Инсоннинг қалби худди қўрғонга ўхшайди. Шайтон ўша қўрғонга кириб, уни эгаллаб олишга ҳаракат қилади. Мазкур қўрғонни душмандан ҳимоя қилиш учун унинг эшик, дераза ва тешикларини яхши билиш лозим. Уларни яхши билмагунча қўрғонни ҳимоя қилиб бўлмади.
Қалбни шайтоннинг васвасасидан ҳимоя қилиш вожибдир. Бу иш ҳар бир мукаллаф бандага фарзи айндир. Чунки, вожибга етиш учун керак бўладиган нарса ҳам вожибдир деган қоида бор. Шайтондан қалбни ҳимоя қилиш учун унинг кириш жойларни билиш керак бўлгани учун, ўша кириш жойларини билиш иши ҳам вожиб бўлади.
Шайтоннинг қалбга кириш жойлари банданинг сифатлари бўлиб улар кўпдир. Биз мазкур эшикларнинг энг катталари ҳақидагина сўз юритамиз.
1. Ғазаб ва шаҳват.
Ғазаб ақлнинг кишанидир. Ақлнинг аскари заиф бўлса, шайтоннинг аскари кучли бўлади. Инсон қанча кўп ғазабланса шайтон уни худди ёш бола тўпни ўйнагандек қилиб ўйнашга ўтади.
2. Ҳасад ва ҳирс.
Банданинг бирор нарсага ҳирс қўйиши қанчалик кучли бўлса, ўша ҳирси уни шунчалик кўр ва кар қилади.
Зотан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нарсга бўлган муҳаббатинг кўр ва кар қилур», деганлар. Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Қалб кўзлари нури ила шайтонинг кириш жойлари кўрилади. Агар ўша кўзларни ҳирс ва ҳасад беркитиб қолса кўриб бўлмай қолади.
Ана ўшанда шайтон фурсатни ғанимат билиб ҳасадчи ва ҳирсли одамга шаҳватга эриштирадиган ҳар бир нарсани зийнатлаб кўрсатиш пайидан бўлади.
3. Таомдан ортиқча тўйиш.
Бунда таом ҳалол пок бўлиши ҳам мумкин. Чунки таом шаҳфатни кучайтиради. Шаҳватлар эса шайтоннинг қуролларидир. Кўп ейишда олти ёмон хислат борлиги таъкидланади.
1. Қалбдан Аллоҳнинг хавфи кетиши.
2. Қалбдан халойиққа раҳим кетиши. Чунки у ҳаммани тўқ деб ўйлайди.
3. Тоатни оғир қўриб қолиш.
4. Ҳикматли сўзни эшитса тасирланмай қолиш.
5. У мавъиза ва ҳикматли сўзларни гапирса одамларга тасир қилмаслиги.
6. Турли хасталикларнинг чиқиши.
4. Кийим – кечак, асбоб – анжом ва уй – жойда зебу зийнатга ружуъ қўйиш.
Қачон шайтон мазкур ҳолни инсон қалбига ғолиб бўлганини кўрса, дарҳол тухум қўйиб жўжа очади. У мазкур одамни уй жойини зийнатлашга чақиришда бардавом бўлади. Шифтни яхшила, деворларни чиройли қили, хоналарни кенгайтир дейди.
Шунингдек, кийимларингни қойил мақом қил, уловни ҳеч кимда йўғи топ дейди. Кўрибсизки, умрини шундай ишлар билан ўтказиб турибди. Бу ҳол давоб эта бориб оқибат банда куфрга бориши ҳам мумкин.
5. Одамлардан тамагир бўлиш.
Чунки қалбга тамагирлик ғолиб бўлса шайтон тинимсиз равишда унга кимдан тама қилаётган бўлса ўшанинг олдида турли риё ва ҳийла найранглар билан жилванишни зийнатлаб кўрсатади.
Энг камида у ўзи тамагирлик қилаётган одамни ўринсиз мақташга ўтади. Унинг розилигини топиш учун ҳар қандай гуноҳни қилишга тайёр бўлади.
