Ўлим қандай эсланади?

СЎНГГИ МАНЗИЛЛАР КИТОБИ
 БИРИНЧИ ҚИСМ


Не-не баҳодирларни ер тишлатган, қанчадан-қанча кисроларни яксон этган, ўлимни мутлоқ унутган қайсарларнинг орзу-умидларини йўққа чиқарган зот — Оллоҳга ҳамд бўлсин. Дарҳақиқат, «дунёга устунман» деган сонсиз баҳодирларга, кисрою қайсарларга ваъда ҳақ бўлди. Оллоҳ уларни тубсиз чоҳга қулатди. Бас, улар қасрлардан қабрларга, нур балққан бешиклардан қопқоронғу гўрларга кўчдилар, аёллар ва болаларни эркалаш лаззатидан маҳрум бўлиб, ҳашарот ва очофат қуртларга ем бўлдилар.

Таом ва шароб неъматидан кесилиб, қаро тупроққа қорилдилар. Улфатларнинг ҳузурбахш базмидан узилиб, даҳшатли ёлғизлик, сўнгсиз безовталик ичра қолдилар. Айтинг-чи, дунёда ўлимдан сақлайдиган бирор қалъа ёки куч борми?! Бор бўлса, у билан ҳимояланинг, қани, ўзингизни ўлимдан тўсиб кўринг-чи! «Биз улардан илгари ҳам анча авлодни ҳалок қилганмиз. Сиз улардан бирортасини кўрурмисиз ёки овозларини эшитурмисиз?!» (Марям, 98-оят). Буюклик ва қудратда ягона бўлган Оллоҳ ширк ва нуқсон кирларидан покдир. У зот бақонинг эгаси, Ундан ўзгаси фанодир. Боқий зот фонийларга бахт ато этди. Ўлимни муттақийлар учун нажот ва учрашув ваъдалашилган манзил қилди. Қабр эса бадбахтлар учун зиндон, то яхшилик ёмонликдан ажраладиган жазо кунигача тор ҳибсхона бўлди. Барча неъматларни ато қилгувчи – Оллоҳ, сўнгсиз қаҳр билан интиқом олувчи ҳам Оллоҳ. Осмонлару ерда У зотга шукрлар кўп. Аввалу охир У зот учун ҳамдларга тўла! Очиқ мўъжизалари билан бани Одам ичра мумтоз жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга, унинг аҳли байтлари ҳамда асҳобига саловоту саломлар бўлсин! Ўлим – қисмати, қабр – қароргоҳи, тупроқ – тўшаги, Мункар ва Накир – суҳбатдоши, қурт-қумурсқалар – улфати, ер ости – хосхонаси, маҳшаргоҳ – ваъдалашган жойи, жаннат ё дўзах – сўнгги манзили бўлган ҳар бир кишининг фикру зикри – ўлим, тадбиру тадориги ҳам ўлим учун бўлиши табиий. Унинг бутун диққат эътибори ўлимга қаратилган, қўрқинч ва қувончи ҳам ўлимдан, у ўлимга мунтазир. У нафсини ўликлар қаторида санаб, ўзини қабрда кўради. Чунки келувчи нарса доимо яқин, келмайдигани эса узоқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, дедилар:  «Нафсини тергайдиган ва ўлимдан кейинги ишларни ўйлаб амал қиладиган киши асл зийракдир». Қалбда неки кўп ёд этилса, у нарсанинг келишига ҳозир туриш осон кечади. Ниманидир қайта-қайта эслаб туриш учун эса, уни эсга солувчи ишоратларга доимо диққатни қаратиш, унга рағбат уйғотувчи нарсалар хусусида жиддий мулоҳазани тарк этмаслик лозим. Келинг, ўлим ва унга боғлиқ масалалар хусусида тўхталайлик. Ҳа, банда ўлим ва у билан боғлиқ жиҳатларни такрор-такрор эсламоғи, тафаккур ва басират билан бу манзараларни хотирида доимий қарор топтирмоғи керак. Чунки бу ўй ва зикрлар бандани оғир сафарга тайёрлайди, доимий сафарбарликка ундайди. Жўнаш вақти яқин, умрдан оз қолди, халқ эса, бундан ғофил: «Одамларга ҳисоб-китоблари яқинлашиб қолди. Улар эса, ғафлатда, (иймон келтириб, яхши амаллар қилишдан) юз ўгиргувчидирлар» (Анбиё сураси, 1-оят).

