Бу фикрга кўра, динга амал қилган киши, ювошгина бўлиб бир четда юриб, ўзига хос шахсий фазилатларни эгаллаб, "Дин ҳукмларига амал қиламан, Аллоҳ билан шахсий алоқамни яхшилайман", деб қийналиб яшайди ва бу қийинчиликларнинг мукофотини қиёматда оламан, деб ўзига тасалли берарди. Ҳозир ҳам кўпчилик шу фикр билан яшайди, десак хато қилмаган бўламиз.
Аммо ҳақиқий исломий таълимотларга назар соладиган, уларни тўғри ўрганадиган бўлсак диний таълимотлар нафақат айрим шахсий ҳолатларни, балки инсоннинг бутун ҳаётини қамраб олганини англаймиз. Инсоннинг онасидан туғилганидан бошлаб, қабрга киргунича бўлган даврнинг барча босқичларида, ҳар бир ишида, ҳаракатида исломий кўрсатма бор. Исломда фақат шахс билан Аллоҳнинг орасидаги ўзаро алоқагина тартибга солинмай, балким инсоннинг коинотдаги барча нарсалар билан бўладиган алоқалари ҳам тартибга солинган. Ҳар бир инсоннинг ўзи яшаётган инсоний жамият аъзолари ва ўзига ўхшаш кишилар билан алоқасини ҳам Ислом тартибга солади. Яхши муносабатларга тарғиб қилиб, ёмонларидан қайтаради. Шундай экан, моддапарастлар, динсизлар ва мунофиқлар томонидан шахсий иш, деб қаралаётган одоб-ахлоқ ва маънавий қадриятларга мазкур нуқтаи назардан қарасак, ижтимоий аҳамиятга эга муҳим масала бўлиб чиқади. Одоб, ахлоқ, инсоний фазилатлар, маънавий қадриятлар жамиятга фойда бермаса, уларнинг нима кераги бор?! Мазкурлар ва Исломдаги бошқа барча таълимот ва ибодатларда ҳам инсоният жамиятига улкан фойдалар ўз ўрнини топган. Уларга, яъни, одамларнинг ибодатларига Аллоҳнинг заррача ҳам ҳожати йўқ. Шунингдек, Ислом таълимотида фақат якка шахснинг манфаати ҳам кўзланган эмас.
Ушбу мақолани ёзишни режалаштирган дақиқалардан бошлаб юқорида зикр қилинган фикрлар бир-бир хаёлдан ўтди. Шундан келиб чиқиб, агар биз ҳам "диндорлик фақат шахс доирасидаги тасарруфдир", деб қарайдиган бўлсак, мақоламиз қаҳрамони-"иккиюзламачи" шахс ҳам ўзининг бу номаъқул хислати билан ёлғиз ўзига зарар келтиради, деган нотўғри тўхтамга келишимиз лозим бўлади. Тўғри, ҳар бир шахс иккиюзламачилик қилгани учун қиёматда жавоб беради. Бу дунёда ҳам одамлар орасида обрўйи тушиши мумкин. У ҳатто беозоргина бўлиб кўпчиликнинг эътиборига тушмай ҳам ўтиб кетиши мумкин. Балки ҳозирги вақтдагига ўхшаб умуман эътиборсиз қолиши мумкин. Ўйлаб қарасак, орамизда иккиюзламачилик билан ном чиқарганлар йўққа ўхшайди. Ёлғончи бор, чақимчи бор, ғийбатчи тиқилиб ётибди, ваъдабозларни бўлса, ҳар қадамда учратамиз. Аммо иккиюзламачи ҳақида ўйламаймиз ҳам. Ёки ҳақиқатда ҳам орамизда иккиюзламачи йўқмикан? Эҳтимол иккиюзламачи ким эканлигининг фарқига бормасмиз? Келинг, аввал у билан танишиб олайлик. Бунинг учун ўзимиз овора бўлиб таъриф ахтариб ўтирмайлик-да, Аллоҳ Таолонинг маҳбуб пайғамбари Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб, у зоту бобароктонинг иккиюзламачи ҳақидаги ҳадисларини ўрганайлик:
Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Моликлар улуғ саҳобий Абу Ҳурайрарозияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (c.а.в): "Одамларнинг ёмони иккиюзли эканини топасиз. Буларга бир юз билан келади ва уларга бошқа юз билан келади", деганлар.
