Тасбеҳ, ҳамд, такбир ва таҳлилнинг фазли

Аллоҳ таоло: «Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтди. Ва у Азийз ва Ҳакиймдир», деган (Ҳадид, 1).

Тасбеҳ айтиш, улуғлаш, поклаш, нуқсонсиз, деб ёд этиш каби маъноларни ўзида мужассамлаштирган.
Аслида, тасбеҳ айтиш «Субҳаналлоҳ» калимасини такрорлаш билан бўлади. Борликдаги ҳамма нарса ўзига хос йўл билан Аллоҳга тасбеҳ айтади. Биз фақат инсоннинг тасбеҳини англаймиз, бошқаларнинг тасбеҳини англамаймиз. Бу ҳақиқат Исро сурасида зикр қилинган.
Бошқа сураларда ҳам шунга ўхшаш хабарлар бор.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Янги Пайғамбар бўлган пайтимда Маккада бир тош менга салом берар эди. Ҳозир ҳам уни танийман», деганлар.
Имом Термизий қилган ривоятда ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Макканинг четига чикдик, кўринган ҳар бир тош, ҳар бир тоғ у кишига «Ассалому алайка, йа Расулуллоҳ» дер эди», деб айтганлар.
Имом Бухорий ривоятларида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир тўнка устида хутба айтардилар. У зотга минбар қилиб берилгач, унга чиқиб хутба айтаётганларида, тўнка туянинг овозига ўхшаш овоз чиқариб йиғлади. Расулуллоҳ тушиб уни ушлаган эдилар, жим бўлиб қолди», деганлар.
Оятнинг сўнгида Аллоҳнинг сифатларидан иккитаси зикр қилинади.
Биринчиси — «Азийз».
Азизлик бир сифат бўлиб, ўз эгасини мағлуб бўлишдан сақлайди. «Аллоҳ кучли ва доимо ғолибдир» маъносини англатади.
Иккинчиси — «Ҳакийм».
Ҳакиймлик сифати эса тўғриликни илм ва акд билан топиш маъносини билдиради. Аллоҳнинг ҳакиймлиги ҳар бир нарсани бенуқсон, ҳикмат билан қилишидадир.

Аллоҳ таоло яна: 
«Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамайсизлар. Албатта, У ҳалийм ва сермағфират Зотдир», деган (Исро, 44).
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, араб тилида тасбеҳ айтиш «Аллоҳни поклаб ёд этиш» маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбеҳ айтишини таъкидламоқда.
«Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбеҳ айтур». 
Аллоҳ таолога етти осмон ҳам тасбеҳ айтади. Ер ҳам тасбеҳ айтади. Ўша етти осмону ердаги кимсалар ҳам тасбеҳ айтади, Уни поклаб ёд этади.
«Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ». 
Борликдаги ҳамма нарса ўзига хос услуб ва ўз тили ила Аллоҳга ҳамду сано ва тасбеҳ айтади. «Лекин уларнинг тасбеҳини англамайсизлар».
Эй инсонлар, сизлар ғафлатда бўлганингиз учун, эътиборсиз бўлганингиз учун борлиқдаги мавжудотларнинг Аллоҳ таолога ҳамду сано ва тасбеҳ айтишларини англамайсизлар.
«Албатта, У ҳалийм ва сермағфират зотдир». 
У ҳалиймлигидан, бутун мавжудот Уни поклаб, ёд этиб турган бир пайтда ожиз инсон ширк келтирса ҳам, уни дарҳол азобламайди, қўйиб қўяди. Сермағфиратлигидан, шунча беодоблик ва гуноҳ қилса ҳам, тавба этган бандаларини мағфират қилаверади.
Аллоҳ таоло Раъд сурасида:
«Ва момақалдироқ Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтадир ва фаришталар ҳам Ундан қўрққанларидан (ҳамду тасбеҳ айтурлар) деган (13-оят).
