Print this page

Шифобахш тавба ва гуноҳкорлик дардининг муолажа йўли

Шифобахш тавба ва гуноҳкорлик дардининг муолажа йўли

Билгилки, одамлар икки қисмга бўлинади:
Биринчиси, ёшлик бебошликларидан холи, ёмонликдан узоқ бўлиб, яхшиликда вояга етган йигит. У ҳақда Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ёшлик бебошликлардан холи бўлиб вояга етган йигитга Раббингиз ҳам ҳайратланади" (Аҳмад ва Табароний ривояти).

Бу жуда нодир ҳолат.
Иккинчиси, гуноҳ амаллардан холи бўлмаган кишилар. Булар гуноҳдан қайтмаганларга ва тавба қилувчиларга ажралади.
Билгил, тавба шифобахш доридир. Дарднинг ташхисини билмаган одам дардга нима даво бўлишини билмайди. Дори дардни келтириб чиқарувчи сабабларга зид бўлсагина давода маъно бўлади. Дарднинг давоси дардни келтириб чиқарувчи сабабларни йўқ қилишдан иборат. Бирор нарсани йўқ қилиш учун эса ўша нарсанинг зиддини юзага чиқармоқ зарур.
Гуноҳдан тийилмаслик дардининг сабаби – ғафлат ва шаҳват. Ғафлатнинг зидди – илм (огоҳлик), шаҳватнинг зидди – сабр, яъни, шаҳватга ундовчи сабабларнинг пайини қирқишга сабр билан чидашдир. Хатоларнинг боши ғафлатдир. Бу ҳақда айтилган:
"Оллоҳ ундай кимсаларнинг дилларини, қулоқларини ва кўзларини муҳрлаб қўйгандир. Улар ғофил кимсалардир. Шак шубҳа йўқки улар охиратда зиён кўргувчилардир" (Наҳл, 108-109-оятлар).
Тавба дориси илмнинг ширинлиги билан сабрнинг аччиқлиги қориштириб тайёрланган маъжундир. Бамисоли шакарнинг ширинлиги ва сирканинг нордонлиги жамланиб, исканжабин ҳосил бўлгани каби. Дори сифатида қориштирилган бу иккала модданинг ҳар бири муолажада битта мақсадга хизмат қилади: сафрони қўзғовчи сабабларни даф этади. Гуноҳдан тийила билмаслик дардига чалинган қалбнинг муолажасини ҳам шундай тушунмоқ керак. Демак, бу муолажанинг асоси иккита: илм ва сабр.
"Гуноҳдан тийила билмаслик дардини даволашда илмларнинг ҳаммаси ҳам фойдалими ё бунинг учун махсус илм керакми?" деган савол туғилса, билгилки, барча илмлар қалб дардига даводир. Лекин ҳар дарднинг ўз илми бор. Масалан, тиб илмини билиш барча касалликларнинг муолажасида фойда беради. Аммо ҳар бир иллат ўзига хос хусусияти билан бошқасидан фарқ қилади. Худди шунингдек, гуноҳдан тийила билмаслик дардининг ҳам ўзига хос хусусиятлари борки, уларни билмасдан туриб, бу касаллик ҳақида, унинг муолажаси билан шуғулланувчи илм тўғрисида сўз айтиш мушкул.
Келинг, тасаввур қилишга осон бўлиши учун бу илмнинг хоссаларини бадан касалликларига қиёсан кўриб чиқайлик.
Бемор бир неча сабабларни тасдиқ этишга муҳтож. Қуйида уларни келтирамиз.
1. Дард ва сиҳҳатнинг сабаблари бор. Киши ўз ихтиёри билан сабабларни яратувчи зот – Оллоҳнинг тартибига кўра ўша сабабларга боғланади. Бемор киши буни тасдиқ этишга муҳтож. Тиббиётга ишонч айни шу тасдиқдан келиб чиқади. Тиб илмига ишонмаган кимса муолажага маш-ғул бўлмайди. Натижада унга ўлим юзланади.
Мана шу қиёсга биноан айтадиган бўлсак, охират саодатига етишнинг бирдан бир сабаби – тоат, бадбахтликнинг сабаби эса, маъсият. Шариатнинг асосига иймон келтириш мана шудир. Хоҳ таҳқиқ, хоҳ тақлид йўли билан бўлсин, банда бу иймонга эга бўлмоғи лозим. Аслида бу йўлдаги таҳқиқ ҳам, тақлид ҳам иймон жумласидандир.
2. Бемор киши муаййан бир табибни танлаб, унинг тиб илмида билимдон, бераётган кўрсатма ва маслаҳатларида ишончли ва тўғрисўз эканига инонмоғи лозим. Негаки, тиббиётга ишониб, табибга ишонмаса, бу иймондан фойда йўқ. Келтирилаётган мисолимизнинг илоҳий воқеликдаги қиёси шундай: Муҳаммад алайҳиссалом Оллоҳ таолонинг ҳақиқий расулидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар битта айтган сўзлари ҳақ, уларда на ёлғон, на ихтилоф бор.
3. Бемор киши табибнинг огоҳлантиришини эшитмоғи лозим. Дейлик, табиб беморни мевалар истеъмолидан қайтарар экан, табиий равишда беморда меваларни еб қўйишдан чўчиш хавфи пайдо бўлади. Хавф кўпайиб боргани сайин, зарардан ҳимояланиш кафолати ҳам ортади. Бунинг диндаги қиёси шундай: мўмин киши Оллоҳнинг оятларини тинглайди, тақвога рағбат уйғотувчи гуноҳлардан ва кибр-ҳавога эргашишдан огоҳ этувчи хабарларга қулоқ тутади. Оят ва хабарлар орқали қулоғига қуйилган ҳар бир нарсани тасдиқ этади. Тасдиқ хавфни пайдо қилади, хавф сабрни кучайтиради. Сабр эса муолажанинг охирги устунидир.
4. Бемор дардига тегишли жиҳатлар хусусида ва нималардан, қандай сақланиш лозимлиги ҳақида табибнинг айтганларини диққат билан тингламоғи керак. Чунки, табиб бошиданоқ, қандай ҳаракат ва ҳолатлар, қандай таом ва ичимликлар зарар эканини беморга батафсил билдиради. Муолажада барча беморлар бир хил нарсалардан парҳез қилиши шарт этилган. Шунингдек, битта дардга дунёдаги ҳамма дорилардан даво изланмайди. Ҳар иллатни даволашнинг махсус илми ва дориси бор. Бунинг диндаги мисоли шундай: ҳар бир банда дунёда мавжуд шаҳват ва гуноҳларнинг барчасига мубтало бўлолмайди. Балки, ҳар мўминнинг ўзигагина хос гуноҳи ё гуноҳлари бор.
Шу билан бирга, мўмин киши бу ишларнинг гуноҳ эканини, уларнинг офатлари ва зарари миқдорини, уларга қай тариқа сабр этилишини ва қилинган гуноҳлар каффорати қандай бўлишини билмоққа муҳтождир.
Бу илмлар билан дин табиблари, яъни, пайғамбарлар вориси бўлмиш олимлар шуғулланадилар. Осий ўз исёнини англар экан, табибга мурожаат этиб, ундан дори сўрайди. Табиб ким? Албатта, уламо. Қачонки, осий ўз қилмишининг гуноҳ эканини англашга қодир бўлмаса, олим унга буни англатиши, ё шаҳар, ё маҳалла, ё масжид каби маълум ҳудудга масъул бўлмоғи шарт. Бу жой аҳлларини доимий равишда дин ҳукмларидан хабардор этиб турмоғи, зарарни ҳақиқий фойдадан, бадбахтликни асл саодатдан фарқлай билишни ўргатиб бормоғи керак. Сўраса, жавоб бераман, деб таблиғни (динни етказиш) узрсиз кечиктириш уламога ёт табиат. Одамларнинг олим томон боришларига олимнинг ўзи мутасаддидир. Негаки, олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир. Пайғамбарлар қавмини жаҳолатга ташлаб қўймадилар. Балки, даъватнинг илк кунларидан бошлаб, халқ орасига кириб, уларни ҳаққа чорладилар, ҳовлима-ҳовли юриб, одамларни ҳидоятга бошладилар. Чунки, қалби хаста кимсалар ўзларининг бемор эканини билмайдилар. Бамисоли, юзига оқ тушган киши ёнида ойна бўлмаса, то биров билдирмагунча, юзидаги оқни билмагани каби.
Демак, бу вазифа барча уламога фарзи айндир. Худди шу мақсадда султонлар ҳар бир қишлоққа, ҳар бир маҳаллага дин фақиҳини тайин этмоғи лозим. Негаки, халқ жаҳолатга ботган, фарзандлар жаҳолат ичра дунёга кел-япти. Уларни диннинг асли ва тармоқларидан хабардор қилмоқ керак.