Коинотнинг сарвари, ҳаводан гап қилмайдиган, ҳар бир гаплари ваҳий бўлган зотнинг таърифларидан маълум бўляптики, иккиюзламачи эътиборсизгина, одамларнинг ёдидан ҳам кўтарилиб кетадиган оддий шахс эмас экан. У "одамларнинг ёмони" экан. Одамларнинг ёмони эса, доимо эътибор марказида бўлади. Чунки, ҳамма унинг ёмонлигидан сақланишни хоҳлайди. Хусусан, иккиюзламачи хатарлидир, агар ҳушёр бўлинмаса, ҳаммани доғда қолдириб кетади. Ҳолбуки, у, ҳадиси шарифда зикр қилинганидек "Буларга бир юз билан келади ва уларга бошқа юз билан келади". Демак, иккиюзламачи бир масалада бир гуруҳ одамларга бир гап айтса, иккинчи гуруҳга худди шу масалада бошқа бир гап айтади. Масала бир бўлса, гапирувчи бир бўлса, нима учун гап икки хил бўлади? Гапни эшитувчи гуруҳлар иккита бўлгани учунми? Йўқ, ундай эмас, гапнинг икки хил бўлиши, гапирувчининг қалбида ёмонлик мавжудлиги учун, мазкур ҳар икки гуруҳга ҳам ёмонликни ирода қилгани, ўзининг фойдасини кўзлаб уларни алдаётгани учундир. Демак, шундан аёнки, иккиюзламачининг "одамларнинг ёмони" бўлиши фақат унинг якка шахсига ёмонлик етказмайди, балки у ўз фойдаси йўлида жамиятга зарар етказади. Агар иккиюзламачилик муайян бир табақага хос эмас, ҳаммага баробар бўлишини, иккиюзламачи жамиятдаги энг паст ёки энг юқори нуқтадаги шахс бўлиши ҳам мумкинлигини ҳисобга олсак, унинг зарари жамият учун янада хатарли эканини фарқлаймиз. Иккиюзламачи ўзининг хатарли ҳаракати билан якка шахслар,турли гуруҳлар, қабила уруғлар, шаҳар-қишлоқлар, минтақа-вилоятлар ва ҳатто давлатлар орасидаги алоқаларни бузиб бир-бирларининг орасига низо солади. Бунда у фақат бир нарсани-ўз фойдасини кўзлайди. Иккиюзламачи шахс учун ҳеч қандай муқаддас нарса йўқ. У нима қилиб бўлса ҳам, ўзи билан мулоқотда бўлган шахс, гуруҳ ва бошқаларга ўзининг икки юзидан бирини ўгириб, маъқул келиб олса бўлди. Унинг учун худди шу масалада бошқаларга тамоман аксинча гап айтганининг эътибори ҳам йўқ. У мақсад- гаэришиш йўлида нафақат бандаларга, қабилаларга, шаҳар, вилоят ва давлатларга, балки Аллоҳга ҳам хиёнат қилишга доим тайёр туради. Ана шундай одамлар борлиги учун ҳам Имом Табароний Абдуллоҳ ибн Исмат ибн Моликдан ривоят қилган ҳадиси шарифда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам:"Кимки одамларга ёқиш учун улар яхши кўрган нарсани айтиб, Аллоҳга мубораза қилса, қиёмат куни Аллоҳ Таолога учраганда, Аллоҳ бу бандадан ғазабланган ҳолда бўлади", деганлар.
Қаторида шундай иккиюзламачилари бор жамиятнинг ҳолига вой! Бундай жамиятда якка шахслар, гуруҳлар, тоифалар, бир касбдаги кишилар, қишлоқ ва шаҳарлар, минтақа-вилоятлар бир-бирларига қарши доимий уруш-жанжал ва хусуматда юрадилар. Чунки иккиюзламачилар бир тарафга бир юзлари билан, иккинчи тарафга иккинчи юзлари билан келиб, ҳаммаларини бир-бирларига қарши қилиб қўядилар.