Яъни, момақалдироқ Аллоҳнинг амри билан У зотга ҳамд — мақтов ва тасбеҳ — поклов сўзларини айтади. Инсон момақалдироқнинг овозидан даҳшатга тушади, бу кучли овоз унга жуда қўрқинчли бир қувват бўлиб туюлади. Аслида эса, момақалдироқ ўзининг Холиқига — Аллоҳ таолога ҳамд ва тасбеҳ айтаётган бўлади. Ана шундай нарса ҳам Аллоҳга ҳамду сано ва тасбеҳ айтганда, нима учун ожиз инсон айтмайди?!
«Ва фаришталар ҳам ундан қўрққанларидан (ҳамду тасбеҳ айтурлар)».
Фаришталар Аллоҳга энг яқин — муқарраб зотлардир. Улар фақат Аллоҳга ибодат қиладилар. Фаришталарда гуноҳмаъсият қилиш қобилияти йўқ. Шундай бўлса ҳам, улар Аллоҳдан қўрқиб, У зотга доимий равишда ҳамду тасбеҳ айтадилар. Шундай экан, нима учун исёнкоргуноҳкор инсон Аллоҳдан қўрқмайди?! Нима учун қўрқиб, Уни поклаб, ёдга олмайди?! Инсон эҳтиёт бўлиши, Аллоҳдан қўрқиши лозим. Акс ҳолда, ўзига қийин бўлади.
Аллоҳ таоло Тоҳо сурасида:
«Роббингга қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин тасбеҳ ва ҳамд айт. Шунингдек, кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам тасбеҳ айт. Шоядки рози бўлсанг», деган (130-оят).
Доимо Роббингга тасбеҳу ҳамд айт. Қуёш чиқишидан олдин ҳам, қуёш ботишидан олдин ҳам Роббингга тасбеҳ ва ҳамд айт.
Уламоларимиз, «Роббингга қуёш чиқишидан олдин тасбеҳ айт»дан мурод, бомдод намозини адо эт, «Роббингга қуёш ботишидан олдин тасбеҳ айт»дан мурод, аср намозини адо эт, деганидир, деганлар.
«Шунингдек, кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам тасбеҳ айт». 
Кечанинг бир қисмида ҳам Роббингга тасбеҳ айт, яъни, шом ва хуфтон намозларини адо эт. Кундузнинг атрофида ҳам тасбеҳ айт, яъни, пешин намозини адо эт.
Демак, Аллоҳ таолони зикр қилиш ва У Зотга тасбеҳ айтишнинг энг олий мақомларидан бири намоз ўқиш экан.
«Шоядки рози бўлсанг». 
Албатта, рози бўласан. Роббинг ҳам сендан рози бўлади.
Аллоҳ таоло Тур сурасида:
«Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил. Албатта, сен кўз ўнгимиздасан, ўрнингдан турганингда Роббингга тасбеҳ айт! Ва кечаси ҳам. Бас, юлдузлар ботгандан кейин ҳам тасбеҳ айт», деган (48-49-оят).
Дунёдаги ҳар бир иш Аллоҳнинг иродаси, қазои қадари билан бўлади. Мушрикларнинг, динсизларнинг қаршиликлари, туҳмат-бўҳтонларига сабр қилиш лозим, чунки булар ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўляпти.
Оятдаги:
«Албатта, сен кўз ўнгимиздасан» деган гап Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабалари нақадар юқори эканини билдиради. Ҳеч бир инсон бу мақомга сазовор бўлган эмас. Ўзга Пайғамбарларга ҳам юқори мартабага далолат қилувчи сўзлар айтилган, лекин ҳеч қайсисига «кўз ўнгимиздасан» деб айтилмаган. Шунинг учун ҳам қанча кўп тасбеҳ айтилса, шунча оз. Ўрнингдан турилганда ҳам...
«Ва кечаси ҳам. Бас, юлдузлар ботгандан кейин ҳам тасбеҳ айт». 
Демак, ҳар доим Аллоҳга боғлиқ бўлмоқ зарур.
Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир мажлисда ўтириб, ҳар хил гапларни гапирса, ўрнидан туришдан олдин, «СубҳанакАллоҳумма ва биҳамдика ашҳаду аллаа илаҳа илла анта астағфурика ва атубу илайка», деса, Аллоҳ ушбу мажлисдаги гуноҳларини кечиради», деганлар.
Аллоҳ таоло Воқеъа сурасида:
«Бас, улуғ Роббинг исмини поклаб тасбеҳ айт!» деган (74-оят).
Шунча неъматларни ато қилган Парвардигори олам мушрик ва кофирларнинг туҳматлари ва гап-сўзларидан покдир. Мазкур неъматларнинг эгасини таниган ҳар бир инсон Улуғ Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб, ибодат қилишга ўтади.
Аллоҳ таоло яна Воқеъа сурасида:
«Бас, улуғ Роббинг исмини поклаб тасбеҳ айт!» деган (74-оят).
Роббингни турли нуқсонлардан поклаб зикр қил, мақсадга етасан.
Ушбу оят тушганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ушбу оятни рукуъингизда айтинглар», деганлар.
Шунинг учун намозда рукуъга борилганда, «Субҳана Роббиял азийм» дейилади.
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким, субҳаналлоҳил азийм ва биҳамдиҳи, деса, унинг учун жаннатда бир хурмо экилади», деганлар.
Имом Бухорий улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳи алайҳи васаллам:
«Икки сўз тилга енгил, тарозида оғир, Роҳманга суюклидир, улар: «Субҳаналлоҳи ва би-ҳамдиҳи», «Субҳаналлоҳил азийм», деганлар».
Уламоларимиздан бири шу борада ажойиб бир мулоҳаза ёзиб қолдирганлар:
«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни намознинг рукуъсида ўқишимизга буюрадилар. Ҳолбуки, бу оятга етгунча бутун бошли бир сура келтирилади. Намознинг суннат амалларидан биттаси учун битта сура тўлиқ келтирилишининг ўзидан мусулмон шахс ҳаётида ва Исломнинг боқийлигида намоз қанчалик аҳамиятли эканлигини билиб олса бўлади.
Яна мулоҳаза қилиш зарурки, намоз амалларидан ҳар бири биттадан сурада келган. Намознинг қиёми бир сурада, қироати бир сурада, рукуъ ва сажда эса бир неча сурада келган.
Бу эса ҳар бир амал ўзининг мустаҳкам асосига эга бўлиши зарур эканини кўрсатади».
Аллоҳ таоло Аълаа сурасида:
«Олий қадар бўлган Роббинг исмини поклаб тасбеҳ айт», деган (1-оят).
Ушбу ояти каримадаги хитоб аввало Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва У зот орқали ҳар бир мўмин-мусулмонга қаратилгандир. Яъни, Роббингни Унинг олий зотига хос бўлмаган барча нуқсон ва камчиликлардан поклаб ёд эт.
Ҳар бир мўмин-мусулмон ушбу амри илоҳийни ҳам бошқа илоҳий фармонлар қатори амалга оширмоғи лозимдир. Улар Аллоҳ таолони барча нуқсон ва камчиликлардан поклаб, Аллоҳ Ўзи қандоқ амр этган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандоқ ўргатган бўлсалар, шундоқ ёд этишлари лозим.
Бизнинг исломий адабиётимизда ҳам «тасбеҳ айтиш» ибораси маълум ва машҳурдир. Тасбеҳ айтиш улуғ ва савобли ишлардан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ушбу оятни ўқисалар, «Субҳана роббиял аълаа», дер эканлар.
Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намоздан кейинги қилинадиган зикрни ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳи» дейиш билан бошлаганлар ва мўмин мусулмонларни ҳам шундоқ қилишга чорлаганлар.
Мана шу оят нозил қилинганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу оятни саждада айтинглар», деганлар. Шунинг учун намозхон саждада турганда «Субҳана роббиял аълаа» дейди.
Энди эса, Аллоҳ таолога ҳамд айтишга оид ояти карималар билан танишамиз.
