Ажал букди белимизни,
Сўйлатмасдан тилимизни.
Хаста экан ҳолимизни
Сўрганларга салом бўлсин!
Жасад ўртага олинур,
Ёқасиз кўйлак бичилур...
Бизни осон бир важҳ ила
Ювганларга салом бўлсин!
Азроил олгай жонимиз,
Қурур томирда қонимиз...
Сўнгги кийим – кафанимиз
Тикканларга салом бўлсин!
Намоз ўқигайлар бизга –
Етар бўлдик Дўстимизга.
Қасд айлаб жанозамизга
Келганларга салом бўлсин!
Дунёга келганлар кетар,
Ҳаргиз келмас йўлга етар.
Бизнинг ҳолимиздан хабар
Олганларга салом бўлсин!
Мискин Юнус сўйлар сўзи,
Ёшга тўлмиш икки кўзи...
Билмаган не билсин бизни?
Билганларга салом бўлсин!
Ла илаҳа иллаллоҳ,
Дардларга дармон – Аллоҳ!
© Bahor Guli Abdulloh таржимаси
Last modified on 25/06/2017