Истиғфорнинг ҳукми ва унинг фазилатлари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Инсон доимо Аллоҳ таолонинг неъматига бурканиб яшайди. Шундай экан у ҳамиша неъматларга шукр қилишга муҳтож. Сон-саноқсиз неъматлар ичра билиб-билмай гуноҳкор бўлгани учун ўз-ўзидан тавба ва истиғфорга ҳам муҳтождир. Демак, банда неъматлар ичра яшаркан тавба ва истиғфорни ўзига лозим тутмоғи керак. Зеро у хатодан холи эмас. Хатокорларнинг энг яхшиси эса тавба ва истиғфор айтувчиларидир. Ушбу мақоламизда ана ўша истиғфорнинг ҳукмлари ва фазилатларигага қисқача тўхталамиз. Аллоҳ таоло ўзи манфаатли қилсин.

Истиғфорнинг ҳукмлари.

Хоҳ ўзи учун хоҳ бошқаси учун истиғфор айтиш улкан ибодат ҳисобланади.

Истиғфор аслида мустаҳаб амал: Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: “Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир”, (Муззаммил сураси, 20-оят).  Ушбу оятдаги буйруқ уламолар томонидан мустаҳабга ҳамл қилинади. Чунки, динимиз гуноҳ қилмасакда истиғфор айтишни матлуб санайди. Шунинг учун киши ўзига, ота-онасига, муслим ва муслималарга уларнинг тирикларигаю ўтганларига истиғфор айтади.

Истиғфор гоҳо мустаҳаб даражасидан вожиб даражасига чиқади. Масалан, бир киши гуноҳ қилиб қўйса дарҳол ортидан тавба ва истиғфор айтмоғи лозимдир.

Истиғфорнинг ҳаром ўринлари ҳам мавжуд бўлиб, бу кофирларнинг ҳаққидадир. Аллоҳ таоло ўзининг каломида очиқ-ойдин келтирганки: “На пайғамбар ва на мўминлар мушриклар учун, гарчи улар қариндошлари бўлса ҳам уларнинг дўзах аҳли эканликлари маълум бўлгандан кейин – истиғфор (гуноҳларини кечиришини) сўрашлари жоиз эмас.

Иброҳимнинг (ўз) отаси учун истиғфор сўраши фақат унга қилган ваъдаси туфайли эди. Аллоҳнинг душмани эканлиги билингандан кейин ундан (отасидан) воз кечди. Албатта, Иброҳим оқкўнгил ва ҳалимдир”.

Бу тоифадаги инсонларга эътиқодлари фосид бўлганлигидан истиғфорнинг ҳеч манфаати бўлмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ўз каломида бизни бу ишдан қайтармоқда.

Банданинг истиғфорга муҳтожлиги.

Истиғфор улкан ибодат бунга шубҳа йўқ. Унинг улканлиги шундаки, пайғамбарлар бу амалда бардавом бўлганлар ва ўз умматларини ҳам мунтазам истиғфорга даъват этганлар. Инсон Аллоҳ таолога доимий муҳтож, унинг Роббисига бўлган эҳтиёжи ҳам ҳеч қачон тугамайди. Керак бўлса ҳар соат, ҳар дақиқа, ҳар сония ва ҳар бир ҳолатида эҳтиёж бор. Афсуски, буни тушиниш учун инсонда илму-маърифат бўлишлиги даркор. Банданинг  Аллоҳ таолони таниши қанчалик кўп бўлса, истиғфори ҳам шунчалик кўпайиб бораверади. Албатта бу ишда ҳам аввалги ўринни Аллоҳнинг пайғамбарлари, улардан сўнг авлиёуллоҳлар ва уламолар эгаллайди. Аллоҳ таоло каломида марҳамат қилади: “Аллоҳдан бандалари орасида уламоларгина қўрқурлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир”, (Фотир сураси, 28-оят).

