Шунда дўзах аҳли уларга: “Исломингиз сизларга фойда бермадими? Сизлар ҳам биз каби аҳволга тушибсизлар-ку!” дейдилар. Мусулмонлар шунда “Биз содир этган гуноҳларимиз сабабли бу ерга тушдик. Шунинг учун бу ерда азобланяпмиз” дейишади. Ўшанда Аллоҳ таоло “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган, қалбида зарра оғирлигича иймони бор кишиларни дўзахдан чиқаришга амр қилади. Шундай қилиб Аллоҳни ягона илоҳ деб билган мусулмон дўзахда қолмайди. Шунда кофирлар “Қанийди биз ҳам мусулмон бўлганимизда эди, улар чиқарилганлари каби биз ҳам чиқарилардик” дейдилар. Пайғамбар алайҳиссалом шу нарсаларни хабарини берганларидан кейин Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тиловат қилдилар: “Алиф, Лом, Ро. Ушбу (оят)лар Китоб (Таврот, Инжил) ва аниқ Қуръон оятларидир. Кофир бўлганлар (дунёда) мусулмон бўлмаганлари учун (қиёматда) армонда бўлурлар” (Ҳижр, 1-2).
Ислом неъмати учун оламлар Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мазкур мусулмонлар нима сабабдан абадий дўзахдан қутилдилар? Ихлос калимаси бўлган “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Росулуллоҳ” сабабли абадий азобдан қутилдилар. Ким шу калимага ишонган ҳолда, унинг устида вафот этса, унинг зиддига бирор иш қилмаган бўлса, гуноҳлари сабабли дўзахга кирса ҳам у ердан чиқиб, жаннатга киради. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Албатта, Аллоҳ “Ла илаҳа иллаллоҳ” деб, бу билан Аллоҳнинг ризосини кўзлаган кимсани дўзахга ҳаром қилади” деганлар.
Бу калимани инсон тили билан талаффуз қилади. Демак, тил гоҳида ўз соҳибини нажотга эришишига сабаб бўлар экан. Гоҳида эса, соҳибини ҳалокатга учрашига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом тилни сақлашни кўп таъкидлар эдилар. Аллоҳ таоло Қуръонда “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” деган (Қоф, 18).
Ҳар қандай сўз бўлсин, агар инсон уни хоҳ жиддий, хоҳ ҳазил қилиб гапирадиган бўлса, Роқиб ва Атийд номли икки фаришта ўша сўзларни ёзиб борадилар. Улар инсондан фақат икки ўринда – ҳожатхонага кирганида ва аёли билан қўшилаётгандагина ажралишади. Лекин Аллоҳ таоло ўша фаришталарга шу ҳолатларда бўладиган амал ва сўзларни ҳам билдириб туради. Улар ўша амал-сўзларнинг яхши-ёмонлигига қараб ёзиб борадилар. Шу сабабли Набий алайҳиссалом кўплаб ҳадисларида тилни сақлашга буюрганлар.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Ким сукут қилса, нажот топибди”. Термизий, Аҳмад, Табароний “Кабир”да, Ибн Муборак “Зуҳд”да, Байҳақий “Шуъаб”да ривоят қилган. Яъни ким ҳаром сўзлардан тийилиб, сукут қилса, нажотга эришади.
Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин!”. Муттафақун алайҳ.
Муоз ибн жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом “Модомики сукут қилар экансан саломат ҳолда бўласан. Агар гапирсанг, (гапирган гапинг) сенинг ё фойдангга ё зарарингга ёзилади” деганлар. Табароний ривоят қилган.
Яна Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Икки хислат борки, халқлар у иккисига ўхшагани билан безанмайдилар. Улар чиройли хулқ ва узун сукут”. Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Абу Бакр ибн Абу Дунё ривоят қилган.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким менга икки жағи орасидаги нарсани ва икки сони орасидаги нарсани сақлашга кафолат берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман” деганлар. Бухорий ривояти.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом “Сен узун сукутни лозим тут. Фақат хайрни гапир. Чунки, узун сукут сендан шайтонни қувади, динингнинг ишида сенга ёрдам беради” деганлар. Аҳмад, Табароний, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоят қилишган.