Аллоҳ таоло: 
«Осмонлару ерни яратган, зулматлару нурни таратган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Сўнгра куфр келтирганлар ўз Роббиларига (ўзгаларни) тенглаштирурлар», деган (Анъом, 1).
«Ҳамд» гўзал мақтовлар билан эслашдир. Дунёдаги жамики ҳамдлар Аллоҳга хосдир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги китоби — Қуръони Каримнинг бош сураси «Фотиҳа»ни, демакки, Қуръонни ҳам ҳамд билан бошлаган.
Шунингдек, Исломга даъват ва мушрикларга қарши ҳужжатлар келтирилган тўрт сура, жумладан, Анъом сураси ҳам ҳамд ила бошланган.
Бу оятда Аллоҳга келтирилаётган ҳамдлар осмонлару ерни, инсон кўзига кўриниб турган чексиз ва улкан нарсаларни яратган Зот ҳар қанча мақтовга сазоворлигининг эътирофидир.
Шунингдек, зулмат ва нур ҳам кишини лол қолдирадиган чексиз ҳодисалар ҳисобланади.
«Осмонлару ерни яратган, зулматлару нурни таратган Аллоҳга ҳамд бўлсин». 
Улар ҳақида фикр юритган ҳар қандай ақлли инсон Аллоҳга ҳамд айтмай иложи йўқ. Лекин шу ҳолатларни кўриб-билиб туриб, Роббиларига ўзгаларни тенглаштирадиган кимсалар — мушриклар ҳам бор.
«Сўнгра куфр келтирганлар ўз Роббиларига (ўзгаларни) тенглаштирурлар».
Агар уларнинг инсофи бўлганида эди, осмонлар ва ерга назар ташлаб, уларнинг тузилиши, улканлиги ва ажойиботларидан ягона ва ҳар нарсага қодир Аллоҳгагина иймон келтиришни, бошқаларни Унга тенглаштирмаслик кераклигини англаб олар эдилар.
Аллоҳ таоло Исро сурасида:
«Сен: «Ҳамд бўлсин, фарзанд тутмаган, мулк-да шериги бўлмаган ва хорликдан қутқаргувчи дўстга зор бўлмаган Аллоҳга», дегин. Ва Уни мутлақо улуғла!» деган (111-оят).
Яъни, барча нуқсонлардан холи бўлган, ҳеч нарсага ҳожати тушмайдиган Аллоҳга ҳамду сано айт. У Зот Ўзига фарзанд тутмаган, чунки фарзандга ҳожати йўқ. Фарзандга ҳожатмандлик бандага хос. У Зотнинг шунчалик бепоён мулкида шериги ҳам йўқ. Чунки У шерикка муҳтож эмас.
Мулкни бошқаришда шерикка, ёрдамчига муҳтожлик ҳам бандага хос. У Зот хорликдан қутқарувчи дўстга зор эмас. Чунки У Зот асло хор бўлмайди. Хор бўлиш ва хорликдан қутулишда бошқанинг ёрдамига муҳтож бўлиш бандага хос. Шунинг учун ҳам Унга беҳисоб ҳамд айтмоқ лозим.
«Ва Уни мутлақо улуғла!» 
Аллоҳу акбар!
«Сен: «Аллоҳга ҳамд бўлсин ва У танлаб олган бандаларига салом бўлсин. Аллоҳ яхшими ёки улар ширк келтираётган нарсаларми?» дегин», деган (Намл, 59).
Аллоҳ таоло ушбу оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир гапни бошлашдан олдин айтиш лозим бўлган муборак сўзларни ўргатмоқда:
«Алҳамду лиллаҳ» — «Аллоҳга ҳамд бўлсин» деб айтишни буюрмоқда.
Демак, каломнинг боши шу сўзлар бўлиши керак. Сўнгра Аллоҳ танлаб олган бандаларга, танлаб олиб, Пайғамбар қилиб жўнатган бандаларга саловот ва салом айтиш керак.