Мазкур сатрларини ўқигач: "Иккиюзламачилик шундай ёмон нарса экан, қаердан келиб чиқади ўзи?", деган савол пайдо бўлиши табиий. Бунинг бош сабаби, бошқача айтсак, асоси доимо такрор-такрор айтиб келаётганимиздек, Худосизлик, диний тарбиянинг йўқлиги, одамларнинг Худодан қўрқмай, бандадан уялмай қўйганлиги, охиратдан ноумидлиги, нима қилиб бўлса ҳам, беш кунлик дунёда ҳавои нафснинг қули бўлиб яшашга ружуъ қўйганликларидир.
Шунинг билан бирга, иккиюзламачиликнинг бошқа сабаблари ҳам бор, унинг энг катта сабабларидан бири қуйидаги ривоятда баён қилинади. Имоми Бухорий Муҳаммад ибн Зайддан ривоят қиладилар: "Бир гуруҳ одамлар Муҳаммад ибн Зайднинг бобоси Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга: "Биз ҳукмдоримизнинг олдига кириб, унинг олдидан чиққанимизда гапирадиган гапимизнинг хилофини гапирамиз", дедилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу "Биз буни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида мунофиқлик ҳисоблар эдик", дедилар.
Аллоҳ Расулининг халифаси, Умари Одилнинг ўғиллари бўлмиш, машҳур саҳобий, улкан олим ва ҳақиқатгўй зот Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу тўғри айтадилар. Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, Хулафои Рошидинларнинг даврларида ҳукмдорнинг олдига кириб бир гап айтилиб, унинг олдидан чиққач бошқаси айтилмас эди. Чунки у пайтда ҳукмдорлар одил эдилар, Аллоҳдан қўрқар эдилар, ҳар қандай гапни, ўзларига ёқмаса-да, ҳар қандай фуқародан эшитишга тайёр эдилар. Ўша даврнинг фуқаролари ҳам динларини маҳкам тутган, мухлис кишилар бўлишлари билан бирга, ҳур фикрли эдилар. Шунинг учун ҳам ҳукмдорларга эркин равишда хоҳлаган гапларини айта олар эдилар. Аммо Муҳаммад ибн Зайд яшаган даврга келиб ҳолат ўзгарди, одамлар ҳукмдорларининг олдига кириб бир гап айтган бўлсалар, унинг олдидан чиқиб тескари- сини айтадиган бўлишди. Шу билан бирга, қилаётган ишларидан шубҳалари бор эканки, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан бунинг ҳукмини сўрашибди. У зот эса, бундай ишни биргина сўз билан "мунофиқлик", деб атабдилар. Тарихдан маълумки, бу турдаги мунофиқлик, иккиюзламачиликнинг жамиятда тарқалишига сиёсий истибдод, зулм, ҳукмдорларнинг туғёни, эркинликнинг йўқлиги каби омиллар сабаб бўлган.
