Исрофнинг сабаблари

Исрофгарчиликка йўл қўйишнинг бир неча сабаблари бор. Келинг,  улардан баъзиларини эслаб ўтайлик.

  1. Исрофчининг исрофнинг барча кўринишларини ман қиладиган диний таълимотлардан бехабарлиги.

Исломий маърифати бўлмаган киши исрофнинг ҳақиқатини тушуниб етиши қийин. Исломда Қуръони Карим оятлари орқали, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари орқали, шариат таълимотлари ва улуғ зотларнинг насиҳатлари орқали исроф ҳақида тўлиқ тушунча берилади. Исрофнинг гуноҳ экани, унинг бу дунё ва охиратда ёмон оқибатларга олиб бориши мумкинлиги уқтирилади. 

Исрофчининг бу дунёдаги оқибати ҳасрат ва надоматдан иборат бўлиб, Қуръони Каримда бу ҳақда ҳам баёнот келгандир. Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

«Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма. Яна маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин» (29-оят).

Юқорида келтирилган оятда Аллоҳ таоло бандаларга исрофчиликка йўл қўймасликни амр этган эди, ушбу оятда эса пулу мол сарфи аслида қандай бўлиши кераклиги баён қилинмоқда.

«Қўлингни бўйнингга боғлаб олма».

Яъни «Бахил бўлма». Оятда бахиллик жуда ҳам ажойиб бир тамсил ила васф қилинмоқда. Қўлини бўйнига боғлаб олган одам ҳеч қачон ҳамёнига қўл сола олмайди ва ундан пул олиб, бировга нафақа бера билмайди. Демак, бахил одам «Кутилмаганда ҳамёнимга қўл солиб, бировга пул бериб юбормай», деб, қўлини бўйнига боғлаб олган кишига ўхшатилмоқда.

«Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма».

Яъни «Қўлингни бир йўла ёзиб, бор-йўғингни бошқаларга бериб, тугатиб ҳам қўйма».

«Яна маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин».

Ўйламасдан, исроф йўли билан борини беҳуда сарфлаб, сариқ чақасиз қолган одам маломатга учрайди. Уни ҳамма маломат қилади. Нотўғри ва ноўрин тасарруфини қоралайди. Шунингдек, вақт ўтгандан кейин, унинг ўзи ҳам қилган ишига пушаймон бўлиб, ҳасрат-надомат чекади. 

Исломда ҳар бир нарсани меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ва аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушириб қўйилмайди. Балки ўрта меъёрда адо этилади.

Исрофчининг охиратдаги оқибати аламли жазо ва шиддатли азоб бўлади.

Аллоҳ таоло Воқиъа сурасида марҳамат қилади:

«Ва чап тараф соҳиблари... Чап тараф соҳиблари недир?! Самум ва қайноқ сувдадирлар» (41-42-оятлар).

Оловли шамол – самум кишининг баданини ташқаридан тешиб ўтувчи шамолдир.

Қайноқ сув – ҳамим дўзахийларнинг баданини ичидан тешади. Чап тараф эгалари мана шулар ичида доимий азобда бўладилар.

«Қоп-қора тутун соясидадирлар... На салқин эмас ва на фойдали» (43-44-оятлар).

Аввалги оятларда таъкидланганидек, жаннатийлар «ёйилган соя»да роҳатланадилар. Жаҳаннам аҳли эса дўзахнинг салқини йўқ, фойда бермас қоп-қора тутуни соясида, азобларига азоб қўшилиб, жазоланар эканлар. Уларнинг бу улкан азобга дучор бўлишларининг сабаби нима?

«Албатта, улар бундан олдин маишатпараст эдилар» (45-оят).

Яъни улар дунё лаззатининг ортидан эргашиб, иймонни, диёнатни унутган, маишатпараст, исроф қилувчи тоифадан бўлган эдилар.

Исрофчи диний таълимотларни билмаслиги оқибатида мубоҳ нарсаларда ҳаддидан ошади, исроф даражасида овқатланишга ўтади, семириб кетади, бадани оғирлашади, иштаҳаси карнай бўлади, дангасалашади, бўшашади ва бемор бўлади. 

