Истиғфор ўтган нарсанинг шарридан сақлашини сўрашдир.
Тавба эса келажакда ўз амалларининг шарридан сақлашини талаб қилишдир. Бошқача қилиб айтганда, тавба истиғфордан кўра шомилроқдир.
Тавбанинг ҳақиқий бўлиши учун тўрт шарт бордир:
Маъсиятдан дарҳол узилиш.
Маъсиятни қилганига астойдил надомат чекиш.
Уни ва унга ўхшаган гуноҳларни қайта қилмасликка қатъий азму қарор қилиш.
Агар гуноҳ одамлар ҳаққига тегишли бўлса, улардан узр сўраб, ҳақларини жойига қайтариш.
Тавба яна ботиний ва ҳукмийга ҳам бўлинади. Ботиний тавба Аллоҳ билан бандадан бошқа ҳеч ким билмаган ва бировнинг ҳаққига тегишли бўлмаган гуноҳларда бўлади (мисол учун, ёлғон гапдан тавба қилиш). Бунда тавба надомат чекиб, бу гуноҳни қайта қилмасликка азму қарор қилиш билан бўлади.
Ҳукмий тавба Аллоҳнинг ёки банданинг ҳаққи бор гуноҳда бўлади.
Агар гуноҳда одам боласининг ҳаққи аралашган бўлса, унда надомат қилиб, қайта қилмасликка азму қарор қилиш билан бирга ўша одамнинг ҳаққини ҳам қайтариш ёки унинг ўзидан розилик сўраш лозим бўлади. Агар ҳақ эгаси топилмаса, тавба уни топиб, рози қилишга азму қарор қилиш ила бўлади.
Агар гуноҳда Аллоҳнинг ҳаққи бўлса ва ўша ҳақ шаръий жазога лойиқ бўлса-ю, уни ҳеч ким билмаган бўлса, ўша гуноҳ яширин ҳолида қолгани яхши.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким ушбу ифлосликлардан бирортасини қилса, уни Аллоҳнинг сатри ила сатр қилсин», деганлар.
Агар қилинган гуноҳда ҳам Аллоҳ таолонинг, ҳам банданинг ҳаққи бўлса, ҳақ эгасига қайтарилади. Мисол учун, закотни бермаган бўлса, тавба уни ҳақдорларга бериш билан тугал бўлади.
Агар гуноҳ Аллоҳ таолонинг ҳаққига оид бўлса, тавба уларни адо қилиш билан бўлади. Мисол учун, рўза ва намознинг қазосини адо қилиш каби.
Тавба ҳақида олимларнинг сўзлари
Устоз Абу Али ад-Даққоқ:
«Тавба уч қисмга бўлинади: аввали тавба, ўртаси иноба ва охиргиси авба», деди.
У киши тавбани бошланиш ва авбани тугатиш қилди. Иноба эса ўртада қолди. Бас, ким уқубатдан хафвсираб тавба қилса, тавба соҳиби бўлади. Ким савобдан умидвор бўлиб тавба қилса, иноба соҳиби бўлади. Ким савобга рағбат ҳам қилмай, азобдан қўрқмай, балки буйруққа риоя қилиб тавба қилса, авба соҳиби бўлади.
Устоз Абулқосим ал-Қушайрий бундай дейдилар:
«Тавба мўминларнинг сифатидир, чунки Аллоҳ таоло «Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар!» деган («Нур» сураси, 31-оят).
Иноба муқарраб авлиёларнинг сифатидир, чунки Аллоҳ таоло «Роҳмандан ғойибона қўрққан ва саломат қалб ила келган кимсага» деган («Қоф» сураси, 33-оят).
Авба – анбиё ва расулларнинг сифатидир, чунки Аллоҳ таоло «У қандай ҳам яхши банда. Албатта, у сертавбадир», деган («Сод» сураси, 44-оят)».
