Яхши гумон

Бу воқеани муҳандис биродарим Муҳиддин Мағзумов ҳикоя қилиб берган эди: «Қўшним Ҳакимжон ишдан қайтаётиб, қаршисидан келаётган нуроний мўйсафидга: «Ассалому алайкум!» деб салом берди. Аммо мўйсафид алик олмай, индамай ўтиб кетаверди. Ҳакимжоннинг жаҳли чиқди: «Вой-бў, яна мусулмонликни даъво қилгани-чи… Оёғини гўр тортиб турибди-ю, саломга алик олишни билмаса! Ё бурни шунчалик кўтарилиб кетганми? Энди асло салом бермаганим бўлсин!» Жаҳли чиқиб, тутоққан Ҳакимжон чолнинг орқасидан маломатларга кўмиб ташлади. Орадан кўп ўтмай ана шу Абдураҳмон ота бандаликни бажо келтирди. Ўшанда Рамазон ойининг охирги даҳаси эди. Жаноза жумага тўғри келди. Тумонат одам йиғилди. Марҳумни сўнгги манзилга қўйиб келишди.

Одатга биноан Ҳакимжон ҳам эл қатори эртасига Абдураҳмон отанинг хонадонига таъзия билдиргани борди. Отанинг эшик олдида қўл қовуштириб турган ўғилларига ҳамдардлик билдирди, сабр тилади. Марҳумнинг тўнғич ўғли падари бузрукворининг одатлари ва фазилатларини хотирлар экан, гап орасида шундай деб қистириб ўтди: «Кейинги вақтда отамизнинг қулоқлари анча оғирлашиб, унча-мунча гапни эшитмайдиган бўлиб қолган эдилар». Шу пайт лоп этиб Ҳакимжоннинг эсига кўнгилда доғ қолдирган ўша салом-алик воқеаси тушди. «Демак, Абдураҳмон ота ўшанда саломимни эшитмай ўтиб кетган эканлар-да». Таъзиядан кўнгли хижил бўлиб қайтган Ҳакимжон ҳасрат билан «Астағфируллоҳ!» деб юборди. Аликсиз қолдирилган салом учун чолни билимсиз, нодон, кибрли кимсага чиқариб, маломат тошларини ноҳақ ёғдирганига надоматлар чекди. «Ахир кекса кишининг қулоғи оғирлашиб қолиши мумкин-ку, наҳот шунга ҳам ақлим етмаса?» дея ўзини анча койиди…»

 

Аҳмад Муҳаммад Турсун 

«Кўҳна дунё ривоятлари» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.