Бу борада ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу дейдилар: «Таом ва ичимликда қорин бандаси бўлманглар. Албатта, бу жасадни бузувчидир, касални келтирувчидир, намоздан қолдирувчидир. Сизлар бу икки нарсада тежамкор бўлинглар. Тежамкорлик жасад учун яхшидир, исрофдан узоқдир».

Исрофчи бўлмаслик, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳасрат-надоматга қолмаслик учун диний таълимотларни ўрганиб, улар асосида маиший маърифат ҳосил қилиш керак бўлади.

  1. Болаликдан исрофчи бўлиб ўсиш.

Баъзи ҳолатларда болалар исрофчи оилада туғилиб, исрофчилик шароитида ўсадилар. Бундай болалар исрофни табиий ҳолат деб тушуниб қоладилар. Албатта, улар катталарга эргашиб, улардан ўрнак олиб исрофчи бўладилар. 

Катталар доимий равишда аҳамият бериб, болаларнинг исрофга ўрганиб қолмасликлари учун зарур бўлган барча чора ва тадбирларни кўриб боришлари керак. Болаларни исрофдан узоқ ва тежамкорликка яқин қилиб тарбиялаш, вояга етказиш катталарнинг вазифасидир.

Ота-она фарзандига яхши ахлоқларни ўргатсин, уни ёмон болалардан сақласин, ўткинчи лаззатларга қизиқишга одатлантирмасин, зебу зийнатга ружу қўйишга қизиқтирмасин. Токи катта бўлганда зебу зийнат ортидан қувиб, умрини зое қилмасин.

Болада пайдо бўладиган салбий сифатларнинг аввалгиси таомга ўчликдир. Болада бу сифат шаклланиб қолмаслиги учун ота-она унга овқатланиш одобларидан таълим берсин. Баъзи вақтларда фақат нон ейишга одатлантирсин. Токи нонга бошқа нарсани қўшиб ейиш лозим, деган хаёлга бормасин. Шу тариқа ота-она фарзандига кўп овқат ейишнинг ёмонлигини сингдиради. Таомга ружу қўйиш, қорни тўйганини билмасдан, апил-тапил еявериш ҳайвонлар иши эканини тушунтиради. Бошқа ҳақиқатларни ҳам англатиб, болани исрофга йўл қўймайдиган қилиб ўстиради. 

  1. Дунё ҳаёти ўзгарувчан эканидан бехабарлик.

Дунёнинг ишлари доимо бир хилда турмаслиги собит ҳақиқатдир. Тўқлик очликка, бойлик камбағалликка, серобчилик қаҳатчиликка айланиб қолиши эҳтимоли бор. Банда тўқлик пайтида очликнинг, бойлик пайтида камбағалликнинг ва серобчилик пайтида қаҳатчиликнинг чорасини кўриб қўймоғи лозим бўлади. Бу эса исрофгарчиликка йўл қўймасдан, келажак учун жамғарма йиғиб қўйишни тақозо қилади.

Ҳозирги пайтдаги исрофгарчиликнинг кўпи ҳам одамларнинг дунё ҳаёти ўзгарувчан эканидан бехабарлиги оқибатида келиб чиқмоқда. Кўпчилик моддий имконияти яхшиланиши билан гўё абадий шундай бўлади, деган хаёлга бориб исрофга қўл урадилар. Эртага иш чаппасига айланиб қолиши мумкинлигини мутлақо хаёлларига келтирмайдилар. Кейинчалик «Мол топсак ҳам ақл топмаган эканмиз», дея афсус-надомат қилиб юрадилар.

  1. Торликдан кенгликка, қийинчиликдан осончиликка чиқиш.