 
I БОБ СЎНГГИ МАНЗИЛ ЁДИ

 Билинг! Дунёга муккасидан кетган, унинг алдовларига ишониб, шаҳватлар оғушида қолган кишининг қалби, шубҳасиз, ўлимни эслашдан  ғофил, бу неъматдан бебаҳрадир. Бундай одам ўлимни эсга олишни ёқтирмайди, бундан қочади. Оллоҳ таоло дейди:  «Айтинг: «Сизлар қочаётган бу ўлим, албатта сизларга йўлиққувчидир. Сўнгра сизлар ғайбу шаҳодатни билувчи Зотга қайтарилурсизлар. Бас, У зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур!» (Жумъа сураси, 8оят). Демак, одамлар уч хил бўлади: - дунёга муккасидан кетганлар; - тавба йўлига кирганлар;  - камолга етган орифлар. Дунёга муккасидан кетган киши ўлимни эсламайди. Эслаган тақдирда ҳам дунёси қолиб кетаётганига афсус қилиб, бунга ўлим сабабчи бўляпти, деган бемаъни хаёлга боради. Ўлимни бу тарзда эслаш яқинлик ҳосил бўлишига эмас, балки Оллоҳдан узоқлашишга сабаб бўлади. Тавба йўлига кирган киши ўлимни кўп эслайди. Эслагани сайин қалби қўрқинчу истиғфорга, вужуди хушуъ ва хузуга лиммо-лим тўлади. Тўғри, у баъзан ўлим қўққис келиб, тавба тамомига етмай, охират озуғи ғамланмай қолишидан чўчиб, ўлимни хоҳламайди. Лекин унинг бу ҳолати узрли. Шунинг учун ҳам у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисида айтилган кишилар жумласига кирмайди: «Ким Оллоҳ билан учрашишни хоҳламаса, Оллоҳ ҳам у билан учрашишни хоҳламайди» (Абу Ҳурайра  ривояти, муттафақун алайҳ). Чунки, тавба йўлига кирган одам Оллоҳнинг дийдори ва ўлимдан қочмайди. Балки ўзининг қуср ва нуқсонлари сабаб, Оллоҳ дийдорига етиш каби буюк неъматни бой бериб қўйишдан хавфсирайди. Гўё у суюклиси рози бўладиган учрашувга тайёрланиш билан машғул бўлиб, висолга кечикишдан чўчиётган кишига ўхшайди. Висолга кечикишдан чўчиш эса висолни хоҳламаслик эмас.
 
Хуллас, тавба йўлига кирган кишининг аломати шуки, у ҳамиша ўзини ўлимга ҳозирлайди, бу унинг доимий машғулотига айланади. Кимки шундай эмас экан, демак, у дунёга муккасидан кетганлар жумласидандир. Ориф киши ўлимни узлуксиз эслайди. Негаки, у яхши билади: ўлим суюкли Зот ҳузурига илк қадам, дийдорлашув ваъдалашилган манзил. Ҳабиб маҳбубининг висол ваъдасини асло унутмайди. Кўпинча, ориф зот осийлар уйи бўлмиш ушбу исёнли дунёдан батамом қутулиб, бутун оламлар Парвардигорига  яқин бўлиш учун ўлимнинг келишини интизорлик билан кутади. Оллоҳ рози бўлсин, Ҳузайфадан ривоят қилинади, ўлим онлари яқинлашгач, у деди: «...Эй Оллоҳ! Агар мен учун қашшоқлик бойликдан, хасталик соғликдан, ўлим ҳаётдан афзал бўлса, ўлимни менга осон қил, ҳузурингга тезроқ етай». Демак, тавба йўлига кирган кишининг ўлимни хоҳламаслиги узрли бўлганидек, орифларнинг ўлимни соғиниши ҳам узрли саналади. Лекин энг аълоси – ишни буткул Оллоҳ таолога ҳавола этишдир. Бу ҳолатга кирган кишида на ўлим ва на ҳаётни танлаш ихтиёри бор. Балки Мавлосига нима суюклироқ бўлса, ўша нарса унинг учун авлодир. Бу ҳол тараққийси чуқур муҳаббат ва яқинлик билан энг сўнгги чегара – таслим ва ризо мақомига етади. Ҳар қандай ҳолатда ўлимни эслаш савоб ва фазлга дахлдор. Ҳатто дунёга муккасидан кетган киши ҳам ўлимни эслаганида дунёдан тийилади. Бора-бора дунё неъматлари унинг меъдасига уради, дунё лаззатларида тот қолмайди. Демак, инсон қалбини дунё лаззатлари ва шаҳватдан халос этувчи ҳар қандай нарса охират саодатига сабаб бўлади.
 