Бунинг ёрқин мисолини етмиш йилдан зиёд коммунистик туғён остида эзилиб яшаган бизнинг мусулмонларимиз ҳам ўз бошларидан ўтказдилар. Дунё халқлари томонидан "ёвузлик империяси" деб ҳақли равишда ном олган бу худосиз тузум даврида барча разолатлар қатори иккиюзламачилик ҳам мисли кўрилмаган даражада ривож топди. Гоҳида жамиятда айнан шу разолат-иккиюзламачиликдан бошқа нарса йўққа ўхшаб туюлар эди. Бу золим тузумда ўзи ўйлаган фикрни айтган инсоннинг ҳолига вой эди. Оқибатда ҳар бир инсон икки юзлигина эмас, балки икки шахсиятга ҳам эга бўлишга мажбур ҳолга келди. Телевизорда Худонинг йўқлиги ҳақида куйиниб гапирган ёки матбуотда мақола ёзган шахс, маҳалласидаги оқсоқолларга дуч келиб қолса "Ҳукуматчилик экан, муроса учун гапириб қўйдик", дер эди. Чет эл сафарига бориб келган одам ўзи зиёрат қилган юртни ёмонлаб-ёмонлаб, ҳамма яхшилик ўзимизда экан, бунинг учун партиямизга, ҳукуматимизга минг раҳмат, деб қўйиб, зиёратига келганлар қайтганларидан сўнг, сирдошига овозини пасайтириб, "Ҳали бизнинг у ёқларга етишимизга кўп қовун пишиғи бор, агар ишонсанг...", деб ҳозиргина кўпчиликка гапирган гапининг хилофини гапира бошлар эди. Мактабдаги ўқитувчи, дорулфунундаги устоз ўз ўқувчи ва талабаларига бир гапни айтар, касбдошлари билан бошқача суҳбатлашар эди. Ёш болалар, ўқувчилар, талабалар тарбиячиларидан бир хил гап эшитишар ва айни чоқда, унга хилоф тасарруфни худди ўша тарбиячилардан кўришар эди. Ҳукумат раҳбарлари ёпиқ мажлисларида бир хил, очиқ учрашувларда бошқа хил гапиришар эди. Бу қабиҳлик мунофиқлик-иккиюзламачилик эмас, "муроса" ёки, чиройли сўз билан "дипломатия", деб аталар эди. Чет элларга борилганда, чет элдан меҳмон келганда "Бизда ҳамма эркин, хоҳлаган диндор бўлади, хоҳлаган бўлмайди. Бизда буржуазия демократияси эмас, ҳақиқий халқчил демократия мавжуд", дейилса ҳам, қайтиб келиб ёки меҳмонлар кетгандан сўнг динга қарши, сирли тарзда қарорлар чиқариб мамлакат бўйлаб тарқатилар эди. Натижада сидқидилдан тўғри гапирган одамни ҳам дипломатия қиляпти, аслида бунинг тескарисини қилмоқчи шекилли, деб гумонсирайдиган бўлиб қолинди.
Танишлардан бири ёлғиз қолинганда иложини топиб "Ҳозир керак бўлмаса ҳам, қурилишга ишлатиладиган нарсаларни кўпроқ олиб қўйиш керак, эрталаб радиода эшитдим, Сиёсий бюро, аҳолини қурилиш ашёлари билан таъминлаш ҳақида қарор чиқарибди", деди. Коммунистик тузумда яшамаган инсон юқоридаги гап эгасини ақлдан озганликда айбламаса-да, унинг гапини тушунмай ҳайрон бўлиши табиий. Аммо коммунистик мунофиқ-иккиюзламачилик "самарасидан" баҳраманд бўлганлар эса, буни жуда осон тушунадилар. Чунки улар ўз ҳокимларининг халққа бир нарсани эълон қилиб, амалда унинг аксини қилишларини кўравериб чиниқиб кетишган.
Маънавий жиноятлардан қутулиш учун узоқ муддат ва кўп куч сарфлаш керак бўлади. Бунинг учун мазкур разолатлар, жумладан, иккиюзламачиликка гирифтор бўлганлар исломий таълимотлар билан танишиб, уларга амал қилишлари, ёшларни ҳам шу руҳда тарбиялашлари лозим. Бундай ижтимоий дарддан фориғ бўлишнинг энг мужарраб давоси Аллоҳ Таолога иймон келтириш, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш ва қиёмат кунидан умидвор бўлиб, у кунда шарманда бўлиб қолмаслик учун ҳозирдан ҳаракат қилишдир. Чунки иккиюзламачиларнинг ҳақиқий жазоси ҳам қиёмат кунига белгиланган: Имом Табароний улуғ саҳобий Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда ул киши:
"Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг, "Ким бу дунёда иккиюзламачи бўлса, қиёмат кунида унинг оловдан бўлган икки юзи бўлади", деганларини эшитдим, деган эканлар.
Имом Абу Довуд Аҳмад ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:
"Ким бу дунёда иккиюзламачи бўлса, қиёмат кунида унинг оловдан бўлган икки тили бўлади", деган эканлар.
Аллоҳ Таоло барчаларимизни иккиюзламачи бўлишдан ва шундай даҳшатли азобларга дучор бўлиб, қиёмат куни шарманда бўлишдан асрасин! Омин!
Last modified on 25/06/2017