«ва У танлаб олган бандаларига салом бўлсин», дегин. 
Шундан сўнг хохдаган гап гапирилаверади.
Оятда асосий эътибор қуйидаги саволга қаратилган:
«Аллоҳ яхшими ёки улар ширк келтираётган нарсаларми?» 
Очиқ-ойдин савол. Бир томонда баркамол сифатлари билан Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло. Иккинчи томонда мушриклар унга шерик қилаётган тош, ёғоч, лойдан ясалган жонсиз бутсанамлар, турли ҳайвонлар, одамлар, жинлар, фаришталар ва бошқалар. Қайси бири яхши? Бу саволга жавоб кутиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Ҳамма нарса шундоқ ҳам маълум.
Аллоҳ таоло Сабаъ сурасида:
«Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Охиратдаги ҳамд ҳам Уникидир. Ва У ўта ҳикматли, ўта хабардор Зотдир», деган (1-оят).
Осмондаги барча нарсалар Унинг мулки бўлгани учун ҳам Аллоҳ таолога ҳамду саномақтовлар бўлсин.
Ердаги барча нарсалар Уники бўлгани учун ҳам Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Ана шу мутлақ моликлигининг ўзи Уни ҳамду санога мустаҳиқ қилади. Фақат бу дунёдаги эмас, «Охиратдаги ҳамд ҳам Уникидир».
Аллоҳ таоло Ўзининг баркамол сифати ила икки дунёнинг барча ҳамду саноларига мустаҳиқдир.
«Ва У ўта ҳикматли, ўта хабардор Зотдир». 
Аллоҳ таоло ҳар бир ишни ўта ҳикмат билан қилади. У оламлардаги барча сир-асрордан ўта хабардордир.
Биз шарҳ қилаётган китобнинг муаллифлари Али Мансур Носиф раҳматуллоҳи алайҳи Аллоҳ таолога такбир айтиш ҳақидаги ояти карималардан намуна келтирмаганлар. Аммо биз Аллоҳ таолонинг ёрдами ила ўша оятлардан намуна келтирамиз.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
«Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳга такбир айтишингиз учун. Шоядки шукр қилсангиз!» деган (185-оят).
Ҳа, Исломдаги ибодатларни фарз қилиб, бандалик бурчини адо этишга, гуноҳларни ювишга, ажрсавоб олишга шароит яратиб берган Аллоҳ таолони улуғлаб, тинмай такбир айтиш ва унга доимо шукр қилиш керак. Ҳар бир фарз ибодат бандада Аллоҳ бошлаган ҳидоятнинг қадрига етиш ҳиссини кучайтириши керак.
Рўза ҳайити куни такбир айтиш шариатга ушбу оятдаги амрга биноан киритилган.
Аллоҳ таоло Муддассир сурасида:
«Ва Роббингни улуғлаб такбир айт!» деган (3-оят).
Фақат Аллоҳни улуғлаганлар ҳузурида бошқалар кичик бўлиб қолади. Фақат Аллоҳни улуғланглар ҳузурида барча машаққатлар енгил бўлиб қолади. Ана шунинг учун ҳам Аллоҳ таолога такбир айтмоқ керак.
Биз шарҳ қилаётган китобнинг мулаллифлари Али Мансур Носиф раҳматуллоҳи алайҳи таҳлил айтиш ҳақидаги ояти карималардан ҳам намуна келтирмаганлар. Аммо биз яна Аллоҳ таолонинг ёрдами ила ўша оятлардан намуна келтирамиз.
Таҳлил «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтиш билан бўлади.
Аллоҳ таоло Тавба сурасида:
«Бас, юз ўгириб кетсалар, сен: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Лаа илақа иллаллоҳу — Ундан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ, Унга таваккул қилдим, У улуғ аршнинг Роббисидир», дегин», деган (129-оят).
Яъни, Аллоҳ таоло: «Эй Пайғамбар, агар сен динга даъват қилаётган одамлар чақириғингни қабул қилмай, юз ўгириб кетсалар, сен:
«Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли», дегин», деб буюрмоқда.