Дунё бир беморхона, ер остида фақат ўликлар, ер устида эса, беморларгина бор. Қалби хасталанганлар жисми хасталанганлардан кўра кўпроқ. Олимлар табиб, султонлар эса, беморхона бошқарувчиларидир. Олимнинг муолажасини қабул қилмаган осийни ёмонликдан тийиб қўйиш султонга топширилади. Худди, табибнинг айтганига итоат қилмайдиган ёки жинни бўлиб қолган беморни ўзи ва ўзгаларга етадиган зарардан ҳимоялаш мақсадида кишанлаб қўйиш учун қаровчисига топширилгани каби.
Такрор айтамиз: қалб хасталиги жисм хасталигидан оғирдир. Бунинг учта сабаби бор. Биринчи сабаб шуки, бемор ўзининг бемор эканини билмайди. Иккинчи сабаб, қалб хасталигининг оқибати, жисм хасталиги оқибатига тескари ўлароқ, бу оламда юзага чиқмайди. Жисмоний хасталикнинг оқибати эса, ўлим экани ва инсон табиати ундан қочиши кундай равшан. Аммо ўлимдан кейинги нарсалар инсонга қоронғу.
Бинобарин, гуноҳларнинг оқибати қалбнинг ўлими билан натижаланади. Лекин бу ўлимни бу дунёда бу кўзлар билан кўриб бўлмайди. Қилмишларининг гуноҳ эканини билсалар-да, камдан-кам инсон гуноҳдан тийилади. Шунинг учун уларнинг қалб хасталигини Оллоҳга ҳавола этиб, ўзлари фақат баданий хасталиклар муолажаси билан банд бўлиб қолаётганини кўрасан.
Ҳа, қалб хасталиги муолажасини буткул Оллоҳга топшириб, баданий хасталик муолажасида эса, зинҳор Оллоҳга таваккул қилмаётганига гувоҳ бўласан.
Учинчи сабаб, қалб хасталигининг муолажаси оғирдир. Бу хасталикни табибсиз даволаб бўлмайди. Табиблар ким? Албатта, олимлардир. Афсуски, асримиз олимларининг ўзлари хасталикка чалиниб, ўзлари давога муҳтож бўлдилар. Олимларнинг бу нуқсони оммавий тус олган қалб хасталиги орасида кўринмай қолди. Ҳатто бу уларга тасалли бўлди. Натижада олимлар халқни чалғитдилар, дардни зиёда қиладиган дориларни уларга буюрдилар. Чунки, ўта ҳалокатли бўлган "ҳуббуд-дунё" (дунёни яхши кўриш) деб аталган ўлат чор тарафни эгаллаган эди. Бу дард табибларни ҳам тўла мағлуб қилди. Энди улар халқ-ни бу касалликдан огоҳ этишга қодир эмас эдилар. Нега? Чунки, ўзларига нисбатан ҳақли равишда шундай гаплар айтилишидан чўчирдилар: "Сизга нима бўлди? Ўзингиз бу дарддан қутулолмай туриб, яна бизга ундан қандай холос бўлиш йўлини ўргатмоқчимисиз?"
Шу сабабдан бу дард халқ орасида вабодек тарқалди, эмлаш йўллари кесилди, халқ табибларини тополмай, ҳалокатга юз тутди. Табиблар эса чалғитиш, адаштириш фанларини ўзлаштириш билан машғул. Кошки, улар насиҳат қилмасалар – алдамасалар эди! Кошки, улар ислоҳ қилмасалар – бузмасалар эди! Кошки, улар сукут қилсалар – гапирмасалар эди! Чунки, улар гапирсалар, уларнинг мавъизларини эшитган одамда дунёга рағбат, қалбларда дунёга мойиллик кучаяди. Бундай мавъизаларни тинглаш қулоққа ёқимли, табиат ҳам уларни осон қабул қилади. Натижада халқ бу ваъз мажлисларидан гуноҳларга журъатланган ва Оллоҳнинг фазлига ишончи ўта ортган ҳолда силжийди.
Қачонки, табиб нодон ва хоин бўлса, беморни ҳалокатга судрайди. Чунки, унинг дориси заҳар, даволаш йўли ундан ҳам баттар.
Қалб хасталигининг давоси иккита: хавф ва ражодир (умид). Кимда фақат хавф устивор бўлса, дунёдан тўла юз ўгиради. Тоқат қилиб бўлмас даражадаги юкни нафсига ортиб, ҳаётни унга танг этади. Бу киши хавф борасида ҳаддан ошган. Унга динда ражо ҳам борлигини эслатиб, ҳаракатларини тўғри ўзанга – мўътадил ҳолатга қайтариш лозим. Шунингдек, хоҳлагани ҳолда гуноҳлардан қайтмаётган, қилган гуноҳларини улуғ санаб, уларнинг кечирилишидан ноумид бўлаётган кишининг шифоси ҳам шу: умид дориси билан муолажа қилинади, тавбанинг қабул бўлишига умид уйғотилади. Шунда у шифо топиб, тавба сари қадам ташлайди. Лекин гуноҳ денгизига шўнғиган, бебош, мағрур кишиларга ражо дорисини қўллаб бўлмайди. Бу, бамисоли, иситмаси чиққан беморга асал бергандай гап. Нодон ва аҳмоқларгина бунга журъат қилади.
Демак, табибларнинг бузилиши ҳалокатга олиб борувчи бедаво дарддир.

Савол туғилиши мумкин: воиз халқ билан бирга бўлиши учун ваъз йўли қандай бўлмоғи керак?
Буни мухтасар изоҳлаб бўлмайди. Билгилки, гуноҳдан тийилмаслик, доим гуноҳ қилавериш – бир тугун. Бу тугунни ечишнинг ва одамларни гуноҳларни тарк этишга ундашнинг тўрт хил йўли бор.
Биринчиси, гуноҳкор ва осийлар қалбига хавф солувчи Қуръон оятларини зикр қилмоқ. Шунингдек, тегишли хабар ва асарларни келтирмоқ. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари каби: "Тонг отиб, кун ёришган ҳар саҳар, кун ботиб, шафақлар йўқолган ҳар кеча борки, унда икки фаришта тўрт хил овозда бир-бирига дейди: "Кошки, бу халқ яратилмаса эди!" Бошқаси дейди: "Кошки, улар яратилганларидан сўнг нима учун яратилганларини билсалар эди!" Яна бири дейди: "Кошки, улар нима учун яратилганини билганларидан сўнг, билганларига амал қилсалар эди!" (Дайламий ривояти)
Баъзи ривоятларда келади: "Кошки, улар илм мажлиси қуриб, билганларини бир-бирига эслатсалар эди". Бошқаси дейди: "Майли, улар билганларига амал қилмаган экан, кошки, қилган амалларига тавба этсалар эди".
Салафлардан бири дейди: "Ўнг томондаги фаришта чап томондаги фариштага амирдир. Банда гуноҳ қилиб қўйса, ўнг томондаги фаришта чап томондаги фариштага: "Олти соат ўтгунча гуноҳини ёзмай тур", деб буюради. Агар банда тавба қилиб, мағфират тиласа, гуноҳи амаллар дафтарига ёзилмайди. Агар истиғфор айтмаса, гуноҳи амаллар дафтарига битилади".
Яна шундай дейилади: "Қачонки, банда Оллоҳга исён қилар экан, бу осий банданинг оёғи остидаги ер уни ютиш учун Оллоҳдан изн сўрайди. Тепасидаги осмон ҳам парча-парча бўлиб, у осий  банданинг устига қулаш учун Оллоҳдан изн сўрайди. Шунда Оллоҳ таоло ер ва осмонга дейди: "Бандамни тинч қўйинглар, унга муҳлат беринглар. Чунки, уни сизлар яратмадинглар. Агар яратганларингда эди, албатта унга раҳм қилган бўлардинглар. Балки, ҳали у Менга тавба қилар. Шунда Мен унинг гуноҳини мағфират қиламан. Балки, у қилмишини солиҳ амал билан ювар. Шунда Мен унинг ёмонликларини яхшиликка алмаштираман".
"Албатта, Оллоҳ осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб – асраб турур. Аниқки, агар улар қуласалар, У зотдан сўнг (яъни, Оллоҳдан ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас" (Фотир, 41-оят).
Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Муҳр арш устунига осиғлиқдир. Қачонки, бандалар Оллоҳ чегаралаган ҳудуддан чиқиб, ҳаромни ҳалол дея бошласалар, Оллоҳ у муҳрни аршдан ерга индириб, қалбларни ичидаги сирлари билан бирга муҳрлаб ташлайди" (Ибн Адий ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Мужоҳид шундай ҳадисни келтиради: "Қалб очиқ кафтга ўхшайди. Худди бармоқлар битта-биттадан букилганда кафт ёпилгани каби қалб ҳам ҳар гуноҳ содир этилганида ёпилиб боради. Ҳатто охирида буткул бекилиб қолади. Мана шу қалбнинг муҳрланишидир" (Байҳақий ривояти).
Ҳасан Басрий айтади: "Банда ва Оллоҳ ўртасида гуноҳлардан иборат маълум чегара бор. Агар банда шу чегарага етса, Оллоҳ унинг қалбини муҳрлаб қўяди. Кейин у яхшиликка муваффақ бўлолмайди".
Гуноҳларнинг қораланиши ва тавба қилувчиларнинг мақталиши хусусида хабар ва асарлар кўп. Агар воиз ўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вориси деб ҳисобласа, унинг мавъизалари мана шундай хабарларга тўла бўлиши лозим. "Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олтину кумушни эмас, илм ва ҳикматни мерос қолдирди. Ҳар бир олим ўз даражасида бу меросга ворисдир" (Бухорий ривояти).
Гуноҳларни тарк этишга ундашнинг иккинчи йўли пайғамбарлар ва ўтмишдаги солиҳ кишилар ҳақида, гуноҳлари туфайли уларнинг бошига тушган мусибатлар хусусида ҳикоя қилишдир. Қалбларини титратиб, уларда чуқур из қолдирувчи бу ҳикояларнинг халқ учун манфаати катта. Масалан Одам алайҳиссалом ҳақидаги ҳикояга қулоқ тутайлик.
"Одам алайҳиссалом Оллоҳ манъ этган ўсимлик мевасидан еб қўйди. Шунда баданларини ёпиб турган жаннат зийнатлари уни тарк этиб, учиб кетди. Одам алайҳиссаломнинг аврати очилиб қолди. Гавҳар билан безалган тож унинг бошидан кўтарилишга ҳаё қилди. Жибрил алайҳиссалом келиб, Одам Атонинг бошидан тожни олди. Шу пайт арши аълодан нидо келди: "Иккалангиз (Одам ато ва Ҳаво момо) ҳам ҳузуримдан (ерга) тушинг. Кимки Менга исён қилса, Менга қўшни бўлолмайди". Ровий давом этиб, деди: "Мана энг аввалги гуноҳ! Мана унинг оқибати – бизни ҳабибимизга қўшничиликдан айирган, э воҳ!"
Мусо алайҳиссалом қиссасида келади: "Мусо алайҳиссалом Хизр алайҳиссаломдан сўради:
– Қайси ишинг туфайли Оллоҳ таоло сенга ғайб илмини билдирди?
– Оллоҳ таолони деб гуноҳларни тарк этганим учун, – деди Хизр алайҳиссалом".
Ривоят қилинади: "Шамол Сулаймон алайҳиссаломни борадиган манзилларига элтиб қўярди. Бир гал учиб борар эканлар, ногоҳон эгнига янги кўйлак кийгизилганини пайқаб қолдилар ва дилларидан, ажабо, наҳот, бу ишни шамол қилган бўлса-я, деган гумон ўтди ва шу заҳоти ерга "тап" этиб тушдилар. Шунда Сулаймон алайҳиссалом:
– Э, нима қиляпсан, мен сенга буни буюрмадим-ку? – дедилар шамолдан норози бўлиб.
– Оллоҳга итоат қилсанггина, сенга итоат қиламан, – деди унга шамол".
Ривоят қилинади: "Ёқуб алайҳиссаломга Оллоҳ таолодан ваҳий бўлди:
– Сенинг ва ўғлинг Юсуфнинг орасига нима сабабдан айрилиқ солганимни биласанми?
– Йўқ, билмайман? – деди Ёқуб алайҳиссалом.
– Айрилиққа Юсуфнинг оға-иниларига айтган: "Мен сизлар ғафлатда қолиб, уни бўри еб кетишидан қўрқаман" (Юсуф,13-оят), деган сўзларинг сабаб бўлди. Нега уни бўри еб кетишидан қўрқдинг-у, Менга умид боғламадинг? Юсуфни сенга нима учун қайтарганимни биласанми? – деди Оллоҳ таоло.
– Йўқ, билмайман? – деди Ёқуб алайҳиссалом.
– Чунки, сен Мендан: "Шоядки, Оллоҳ уларнинг барчаларини (Юсуф, Бинямин ва катта ўғилларимни) бағримга қайтарса" (Юсуф, 83-оят), – деб умид қилдинг.
Бунга ўхшаш ҳикоятлар жуда кўп. Уларнинг Қуръон ва хабарларда ворид бўлиши бежиз эмас. Биз бу воқеаларга жиддий эътибор қилмоғимиз, улардан ибратланмоғимиз лозим. Ахир, пайғамбарлар (уларга Оллоҳнинг саломи бўлсин) кичик гуноҳлари учун шунчалик уқубатларга солинган экан, катта гуноҳларга ботган бизнинг аҳволимиз қандай бўлади?! Ҳа, жазонинг охиратга қолдирилмасдан, шу дунёда берилиши пайғамбарларнинг саодатидир! Бадбахт кимсаларга эса, гуноҳлари янада зиёда бўлиши учун муҳлат берилади. Улар бу дунёда гўё бахт-ли, шодмон ҳаёт кечирадилар-у, аслида гуноҳга чуқурроқ ботиб, ўзларини дўзахга ўтин қилиш учун ҳозирлайдилар.
Демак, охират азобининг оғир ва шиддатли эканини эслатиш ҳам гуноҳдан тийилмаслик дардига даводир, тавбага олиб келувчи сабаблардандир.
Гуноҳларни тарк этишга ундашнинг учинчи йўли – бу дунёда гуноҳлар учун бериладиган жазонинг тез келишини инсонлар зеҳнида қарор топтириш. Чунки, банда мусибатга йўлиқар экан, албатта, бу унинг бирор жиноятига жазодир. Кўпинча, инсон ўзининг ҳаддан ортиқ нодонлиги туфайли охират ишига енгил қарайди, бу дунёдаги жазодан кўпроқ қўрқади. Демак, инсондаги мана шу хусусиятдан келиб чиққан ҳолда уни тавба томон буриш осонроқдир.
Довуд ва Сулаймон пайғамбарлар (уларга Оллоҳнинг саломи бўлсин) қиссаларида ҳикоя этилгани каби, гуноҳи туфайли банданинг ризқи танг қилинса, баъзан қалблардан жой олган мартабасини йўқотиши, душманлари уни эгаллаб олиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дейдилар: "Банда содир этган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади" (Ибн Можа, Ҳаким ривояти).
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу дейди: "Мен шундай ўйга келдимки, албатта, банда содир этган гуноҳи туфайли илмни унутади". Ибн Масъуднинг бу гапи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ким бир гуноҳ қилса, ақл ундан ажралади ва ҳеч қачон қайтмайди", деган сўзлари маъносига яқин.
Салафлардан бири дейди: "Лаънат юзнинг қаролиги эмас. Лаънат молдаги нуқсон ҳам эмас. Балки, ҳақиқий лаънат бир гуноҳдан шунга ўхшаш ёки ундан ҳам ёмонроқ бошқа бир гуноҳга ўтишдир".
Нақадар тўғри айтилган гап! Ҳақиқатан ҳам лаънат раҳмат даргоҳидан қувилиш, тавфиқ ризқидан маҳрум бўлишдир. Бу эса, энг катта маҳрумлик. Тасаввур қил: содир этилган битта гуноҳ инсонни иккинчи гуноҳга чорлайди. Шу тариқа гуноҳлар кўпайиб боради. Қарабсанки, банда гуноҳлари туфайли фойдали ризқдан – гуноҳлардан тўхташга сабаб бўлувчи олим ва солиҳлар мажлисидан маҳрум бўлади. Солиҳ кишиларнинг нафратига сазовор бўлгани учун Оллоҳ ҳам ундан нафратланади.
Ҳикоя қилинади: "Орифлардан бири балчиқ йўлда эҳтиёт бўлиб, тўнининг этагини йиғиштириб кетаётган эди. Қўққисдан оёғи тойиб йиқилди. Кейин ўрнидан турди ва тўғри балчиқнинг ўртасидан юриб кетди, сўнг йиғлаб: "Менинг бу ҳолатим доимо гуноҳлардан сақланиб, кутилмаганда бир ё иккита гуноҳни содир этиб, кейин гуноҳлар денгизига шўнғиган банданинг аҳволига ўхшайди", – деди. Бу воқеа гуноҳнинг жазоси бошқа гуноҳга тортилиш билан ҳам ҳосил бўлишига ишорадир. Шунинг учун Фузайл айтади: "Замоннинг эврилишидан, дўстларнинг бевафолигидан қилаётган шикоятинг гуноҳларингнинг сенга қолдирган меросидир".