6. Шошқалоқлик ва ишларда аниқликни тарк қилиш.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шошмаслик Аллоҳдандир ва шошқалоқлик шайтондандир», дедилар». Байҳақий ривоят қилган.
Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида: «Инсон шошқалоқликдан халқ қилингандир», деган (37 – оят).
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида: «Инсон шошқалоқ бўлгандир», деган (11 - оят).
Аллоҳ таоло «Тоҳа» сурасида: «Сенга ваҳийи битгунча Қуръон(тиловати)га ошиқма», деган (114 – оят).
Чунки ишларга уларни яхшилаб ўрганиш ва билишдан кейингина кириши лозим. Яхшилаб ўрганиш эса тааммулга ва муҳлатга муҳтождир. Бу нарса шошқалоқлик билан бўлмайди. Шошқалоқлик ўз навбатида инсонни палапартишликка олиб боради.
7. Молу дунё муҳаббати.
Керагича молу дунёси бор одамнинг қалби хотиржам бўлади. Аммо ортиқча моли бор одамнинг ҳоли бошқача бўлади. У борига яна қўшиш пайига тушади. Мингини милёнга кўпайтириш унинг асосий мақсадига айланади. Шу тариқа молу дунёнинг қулига айланади.
8. Бахиллик ва камбағалликдан қўрқиш.
Мазкур сифатлар хайри эҳсон ва нафақадан қайтаради ва тўплаб, жамлашга ружуъ қўйишга ундайди. Бу ишларни қилганларга эса аламли азоблар ваъда қилинган.
Суфён раҳматуллоҳи алайҳ: «Шайтоннинг камбағалликдан қўрқишдек кучли силоҳи йўқ. Агар банда ўшани ундан қабул қилса, ботилга ўзини уради, ҳақни ман қилади, ҳаводан гапиради ва Роббиси ҳақида ёмон гумонда бўлади», деган.
9. Фирқа ва тоифаларга мутаассиблик ҳамда ўзига қаршиларга ҳиқд қилиш ва паст назар билан қараш.
Бу нарса обидларни ҳам, фосиқларни ҳам баробар ҳалокатга олиб борадир. Одамларни айблаш ва уларнинг камчилиигини топиш ила машғул бўлиш йиртқичлик сифатларидан биридир.
Агар шайтон ундай инсонга ўша ишни ҳақ деб зийнатлаб қўйса борми, ҳамма нарсани бир четга йиғиштириб қўйиб ўша ишга барча имкониятини сарфлайдиган бўлади. У бундан хурсанд ва масрур бўлади. Ўзи шайтонга малайлик қилаётган бўлса ҳам, дин учун хизматдаман дея мағрур бўлади.
Шайтон мутаассибларнинг баъзи ҳаддан ошганларига фалон нарсанинг муҳаббатида ўлган одам жаннатга киради деган бўлса, ўшани маҳкам ушлаб олиб юраверади.
Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз жигаргўшалари Фотимаи Заҳрога: «Амал қил. Мен сендан Аллоҳ таолодан бўладиган бирор нарсани беҳожат қила олмайман», деганлар.
10. Илмсиз авомларни Аллоҳ таолонинг зоти ва сифоти ҳақида тафаккур қилишга мажбурлаш.
Бунда улар ақллари етмайдиган нарсага уриниб динда шакка тушадилар ва турли хаёлларга борадилар. Охири бориб бидъатга берилиб диндан чиқиши ҳам мумкин. Аммо ўзи хурсанд ва масрур. Худди улкан маърифат ҳосил қилгандек мағрур. Ўзининг чексиз заковот ва маърифат эгаси ҳисоблайди.
Аслида эса, ўзини энг ақлли деб юрганларнинг кўпи аҳмоқнинг каттаси бўлади.
11. Мусулмонлар ҳақида ёмон гумонда бўлиш.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир», деган (12 –оят).
Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.
Бу ҳақида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», деган эканлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки, бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», дедилар».
София розияллоҳу анҳо айтдиларки: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирган эдилар. Мен кечаси у кишининг зиёратларига келдим, бироз гаплашдим, сўнг, уйим томон турдим. У киши мени кузатгани мен билан турдилар. (У кишининг уйи Усома ибн Зайднинг масканида эди). Бас, ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икковингиз шошилманг, бу (аёл) София бинти Ҳуяййдир», дедилар.
«Субҳоналлоҳ! Эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди.
«Албатта, шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор нарсани ёки ёмонликни отишдан қўрқдим», дедилар. Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Кишилар кўнглига ёмон гумон келтириши мумкин ишларда эҳтиёт бўлиши кераклигини кўрдингизми?! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги икки киши қоронғуда аёл киши билан турганлигини кўриб ҳар хил хаёлга бормасинлар, деб аёл ўз хотинлари эканлигини айтиб қўйдилар.
Бас, ёмон гумондан сақланиш лозим. Ким одамлардан ёмон гумонда бўлса, ўша ичи бузуқ одам бўлади. Мўмин доимо узр истайди, мунофиқ эса айб истайди. Мўмин барча халойиққа нисбатан кўнгли пок бўлади. Мунофиқ эса унинг тескариси бўлади.
Юқорида зикр қилинган сифатлар шайтон учун инсон қалбига йўл очадиган нарсалардир. Уларнинг ҳаммаси санаб ўтиш ҳам қийин. Одам боласидаги ҳар бир ёмон сифат шайтон учун қуролдир. Унинг қалбига кириш эшигидир.
Бас, шундай экан, мурид ўша шайтон кириши мумкин бўлган эшикларнинг барчасини мазкур ёмон сифатлардан қалбини поклаш йўли билан беркитиши лозим.
Ана ўшанда шайтон мурид қалбига кириб қарор топа олмай қолади. Фақат баъзи кичик уринишлари қолиши мумкин. Бу кичик уринишларни эса Аллоҳ таолонинг зикри ила тўсилади.
Чунки ҳақиқий зикр фақатгина қалб тақво ила обод бўлгандан ва ёмон сифатлардан поклангандан сўнггина юзага келади. Илло зикр қалбга тасири ўтмайдиган қуруқ гап ўлароқ шайтонни даф қилишга ярамайди.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: «Тақво қилувчилар, агар уларга шайтондан бир шарпа етса, албатта, зикр қиларлар, бас, кўрибсанки, улар (тўғри йўлни) кўрувчи бўлиб турибдилар, деган (201 – оят).
Агар қалбда шайтонга қут бўладиган нарса бўлмаса у зикрнинг ўзи билан ундан узоқлашади. Агар қалбда шаҳватлар жойлашган бўлса, ундан шайтонни даф қилишга зикрнинг кучи етмайди.
Ёмон сифатлар ва Ҳавойи нафсдан холи бўлган тақводор қалбларга шайтон шаҳватлар туфайли эмас, зикрдан ғофил бўлгани учун хуруж қилади. Агар ундай қалбнинг эгаси зикр қилса, шайтон дарҳол чекинади.
Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Уйларингни қабрга айлантирманглар. Сураи «Бақара» ўқилган уйга шайтон кирмайди», деганлар.
Имом Ибн Ҳиббон Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳар нарсанинг саноми–кўзга кўринган жойи бўлади. «Бақара» сураси Қуръоннинг саномидир. Ким уни ўз уйида кечаси ўқиса, уч кеча шайтон кирмайди. Ким уни кундузи ўқиса уч кун шайтон кирмайди», деганлар.
Имом Доримий ривоят қиладиларки, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳума: «Ким сураи Бақарадан ўн оятни–аввалидан тўрт оят, оятул курсий ва ундан кейинги икки оят ва охиридан уч оятни кечаси ўқиса, ўша уйга шу кечаси шайтон кирмайди», деганлар.