Зуннун Мисрий айтадилар:
«Авомларнинг тавбаси гуноҳлардан бўлади. Хосларнинг тавбаси ғафлатдан бўлади. Анбиёларнинг тавбаси бошқалар эришган нарсадан ожиз бўлганлари учун бўлади».
Жунайд Бағдодий айтадилар:
«Тавбанинг уч маъноси бор: биринчиси – надомат, иккинчиси – Аллоҳ қайтарган нарсага қайтишни тарк этишга азму қарор қилиш, учинчиси – зулмларни адо этишга шошилиш».
У киши яна айтадилар:
«Тавба – Аллоҳдан бир йўла юз ўгирганинг каби У Зотга бир йўла юзланишингдир».
Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тистирий айтадилар:
«Тавба – «Энди қилмайман»ни тарк қилишдир».
Яна ўша киши айтадилар:
«Тавба – надомат, бир йўла ажраб чиқиш ва мазамматли ҳаракатлардан мақтовли ҳаракатларга ўтишдир».
Абу Али Ҳусайн ибн Аҳмад ан-Нурий айтадилар:
«Тавба Аллоҳ азза ва жалладан бошқа ҳар бир нарсадан қайтишингдир».
Абу Бакр Муҳаммад ибн Мусо ал-Воситий айтадилар:
«Тавбаи насуҳ ўз соҳибида махфий ва ошкор маъсиятлардан бирор асар қолдирмайди. Кимнинг тавбаси насуҳ бўлса, қандоқ кеч киритиб, тонг оттиргани билан иши бўлмайди».
Зуннун Мисрий айтадилар:
«Тавбанинг ҳақиқати кенг ернинг сен учун тор бўлиб қолишидир. Аллоҳ таоло Ўз Китобида бу ҳақда хабар берган: «Ниҳоят уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан Унинг Ўзидан бошқа бошпана йўқлигига тўла ишонганаридан сўнг бутунлай қайтишлари учун (Аллоҳ) тавбаларини қабул қилди» («Тавба» сураси, 118-оят).
Ибн Ато айтадилар:
«Тавба икки хил бўлади: иноба тавбаси ва истижоба тавбаси. Бас, иноба тавбаси банданинг У Зотнинг уқубатидан қўрқиб тавба қилишидир. Истижоба тавбаси эса У Зотнинг карамидан ҳаё қилиб тавба қилишдир».
Зуннун Мисрий айтадилар:
«Одам боласининг ҳар бир аъзоси учун тавба зарурдир. Қалбнинг тавбаси ман қилинган нарсаларни ният қилишни тарк этишдир. Икки кўзнинг тавбаси уларни Аллоҳ ҳаром қилган нарсага қарашдан тийишдир. Икки қўлнинг тавбаси ҳалол бўлмаган нарсани ушлашни тарк қилишдир. Икки оёқнинг тавбаси беҳуда нарсалар бор жойга боришни тарк қилишдир. Қулоқнинг тавбаси ботилни тинглашни тарк қилишдир. Фаржнинг тавбаси фаҳш ишлардан қайтишдир».
Яна ўша киши айтадилар:
«Тавбаи насуҳ ўтган гуноҳларга тинмай йиғлаш, гуноҳга қайтишдан қўрқиш, ёмон дўстлардан ҳижронда (йироқда) бўлиш ва аҳли хайрни лозим тутишдир».
Муҳаққиқлар «Тавба – солиҳлар манзилларининг аввалгисидир, толиблар мақомларининг биринчисидир», демишлар.
Уламолар: «Ҳар бир гуноҳдан тавба қилиш вожибдир», деганлар.
Тавбанинг фойдаларидан:
1. Тавба иймоннинг камоли ва Исломнинг жамолидандир.
2. Тавба Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва ризосининг сабабчисидир.
3. Тавба ўз эгаси учун Аллоҳ таолонинг кенг раҳматидир.
4. Тавба танглик ва ғамнинг кетишига сабаб бўлади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)