Ўтганлардан бири айтган экан: "Эшагимнинг қайсарлигини гуноҳимга жазо деб биламан".
Яна бири деган: "Уйимдаги сичқонлар гуноҳимга жазодир".
Шомлик сўфийлардан бири ҳикоя қилади: "Бир куни кетаётиб, чиройли насроний болага кўзим тушди. Тўхтаб, унга ажабланиб қараб турган эдим, ёнимдан дамашқлик Ибн Жало ўтиб қолди. У менинг қўлимдан тортди, сал хижолат бўлдим. Кейин дедим: "Эй Абу Абдуллоҳ! Субҳоналлоҳ! Шундай чиройли юз, шундай мукаммал санъатнинг қандай қилиб жаҳаннам учун яратилганига ажабланяпман?" Шунда Ибн Жало қўлимни сиқиб, деди: "Бу ишингнинг жазосини сал кейинроқ, албатта, кўрасан". Дарҳақиқат, ўттиз йилдан сўнг бу қилмишимнинг жазосини олдим".
Абу Сулаймон Дороний дейди: "Иҳтилом ҳам жазодир".
Яна айтади: "Киши гуноҳи туфайлигина жамоат намозини ўтказиб юборади".
Хабарда келади: "Замондан нолишингизнинг сабаби амалларингизнинг бузилганидир" (Байҳақий ривояти).
Яна айтилади: "Оллоҳ таоло дейди: "Агар банда шаҳватини тоатимдан юқори қўйса, унга берадиганим энг кичик жазо – муножотим лаззатидан уни маҳрум қиламан" (Ғариб ҳадис, ровийи номаълум).
Абу Амр ибн Улвон ҳикоя қилади: "Бир куни намоз ўқиётиб, қиём ҳолатида турганимда қалбимни дунё истаклари чулғаб олди, орзу-ҳавасларга берилдим. Шунда дафъатан тиззаларим букилиб, жойнамоз устига ўтириб қолдим. Қарасам, баданимнинг ҳамма ёғи қорайган. Уч кунгача аъзои баданим ёниб, кўчага қадам босмадим. Шу уч кун ичида ҳаммомдан чиқмасдан, қорайган баданимни ювиш билан машғул бўлдим. Лекин ювганим сайин баданим баттар қораяр эди. Тўртинчи куни Жунайд Бағдодий мени ҳузурига чорлади. Мен ўшанда Ироқнинг Риққа шаҳрида, Жунайд эса Бағдодда эди. Унинг ҳузурига бордим. Жунайд мени кўриб деди: "Оллоҳнинг олдида туриб, нафсингни шаҳват билан қувонтиришга уялмадингми? Ҳатто, шаҳват сени тўла эгаллади, Оллоҳдан узоқлашдинг. Агар сен учун Оллоҳга ёлвориб, гуноҳингни кечиришини сўрамаганимда, Қиёматда мана шу қора юз билан Оллоҳга рўбарў бўлар эдинг".
Билгилки, банда гуноҳ қилса, қалб юзи қораяди. Агар у саодатманд бўлса, гуноҳдан тезроқ тийилиши учун ичдаги қоралик ташига чиқади. Агар у бадбахт бўлса, қоралик ичида яширин бўлиб, ўзи ҳам уни сезмайди. Натижада гуноҳга берилади, жаҳаннамга тушиши муқаррар бўлади.
Гуноҳларнинг бу дунёда қашшоқлик, хасталик ва бошқа офатларга сабаб бўлиши ҳақида келган хабарлар кўп. Киши гуноҳ содир этганидан сўнг шу гуноҳнинг сифатига эга бўлиши ҳам гуноҳнинг бу дунёдаги мусибатидандир. Негаки, киши нимага мубтало бўлса, бу унга жазо ва шу нарса уни гўзал ризқдан маҳрум қилади, бадбахтлик устига бадбахтлик келтиради. Агар бир неъматга етишса, бу неъмат унга тузоқ вазифасини ўтайди. Тузоққа илиниб, шукр неъматидан маҳрум бўлади, ҳатто нонкўрлиги учун жазоланади.
Оллоҳга итоат этган киши эса тоатнинг баракотидан кўп неъматларга эришади. Бу унинг ибодати ва шукронасига берилган мукофот. Унга юзланган ҳар бир бало гуноҳларига каффорат ва юксак мақомларга сабабдир.
Гуноҳларни тарк этишга ундашнинг тўртинчи йўли маст қилувчи ичкилик ичиш, зино, ўғирлик, одам ўлдириш, ғийбат, кибр, ҳасад каби гуноҳларнинг ҳар бири учун бериладиган жазоларни алоҳида-алоҳида эслатишдир. Чунки, эгасига айтилмаган гап, бамисоли, малҳамни жароҳатдан бошқа жойга суриш билан баробардир. Олим гўёки ҳозиқ табиб. Аввало, у беморнинг томир уришини ўлчайди. Ташқи ҳолатини кузатиб, ичдаги иллатларнинг ҳаракатини текширади. Кейин дарднинг муолажасига киришади. Олим ҳам инсон ҳолатининг аломатларига қараб, унинг яширин сифатларига назар солади. Кузатган нарсаларининг иллатини аниқлашда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашади.

Бир киши Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб: "Эй Оллоҳнинг расули, менга мухтасаргина насиҳат қилинг", деди. "Ғазабланма!" дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Яна бири деди: "Эй Оллоҳнинг расули, менга насиҳат қилинг". "Одамларнинг қўлидаги бойликдан умидингни уз. Асл бойлик шудир! Тамаъдан сақлан! Чунки тамаъ тайёр қашшоқликдир. Адо қилаётган намозинг видолашаётган одамнинг намозига ўхшасин. Ортидан узр сўраладиган ишлардан сақлан", дедилар Набий алайҳиссалом (Ибн Можа, Ҳаким ривояти).
Бир киши Муҳаммад ибн Восиъга:
– Менга насиҳат қилинг", –деди.
– Дунё ва охиратнинг подшоҳи бўлишга ҳаракат қил! – деб маслаҳат берди.
– Бунга қандай эришаман?"– деди у.
– Бу дунёда зуҳд билан машғул бўл,– деди Ибн Восиъ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввалги сўровчида ғазаб аломатларини кўриб, уни ғазабдан қайтарганлари ёки кейинги сўровчида одамлардан таъма қилиш ва орзу-ҳавасга мойилликни кўриб, бу иллатлардан огоҳлантирганлари каби, Муҳаммад ибн Восиъ ҳам сўровчи кишида дунёга ҳарисликни кўриб, уни зуҳдга ундади.
Муозга: "Менга насиҳат этинг", – деди бир киши. "Раҳмли бўлсанг, жаннатий бўлишинггга кафилман", – деди Муоз. Чунки у киши сўровчида қўполлик ва дилозорлик аломатларини сезгандай эди.
Сўровчининг ҳолатидан келиб чиқиб жавоб бериш жавоб берувчининг ҳолига кўра гапиришдан афзалдир.
Оллоҳ раҳматига олсин, Муовия: "Менга қисқагина насиҳат қилинг",– деб Оиша онамиз розийаллоҳу анҳога мактуб жўнатди. Оиша онамиз розийаллоҳу анҳо мактубида дедилар: "Оишадан Муовияга. Сенга Оллоҳнинг саломи бўлсин. Амма баъд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: "Кимки одамларнинг нафратига сабаб бўлса ҳам, Оллоҳ розилигини истаса, Оллоҳ уни одамларга муҳтож қилмайди. Кимки одамларнинг розилиги йўлида Оллоҳнинг ғазаби келадиган ишни хоҳласа, Оллоҳ уни ўша одамларга топшириб қўяди. Вассалом!" (Термизий, Ҳаким ривояти).
Қара, Оллоҳ рози бўлсин, Ойиша онамиз халқни бошқарувчи ҳокимларга юзма-юз бўладиган офатни қандай билдиряптилар! Бу офат нима? Халқнинг риоясини қиламан деб, уларнинг розилигини исташ.
Яна бир мактубда Оиша онамиз розийаллоҳу анҳо ёзиб юборган эдилар: "Оллоҳдан қўрқ! Чунки, Оллоҳдан қўрқсанггина, Оллоҳ сени одамларнинг ёмонлигидан сақлайди. Агар сен одамлардан қўрқсанг, одамлар сени Оллоҳдан етадиган биронта балодан қутқара олмас. Вассалом".