Шунинг учун ҳам уламолар аввало ўзлари, қолаверса бошқаларни ҳам истиғфорга даъват қиладилар. Истиғфор айтишлик билан инсон нафақат гуноҳлардан покланади балки ризқини кенг бўлиши, ишларини енгиллашиши, турли ёмонликлардан омонда бўлишига ҳам сабабчи экалигини Қуръон ва суннатда келган кўрсатмалардан билишимиз мумкин. Улуғлардан бирлари истиғфор ҳақида шундай дейдилар:

“Истиғфор бандани макруҳ ишдан маҳбуб ишга, ноқис амалдан мукаммал амалга ва мақоми аднодан мақоми аълога  олиб чиқади”.

Кундалик ҳаётимизда ҳам баъзан ўзимиз билиб-билмай дўстларимизни, яқинларимизни, аҳли-аёл фарзандларимизни хафа қилиб қўйишимиз ҳаммамиздаги бор одат. Мана шундай вақтларда ҳам улардан узр сўраб Аллоҳ таолога истиғфор айтсак салафу-солиҳлар йўлини тутган бўламиз. Бир куни Хузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу ўзининг тилини аччиқлигидан, аҳли-аёлига қаттиқ гапириб қўяётганлигидан афсусланиб пайғамбаримизнинг ҳузурига келдилар. Сарвари коинот соллоллоҳу алайҳи васаллам унга: “Истиғфор айтгин э Хузайфа, мен ҳам бир кунда етмиш маротаба истиғфор айтаман дедилар”.  Имом Аҳмад, Имом Доримий ривоятлари.

Банда истиғфорга шу даражада муҳтожки, ҳатто қазои ҳожатда ҳам эҳтиёжи бор. Масалан ҳожатхонадан чиққач дарҳол “ғуфронака” (мағфиратингни сўрайман), демоқ мустаҳабдир. Бунинг сабабида уламолар икки хил фикр билдирганлар. Биринчиси, жисмнинг азияти кетгач гуноҳнинг азиятини эслаш муносиб бўлгани учун. Иккинчиси, неъматни шукрини изҳор қилишдан ожиз бўлганлиги учун истиғфор айтилади.  

 

Истиғфорнинг фазилати.

 Истиғфорнинг фазилати ҳақида келган оят ва ҳадисларнинг барчаси бу ибодатнинг нақадар улуғлиги ва ҳайру-баракаси кўплигига далолат қилади.

Албатта, намоз, рўза, ҳаж каби ибодатларнинг маълум вақтлари бор. Истиғфорнинг эса муайян вақти йўқ бўлсада, саҳар вақтлари энг муносиб вақтлигини далиллардан билиб олиш мумкин. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар”, (Ваз- зориёт, 18-оят).

Саҳар вақтида қилинган дуолар ижобатга яқинроқдир. Чунки бу вақтда тирикчилик ташвишлари, кўнгилни безовта қилувчи нарсалар бўлмагани учун, ибодатда ўқилган нарсалар қалбга яхшироқ ўрнашиб, жимлик ҳукм сургани учун инсон ўз қилмишларини тафаккур қилиб астойдил тавба қилишлик имконини беради. Ҳадисларда Аллоҳ азза ва жаллани ўз азаматига лойиқ тарзда дунё осмонига тушиб “...Истиғфор айтувчи борми, мен уни мағфират қиламан” (Бухорий ва Муслим ривояти), демоқлиги ҳам зикр қилинади. Шунинг учун ҳам Яъқуб алайҳиссаломнинг ўғиллари оталаридан “Эй, ота, Аллоҳдан бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўранг” деганларида “У айтди: “Албатта, Роббимдан сизларни мағфират қилишини сўрайман. Албатта, мағфират қилувчи ва меҳрибон зот Удир” (Юсуф сураси, 98-оят), деди. Суюкли пайғамбаримиз ҳам гарчи Аллоҳнинг ҳабиби, гуноҳлари кечирилган бўлсада истиғфорни ўзларига лозим тутганлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики: “Аллоҳга қасамки мен бир кунда юздан ортиқ истиғфор айтаман”, дедилар.