Охирни эслашнинг фазилати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Лаззатларни мағлуб этадиган нарсаларни кўп зикр қилинглар» (Абу Ҳурайрадан Термизий, Насоий, Ибн Можа ривояти).  Яъни ўлимни кўп эслаш билан лаззатлар қасрини бузинг. Шунда, шаҳватларга бўлган майлингиз сўнади, Оллоҳ таолога яқин бўласиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:  «Агар ҳайвонлар ҳам одам фарзандлари даражасида ўлимни англаганларида эди, уларнинг семизини емаган бўлар эдинглар» (Байҳақий ривояти). Оиша розийаллоҳу анҳо Пайғамбаримиздан сўради:  – Эй Расулуллоҳ, маҳшарда шаҳидлар билан бирга тириладиган киши ҳам бўладими?  – Ҳа, бир кеча-кундузда ўлимни йигирма маҳал ёд этган банда шаҳидлар билан бирга тирилади,–дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. Демак, сўнгги дамни эслаш шундай фазлки, бандани охиратга тайёрлайди, ёлғон дунёдан узоқлаштиради. Бундан ғофиллик эса, дунё шаҳватларига муккасидан кетишга ундайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:  «Ўлим мўминга туҳфадир» (Абдуллоҳ ибн Умардан Ибн Абу Дунё, Табароний ва Ҳоким ривояти). Дарҳақиқат, дунё мўминнинг зиндони. Мўмин киши бу зиндонда нафс шафқатсизликларидан озор кўради, шаҳватлар юки остида шайтон ҳужумларидан азият чекади. Дунё тарки уни ўша азоблардан озод этади. Бу озодлик эса, мўмин учун туҳфадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ўлим ҳар бир мусулмонга каффоратдир» (Анас розийаллоҳу анҳудан Байҳақий ривояти).  Яъни, ҳақиқий мусулмон шундай содиқ мўминки, мусулмонлар унинг тили ва қўлидан озор кўрмайди. Гарчи кичик гуноҳлардан ҳали покланмаган бўлса-да, мана шу нуқтада мўминлар ахлоқи юзага чиқади, ўлим уни поклайди. Модомики, фарзларни адо қилиб, катта гуноҳлардан сақланган экан, ўлим унинг кичик гуноҳларига каффорат бўлади. Ато ал-Хуросоний деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суҳбатлашиб ўтирган бир тўп одамлар ёнидан ўтаётиб, кулгу товушини эшитдилар ва уларга: – Мажлисларингизга дунё лаззатларини аритадиган зикрни қўшинглар, – дедилар. –Лаззатларни нима аритади? – деб сўрашди. –Ўлим, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» (Анас розийаллоҳу анҳудан). Анас розийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: «Ўлимни кўп эсланглар. Чунки у гуноҳлардан поклайди, дунёдан тийилишга ундайди» (Ибн Абу Дунё ривояти). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ўлим насиҳатланишга кифоядир» (Табароний ва Байҳақий ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга чиқаётиб, суҳбатлашиб, кулишиб ўтирган одамларни кўриб дедилар: «Ўлимни эсланглар! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар менинг билганларимни билганларингда, камроқ кулиб, кўпроқ йиғлаган бўлар эдинглар» (Ибн Абу Дунё заиф иснод билан Ибн Умардан ривоят қилган). «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир кишини эслашиб, уни роса мақташди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: – Дўстингиз ўлимни ҳам эслаб турармиди? – деб сўрадилар. –Ўлимни эслаганини ҳеч эшитмадик, – дейишди. –Демак, дўстингиз сизлар айтгандай эмас экан, – дедилар Оллоҳнинг расули» (Анас розийаллоҳу анҳудан Ибн Абу Дунё заиф санад билан чиқарган). Оллоҳ рози бўлсин, Ибн Умар дедилар: «Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келдим. Шунда ансорлардан биттаси сўради: –Эй Оллоҳнинг расули! Одамларнинг энг закийи ким? –Ўлимни кўп эслайдиган, унга жиддий ҳозирлик кўрадиган кишилар. Ана ўшалар дунё шарафига ва охират кароматига ноил бўлган заковат эгаларидир» (Ибн Можа ривояти). Ҳасан Басрий ҳазратлари айтадилар: «Ўлим дунёнинг борини ошкор этди. Ақли борлар учун дунёнинг қувончи қолмади». Робеъ ибн Хасим дейдилар: «Мўмин киши интизорлик билан кутадиган ғойиб нарсаларнинг яхшироғи ўлимдир».
 