Демак, ҳар бир насиҳатгўй насиҳат сўраётган кишининг яширин сифатларига, унинг аҳволи руҳиясига жиддий эътибор қилмоғи лозим. Ана шунда унинг диққати муносиб ва муҳим нуқтага қаратилган бўлади. Чунки, шариатнинг барча жиҳатларини ҳар бир кишига тушунтиришнинг имкони йўқ. Қолаверса, насиҳат сўраган кишига ҳожати бўлмаган нарсаларни гапириш вақтни зоеъ қилишдан бошқа нарса эмас.
Агар воиз бутун жамоатга гапирса ёки кимдир ундан мавъиза қилишни сўраса-ю, у эса сўровчининг ботиний ҳолатини илғаб ололмаса, нима қилади?
Билгилки, бундай вазиятда бутун халқ ёки кўпчилик эҳтиёж сезадиган умумий мавзуда мавъиза қилинади. Шариат илмида озиқлар ҳам, дори-дармонлар ҳам бор. Озиқлар ҳамма учун, дори-дармонлар иллат эгалари учун. Битта мисол:
Бир киши Абу Саид Худрийга:
– Менга насиҳат қилинг, – деди.
– Улуғ ва қудратли зот Оллоҳга тақво қил! Тақво – барча хайрнинг боши. Нафсга қарши жиҳодни маҳкам тут! Жиҳод исломдаги роҳибликдир. Қуръон ўқи! Тиловат сен учун замин аҳли орасида нур, само аҳли орасида зикрдир. Фақат хайрни гапир, йўқса, сукут қил! Шундагина шайтонни мағлуб этасан, – деди Абу Саид Худрий.
Бир киши Ҳасан Басрийга: "Менга насиҳат қилинг", – деди. Шунда Ҳасан Басрий айтди: "Оллоҳнинг амрини азиз бил, Оллоҳ сени азиз қилади".
Луқмон ўғлига деди: "Эй ўғлим! Тиззангни олимлар тиззасига яқин тут, уларнинг мажлисларида бўл! Улар билан мужодала қилма, нафратига йўлиқасан. Дунёдан насибангни ол. Касб этиб топган нарсангнинг кўпроғини охиратинг учун сарфла. Дунёдан бутунлай юз ўгириб, кимларгадир ва кимларнингдир бўйнида юк бўлиб қолишдан сақлан. Тутган рўзанг шаҳватингни синдирсин. Агар намозингга  зарар етказса, рўза тутма. Чунки, намоз рўзадан афзалдир. Аҳмоқлар билан ҳамсуҳбат бўлма, иккиюзламачиларга аралашма".
Яна деди: "Эй ўғлим! Сабабсиз кулма, мақсадсиз юрма. ўзинг учун аҳамияти бўлмаган нарса ҳақида савол берма. ўз молингни зоеъ этма, ўзганинг молини ислоҳ эт. Охират учун ҳозирлаган амалинг – ўз молинг, эътиборсиз тарк этган амалинг ўзганинг молидир. Эй ўғлим! Ким раҳмли бўлса, раҳматга сазовор. Ким хомуш бўлса, омонлик унга ёр. Ким хайрни гапирса, давлатига давлат қўшилади. Ким ёмонликни деса, маъсият узра маъсиятга ботади..."
Бир киши Абу Ҳозимга: "Менга насиҳат қилинг", – деди. "Ўлим келган пайтда ғанимат бўладиган ҳар бир ишни ҳозир қилиб қол. Ўлим келганида сенга мусибат бўладиган ҳар қандай ишдан узоқлаш", деди Абу Ҳозим.
Мусо алайҳиссалом Хизр алайҳисаломга: "Менга насиҳат қил", – деди. "Табассумли бўл, ғазабнок бўлма! Манфаат етказувчи бўл, зарар берувчи бўлма. Ўжарликни тарк эт. Ҳожати бўлмаган ерга юрма, сабабсиз кулма. Хато қилганнинг хатосини юзига солиб, изза қилма ўзингнинг хатоларингга йиғла, эй Имроннинг ўғли!" – деди Хизр алайҳиссалом.
Бир киши Муҳаммад ибн Каррамга: "Насиҳат қилинг", – деди. "Нафсинг розилиги йўлида қанчалик ҳаракат қилсанг, сени яратган Зотнинг розилиги йўлида шунчалик ҳаракат қил", – деди унга Ибн Каррам.
Яна бир киши Ҳомид Лифофга: "Менга насиҳат қилинг, деди. "Қуръонни ғилофлаганинг каби динингни ҳам ғилофлаб ол, офатлар кири юқмасин", деди Ҳомид Лифоф. "Диннинг ғилофи нима?" – деб сўради ҳалиги киши. "Энг зарур нарсалардан бошқасида дунёни талаб қилмаслик, энг зарур ўринлардан ўзгасида кўп гапирмаслик, энг зарур вазиятдан бошқа пайтларда халққа аралашиб юрмаслик", – деди Ҳомид Лифоф.
Ҳасан Басрий Умар ибн Абдулазизга шундай маънода мактуб ёзди: "Оллоҳ қўрқитган нарсадан қўрқ. Оллоҳ огоҳлантирган нарсадан огоҳ бўл. Бугун қўлингда бўлган нарсадан эртангги йўлга озиқ ҳозирла. Ҳушёр бўл, ўлим хабари аниқ келади. Вассалом".
Умар ибн Абдулазиз насиҳат сўраб, Ҳасан Басрийга мактуб жўнатди. Ҳасан Басрий унга шундай насиҳат қилди: "Дарҳақиқат, олдингда улуғ қўрқинч ва даҳшатли ишлар турибди. Мушоҳада эт, ё нажот топасан, ё ҳалокатга юз тутасан. Билгилки, нафсини ҳисоб-китоб қилган одамнинг савдоси фойдали бўлди. Ким бундан ғофил қолди, савдоси касод бўлди. Амалининг оқибатига назар солган киши нажот топди, ҳавосига эргашган киши адашди. Ҳалимлик – бойлик. Оллоҳдан хавфи бисёр одам – хавфдан омон одам. Хавфдан омон одам ибратланувчидир. Ибратланган одам басират соҳибидир. Кимки басират эгаси экан, у фаҳмли зотдир. Фаҳмли зот Оллоҳни танувчи зотдир. Англа! Йўлдан тойган заҳоти, йўлга қайт! Пушаймонлик туғилган заҳоти, гуноҳлар ичидан суғурилиб чиқ. Билмасанг, сўра. Ғазаблансанг, ғазабингни бос!"
Мутарриф ибн Абдулазиз (Оллоҳ раҳматига олсин) Умар ибн Абдулазизга шундай мактуб ёзди: "Дарҳақиқат, дунё жазо уйидир. Ақли йўқ кимсалар дунё тўплайди. Илми йўқ кимсалар дунё билан ғурурланади. Эй мўминлар амири! Сен бу дунёда ўз жароҳатини даволаётган, дардининг оқибатидан қўрқиб, давонинг шиддатига сабр билан чидаётган киши каби бўл".
Умар ибн Абдулазиз, Оллоҳ ундан рози бўлсин, Адий ибн Артога шундай мактуб ёзди: "Албатта, дунё Оллоҳ дўстларининг душмани ва Оллоҳ душманларининг ҳам душманидир. Чунки, дунё Оллоҳнинг дўстларига ғам келтиради, Оллоҳнинг душманларини эса алдайди".
Умар ибн Абдуазиз волийлардан бирига шундай мактуб жўнатди: "Сен бандаларга зулм қилишга қодирсан, сенга шу имкон берилди. Агар бировга зулм этишга чоғлансанг, тепангда Оллоҳнинг қудрати борлигини эсла. Ёдда тут, одамларга етказган зулминг улардан кетади, аммо сенинг бўйнингда қолади. Улуғ ва қудратли Оллоҳ мазлумлар ҳаққини золимлардан олиб берувчи зотдир, вассалом!".
Демак, бутун жамоатга қилинадиган ёки сўровчининг ботиний ҳолати илғаб олинмаган вазиятдаги насиҳат мана шу тарзда баён этилмоғи жоиз. Бундай мавъизалар, бамисоли, кўпчиликка хуш ёқадиган таомларга ўхшайди, кўнгилга тегмайди, руҳга озиқ бўлади. Лекин, қани у воизлар?.. Афсус, насиҳатлар эшиги ёпилди, гуноҳлар кўпайди, фасод авж олди. Халқ турли-туман байтларни тизиб, қуруқ ваъзлар билан алжирайдиган беамал воизларга йўлиқди. Улар ўзлари кўтара олмайдиган юкни елкага олмоқчи бўладилар, бефойда чиранадилар, кимларгадир тақлид қиладилар. Сўзлари қалбдан чиқмагани учун қалбларга етиб бормайди, виқору салобатлари тез ўчиб кетади. Бу воизлар мақтанчоқ мутакаббир, уларга қулоқ тутганлар эса зўрма-зўраки тингловчилардир. Буларнинг ҳар  иккаласи ҳам ҳақиқатдан юз ўгирган, ҳақиқат карвонидан орқада қолган кишилардир.
Демак, бемор учун илк муолажа табибни излашдан бошланади. Гуноҳлар учун ҳам муолажанинг аввали уламо излашдир. Бу иш муолажанинг рукнларидан, унинг йўлларидан биридир.
Муолажа рукнларидан яна бири сабрдир. Бемор соғайишига зарар берувчи нарсаларни истеъмол қилгани учун ҳам хасталиги чўзилади. Ё ғафлат туфайли ёки шаҳват ғолиб келиб, зарарли нарсаларни истеъмол қилади. Юқорида айтилганлар ғафлатни даволаш йўли эди.
Баъзан беморнинг зарарли нарсаларни ейишга истаги кучли бўлади. Бу шаҳват натижасидир. Шаҳватни даволаш учун бемор тақиқланган нарсалардаги улкан зарарни ҳис қилмоғи, кейин уларни кўз ўнгидан йўқотиб, шу суратдаги, фақат зарари йўқ нарсалар билан овунмоғи, сўнгра одат бўлиб қолган зарарли нарсаларни тарк қилганида етадиган аламга сабр этмоғи лозим. Бунда унга қўрқинч қуввати таянч бўлади. Хуллас, ҳар қандай ҳолатда аччиқ сабр таъмини тотмоқ зарур.
Гуноҳларга бўлган шаҳват ҳам шу йўл билан муолажа қилинади. Масалан, шаҳвати ғолиб келган йигит кўзини, қалбини ва аъзоларини тийишга қодир бўлмайди, шаҳвати кетидан ҳаллослаб чопади. Қачонки, гуноҳ нелигини англаса, шу хусусда келган оят ва ҳадисларни ўқиса, гуноҳдан тийилади. Ўшанда унинг Оллоҳдан қўрқинчи кучайиб, шаҳватга ундовчи сабаблардан узоқлашади. Шаҳватга ундайдиган ташқи сабаб – хоҳлаётган нарсанинг ҳозир бўлиши ва унга назар солишдир. Бунинг муолажаси хоҳланаётган нарсадан қочиш, ундан чекиниш орқали амалга ошади. Баъзи ички сабаблар ҳам шаҳватга ундаши мумкин. Масалан, лаззатли таомларни тановул қилиш. Бунинг муолажаси очлик ва доимий рўзадир. Бунинг учун сабр талаб қилинади. Сабр эса хавфдан туғилади. Хавф илмни тақозо этади. Илм басират ва фикр, эшитиш ва тақлид орқали ҳосил бўлади. Бунинг учун киши, аввало, зикр мажлисларида доимо ҳозир бўлмоғи, қулоқ лағвдан фориғ бўлиб, фақат қалбдан тингламоққа одатланиши лозим. Шубҳа йўқки, фаҳмлаш тўлиқ бўлса, қўрқинч пайдо бўлади. Қачонки қўрқинч кучайса, сабр қилиш осонроқ кечади ва муолажани излашга сабаблар юзага келади. Албатта бу ҳаракатлар сўнгида Оллоҳ тарафидан бўладиган тавфиқ ва енгилликка эришилади. Кимки хавфни тинглай билса, хавфни ҳис қилади. Хавфни ҳис этган одам гуноҳлардан сақланади, савоб умидида  хайрли амаллар сари шошади, гўзал оқибатни, яъни жаннатни тасдиқ этади. Шунда Оллоҳ таоло унинг ишларини осон ва қулай қилиб қўяди. Кимки Оллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан бахиллик қилса ва ўзини Оллоҳ ҳузуридаги ажрдан беҳожат билса ҳамда гўзал оқибатни, яъни, Оллоҳ ваъда қилган жаннатни ёлғон деса, Оллоҳ уни бадбахтликка сабаб бўлувчи оғир йўлга осонгина йўллаб қўяди. Топган дунёлари уни абадий ҳалокатдан қутқара олмайди.
Ҳидоят йўлига чорламоқ пайғамбарлар зиммасида. Дунё ва охират Оллоҳникидир.
Шундай эътироз бўлиши мумкин: "Айтилганлардан келиб чиқадиган бўлсак, демак барча иш иймонга боғланган. Чунки, гуноҳни тарк этиш сабр билан, сабр хавфни англаш билан, хавф илм билан, илм гуноҳларнинг улкан зарарини тасдиқлаш билан ҳосил бўлади. Гуноҳларнинг улкан зарарини тасдиқлаш Оллоҳ ва Расулини тасдиқлаш, Оллоҳ ва Расулини тасдиқлаш эса айни иймондир. Лекин гуноҳ қилишда давом этаётган одам мўмин эмаслиги туфайли гуноҳдан қайтмаётган бўлса-чи?"
Билгилки, кишининг гуноҳдан қайтмаётганига иймонининг йўқлиги эмас, балки иймонининг заифлиги сабаб бўлади. Зеро, ҳар бир мўмин гуноҳнинг Оллоҳ таолодан узоқлаштирувчи ва охиратда жазога гирифтор этгувчи сабаб эканини тасдиқлайди. Аммо унинг гуноҳга ботишининг бир неча сабаблари бор:
Биринчиси, ваъда қилинган жазонинг ижроси ҳозир эмас, кейинроққа қолдирилгани, яъни, ғайб эканидир. Маълумки, инсон нафси нақд нарсадан таъсирланишга мойил. Яъни, нафснинг нақд нарсадан таъсирланиши ғойибда ваъда қилинган нарсадан таъсирланишига қараганда кучлироқдир.
Иккинчиси, гуноҳга ундовчи шаҳватлар доимо эгасига интизор, унга ошно тутингани ҳамоно бўйнидан қучиб олиши ва измига бўйсундирмагунича қўйиб юбормаслигидир.
Дарҳақиқат, кейин бўладиган ишлардан қўрқиб, ҳозир қўлида нақд бўлган нарсалардан айрилиш оғир. Оллоҳ таоло деди: "Йўқ, балки сизлар нақдни (дунёни) яхши кўрурсизлар" (Қиёмат, 20-оят): "Йўқ сизлар, дунё ҳаётини устун қўясиз" (Аъло, 16-оят).
Оллоҳ расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дейдилар:
"Жаннатнинг атрофи ёмонликлар билан, дўзахнинг атрофи шаҳватлар билан ўралгандир" (муттафақун алайҳ).
Оллоҳ таоло дўзахни яратиб, Жибрил алайҳиссаломга деди:
– Бор, жаҳаннамга қара! Жибрил алайҳиссалом жаҳаннамга боқиб:
– Улуғлигингга қасамки, жаҳаннам ҳақида эшитган биронта одам унга йўлолмайди. Кейин Оллоҳ таоло жаҳаннам атрофини шаҳватлар билан ўради ва Жибрилга:
– Бор, жаҳаннамга қара, – деди. Шунда Жибрил алайҳиссалом жаҳаннамга боқиб:
– Парвардигоро улуғлигингга қасам, энди бирор киши қолмасдан жаҳаннамга киришидан қўрқаяпман, – деди. Оллоҳ таоло жаннатни яратиб, Жибрилга деди:
– Бор, жаннатга бир қара! Шунда Жибрил жаннатга боқиб:
– Улуғлигингга қасамки, жаннат ҳақида эшитган одам, унга киришга шошилади, – деди. Кейин Оллоҳ таоло жаннат атрофини ёмонликлар билан ўраб, Жибрилга деди:
– Бор, жаннатга қара! Жибрил алайҳиссалом жаннатга боқиб:
– Эй қудратли Зот! Улуғлигингга қасам, энди бирорта одам унга киролмайди, деб қўрқаман, – деди (Абу Довуд, Термизий, Ҳаким ривояти).
Демак, шаҳватнинг бугун вақтни бой бермасдан ёпирилиши ва жазонинг эртага – охиратга қадар кечиктирилиши туфайли инсон мўмин бўлатуриб, бебошликка юз буриши мумкин экан. Масалан, бетоб пайтида муздек сувни ичиб қўйган ҳар бир кишини тиббиётнинг аслини инкор қиляпти, десак, тўғри бўладими! Ахир у, тиббиётнинг асли нари турсин, ҳатто совуқ сувнинг бетоб кишига зарар етказишини ҳам инкор қилмаяпти-ку? Начора, банда шаҳвати ғолиб келиб, шундоқ ёнида турган муздек сувдан ичиб қўяди, сал кейинроқ юзага чиқадиган оқибатларга ўша пайтда парво қилмайди.
