кабилар бундан мустасно. Булар шундай гуноҳларки, гувоҳлик берувчи киши бу гуноҳларнинг ози ё кўпидан холи бўлиши тасаввурга сиғмайди. 

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Тавба китоби» китобидан

Мақолани улашиш