Аллохдан ўзганинг менга кераги йўқ. Сизларнинг ҳаммангиз битта ҳам қолмай юз ўгириб кетсангиз ҳам заррача зиёни йўқ. Ўйлаб кўринглар, юз ўгириб қаёққа ҳам борасизлар?! Ахир, «Ундан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ».
Шунинг учун ҳамма фақат Унгагина ибодат ва қуллик қилмоғи лозим. Сиз нима қилсангиз қилаверинг, аммо мен
«Унга таваккул қилдим». 
Чунки, «У улуғ аршнинг Роббисидир», дегин».
Қолганини Аллоҳнинг Ўзи билади.
Аллоҳ таоло Раъд сурасида:
«У менинг Роббимдир, Ундан ўзга ибодатга 
сазовор Зот йўқ. Унинг Ўзигагина таваккул қилдим. Тавбам ҳам Унинг Ўзигадир», деб айт», деган (30-оят).
Яъни, ўша сизлар иймон келтирмаётган Роҳман менинг Роббимдир, Парвардигорим, Розиқим, Ҳомийимдир. Ундан бошқа ибодатга сазовор Зот йўқ. Шунинг учун мен фақат Унгагина ибодат қиламан. Ундан ўзга суянадиган суянчиқ йўқ. Шунинг учун мен фақат Унгагина таваккул қилдим, суяндим. Ундан ўзга тавба қиладиган Зот йўқ. Шунинг учун фақат Унинг Ўзигагина тавба қиламан.
Энди мазкур зикр калималарининг фазли ҳақида келган баъзи ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Икки сўз тилга енгил, тарозида оғир, Роҳманга суюклидир: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», «Субҳаналлоҳил азийм», дедилар». 
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган. 
Шарҳ: Ҳа, «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», «Субҳаналлоҳил азим»ни айтиш тилга жуда ҳам енгилдир, осондир. Аммо тилга жуда енгил бўлган бу сўзларнинг қиёмат куни банданинг амалларини тортадиган тарозудаги вазнлари жуда ҳам оғирдир.
Бу дунёда ушбу сўзларни савоб умидида, ният ва ихлос ила айтиб юрган банда у дунёда катта бахтга сазовор бўлиши турган гапдир, чунки у Аллоҳ таолога суюкли бўлган сўзларни айтиб юрган.
Бас, шундоқ экан, «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», «Субҳаналлоҳил азим»ни кўпроқ айтишга одатланайлик.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Жаннат боғлари ёнидан ўтсангиз сайл қилинг», дедилар. Мен: 
«Жаннат боғлари нимадир?» дедим. 
«Масжидлар», дедилар». 
«Сайл нимадир?» дедим. 
«Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу ва Аллоҳу акбар», дедилар». 
Термизий ривоят килган. 
Шарҳ: Демак, масжидлар жаннатнинг боғлари ҳисобланар экан. Уларнинг ёнидан ўтганда сайл қилиб, меваларидан еб қолиш керак. Бундай фойдали сайлни қилиш қийин эмас — банда «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллАллоҳу ва Аллоҳу акбар» деб қўйса, бас.
Жаннат боғларида сайл қилишни истаган одам ушбу улуғ ибораларни ёд олиб, доимо айтиб юришга одатланиши керак.

Мусъаб ибн Саъд розияллоҳу анҳудан, у киши отасидан бундай ривоят киладилар: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бас, у зот: 
«Сизлардан бирингиз ҳар куни минг савоб касб қилишдан ожиз бўлурми?» дедилар. 
Шунда у зотнинг ҳаммажлисларидан бир киши: 
«Қандоқ қилиб биримиз минг ҳасана касб қилади?» деб сўради. 
«Юзта тасбеҳ айтади. Бас, унга мингта савоб ёзилади ва ундан мингта хато ўчирилади», дедилар». 