Баъзи одамлар торликда, қийинчиликда яшаб юрадилар. Ўша вақтда тақдирга тан берадилар, тежамкор бўладилар. Аммо торликдан кенгликка, қийинчиликдан енгилликка чиқишлари билан исрофчиликка ўтиб кетадилар. Бундай маърифатсиз одамлар «Вақтида сабр қилганмиз, энди бир маза қилиб яшайлик», қабилида иш тутадилар ва ўзларига исрофчиликни эп кўрадилар. Бу эса мутлақо нотўғри ишдир. Исрофчилик бундай кишиларнинг тезда яна аввалги торлик ва қийинчилик ҳолига қайтишларига сабаб бўлиши мумкин.

  1. Исрофчилар билан ҳамсуҳбат бўлиш.

«Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади», деган гап бежиз айтилмаган. Исрофчиларга яқин юрганларга бу номаъқул одатнинг салбий таъсири бўлиши турган гап.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам  дедилар:

«Киши дўстининг динидадир. Бирингиз кимга дўст бўлишига назар солсин».

Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Мусулмон инсон гўзал сифатли кишиларни ўзига дўст тутишга одатланиши лозим. Дўст дўстдан таъсирланиши, агар ихтиёр қилинган дўст исрофчи бўлса, аста-секин унга дўст бўлган шахсга ўз таъсирини ўтказиб, унинг ҳам исрофчи бўлиб қолишига сабаб бўлиши шубҳасиздир.   

  1. Манманлик ва шуҳратпарастликни яхши кўриш.

Манманлик ва шуҳратпарастликни яхши кўриш кўп ҳолатларда исрофчиликка сабаб бўлади. Баъзи мақтанчоқ кишилар одамларнинг кўзига сахий бўлиб кўриниш ниятида риё ва мақтанчоқлик ила мол-мулкларини исроф даражасида сарфлашга ўтадилар. Бундай одамлар атрофдагиларнинг мақтовига эришиш учун пулларини орқа-олдига қарамай сарфлайдилар. Шуҳрат кетидан қувиб, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишларни қилишдан ҳам тап тортмайдилар.

  1. Бошқаларга эргашиш ва тақлид қилиш.

Исрофгарчиликнинг энг катта сабабларидан бири айнан мана шу банддаги гапдир. Маърифатсиз одамлар кимўзарга исроф қилишни ўзларига касб қилиб оладилар. Бундай тоифаларнинг ичида «Фалончи ундай қилибди, мен ундан ўтказмасам, исмимни бошқа қўяман», шиори баланд кўтарилган бўлади.  Исрофчиликка олиб келадиган «Фалончи бундай қилибди, мен ҳам қиламан», қабилида иш тутиш ҳозирги кунда кенг тарқалган хунук одатлардан бири десак, муболаға қилмаган бўламиз. 

 

исрофнинг зарарларидан баъзилари

– Исроф Аллоҳ таолонинг ғазабини жалб қилади.

– Исроф иймоннинг мукаммаллигига хилофдир.

– Исроф бузғунчиликда шайтонга ўхшашдир.

– Исроф молу мулкни зое қилиб, фақирликка юз тутишдир.

– Исроф фойдасиз зое бўлган нарсага ҳасрат ва надоматдир.

– Исроф жамиятга бебошвоқлик, жиддийликдан ва жудду жаҳддан узоқлик келтиради.

– Исроф жамиятни бошқаларга боқиманда бўлишга ва ўз вазифасини бажаришдан ожиз қолишга олиб келади.

– Исроф шайтонга итоат ва Раҳмонга маъсиятдир.

– Исроф жаннатдан узоқлаштириб, дўзахга яқинлаштиради.

– Исрофчи шайтоннинг биродаридир.

– Исроф жоҳилиятга ва унинг қабиҳ одатларига қайтишдир.

– Исроф жирканч фахрланишдир.

– Исроф мол-мулкка талафот етказиш ва уни зое қилишдир.

– Исроф ўз эгасини камбағалликка олиб боради.

– Исроф ўз эгасини халқ олдида хор қилади.

– Исрофчи ҳиқду ҳасадга гирифтор бўлади.

– Исроф ҳавойи нафсга эргашишдир.

– Исроф ҳақдан узоқлашишдир.

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

 (Исроф китобидан)

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин

 

САВОЛ БЕРИШ