Қимматли туйғудир ишқ
Эшитинг, эй ёронлар, қимматли туйғудир Ишқ,
Нолойиққа берилмас ҳурматли туйғудир Ишқ.
Ҳам жафодур, ҳам сафо, Ҳамзани отди Қофга,
Ишқ биландур Мустафо – давлатли туйғудир Ишқ.
Тоққа тушса, кул айлар, кўнгилларга йўл айлар,
Султонларни қул айлар – журъатли туйғудир Ишқ!
Кимгаки Ишқ урди ўқ – ғусса ила қайғу йўқ,
Фарёд ила оҳи кўп – ҳижронли туйғудир Ишқ!
Денгизларни қайнатур, мавжга солиб, ўйнатур,
Қояларни сўйлатур – қувватли туйғудир Ишқ!
Ақлларни шоширур, дарёларга туширур,
Неча жигар пиширур – ки ўтли туйғудир Ишқ!
Мискин Юнус найласин, дардин кимга сўйласин?
Борсин, дўстлар тўпласин – лаззатли туйғудир Ишқ!
Юнус ЭМРО
Гулбаҳор Абдуллоҳ таржимаси