Шарҳ: Демак, бир марта «субҳаналлоҳи» деган бандага ўнта савоб ёзилар ва ундан ўнта хато ўчирилар экан. Бундан Исломда савоб касб қилиш жуда ҳам осонлиги келиб чиқади. Ўша савобни касб қилишни ихтиёр қилганлар қани?!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа 
илаҳа иллаллоҳу ва Аллоҳу акбар» демоғим мен учун устидан қуёш чиқадиган барча нарсадан муҳбубдир», дедилар». 
Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилишган. 
Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Устидан қуёш чиқадиган барча нарса» деганларида дунёдаги ҳамма нарсани назарда тутганлар.
Демак, зикр нияти ила «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу ва Аллоҳу акбар» дейиш уларни айтувчи киши учун дунёдаги барча нарсаларга эга бўлишдан кўра яхшироқ экан.
Бу баракотли сўзларни ёддаб олиб, зикр қилиб юришга одатланишимиз керак.
Демак, зокир ушбу ривоятда келган зикрларни айтиш билан бутун дунёдаги молу мулкнинг савобидан кўпроқ савобга эришар экан. Бу ердаги «маҳбуб»лик дунёнинг ўзига бўлган муҳаббат эмас. Балки ўша дунёни сарфлаганда ҳосил бўладиган савобдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон дунёнинг ўзига муҳаббат қўймаганлар. У зот дунёни сарфлаш орқали келадиган савобга муҳаббат қўйганлар.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Сенга Аллоҳга энг маҳбуб бўлган каломнинг хабарини берайми?» дедилар. 
«Менга хабарини беринг, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим. 
«Аллоҳга энг маҳбуб калом «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи»дир», дедилар». 
Муслим ва Термизий ривоят қилишган. 
Термизийнинг лафзида: 
«Аллоҳ азза ва жаллага энг маҳбуб калом -Аллоҳ Ўз фаришталарига танлаб олган «Субҳана Роббии ва биҳамдиҳи»дир», дейилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан Аллоҳга энг маҳбуб бўлган бир калом ҳам борлигини ва унинг «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» эканини билиб оламиз. Бу қисқа иборани ният ва ихлос ила зикр қилиб юрсак,  катта савобга эга бўламиз. У Аллоҳга энг севикли калом бўлгач, уни зикр қилганларга бериладиган савоб қандай бўлиши ҳам ўз-ўзидан маълум.
Бу ердаги «Аллоҳга энг маҳбуб калом»дан мурод, Қуръони Каримдан кейингиси эканлигини унутмаслигимиз лозим. Аллоҳ таолога тасбеҳ ва ҳамдни қўшиб «субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи»ни зикр қилган одам Аллоҳ таоло Ўз фаришталари учун танлаб олган зикрни қилган бўлар экан. Албатта, мўмин-мусулмон банда бунинг фазлини англаб етиши ва унга амал қилиши лозим.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким «Субҳаналлоҳил азийми ва биҳамдиҳи» деса, унинг учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар». 
Шарҳ: Бу зикрни қилган одам уни ҳар айтганда ўзининг жаннатдаги боғига бир дона хурмо кўчати эккан бўлар экан. Яъни, унинг жаннатдаги мақоми бир поғона кўтарилади. Вақтни беҳуда ўтказмай «Субҳаналлоҳил азийм ва биҳамдиҳи»ни айтиб туриш керак.
Албатта, ўзини билган мўмин банда учун бош мақсад нима қилиб бўлса ҳам жаннатга кириб олиш эмас. У жаннатда иложи борича юқори мартабага эришиш учун ҳаракат қилади, жаннатдан ўзига берилган боғнинг бошқаларникидан яхшироқ бўлишини орзу қилади.
