Нубувват нурини таратиб, ҳақиқат йўлларини ёритган, гўзалликда комил ахлоқи билан башариятга намуна бўлган Оллоҳнинг қули, ҳабиб пайғамбари, хушхабар бергувчи ва огоҳлантиргувчиси Муҳаммад Мустафога солавот ва саломлар бўлсин.
Ботилдан батамом узилиб, зулматдан нур сари талпинган, ҳар қандай ҳолатда ҳақ динга заррача гард юқтирмаган, Оллоҳ ва расулига содиқ Пайғамбаримиз аҳли байтлари ва саҳобайи киромларга солавот ва саломлар ёғилсин.
Яхши хулқ мурсаллар саййидининг сифати, сиддиқлар амалининг афзали, муттақийлар меҳнатининг меваси, обидлар риёзатининг натижаси, янада тўғрироғи, яхши хулқ диннинг ярмидир.
Ёмон хулқ ўткир заҳар, хор қилувчи бузуқлик, оламлар Парвардигоридан узоқлаштирувчи разолат, янада тўғрироғи, шайтоннинг хизматига ёлланишдир.
Яхши хулқ Раҳмон ҳузуридаги жаннат неъматларига очиб қўйилган қалб эшиги бўлса, ёмон хулқ – жаҳаннамга очиб қўйилган эшик. Жаҳаннам эса ёқиб қўйилган бир оловдирки, алангаси баданларни тешиб ўтиб, юракларга қадар етади.
Қабиҳ ахлоқ – қалб хасталиги, жонларни ўртовчи оғриқдир. Жасаднинг тириклиги тугаши билан поёнига етадиган дунёдаги барча оғриқлар қалб оғриғи олдида ҳеч нарсадир. Жисмоний дард фоний ҳаёт каби ўткинчи. Лекин ёмон хулқ туфайли қалб хасталанса, абадий ҳаёт бой берилади. Малакали табиблар жасадга қанчалик эътибор беришмасин, фоний ҳаётнинг ўткинчилигини англашдан бошқа натижага эришолмайдилар. Шундай экан, улар абадий ҳаётни бой бериб қўйишга сабаб бўладиган қалб хасталикларига кўпроқ эътибор қаратишлари авлороқ эмасми?!
Ҳар бир ақл эгаси тиббиётнинг қалб билан боғлиқ жиҳатларидан хабардор бўлмоғи лозим. Чунки, биронта инсон йўқки, қалб хасталигидан холи бўлса. Агар қалбга эътибор сусайса, ботиний иллатлар кўпаяди ва улар аста-аста йиғилиб, ҳатто зоҳирда кўрина бошлайди.
Шунинг учун банда қалб хасталиги ва унинг сабабларидан ўта зийраклик билан огоҳ бўлишга муҳтож. Ана шунда у бу дарднинг давосига енг шимариб киришиши мумкин. Бу хасталикнинг муолажаси Оллоҳ таолонинг ушбу сўзида айтилган: «Дарҳақиқат, уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди» (Ваш-шамс, 9-оят).
Бу хасталикка эътиборсизликнинг оқибати қуйидаги оятда зикр этилган: «Ва у (жонини фисқу фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди» (Ваш-шамс, 10-оят).
Бу китобда ахлоқ тарбияси ва унинг йўл- йўриқлари хусусида сўз боради. Қалб муолажасини идрок қилиш осон бўлсин учун мавзу давомида жисм муолажасидан мисоллар келтирилади. Кейин ҳусни хулқ моҳияти, ахлоқ тарбияси, нафсни тарбиялаш йўллари, қалб хасталигининг аломатлари, нафснинг айблари ва уларнинг белгилари, қалб муолажасида шаҳватларни тарк этишнинг аҳамияти ва бу хусусда нақл қилинган далиллар, ҳусни хулқ аломатлари, бола тарбиясининг илк даври, муридлик шартлари ҳақида зикр қилинади. Мазкур китоб ўн бир фаслдан иборат.
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Нафс тарбияси» китобидан