Гўзал хулқ фазилати ва ёмон хулқ мазаммати

Оллоҳ таоло ўзининг Пайғамбари ва ҳабибини мақтаб, у зотга берган улуғ неъматини шундай эслатади: «Албатта Сиз улуғ хулқ устидадирсиз» (Қалам, 4-оят).

Оиша розийаллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқи Қуръон эди» (Муслим ривояти).
Бир киши Пайғамбар алайҳиссаломдан гўзал хулқ ҳақида сўради. Расулуллоҳ ушбу оятни ўқидилар: «Афв-марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг!» (Аъроф, 199-оят).
Кейин дедилар: «Гўзал хулқ - алоқани узган (қардошинг)га боғланмоғинг, сендан қизғанган кишига бермоғинг, сенга зулм қилганни кечирмоғингдир» (Анас ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилдим».
Яна айтдилар: «Қиёмат кунида мезоннинг тақво ва ҳусни хулқ турган палласи нақадар оғир бўлади!» (Абу Довуд, Термизий ривоятлари).
«Бир киши Расулуллоҳ рўпараларига келиб:
– Эй Оллоҳнинг расули, дин нима? – деб сўради.
– Гўзал хулқ, – дедилар.
У киши сарвари оламнинг ўнг томонига ўтиб, яна савол қилди:
– Дин нима, эй Оллоҳнинг расули?
– Гўзал хулқ, – деб жавоб бердилар.
Кейин сўл томонларига ўтиб, яна:
– Дин нима, эй Оллоҳнинг расули? – деб сўради.
– Гўзал хулқ, – дедилар Расули акрам.
Сўнг орқаларига ўтиб:
– Эй Оллоҳнинг расули, дин нима? – дея қайта сўради.
Пайғамбар алайҳиссалом у киши томон ўгрилиб:
– Гўзал хулқ, (гўзал хулқ эса) ғазабланмаслигингдир, энди тушундингми?! – дедилар» (Марвазий ривояти).
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди:
– Бадбахтлик нима, ё Расулаллоҳ?
– Ёмон хулқ! дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
– Менга насиҳат қилинг, – деди.
– Доимо Оллоҳдан қўрқ! – дедилар.
– Яна насиҳат қилинг, – деди у киши.
– Ёмонликнинг изидан уни ўчирадиган бир яхшиликни эргаштир!
– Яна насиҳат қилинг.
– Одамларга гўзал хулқ билан муомала қил, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» (Термизий ривояти).
Пайғамбар алайҳиссаломдан сўралди:
– Амалларнинг афзали қайси?
– Гўзал хулқ! – дедилар.
Фузайл ибн Иёз айтади: «Пайғамбар алайҳиссаломга:
– Фалончи аёл кундузлари рўза тутади, кечалари бедор бўлиб, намоз ўқийди. Бироқ унинг хулқи ёмон: қўшниларига тили билан азият етказади, – дейишди.
Шунда Расули акрам:
– Унинг бу ишларида хайр йўқ. У аёл жаҳаннам аҳлидандир, – дедилар»
Абу Дардо дейди: «Расулуллоҳнинг шундай деганларини эшитдим: «(Қиёматда) тарозига қўйиладиган нарсаларнинг энг аввалгиси гўзал хулқ ва саховатдир. Оллоҳ таоло Иймонни яратди. Шунда Иймон: «Эй Оллоҳим, мени қувватлантир» – деди. Оллоҳ уни гўзал хулқ ва саховат билан қувватлантирди. Оллоҳ таоло куфрни яратди. Шунда куфр: «Эй Оллоҳ, мени қувватлантир» – деди. Оллоҳ уни бахиллик ва ёмон хулқ билан қувватлантирди» (Ҳадиснинг бошқа ривояти Абу Довуд ва Термизий «Сунан»ида келтирилган).
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Оллоҳ бу динни Ўзи учун танлади. (Яъни бу диннинг ҳар бир амали холис Оллоҳ учун бўлиши лозим.) Карам ва гўзал хулқ бўлсагина Оллоҳ динингизни ислоҳ қилади. Бас, динингизни карам ва гўзал хулқ билан зийнатланг» (Доруқтуний ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: «Одамларга молларингиз билан эмас, очиқ чеҳра ва гўзал хулқ билан юзланинг» (Баззор ривояти).