Ана шу боғни обод қилиш учун бу дунёнинг ўзида имкон бор экан. Бунинг учун зокирлардан бўлиш зарур экан. Ким ўзининг жаннатдаги боғида хурмолари кўп бўлишини истаса, ушбу ривоятда келган зикрни кўпроқ айтсин. Бу эса жуда ҳам осон. Бир дақиқанинг ўзида уни бир неча бор айтиш мумкин.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Менга исро қилдирилган кечада Иброҳимга йўлиқдим. У менга: 
«Эй Муҳаммад! Мендан умматингга салом айт. Уларга жаннатнинг тупроғи поклиги, суви ширинлиги, ўзи текис эканлиги, ундаги дарахтларнинг баҳоси «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу ва Аллоҳу акбар» эканининг хабарини бер», деди», дедилар». 
Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам исрода бўлган кечада жуда ҳам муҳим ишлар бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз. Ушбу ҳадиси шарифда мазкур муҳим ишлардан бири айтилмоқда.
Исро кечасида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан аввал ўтган баъзи пайғамбарларга, жумладан, Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдилар. У зот Пайғамбаримиз алайҳиссаломга муҳим гап айтдилар:
«Эй Муҳаммад! Мендан умматингга салом айт».
Иброҳим алайҳиссаломнинг салом айтишлари уммати Муҳаммадга мансуб ҳар бир мўмин учун буюк шарафдир.
«Уларга жаннатнинг тупроғи поклиги, суви ширинлиги, ўзи текис эканлиги, ундаги дарахтларнинг баҳоси «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу ва Аллоҳу акбар» эканининг хабарини бер».
Бу жумладан тупроғи пок, суви ширин, ўзи текис бўлган жаннатдан бир дарахт сотиб олиш учун тўланадиган баҳо «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу ва Аллоҳу акбар»ни бир марта зикр қилиш эканлигини билиб оламиз.
Ушбу зикрни қанча кўп айтсак, жаннатдаги дарахтларимизнинг сони ҳам шунча кўпайиб бораверади.
Бу ривоятдан уммати Муҳаммадияга анбиёларнинг отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом ҳам зикрни кўпроқ қилишни тавсия қилганлари келиб чиқади. У зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида мазкур тавсияни саломга қўшиб етказиб қўйишни сўраган эканлар.
«Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу ва Аллоҳу акбар» калимаси жаннат боғларининг кўчати экан. Уни бу дунёда кўп айтиб юрган банда жаннатга кирар экан ва бу калимани неча марта айтган бўлса, жаннатдаги боғида шу айтган ададича кўчатлари бўлар экан.
Шундоқ экан, «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу ва Аллоҳу акбар»ни иложи борича кўпроқ айтишга ҳаракат қилайлик.

 Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларига: 
«Юз марта «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» денглар. Ким уни бир марта айтса, унга ўн савоб ёзилади. Ким уни ўн марта айтса, унга юз савоб ёзилади. Ким уни юз марта айтса, унга минг савоб ёзилади. Ким зиёда қилса, Аллоҳ ҳам зиёда қилади. Ким истиғфор айтса, Аллоҳ уни мағфират қилади», дедилар». 
Учовини Термизий ривоят қилган. 
Шарҳ: Бу ерда зикрнинг савоби айтилган ададидан ўн баробар кўп бўлиши таъкидланмоқда.
Биз бандалардан зикр қилиш бўлиб турса, савобини кўпайтириб бериш Аллоҳ таолонинг Ўзидандир. У Зотнинг хазинаси беҳисобдир, бандага ҳар қанча ато этилса ҳам, заррача камаймайди.
Биз бандалар истиғфор айтишни ўрнига қўйсак бўлди, мағфират қилиш Аллоҳ таолонинг Ўзидандир. У зот Ғафуру Раҳийм зотдир.
Бу ҳадиси шарифдан қанча кўп зикр қилинса, шунча кўп савоб олинишини билиб олдик. Олганда ҳам, айтилган ададнинг ўн баробари миқдорида савоб олинади.
Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, кунига камида юз марта «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи»ни зикр қилиб туришимиз лозим.
Шунингдек, «Астағфируллоҳ»ни ҳам камида юз марта айтиб туришимиз керак. Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари кунига юз марта истиғфор айтишлари айтилган.

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.