Учинчиси, инсон табиатида "ҳали узоқ яшайман, умрим давомида тавбага улгураман" деган орзу-хаёлнинг мавжудлигидир.
Гуноҳкор мўмин кўпинча гуноҳдан тавба қилишга, ёмонликларни яхши амаллар билан ювишга азм этади. Чунки, у тавба туфайли гуноҳларнинг кечирилиши Оллоҳ тарафидан ваъда қилинганидан хабардор. Лекин табиатидаги "тавбага улгураман", деган ишонч уни алдаб қўяди, тавбани кечиктиришига сабаб бўлади. Иймон билан тавбани умид қилатуриб, гуноҳга йўналади.
Тўртинчиси, гуноҳлари авф этилишига ишониб қолиш.
Ҳақиқий мўмин доимо гуноҳларга бериладиган жазонинг афвга айланиб кетиши мумкинлигига ишонади. Шунга кўра, у гуноҳ қилар экан, Оллоҳ таолонинг фазлига суянган ҳолда улуғ ва ҳар ишга қодир Зот тарафидан бўладиган авфга кўз тикади.
Демак, иймонли бўлтуриб, гуноҳни давомли қилаверишнинг тўртта сабаби мана шулардир.
Ҳа, гуноҳкор баъзан бешинчи сабаб туфайли ҳам иймон асосига зарар етказади. Бу сабаб – пайғамбарларнинг ростгўй бўлганларига шубҳа билан қараш. Оллоҳ асрасин, бу иш куфрдир. Бамисоли, табиб беморни зарарли нарсаларни истеъмол қилишдан огоҳлантирса-ю, бемор бу огоҳлантирувчининг тиб олими эканига ишонмасдан, у ҳақда шубҳага борса бу ҳаракат беморнинг табибга нисбатан куфри деб эътибор қилиниши аён.
Гуноҳга ундайдиган бешинчи сабабнинг муолажаси қандай бўлади, деб сўралса, бунинг давоси фикрдир. Яъни, ўлимнинг оёқ кийими боғичидан-да яқинроқ экани ҳақида фикрласак, жазо кунининг узоқ эмаслигини ҳис этамиз. Огоҳ бўл, қиёмат соати яқин! Нафс эса тинимсиз дунё кетидан чопмоқда, кунлар зоеъ кетмоқда. Бугун ғамламасам, эртага оч қоламан деган хавф билан денгизлар оша сузиб, заҳмат чекмоқда. Арзимас фойдани кўзлаб, бебаҳо, боқий ганжни бой бермоқда. Агар битта насроний табиб беморга совуқ сув ичишнинг зарарли эканини, ҳатто бу иш ўлимга ҳам сабабчи бўлишини айтса, совуқ сувни қанчалик яхши кўрмасин, бемор уни ичмайди. Зотан, инсон ўлимдан кейинги нарсалардан қўрқмас экан, ўлим пайтидаги алам бир лаҳзадир. Инсон, албатта бир кун дунёдан ўтади. Ажабо! Инсоннинг дунёда мавжуд бўлиш муддати унинг азалу абад йўқолишига нисбатан нима деган гап?! Қара, табиблигини бирон мўъжиза билан исботламаган зиммийнинг (мусулмонлар ҳимоясида бўлган ғайримуслим) гапи билан инсон энг лаззатли нарсаларни қандай тарк қилаётганини кўрмайсанми!
Буни англаган инсон, шояд ўзига ўзи деса: "Оллоҳ берган мўъжизалар билан қувватланган пайғамбарларнинг сўзи табибликни даъво қилаётган, аслида табиблигига авом халқдан бошқа гувоҳи бўлмаган насронийнинг сўзидан паст бўлиши мумкинми? Наҳотки, шунга ҳам ақлим етмаган бўлса?! Дўзах азоби бу дунёдаги хасталик азобидан қандай енгил бўлиши мумкин? Ахир, охиратнинг бир куни бу дунёнинг эллик минг йили миқдорида эмасми?"
Мана шундай тафаккур билан банда нафсини ортиқча дунёвий лаззатлардан кечишга мажбур қилади. У дейди: "Саноқли кунлардан иборат умрнинг лаззатларини тарк этолмаётган эканман, уни абадул абад қандай тарк этаман? Сабрнинг аламига тоқат қилолмаётган эканман, дўзах аламига қандай чидайман? Агар ғаму роҳати, софлигию кири аралашган дунё зийнатлари мени шунчалик бехуд қилса, охират неъматлари олдида аҳволим қандай бўлади?"
Тавбани кечиктириш дардининг давоси ҳам фикрлаш билан амалга ошади. Масалан, дўзах аҳлининг кўпчилиги тавбани кечиктиргани учун фарёд қилиши ҳақида фикр қилган киши дарҳол тавбага келади. Тавбани кечиктирувчи одам ўзини гўё бу дунёда доимий қолмоқчидек тутади. Балки, у эртага бу дунёни тарк этар, балки тарк этмас. Лекин бугун тавба қилишга қодир бўлмаган киши эртага тавба қила оладими? Бугун уни тавбадан тўсган нарса шаҳватдан ўзга не бўлиши мумкин? Шу шаҳват эртага ҳам уни тавбадан тўсмаслигига ким гувоҳлик беролади? Йўқ, бу шаҳват ундан ажралмайди. Аксинча, эртага бу шаҳват унга маҳкамроқ ёпишади. Чунки, шаҳват одатланиш билан кучаяди. Одат билан мустаҳкамланган шаҳват бошқа шаҳватларга ўхшамайди. Тавбани кечиктирувчиларнинг ҳалокатига худди мана шу шаҳват сабаб бўлади. Улар ўхшаш нарсалардаги фарқни ажратадилару, лекин шаҳватларини тарк қилишда барча кунлар бир-бирига ўхшаш, машаққатларга тўла эканини англаб етолмайдилар.
Тавбани кечиктирувчиларни шунга ўхшатиш мумкин: Бир киши дарахтни илдизи билан қўпориб олиши лозим эди. Кўрдики, дарахт осонликча суғурилмайди, бунинг учун кўп машаққат сарфлаш керак. Шунда у: "Кел шуни янаги йил суғура қолай", деб бу ишни кейинги йилга қолдирди. Кейинги йил келиб кўрдики, дарахт олдингидан ҳам бақувват. Шундай қилиб, бу дарахт йилдан-йилга мустаҳкам бўла борди. У одам эса умр ўтган сайин заифлашиб, қувватдан қолди.
Дунёда бу одамнинг аҳмоқлигидан каттароқ аҳмоқлик борми? Қуввати борида заиф нарсага қарши турмади. Ўзини доимо кучли, у нарсани эса заифлигича қолади, деган гумонда бўлди. Оқибат, ўйлаганининг акси бўлиб чиқди, заиф кучга кириб, уни мағлуб этди.
Оллоҳ таолонинг кечиришига мунтазир бўлиб қолган кишининг мисоли, барча мол-дунёсини инфоқ қилиб, ўзи ва оиласини қашшоқлик гирдобига ташлаган, агар бирор харобадан хазина топса, шу билан Оллоҳ уларни ризқлантиришини кутаётган одамга ўхшайди. Демак, харобадан хазина топиш имкони қанчалик бўлса, авфга суяниб қолган кишининг кечирилиш имкони ҳам шунчаликдир. Бамисоли, тунда шаҳарни қароқчилар босишини кутиб, бутун бойлигини ҳовли саҳнида қолдирган одам каби. Ҳолбуки, уларни кўмишга ва яширишга қодир. Лекин буни қилмайди, ўзича дейди:

"Оллоҳ таолонинг фазлидан умидворман. Оллоҳнинг ўзи уларни ғофил қолдирар ёки у золим қароқчиларни жазолаб, ҳовлимга етиб келмайдиган қилар? Ёхуд ҳовлимга етиб келган тақдирда, лоақал эшигим олдида Оллоҳ уларнинг жонини олар? Ахир, улар ҳам ўлади, ғафлатга ботади, тунда бунга ўхшаш воқеалар содир бўлган-ку! Бас, мен ҳам Оллоҳнинг фазлидан мана шуни кутяпман".
Тўғри, бундай ишлар бўлиши мумкин. Лекин мазкур ҳолатда бундай йўл тутиш ўтакетган аҳмоқлик ва жаҳолатдир.
