Сабр ҳақида ўйлар...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сабрни инсон эга бўлиши мумкин бўлган энг яхши амал деб таърифлаганлар. Сабр − бандани ҳаромдан сақлайди, ҳалолга ундайди ва қийинчиликларни енгиб ўтишга кўмаклашади. Сабрнинг роҳатини ҳис қилганлар кам, лекин чин сабрлилар унинг ортидан келувчи битмас савобу ажрларга эришганлар.

Ҳақиқий собир бандалар сабр ҳақида илҳомбахш ҳикматли сўзларни мерос қилиб қолдириб кетганлар.

“Сабр − инсон билинтирмай ғамни ичига ютишидир”.

ал-Жунайд

***

 “Сабр − ҳаромдан сақланиш, синовларга хотиржам бўлиш ва камбағалликда шукр қилишдир”.

 Зуннун ал-Мисрий.

***

“Инсоннинг Аллоҳ таолога иймонида мустаҳкам туриб, бу ҳаёт имтиҳонларини хотиржамлик билан қаршилаши сабрдир”.

 Амр ибн Усмон

***

 “Сабр − Қуръон ва Суннат кўрсатмаларига қатъий амал қилишдир”.

ал-Хаввос

***

“Сабрлилар икки олам баракотига эришурлар, чунки Аллоҳ улар биландир. Зеро, Аллоҳ сабрлилар билан”.

 Абу Али ад-Даҳҳок

***

“Барча яхшиликлар шукрда яшириндир. Тўқликда шукр қил, акс ҳолда сабр қил”.

Умар ибн ал-Хаттоб

***

“Сен қарши тура олмайдиган нарсангга сабр қила олишинг нақадар улуғ ишдир”.

Шабиб ибн Шайба

***

“Ким сабрли бўлса, истаганига эришади”.

Аксам ибн Сайфи

***

 “Бу дунёдаги энг яхши неъматларга гўзал сабримиз орқали эришдик”.

Умар ибн Хаттоб

***

“Арташир қасрида қуйидагича ёзув бор: “Сабр − мақсадга эришишдаги калитдир”.

Ибн ал-Мукаффа

***

“Ҳолидан норози бўлмай синовларга гўзал бардошли бўлиш ва инсонлар эътиборини тортмаслик бу гўзал сабрдир”.

***

 “Синовларга чиройли тарзда бардош бериш сабрдир”.

***

“Сабр нафратга қарши курашга ўрганишликдир”.

***

“Синов вақтида инсон ўзини тўкинлик вақтидагидек тутиши ҳам сабрдир”.

***

“Сабр − Аллоҳга таслим бўлган ҳолатда руҳни саломат ушлашлик, синов келганда бардош беришлик ва қалбда Аллоҳга интилишни бардавом қилишликдир”.

***

“Тўқликда ҳам, йўқликда ҳам сабр қилинг, душманингизни унинг ҳудудида назоратда ушланг. Аллоҳдан ерда ҳам, самода ҳам қўрқинг. Балки шунда абадий ҳаётга эришарсиз”.

***

 “Ғамни сабр ила ичингга ют. Агар вафот этсанг, шаҳид бўласан, агар тирик қолсанг, ҳаётинг гўзал бўлади”.

***

 “Аллоҳ учун сабр қилиш − бойликдир”.

***

 “Тинчинг ва осойишталигингни бузадиган нарсаларга сабр қилишлик қандай гўзал сифатдир”.

***

 “Яшашни истаган инсон синов ва имтиҳонларга сабрли юрак тайёрласин”.

***

“Қийинчилик ва нафратга нисбатан сабр қилишнинг ортида бахт-саодат яшириндир”.

***

  “Сабр − бу дунёда интилган, лекин эришолмаган нарсаларга, хаёлингга келган, лекин баён этилмаган фикрларга рози бўлмоқдир”.

***

Бир шоир ушбу сўзларни эшитиб таъсирланди ва деди: “Бахтсизлик келди − уни тақдир олиб келди. Балки унинг ўзи сени бахтсизликдан халос этар… Буюклик эшиклари сен учун очиқ турганда доимо хафа бўлиб яшашдан маъно нима?”

***

“Мукаммал сабр мақсадга осон эриштиради”.

***

 “Собир банда яхшиликка эришади, шокир банда эса унга берилган яхшиликни асрайди”.

***

“Қатъийлик ва сабр калитлари билан ҳар қандай қийин вазиятдан чиқиш мумкин”.

***

 “Енгиллик барча йўллар берк туюлганида юзага келади. Бунинг давоси эса сабрдир”.

***

Шоирлардан бири деди: “Олдингдаги барча эшиклар ёпилганда, сабр уларни сен учун очиб қўяди. Узоқ кутишингга тўғри келиши мумкин, лекин унинг ортидан енгиллик келур. Сабр қил − истаганингга эришасан. Эшикларни тақиллатавер, оқибатда улар сенга очилади…”

***

“Сабр ва хотиржамлик − оқил банданинг доимий ҳамроҳларидир. Чунки у ҳар қандай қийинчиликнинг интиҳоси борлигини билади”.

 

Абдулатиф Иргашев 

таржимаси

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.