Расули акрам айтдилар: «Сирка асални бузгани каби ёмон хулқ амални бузади» (Ибн Ҳиббон ривояти).
Барро ибн Озибдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ичида чеҳраси ва хулқи энг гўзал инсон эдилар» (Хароитий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ кўп дуо қилар ва дер эдилар: «Оллоҳим! Сендан сиҳҳат, офият ва гўзал хулқ(беришинг)ни сўрайман» (Хароитий ривояти).
Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганлари Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мўминнинг саҳовати – унинг дини, гўзал хулқи – унинг мартабаси, мардлиги – унинг ақлидир» (Ибн Ҳиббон ривояти).

Усома ибн Шарийкдан ривоят қилинади: «Расули акрамдан аъробийлар:
– Бандага берилган нарсаларнинг энг яхшиси нима? – деб сўрашди.
– Гўзал хулқ, – дедилар Расули акрам» (Ибн Можа ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Сизларнинг орангизда менга суюклироғингиз ва Қиёмат кунида менга яқинроқ бўладиганингиз ахлоқи гўзалларингиздир» (Табароний ривояти).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Учта хислат бор. Кимда ўша учта хислатдан биттаси бўлмаса ҳам қилган амали ҳисобга ўтмайди. Бу - Оллоҳга маъсият қилишдан тўсадиган тақво, аҳмоқни жиловлайдиган ҳалимлик, одамлар орасида хушхулқлик» (Табароний ривояти).
Намозни бошлашларидан аввал Расули акрам шундай дуо қилардилар: «Оллоҳим, мени гўзал ахлоққа ҳидоят қил. Сендан ўзгаси мени чиройли хулққа ҳидоят қилолмас. Оллоҳим, ёмон хулқни мендан узоқлаштир. Сендан ўзгаси бу ишни қилолмас» (Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу дейди: «Бир куни Расулуллоҳ билан бирга эдик, дедилар: «Қуёш музни эригани каби гўзал хулқ ҳам гуноҳларни эритиб йўқотади» (Табароний ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Гўзал хулқ эр кишининг саодатидир» (Байҳақий ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом Абу Зарга дедилар: «Эй Абу Зар! (Билгилки), тадбир каби ақл йўқ, гўзал хулқ каби мавқе йўқ» (Ибн Можа ривояти).
Умми Ҳабиба Расули акрамдан сўради:
– (Ё Расулаллоҳ), бир аёл икки марта эрга теккан бўлса, кейин у аёл ҳам, иккала эр ҳам дунёдан ўтса ва барчаси жаннатга кирса, аёл қайси эрга тегишли бўлади?
– Дунё ҳаётида қайси эрнинг хулқи гўзал бўлган бўлса, ўшанга тегишли бўлади. Эй Умми Ҳабиба! Гўзал хулқни дунё ва охират яхшилиги билан беза!» (Баззор ва Табароний ривоятлари).
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Тўғри мусулмон ўзининг гўзал хулқи ва саховати билан кундузлари рўзадор, кечалари ибодатда бедор киши даражасига етади» (Имом Аҳмад ривояти).
Абдураҳмон ибн Сумра дейди: «Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида эдик, дедилар: «Эрталаб ажиб туш кўрдим. Умматимдан бир киши тиз чўккан ҳолида турарди. Оллоҳ ва унинг ўртасини парда тўсган эди. Бир пайт унинг гўзал хулқи келиб, эгасини Оллоҳ таолонинг ҳузурига киритди» (Хароитий ривояти).
Ривоят қилинади, Умар ибн Хаттоб пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига киришга изн сўради. Ўша пайт Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида қурайшлик аёллар бор эди. Улар баланд овозда Расуллоҳ билан гаплашардилар. Умар розийаллоҳу анҳуга киришга изн берилгач, аёллар шоша-пиша рўмолларининг у ёғ, бу ёғини тузата бошлашди. Умар киргач, Расулуллоҳ кулдилар. Шунда Умар:
– Ота-онам Сизга фидо бўлсин, эй Оллоҳнинг расули, нега куляпсиз? – деди.
– Анави аёлларга ажабланяпман. Сенинг овозингни эшитиб, шошиб қолишди, – дедилар Расули акрам.