Аҳли донишлардан бири биродарига шундай мазмунда мактуб ёзган экан: «Эй биродарим! Ўлимни қанча орзу қилсанг ҳам ўлиб бўлмайдиган дунёга кетишдан олдин мана шу дунёда ўлимдан огоҳ бўл!» Айтишларича, ўлим зикр қилинганда Ибн Сириннинг  ҳар бир туки хавфдан титраб кетарди. Умар ибн Абдулазиз ҳар кеча фақиҳларни жамлаб, ўлим, қиёмат, охират қўрқинчларини ёдга олишар, гўё олдларида бир тобут тургандек йиғлашарди. Иброҳим Таймий дейдилар: «Икки нарса мени дунё лаззатидан узади: ўлимни эслаш ва Оллоҳнинг олдида туриш». Каъб айтадилар: «Ким ўлимни англаса, унга бу дунёнинг мусибатларию машаққатлари арзимас бўлиб қолади». Мутарриф: «Худди тушда бўлаётгандек эди: Басрадаги масжиднинг ўртасида бир одам: «Оллоҳдан қўрқувчи қалблар ўлимни эслашдан тўхтаса, Оллоҳга қасамки, албатта, улар ҳушдан айрилади», деб қичқирар эди», дея ҳикоя қиладилар. Исо алайҳиссалом ўлимни эслаган пайтларида териларидан қон томиб турар экан. Довуд алайҳиссалом ўлим ва қиёматни эслаганларида, йиғлаб, ҳушларидан кетар эдилар. Оллоҳнинг раҳматини эслаганларида, ўзларига келардилар. Умар ибн Абдулазиз олимлардан бирига: –Менга насиҳат қилинг, – дедилар. –Ўлим сари бораётган биринчи халифа эмассан, – деди у. –Яна насиҳат қилинг, – дедилар амирул мўминин. –Одам алайҳиссаломдан то ота-боболарингга қадар бирор киши йўқки, ўлим шарбатини тотмаган бўлса. Энди сенинг навбатинг келяпти. Кейин Умар ибн Абдулазиз йиғладилар. Робеъ ибн Хасим ҳовлиларида қабр қаздириб қўйган эдилар. Ҳар куни бир неча марта лаҳадга кириб ётар, шу йўл билан ўлимни доимий ёдда тутар ва: «Агар қалбим бир соат ўлимни унутса, фасод бўлади», дер эдилар. Мутарриф ибн Абдуллоҳ ибн Шухайр дейдилар: «Ўлим ҳар қандай дунё неъматига завол етказувчидир. Бас, безавол неъматларни изланг!» Умар ибн Абдулазиз Анбасага: «Ўлимни кўп эсла, агар тўкинликда бўлсанг, танглик нелигини биласан. Агар аҳволинг танг бўлса, ўлим ёди сени кенгликка чиқаради», деб насиҳат қилган эдилар. Абу Сулаймон Дороний айтадилар: «Умму Ҳорундан: –Ўлимни яхши кўрасанми? – деб сўрадим. –Йўқ, – деди у. –Нега? –Ахир бир одамга исён қилсам, унга рўбарў келишдан хижолат бўламан. Шундай экан қанақасига тинимсиз осийлик қилаётганим Оллоҳ билан юзма-юз бўлишим мумкин?! – деб жавоб берди».
 
 

Ўлим қандай эсланади?