Пайғамбарларнинг ростгўй бўлганлари хусусида шубҳага бориш куфр экани аён. Бу иллатнинг муолажаси пайғамбарларнинг ҳақгўйлигини тасдиқловчи сабабларни ўрганиш билан ҳосил бўлади. Лекин у сабаблар шу даражада кўпки, уларни санаб чиқишнинг имкони йўқ.
Муолажанинг яна бири йўли: бу иллатни ақл доирасида озгина илм билан даволаш мумкин. Бундай хасталикка чалинган кишидан: "Оллоҳ мўъжизалари билан қувватланган пайғамбарларнинг айтганлари нотўғри бўлиши мумкинми? Ёки сиз бу ишни "бир пайтда кишининг икки жойда бўлиши имкондан ташқаридир", деган қарашингиз жумласига қўшиб қўясизми?" деб сўралади. Агар у: "Ҳа, буни ҳам шунга ўхшаш имконсиз иш деб биламан", деса, у аҳмоқларнинг энг аҳмоғидир. Агар: "Бу хусусда мен шубҳадаман", деса, айтилади: "Агар нотаниш бир киши сизга: "Ҳозир уйингдан чиққан пайтда, хонангга битта заҳарли илон ўрмалаб кириб, таомингни ялади", деса ва сиз бу иш бўлиши мумкинлигини билсангиз, таомни ейсизми ёки унинг гапига ишониб, гарчи жуда лаззатли бўлса ҳам, таомни тарк этасизми? Шунда у: "Албатта, бу таомни емайман. Чунки, у киши ёлғон гапирган бўлса, бой берадиган нарсам – ёлғиз шу таом. Бунга чидаш мумкин. Негаки очлик қийноғи қаттиқ бўлса ҳам, ўткинчи. Агар у киши рост гапирган бўлса-ю, мен заҳарли таомни есам, ҳаёт билан видолашишга тўғри келади. Бунинг алами қаттиқ, ўлим очликка сабр этишдан шиддатлироқдир", деса, унга айтилади: "Субҳоналлоҳ! Пайғамбарларнинг ҳар бир сўзи ҳақ эканини авлиё, уламо, ҳукамо ва барча ақл эгалари тасдиқлаб турса-ю, сиз бу тасдиқни орқага суриб, нотаниш ва айтганларида ўзгача ғараз бўлиши мумкин бўлган бир номаълум кишига ишоняпсиз? Охират кунига, яхши амалларга савоб, ёмон амалларга жазо берилишига ишонган одамнигина оқил дейиш мумкин. Агар сиз ёлғончига чиқарган пайғамбарлар ҳақгўй бўлиб чиқса, сиз мана шу ўткинчи, кир дунёнинг шаҳватларидан бошқа нарсани йўқотмайсиз".

Бундай фикрлаш, агар фикрловчи оқил бўлса, шубҳаларни кетказишга кифоя. Негаки, абадиятга нисбатан умр ҳеч нарса. Агар дунё донга тўлдирилса, бир қуш милён йилда бир дона еса, вақти келиб, бу донлар йўқолади, лекин абадиятдан ҳеч нарса камаймайди.
Шундай экан, нега оқил киши абадий саодат учун шаҳватдан нари борса, юз йил тийилмасин! Шунинг учун Абу Ало Аҳмад ибн Сулаймон Тануҳий Маарри дейди:
Мен дедим, ўлгандан сўнг тирилиш бор,
Мунажжиму табиблар қилди инкор.
Сўзингиз рост бўлса, менга не зарар,
Мен ҳақ бўлсам, сизнинг ҳолингиз душвор.
Оллоҳ рози бўлсин, Ҳазрати Али бу масаланинг моҳиятини фаҳмлашдан ақли ожизлик қилиб, шубҳага борган бир кишига деди: "Агар сенинг айтганинг рост бўлса, ҳаммамиз халос бўламиз. Агар акси бўлса, мен халос бўламан, сен ҳалок бўласан!"
Оқил киши барча ҳолатда хавфсиз йўлни танлайди.
Агар: "Бу хусусда фикрлашни тарк этган, бу иш уларга оғир келган қалб эгаларининг аҳволи қандоқ бўлади? Бу қалб эгаларини, айниқса, шариатнинг аслига ва унинг тафсилотларига иймон келтирган кишиларни мана шундай фикрлашга қайтариш учун нима қилиш керак?" деб сўрасанг, айтай. Билгилки, инсонни бундай хатодан икки нарса тўсади.
Биринчиси, фойдали фикр. Бу охират азоби, унинг шиддати ва даҳшатлари, абадий неъматдан маҳрум бўлган осийларнинг ҳасратлари ҳақидаги фикрдир. Қалб ундан қочади. Қалб ўйин-кулгу ва ҳузур-ҳаловатни янада зиёда қилиш учун дунё ишлари хусусида фикрлашдан лаззат олади.
Иккинчиси, тафаккурнинг дунё лаззатлари ва шаҳватларга бўйсунишдан тўсувчи машғулот эканидир. Инсон борки, ҳар бир ҳолатида, ҳар олган нафасида шаҳватга қуллик қилади. Ақл ҳам шаҳват измида. Ақл ҳийла тадбири билан банд, ҳар хил ҳийла билан шаҳватни юзага чиқариб лаззат олади. Фикр эса уни бундан манъ этади.
Бу иккала фикрдан тўсувчи иллатларнинг муолажаси қандай бўлади? Авваломбор, қалбга ўлим ва ундан кейинги нарсалар ҳақида фикрлашдан тўсиш нодонлик эканини англатмоқ лозим. У ўлим хавфини арзимас санаяпти-ю, лекин уни хотирлашдан қўрқяпти.

Ўлим ва ундан кейинги ҳолатлар тасаввурига дош беролмаяпти-ю, қандай қилиб ўлим келганида унинг шафқатсизликларига чидасин?
Фикр дунё лаззатларини кетказишга мажбур қилади ва охират лаззатларини бой бериш жуда катта йўқотиш эканини англатади. Чунки, охират лаззатининг сўнгги йўқ, унда кудурат йўқ, софлик бор. Дунёнинг ўткинчи лаззатлари эса тиниқликка бегона, ғам ва ғашликка қорилган қуйқадир.
Гуноҳлардан тавба этиб, тоатга юзланмоқ, Оллоҳ таолога мурожааат қилиб, лаззат топмоқ, Оллоҳнинг маърифати ва унсияти билан роҳатланмоқ нақадар гўзал! Оллоҳга тоат этувчи инсон амалига мукофот сифатида ибодат ҳаловатини, Оллоҳга қилаётган муножоти орқали якка-ю ягона Дўстини топади. Бу дунё саодати шундан ортиқ бўлмас. Агар бунга охират саодати ҳам қўшилса, нур устига нур!
Тўғри, тавбанинг аввалида лаззат бўлмайди. Лекин бирон муддат тавбага сабр қилгандан сўнг худди ёмонлик одат бўлгани каби яхшилик ҳам одатга айланади. Нафс нимага одатланса, уни қабул қилади, унга мослашади. Яхшилик одат, ёмонлик эса ўжарликдир.
Демак, бу фикрлар Оллоҳдан қўрқинч туйғусини уйғотади. Қўрқинч эса лаззатлардан тийилишга чидаш қувватини пайдо қилади. Бу фикрлар туфайли мавъизалар самимиятга йўғрилади, қалб бу фикрлардан ўзига хос эслатмалар ва ибратлар олади. Натижада бу фикр инсон табиатига мувофиқлашиб, қалб унга мойил бўла боради. Хайрга сабаб бўлган фикр билан инсон табиати орасида мувофиқлик пайдо бўлиши айни тавфиқдир.
Ривоят қилинишича, Аммор ибн Ёсир ҳазрати Алининг ҳузурида ўрнидан туриб деди:
–Эй мўминларнинг амири, бизга куфр ҳақида хабар беринг, куфр нимага асосланади?
–Куфрнинг тўртта асоси бор: жафо, амо (кўрлик), ғафлат ва шак. Ким жафога мубтало бўлса, яъни, шафқатсиз бўлса, ҳақни арзимас билади, ёлғонни ёяди, олимларга нафратини сочади. Кимки кўр бўлса, зикрни унутади. Ким ғафлатга берилса, ҳидоятдан чалғийди. Ким шубҳага юз бурса, орзу-истакларга алданади, ҳасрат ва надомат уни эгаллайди. Оллоҳ тарафидан унга сонсиз балолар юзланади, – деди ҳазрати Али розийаллоҳу анҳу.
Фикрдан чалғитадиган, кишини ғафлатда қолдирадиган баъзи офатларни баён қилдик ва бу айтилганлар тавба хусусида фикрлашимиз учун кифоя қилади.

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Тавба китоби» китобидан

Мақолани улашиш