Агар инсон узун сукут қиладиган бўлса, шайтон ундан зерикади. У айтади: “Бу инсон ҳеч гапирмайди. Уни қандай қилиб маъсиятга васваса қиламан?!” Инсон сукутни узайтиргани учун шайтон ундан узоқлашади.
Баъзи одамлар сукут сақлаб юрадиган кишилар ҳақида “одамови, ҳеч кимга қўшилмайди” деган гапларни айтишади. Уларнинг гапига эътибор қилинмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқларидан бири кўп сукут қилувчи эдилар. У зот алайҳиссаломнинг хулқларидан яна бири юзларида шодлик, табассум, очиқчеҳралик, қалбларида эса, маҳзунлик, охират ғами бўларди. Кўп сукут қилиб юрардилар. Нега шундай? Сабаби тил ўзи кичик аъзо бўлса-да, унинг хатари улкандир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у зот бир куни Сафо тоғига чиқдилар ва ўз тилларига хитоб қилиб шундай дедилар: “Эй тил, яхши гапни гапир, ўлжага эга бўласан. Надомат қилишдан олдин ёмон гапдан тийил, саломат бўласан. Албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Одам болаларининг хатоларининг кўпи тиллари сабабидандир” деяётганларини эшитганман”.
Чиндан ҳам кўплаб хатолар тил сабабли содир бўлади. Шундай хатолардан бири – ғийбатдир. Бу хатодан Аллоҳ раҳм қилган бандаларгина саломат бўладилар. Ғийбат мусулмон биродарингни ёмонлик билан (у эшитса хафа бўладиган нарсасини) тилга олишингдир. Агар сенинг айтаётган гапинг ўша биродарингда бўлса, бу ғийбат бўлади. Агар унда ўша айб бўлмаса, унда у бўҳтон бўлади.
Тил билан содир этиладиган гуноҳлардан яна бири чақимчиликдир. Чақимчилик – одамларнинг орасини бузиш мақсадида бирининг гапини иккинчисига етказишдир.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом “Чақимчи жаннатга кирмайди” деганлар. Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган.
Бунинг маъноси агар чақимчи мусулмон ҳолда вафот этса, жаннатга аввалги кирувчилар билан бирга кирмайди. Агар Аллоҳ таоло уни афв қилмаган бўлса, ўзига тегишли жазони олгандан сўнг киради.
Тил сабабли содир этиладиган гуноҳлардан яна бири ёлғондир. Пайғамбар алайҳиссалом хоҳ жиддий, хоҳ ҳазил бўлсин, ёлғон гапириш асло мумкин эмаслигини айтганлар.
Тил сабабли содир этиладиган гуноҳлардан яна бири илмсиз равишда фатво беришдир. Кўпчилик одамлар илмсиз равишда фатво беришга журъат қиладилар.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким илмсиз равишда фатво берса, уни осмон ва ер фаришталари лаънатлашади”. Ибн Асокир ривояти.
Тил сабабли содир этиладиган гуноҳлардан яна бири ёлғон гувоҳлик беришдир. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислардан бирида ёлғон гувоҳлик беришни Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оққ бўлишдан кейин зикр қилганлар. Бу эса унинг катта гуноҳларнинг энг катталаридан бири эканини кўрсатади.
Тил сабабли қилинадиган гуноҳлардан яна бири мусулмонни сўкишдир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мусулмонни сўкиш фосиқликдир” деганлар. Муттафақун алайҳ.
Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом “Мўминни лаънатлаш уни ўлдириш кабидир” деганлар. Аҳмад ва Табароний ривоят қилишган.
Тил билан инсон қазф деган гуноҳни ҳам содир этади. Қазф – бир инсонни зинода айблашдир. Бу ҳам энг оғир гуноҳлардан биридир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом қазфни ҳалокатга олиб борувчи гуноҳлардан бири деб таъкидлаганлар. Бу ҳадисни Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Тил орқали инсон бир-бирига лақаб қўйиш гуноҳини ҳам содир этади. Аллоҳ таоло Қуръонда “Ва бир-бирларингизни лақаблар билан атамангиз! Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир!” деган (Ҳужурот, 11).