  Билингки, ўлимнинг хатари ва даҳшати буюкдир. Одамлар кам фикрлаб, оз эсга олгани учун ҳам ўлимдан ғофилдирлар. Эслаганлар ҳам қалбларини ҳамма нарсадан фориғ қилиб эмас, дунёга машғул бўлган ҳолларида эслайдилар. Бундай эслашдан фойда йўқ. Ўлимни ҳақиқий эслаш йўли – ўлимни доимо ёнида билиш, ўлимдан бошқа нарсани қалбдан чиқаришдир. Буни бамисоли хатарли саҳро ёки денгиз орқали сафарга отланган киши ҳолатига ўхшатиш мумкин. Унинг бутун фикри-зикри сафарда бўлади. Қалб ҳам ўлимни эслаш билан машғул бўлса, бу иш қалбни буткул банд этади. Ўлим билан банд бўлган қалбда айш-ишрат талаби, дунё қувончи камаяди, тошқинлик босилади. Киши ўлимни кўп эслагани сайин ҳар хил ўлим онлари, бу даҳшатли онларни бошидан ўтказган дўстлари, тенгқурларининг илтижо тўла сўнгги нигоҳлари хотирида жонланади. Уларнинг ўлимларини, сўнгги манзилларини эслаб, оғир ўйлар гирдобида қолади: улар ким ва қандай эдилар? Энди уларнинг мавқелари, ҳолатлари қандай? Бу чиройли сиймолар тупроққа қандай сингиб йўқолади? Уларнинг жасадлари қабрларда қандай парчаланади? Улар аёлларини бева, фарзандларини етим қолдирдилар, мол-дунёларини ташлаб кетдилар. Уларнинг масжид ва мажлислардаги ўрни бўш, қадамлари дунёдан узилган... Ҳа, киши ўлимни эслагани сайин қалбида мана шундай узоқ ва яқин ўлимлар, ваҳимали суратлар батафсил жонланаверади. Баъзан ортга қайтиб, уларнинг шижоат тўла ёшлиги, довдирашлари, ҳаётга бўлган майллари ва унда ўзини гўё боқий қоладигандек тутишлари, ўлимни унутишлари, ёшликдаги қувват ва ғайратга суяниб қолишлари, ўйин-кулгуга берилишлари, шундоқ ёнидаги ўлимдан, унинг кутилмаганда келишидан ғофил бўлганларини эслайсиз. Тирикликда вужудини кўтариб турган оёқлар, ҳаракатга сабаб бўлган аъзолар яксон бўлди, энди қандай юрсин?! Тилини қуртлар кемирди, қандай гапирсин?! Оғзига тупроқ тўлган, қандай кулсин?! Ўлиб бўлди, энди нафсга ўлимнинг тадбирини қилишдан не ҳожат?! Шунча йиллар бепарво, ғофил юрди, ўлим фариштаси эса у кутмаган вақтда келди ва нидо қилди: «Ё жаннат, ё дўзах». Ана шу пайт киши ўзига назар солади, ўзининг ҳам ўшаларга ўхшашлигини кўради, ғафлати ҳам, оқибати ҳам улар билан бир хил бўлиши мумкинлигини ҳис этади. Абу Дардо розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Ўликларни эслар экансан, ўзингни ҳам шулардан бири каби ҳисобла». Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу эса: «Ўзгадан ибратланган одамгина саодатманддир», деганлар. Мана шундай фикрлар ва мисоллар орқали ўлимни эслайсиз, ўлим ёнгинангизда турганини ҳис қиласиз. Аллақачон ўлимга ҳозирлик кўриш фурсати етганини, дунёнинг эса нақадар алдамчилигини теран англай бошлайсиз. Энди ўлимни номигагина, тил учида эслаб, ибрат ва огоҳлик ҳосил қилиб бўлмаслигини яхши биласиз. Демак, қачонки, қалб дунё билан овуна бошласа, ўша заҳоти ўлимни эсланг, аслингизга қайтасиз. Бир куни Ибн Мутиъ ҳовлиларига назар солиб, унинг гўзаллигидан ҳайратга тушдилар. Кейин: «Оллоҳга қасамки, агар ўлим бўлмаганида, сени  кўриб шодланар эдим. Агар қоп-қоронғу, тор қабрларга қайтиш бўлмаганида, дунё билан кўзларимиз қувонар эди», дедилар.

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин

 

САВОЛ БЕРИШ