Саловот

Саловот

- Юз марта «Аллоҳумма солли алаа»ни охиригача ўқийди.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй иймон ‎‎келтирганлар! Унга салавот айтинг ва салом йўлланг» (56-оят).

Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, ҳатто Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиши таъкидланмоқда. Араб тилида «салавот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, «дуо» маъносини англатади. Араб тилида намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади.

Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиши у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.

Фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишлари у зоти бобаракотнинг ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.

Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишлари эса улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.

Демак, Аллоҳ таоло доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан рози эканини билдириб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мақтовлар айтиб турар экан.

Фаришталар ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан раҳмат, саломатлик, розилик сўраб дуо қилиб туришар экан.

Ояти каримада таъкидли хабардан кейин мўминларга:

«Эй иймон келтирганлар! Унга салавот айтинг ва салом юборинг», деб амр қилинмоқда.

Бу амрга биноан, ҳар бир мўмин учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ва салом юбориш фарз бўлиб қолади. Бу хусусдаги баҳсларда уламоларимиз «Умрда бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари ҳар зикр қилинганида бир марта салавот айтиш керак», – деганлар.

Амалда эса охиргиси – яъни ҳар исмлари зикр қилинганида салавот айтиш урф бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни амр қилган экан, бу салавот қандай қилиб айтилади, деган савол пайдо бўлиши табиий. Жумладан, ушбу оят нозил бўлганидан кейиноқ худди шу савол саҳобаи киромларда пайдо бўлган.

Баъзи кишиларда «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи салавот айтиб турса, Унинг фаришталари салавот айтиб турса, мўминларнинг салавотига нима ҳожат бор?» деган савол пайдо бўлиши ҳам мумкин.

Бу саволга жавоб шулки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминларнинг саловотига эҳтиёжлари йўқ. Балки мўминлар у зотга саловот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу саловотлари ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, савоб оладилар. Дуолари қабул бўлади. Муродларига етадилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менга саловот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловотининг баробарида саловот айтиб турадилар. Банда саловотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа, кўп», деганларини эшитдим».

Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амри. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилади.

Имом Шофеъий:

«Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди», деганлар.

Имом Насаий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар ривоят қилган ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз:

«Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз?!» дедик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Чунки ҳузуримга фаришта келиб, «Эй Муҳаммад, албатта, Роббинг айтур: «Ким сенга салавот айтса, албатта, Мен унга ўн марта салавот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» деди», деб хабар бердилар».

Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўпдир. Мусулмонлар ушбу оятга ва ҳадисларга асрлар давомида чин ихлос билан амал қилиб келмоқдалар. Намозларида ўз Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмоқдалар. У зоти бобаракотнинг номи шарифлари зикр этилиши билан саловот айтишга шошиладилар. Аҳли солиҳ кишиларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишдан иборат кундалик вазифалари ҳам бор.

Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр қилинганида, у зотга саловот айтилмаса, бу мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Имом Термизий ва имом Насаийлар ривоят қилган ҳадисда:

«Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга саловот айтмаса, ўша одам бахилдир», деганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номлари зикр этилганда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмаслик ниҳоятда ёмон ишдир.

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин

 

САВОЛ БЕРИШ