Шунинг учун ҳар бир киши тилини сақлаши лозимдир. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу тиллари остига кичик тошлардан қўйиб олардилар. Гапирмоқчи бўлсалар, ўша тошни тиллари остидан олиб, кейин гапирардилар. Шунинг учун у зот фақат ҳожат бўлганда ва гапириш фойдали бўлган ўринлардагина гапирардилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудек зот шундай қилган бўлсалар, биз ўзимиз ҳақимизда нима дея оламиз?!
Ривоят қилишларича, солиҳ зотлардан бўлган Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ ўзлари билан бўлиб ўтган бир воқеани баён қилганлар. У киши бир куни бир боғнинг ёнидан ўтаётганларида ўша ердаги дарахт остида ўтирган йигитга кўзлари тушди. Бориб, йигитга салом бердилар. Йигит саломга алик олди. Кейин яна у йигитга гапиришда давом этдилар. Йигит эса гапирмасдан жим ўтирарди. Кейин йигит бармоғи билан ерга икки байт шеър ёзди:
“Тил гапиришдан манъ этилди. Чунки, У балонинг ғори, офатларни жалб қилувчидир.
Агар гапирсанг, Роббингга шукр қилувчи бўл. У Зотни асло унутма ва доим Унга ҳамд айт!”
Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ бу байтни ўқидилар ва унинг остига қуйидаги икки байтни ёздилар:
“Ҳар бир ёзувчи яқинда ўлади. Замон эса унинг қўллари ёзган нарсани сақлаб қолади.
Шундай экан, сен қўлинг билан қиёматда кўрганингда сени ҳурсанд қиладиган нарсанигина ёз!”
Йигит бу байтни ўқидию, ҳушидан кетиб йиқилди. Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ уни қўллари билан ҳаракатлантириб кўрдилар. Қарасалар, у вафот этибди. У йигит қўли билан ёзган нарсаси сабабли Аллоҳдан қўрқиб жон берган эди.
Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кейин мен уни жанозасига тайёргарлик кўра бошладим. Шу пайт юқоридан “Уни ўз ҳолига қўй. Уни фаришталар ювиши белгилаб қўйилган” деган овозни эшитдим”.
Ўша йигит солиҳ, тақволи бўлгани учун Аллоҳ таоло унга шу кароматни ато қилган эди.
Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ ўз ҳикояларида давом этиб шундай дейдилар: “Кейин мен унга жаноза намозини ўқидим. Сўнгра қарасам, уни тополмадим”.
Аллоҳ таоло ўша йигитга бу улуғ мақомни нима сабабли берди? Албатта, тилини сақлагани сабабли берди.
Шунинг учун ҳар биримиз ўзимизга қуйидаги нарсани вазифа қилиб олишимиз керак.
Биринчиси шуки, мен айтадиган гаплар саҳиҳми ёки саҳиҳ эмасми, деб ўзимизга савол берайлик. Саҳиҳ бўлсагина гапирайлик, бўлмаса, сукутни лозим тутайлик
Иккинчиси шуки, ўша гап шариатга мувофиқми ёки мувофиқ эмасми, деб ўзимизга савол берайлик. Шариатга мувофиқ бўлсагина гапирайлик, бўлмаса, сукутни лозим тутайлик.
Учинчиси шуки, шариат ўша гапни гапиришни буюрганми ёки буюрмаганми, деб ўзимизга савол берайлик. Агар буюрган бўлса, гапирайлик, бўлмаса, сукутни лозим тутайлик. Агар шариат ўша гапни мубоҳ қилган бўлса, ўйлаб кўрайлик, у зарурий гапми ёки заруриймасми? Агар зарурий бўлса, гапирайлик, бўлмаса, сукутни лозим тутайлик.
Тўртинчиси шуки, биз ўша гапни одобга мувофиқ, Аллоҳ рози бўладиган кўринишда гапирамизми ёки Аллоҳ рози бўлмайдиган тарзда, одобга зид кўринишдами? Агар биз Аллоҳ рози бўладиган тарзда гапирадиган бўлсак, у гапни гапирайлик, акс ҳолда, сукут афзал бўлиб, уни лозим тутайлик.
Аллоҳ таолодан бизни тилларимизни сақлашга муваффақ этишини, дунё ва охиратга фойдали гапларнигина гапиришимизга ёрдам беришини сўраймиз. Албатта, У ҳамма нарсага қодир Зотдир. Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Манба: islom.uz
Шайх Иброҳим Аккоснинг “Калимату хойр” кўрсатувидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси