Қасамхўрлик

Қасам ичиш турли миллатлар ва халқларда қадимдан қўлланиб келинган одатдир. Ҳар бир миллат, ҳар бир халқ бу борада ўзига хос услуб ишлатган. Кўпчилик иложи борича энг муқаддас нарсалар билан қасам ичишни йўлга қўйишга ҳаракат қилганлар...

Қасам ичиш турли миллатлар ва халқларда қадимдан қўлланиб келинган одатдир. Ҳар бир миллат, ҳар бир халқ бу борада ўзига хос услуб ишлатган. Кўпчилик иложи борича энг муқаддас нарсалар билан қасам ичишни йўлга қўйишга ҳаракат қилганлар. Муқаддас ҳисобланган бу йўл билан кишиларга, хусусан, қасам ичгувчиларга ижобий таъсир ўтказишга уринганлар. Мисол учун масиҳийларда Инжил билан қасам ичиш одати бор. Эҳтимол Инжил самовий, муқаддас китоб бўлгани учун шундай қилишгандир. Билмоқлик лозимки, қасам инсонлардаги юксак масъулият ҳиссини тушунишни эътиборга олиб ёки уларда масъулият ҳиссини янада кучайтириш мақсадида йўлга қўйилган. Аммо ҳар доим ҳам ўйланган ишлар бир хил натижа беравермайди. Одамлар ичида ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган, муқаддасликни эътиборга олмайдиган, балки уларни оёқ ости қилишга тайёр турадиганлар топилади. Бу тоифадаги шахслар кишилардаги нозик туйғуларни, муқаддас нарсаларга бўлган ҳурматни, улар орага қўйилган фурсатда кўнгиллари эришини ва яна бошқа нозик ҳолатларни ҳисобга олиб, ўз мақсадларига эришиш учун нима билан бўлса ҳам қасам ичишга тайёр турадилар. Пасткашлар нималар қилмайди дейсиз. Ушбу ва шунга ўхшаш омилларни эътиборга олиб, Исломда қасам ичишга тарғиб қилинмайди. Қасам ичиш шариат аҳкомларида тортишув бўлиб, ашёвий далил топилмай қолганда қўлланиладиган омил ҳисобланади. Бошқа ҳолатларда эса, қасам ичишга иложи борича уринмаслик тавсия қилинади.

Аллоҳ Таоло Қуръони Каримнинг " Қалам" сурасида Макка мушрикларининг кўзга кўринган арбоби Валийд ибн Муғийра ҳақида туширилган оятда бу мушрикдаги ўзига ёқмаган ва разолат ҳисобланган тўққиз иллатни санаб ўтган. Ўша илатларнинг биринчиси бўлиб қасам ичиш зикр қилинган. Аллоҳ Таоло ўз пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.)га хитоб қилиб: "Ҳар бир кўп қасам ичувчига ва пасткашга эргашма", дея амр қилган. Кўп қасам ичиш яхшилик эмас, аксинча разолат ҳисобланишини ушбу ояти каримадан билиб оламиз. Аллоҳ Таоло мазкур мушрик Валид ибн Мўғийрани кўп қасам ичишда айблаб, Ўз пайғамбарига унга эргашмасликни, унинг гапига кирмасликни амр қилмоқда. Нима учун кўп қасам ичиш айб ҳисобланади? Бу саволга жавоб шулки, инсон ўзига нисбатан бошқалар томонидан ишончсизлик сезганида, ўзининг ҳақ эканлигини исботлаш мақсадида қасам ичади. Кўп қасам ичиш эса, одамлар ўртасида эътиборни йўқотиб қўйганлик, уларда қасамхўрга нисбатан бутунлай ишончсизликнинг туғилгани аломатидир. Шунинг учун ҳам кўп қасам ичиш хуш кўрилмайди.

Одатда ўзига ишонган, жиддий, ҳар бир ишни ўринлатиб қиладиган кишилар қасам ичмайдилар. Аксинча, шахсияти заиф, жиддиятсиз, қўлидан бир иш келмайдиган ва юқорида таъкидланганидек одамлар олдида ўзига бўлган ишончни йўқотган кишилар қасамхўр бўладилар. Бу яхшиликка олиб келмайдиган бир амалдир. Худди шу маънони Имом Ибн Можа ва Имом Ибн Ҳиббонлар Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси шариф баён қилади: "Қасам ичиш, қасамхўрлик надоматдан бошқа нарса эмас".

Инсон бир нарсани бажаришга қасам ичса-ю, уни бажара олмаса қасамхўр бўлади. Бу эса гуноҳдир. Қасамига амал қилса ҳам кўп ҳолларда надоматда юради. Чунки одатда, киши бажара олишига кўзи етмаган ишга ўзини мажбур қилиш учун қасам ичади. Бу эса ўз навбатида қасам ичувчининг надоматига сабаб бўлади.

Кишиларда турли сабаблар билан турли нарсалар ила қасам ичиш одати бор. Кимдир "Нон урсин!" дейди, бошқа биров отаси ёки фарзандлари билан қасам ичади. Баъзи бировлар эса, "Фалон ишни қилсам кофир бўлиб кетай", дейди ва ҳакозо... Буларнинг бирортаси ҳам тўғри иш саналмайди ва Ислом таълимотларига зиддир. Бунга ўхшаган номаъқул тасарруфлар олдин ҳам бўлган экан. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида бунга кўплаб мисоллар топа оламиз. Келинг, ўша ҳадиси шарифлардан баъзиларни кўриб чиқайлик.

Имом Ибн Можа Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда жумладан қуйидагилар айтилади: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламбир одамнинг отасини ўртага қўйиб қасам ичаётганини эшитиб қолдилар-да: "Оталарингиз билан қасам ичманглар! Ким Аллоҳ номи билан қасам ичса унга содиқ бўлсин! Кимга Аллоҳ номи билан қасам ичилса рози бўлсин! Ким Аллоҳ номи билан ичилган қасамдан рози бўлмаса, у Аллоҳдан эмас", дедилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан ота-боболар номи билан қасам ичиб бўлмаслигини билиб олдик.

Имом Абу Довуд Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ким омонат билан қасам ичса, биздан эмас", деганлар.

Бу ҳадиси шарифдан эса, омонат билан қасам ичиш нақадар катта гуноҳ эканлигини англаймиз. Чунки Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: "биздан эмас", яъни биз мусулмонлардан эмас, деганлари бу ишни қилган одамнинг мусулмонлик доирасидан чиқарилганини англатади. Имом Абу Яъло ва ал-Ҳокимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай буюрадилар: "Ким қасам ичиб бир нарсани айтса, қасам ичганидек бўлади. Агар у "Яҳудий бўлай" деса, яҳудий бўлади. Агар у "Насроний бўлай" деса, насроний бўлади. Агар у "Исломдан воз кечаман", деса, Исломдан воз кечган бўлади. Ким жоҳилият даъвосини қилса, у албатта жаҳаннам тубига тушганлардан бўлади"-дедилар. Одамлар: "Эй Аллоҳнинг Расули, рўза тутиб, намоз ўқиса ҳам-а?!"- дейишди. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Рўза тутиб, намоз ўқиса ҳам", дедилар.

Кўриниб турибдики, қасам ичиш деб номланган маънавий жиноят кўпгина маънавий мусибатларга, инсоннинг диндан чиқишига ва ҳатто умид билан қилган ибодатлари, жумладан ўқиган намози-ю, тутган рўзасининг ҳам эътибордан қолишига сабаб бўлар экан.

Аввал айтганимиздек, қасам ичиш кишининг бир ишга ўзига хос эътиборни тортиш, муқаддасликни касб эттириш мақсадида жорий этилган. Аммо мазкур нарсалар билан қасам ичиш, ушбу ва бошқа мақсадларнинг амалга ошишига омил бўла олмайди. Балки тескари маъно касб этади, маънавий жиноят содир этган бўлади. Ислом таълимотларига мувофиқ қасам ичишдек муқаддас мақомга барча олий мақомларнинг эгаси Аллоҳ субҳонаҳу ва таологина лойиқдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг маҳбуб пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларининг бирида: "Ким қасам ичадиган бўлса, Аллоҳ билан қасам ичсин ёки жим турсин", деган эканлар. Аввало, бўлган-бўлмаган нарса учун қасам ичишнинг ҳожати йўқ. Аммо қасам ичиш зарур бўлиб қолса, қасам ичишга сазовор зот бўлган Аллоҳнинг номи билан қасам ичсин, ана шунда қасами тўғри бўлади. Ана шунда ўша қасам ичиб айтилган ишни бажариш унга вожибдир. Ўасам ичиб туриб, қасам ичган ишни амалга оширмаса, бундай одам қасамхўр бўлади ва у улкан маънавий жиноят қилган ҳисобланади. Бунинг оқибати эса, ёмондир. Агар қасамида тура олишига, ўша қасам ичиб айтилган ишни бажара олишига ишончи комил бўлмаса, одамларнинг эътиборини ва ишончини маълум вақтга қозониш учун қасам ичмаслик керак. Яхшиси юқоридаги ҳадиси шарифда айтилганидек "жим турсин".

Юқорида зикр қилинган ҳадиси шарифдан мусулмон киши фақат Аллоҳ Таолонинг номи ила қасам ичишини билиб олдик. Энди ушбу ҳукмни бузган, Аллоҳдан бошқа нарса билан қасам ичишнинг ниҳоий ҳукмини ҳам баён этадиган ҳадиси шарифни ўрганиб чиқамиз. Ундан Аллоҳдан бошқа нарса билан қасам ичишнинг қанчалик катта жиноят эканлигини билиб оламиз.

Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: "Бир кишининг: "Йўқ! Каъба билан қасам!", деганини эшитиб туриб Ибн Умар розияллоҳу анҳу: "Аллоҳдан бошқа билан қасам ичилмайди. Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ким Аллоҳдан бошқа билан қасам ичса, шубҳасиз кофир бўлади ёки мушрик бўлади", деганларини эшитганман", деган эканлар."

Демак, Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш қасам ичган кишини Исломдан чиқариб, кофирликка ёки мушрикликка олиб борадиган, катта аънавий жиноят экан.

Шу жойда эслатиб ўтиш лозимки, Аллоҳ Таоло Ўзи хоҳлаган нарсаси билан қасам ичаверади. Унинг иродасини чегаралайдиган зот йўқ. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг охирги самовий Китоби Қуръони Каримда турли нарсалар билан қасам ичган. Уламоларимиз бу масалани атрофлича ўрганиб чиққанлар. Бу ҳақда алоҳида китоблар ҳам ёзганлар.

Қисқача қилиб айтганда, Аллоҳнинг Қуръондаги қасамлари Ўзининг баъзи яратган нарсаларига эътиборни қаратиш учун бўлиб, У зот қуёш, ой, осмон, анжир, зайтун, Тур тоғи ва бошқа нарсалар билан қасам ичган. Бандалар эса, фақат Аллоҳ Таоло номи билан қасам ичишлари лозим.

Ҳозиргача биз тўғри бўлсин, нотўғри бўлсин, ростдан, яъни бор, ҳақ нарсага қасам ичиш ҳақида сўз юритдик. Ўасам ичувчи ўз гапига бировни ишонтиришни кўзлаган бўлса ҳам, бирор яхши ишни амалга оширмоқчи бўлса ҳам, ноқулай ишни четламоқчи бўлса ҳам ёки бошқа мақсадларда бўлса ҳам воқеъликда бор, ҳақиқатда мавжуд нарса учун қасам ичиши ҳақида гапирдик. Воқеъликда, ҳаётда эса ёлғон қасам ичиш тез-тез учраб туради. Яъни, Аллоҳдан қўрқмаган, қиёматдан умид қилмаган, ахлоқсиз, маънавий бузуқ одамлар бирор молу дунёга эришиш учун, бировни айбдор қилиш ёки оқлаш учун, одамларга ўзини яхши кўрсатиш ёки уларнинг ишончларни қозониш учун ва бошқа мақсадларда ёлғон қасам ичадилар. Бундай қасамларни шариатимиз аҳкомларини баён қилувчи ҳадиси шарифларда "ямийн ул-ғамус" дейилади. "Ямийн" сўзи "қасам" маъносини, "ал-ғамус" эса "чўмилтириш, шўнғитиш" маъносини билдиради. Яъни, ёлғон қасам ўз эгасини бу дунёда гуноҳга, у дунёда жаҳаннам ўтига шўнғитади.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насаийлар Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам:

"Катта гуноҳлар: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон қасамдан иборатдир", деганлар.

Дунёдаги энг катта, кечирилмас гуноҳлар бўлмиш Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлишдек гуноҳлар билан бир қаторда зикр қилинишдан ҳам ёлғон қасамнинг қанчалик маънавий жиноят ва катта гуноҳ эканлигини билиб олишимиз мумкин. Унинг оқибати дўзахга кириш бўлади.

Бу маънони Имом Абу Довуд, Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам очиқ-ойдин айтиб қўйганлар: "Ким ёлғон қасам ичса, дўзахдаги жойини танлайверсин". Шу билан бирга ҳадисларда ёлғон қасамнинг бу дунёда фақат қасамхўрнинг ўзига эмас, унинг халқига, юртига зарар бериши ҳам баён қилинган. Имом Баззар Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ёлғон қасам диёрларни яйдоқ, маҳсулсиз ҳолга келтиради", деганлар. Демак, ёлғон қасам тарқалган юртда камбағаллик, иқтисодий қийинчиликлар ва бу диёрларнинг хароб бўлишидан ажабланмаса ҳам бўлар экан. Энг ёмони-ёлғон қасам одамлар орасида ишончсизлик, маънавий тушкунлик келтириб чиқаради. Дунёнинг эгаси бўлмиш улуғ зот Аллоҳнинг муборак номини ишлатиб, сўнг пасткашликка борганларни кўрган халқ умидсизликка учрайди. Маънавий қадриятлар чўққиси топталгандан сўнг бошқа маънавий қадриятлар ҳам қуриб битади. Бундай жамият албатта инқирозга учрайди. Шунинг учун ҳам бундай масалаларда жуда ҳам эҳтиёт бўлишимиз лозим.

Аллоҳ Таоло барчамизни ҳидоятга бошласин! Омин!

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.