– Ахир улар мендан эмас, Сиздан тортинишлари керак. Сиз бунга ҳақлироқсиз, эй Оллоҳнинг расули, – дея Умар аёллар томонга юзланди ва: -Эй, ўз жонига ўзи душман хотинлар! Нима, мендан ҳайиқиб, Оллоҳнинг расулидан ҳайиқмайсизларми? – деди.
– Ҳа, сиз Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга қараганда қўпол ва қўрс одамсиз, – дейишди қурайшлик аёллар.
Шунда пайғамбар алайҳиссалом:
– Эй Хаттобнинг ўғли! Жоним измида бўлган Зотга қасамки, шайтон ҳеч қачон сенга рўпарама-рўпара келолмайди. Балки (сендан ҳайиққанидан) бошқа кўчадан юради» (муттафақун алайҳ).
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Ёмон хулқ кечирилмайдиган гуноҳ, ёмон гумон эса ҳиди тез тарқалувчи хатодир» (Табароний ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Банда ўзининг ёмон хулқи туфайли жаҳаннамнинг энг тубига қулайди» (Табароний ривояти).
Луқмони Ҳакимнинг ўғли отасидан сўради:
– Отажон, инсондаги хислатларнинг қайсиси яхшироқ?
– Дини, деди Луқмони Ҳаким ўғлига.
– Демак, иккитами: дини ва моли? Ё учтами: дини, моли ва ҳаёси? Ёки тўрттами: дини, моли, ҳаёси ва гўзал хулқи? Ёхуд бештами: дини, моли, ҳаёси, гўзал хулқи ва саҳовати? Ё олтитами...? дея яхши хислатларни бир-бир санаётган ўғлига ота:
– Болажоним, агар кишида бу бешта хислат жамланса, демак у, ҳақиқий муттақий, Оллоҳнинг дўсти, шайтондан халос бўлган инсондир».
Ҳасан Басрий дейди: «Кимнинг хулқи ёмон бўлса, ўзини ўзи қийнайди».
Анас ибн Молик айтади: «Шундай банда бор, чиройли хулқи билан жаннатнинг баланд даражаларига етади, гарчи обид бўлмаса ҳам. Шундай банда бор, ёмон хулқи сабабли дўзахнинг энг қуйи қаватларидан жой олади, гарчи обид бўлса ҳам».
Яҳё ибн Муоз дейди: «Ахлоқнинг кенглиги ризқлар хазинасидир».
Ваҳб ибн Мунаббиҳ айтади: «Ёмон хулқ чил-чил синган кўзага ўхшайди. Уни на ямаб бўлади, на лой ҳолатига қайтариб».
Фузайл ибн Иёз дейди: «Менга хулқи ёмон обиднинг ҳамроҳ бўлганидан кўра, хулқи яхши фожирнинг ҳамроҳ бўлгани суюклироқ».
Жунайд Бағдодий айтади: «Тўртта сифат бандани юксакларга кўтаради. Гарчи унинг илми ва амали кам, лекин табиати ҳалим, тавозуъли, қўли очиқ-сахий ва хулқи чиройли бўлса, бу иймоннинг мукаммаллигидан дарак».
Умар розийаллоҳу анҳу деди: «Гўзал ахлоқингиз билан одамларга қўшилинг, солиҳ амалларингиз билан улардан ажраб туринг».
Яҳё ибн Муоз айтади: «Ёмон хулқ ёнида қанча яхшиликлар бўлса ҳам фойда бермайди. Яхши хулқ ёнида қанча ёмонликлар бўлса ҳам зарар бермайди».
Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан:
– Мукаррамлик нима?» – дея сўралди.
– Оллоҳ таолонинг Китобида бу ҳақда шундай дейилган, – деди Ибн Аббос ва қуйидаги оятни ўқиди: «Албатта сизларнинг Оллоҳ наздида энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот,13-оят).
– Ҳасаб нима? – дея сўралди.
– Орангизда кимнинг хулқи гўзал бўлса, ҳасаб (мавқе-мартаба) жиҳатидан энг афзалингиз ўшадир. Ҳар бир бинонинг асоси бўлади. Исломнинг асоси – гўзал хулқ».
Ато дейди: «Баланд даражага фақат гўзал хулқ билан етилади. Ҳеч бир киши Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафода бўлганидек гўзал хулқ камолига эришмаган. Соликлар гўзал хулқ билан Оллоҳ таолога яқин бўлишган».

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Нафс тарбияси» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.