Баъзи салафлар айтдилар: “Баъзи инсонлар гуноҳ амалларни қиладилар ва жаннатга кирадилар ва баъзи инсонлар савоб ишларни қиладилар ва дўзах аҳлидан бўладилар. Шунда одамлар сўрайдилар, бу қанақаси? Одамлар билиб-билмай гуноҳ ишларни қилиб сўнг ортидан тавба қиладилар, қилган ишларига пушаймон бўладилар. Ҳар қачон ўша гуноҳларини эсласалар надомат чекиб йиғлаб истиғфор айтадилар ва уларнинг бу ишлари Аллоҳ таолонинг раҳмат-мағфиратига сабаб бўлиб, жаннатга дохил бўладилар. Яна шундай одамлар борки, савоб амалларни қилиб, одамларга яхшиликлар қилиб, буни эсдан чиқармайдилар ва доим қилган ишларидан ғурурланиб кибрга кетадилар. Ва ҳолбуки уларни шу ишларга йўллаб қўйган зотни эсдан чиқарадилар, унинг ҳидояти сабаб эканлигини хотирламайдилар, охир-оқибат дўзахҳ аҳлидан бўладилар”.

Истиғфор ҳаётимизни осон ва мазмунли қилишига Қуръон ва ҳадисдан далиллар.

Бой бўлишни хоҳлайсизми? Унда истиғфор айтинг. Аллоҳ таоло айтади: “Сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (ато) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур. (Нуҳ сураси, 12-оят)

 

Тинч хотиржам ҳаёт кечиришни истасангиз истиғфор айтинг. Зеро Роббимиз марҳамат қилади: “Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар. (Шунда) У Зот сизларни маълум муддатгача яхши роҳатлар ила баҳраманд қилур ва ҳар бир фазл эгасига фазлини берур. Агар юз ўгириб кетсангиз, бас, албатта, мен сизларга улуғ куннинг азоби бўлишидан қўрқаман. (Ҳуд сураси, 3-оят)

Қурғоқчиликдан омонда бўлишни истасангиз истиғфор айтинг зеро жаноби Ҳақ шундай дейди: “Бас, дедимки: -- Роббингиз (Аллоҳ) дан мағфират сўрангизлар, У ўта кечиримли зотдир. (Шунда У) устиларингизга осмондан ёмғир ёғдирур. (Нуҳ сураси, 10-11-оятлар)

Фарзандли бўлишни хоҳласангиз  истиғфор айтинг. Аллоҳ таоло айтади: “Сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (ато) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур. (Нуҳ сураси, 12-оят)

Жисмонан ва руҳан бақувват бўлишни хоҳласангиз истиғфорни канда қилманг. Истиғфор қалбга ва баданга ажиб бир қувват берадики, бунинг натижасида ҳаётий ранжу-аламларни енгиб ўтишга кўникма хосил бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Эй, қавмим! Роббингиздан мағфират (кечирим) сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У осмондан (ёмғир) ёғдирар ва қувватингизга қувват қўшар. Жиноятчи бўлиб кетманглар!”

Шайтонни ғазаблантирмоқчи бўлсангиз истиғфорни лозим тутинг.

Ҳадисда келишича: “Шайтон: “Гуноҳлар туфайли одамларни ҳалок қилдим лекин одамлар мени “Лаа илаҳа иллаллоҳ ва истиғфор” билан ўлдирадилар”, деб айтади. (Имом Аҳмад ривояти).

Астағфируллоҳал ъазийм ва атубу илайҳ!

Астағфируллоҳаллазий лаа илааҳа илла ҳува ва атубу илайҳ!

 

Абдуғафур Ниёзқулов.

Last modified on 21/06/2017

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.