Islomuz

Islomuz

Буюк хулқ соҳиби

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чиройли хулқлари у зотни «энг севимли, энг суюкли» мақомларига чиқарди. Аллоҳ таъоло бизга бу ҳақиқатнинг хабарини бериб, бундай марҳамат қилади: «Албатта, сиз буюк хулқ узрасиз» (Қалам сураси, 4-оят).

Мана шу васф сабаб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам еру осмондаги барча яратилган махлуқотлар орасида ҳамма учун ўрнак ва Аллоҳнинг энг суюкли, энг муқарраб бандасига айландилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар сифатида бажарган энг муҳим вазифаларидан бири ҳам қиёматгача келадиган барча инсониятга Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг мақбул, энг севимли,  энг мукаммал ахлоқ намунасини батамом кўрсатиб, ўргатишдан иборат бўлди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло биз бандаларига хабар бериб, шундай марҳамат қилади: «Сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умдворлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Ислом оламининг етук намояндаси, юртимиздан етишиб чиққан фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ушбу ояти кариманинг мазмунини жуда ҳам чиройли тарзда тафсир қилганлар:

«Ҳа, мўмин-мусулмонлар учун гўзал ўрнак манбаи маҳбуб Пайғамбарлари Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. У киши ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал ўрнаклар. Оҳ, қани энди, ҳамма шу ўрнакнинг моҳиятини тушуниб етса! Расулуллоҳнинг гўзал ўрнак бўлган гап-сўзлари ҳаводан олинган нутқ эмас, Аллоҳдан тушган ваҳийдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг амри билан иш қилганлар. Ана шундай Аллоҳнинг амри билан амалга оширилган ишлар гўзал ўрнак бўлмай, бошқа қайси ишлар гўзал ўрнак бўлсин?! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб урушида ҳам ўзларига хос энг гўзал ахлоқ намунасини кўрсатдилар. Хандақ қазиш ишларида ҳаммага ўрнак бўлдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ер қазир, тупроқ сурар ва замбил кўтарар эдилар. Оғир меҳнат енгилласин учун шеър ўқиган саҳобаи киромларга ўзларининг муборак овозлари билан жўр бўлар эдилар. Мусулмонлардан бирининг номи Жуъайл (қўнғиз) эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг исмини «Амр» деб ўзгартирдилар. Бундай хавфли пайтда хунук исмдан қутулиш кайфиятни кўтарар эди. Мусулмонлар бундан хурсанд бўлиб, исм ўзгарганини байтга солиб, баланд овоз билан айта бошлашди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам байтнинг охирида уларга жўр бўлиб турдилар. Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ёш бўлишига қарамай, тупроқ ташир эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб: «Қандоқ ҳам яхши бола экан-а?» деб эркалатдилар. Иш давомида чарчаган Зайд ибн Собит хандақда ухлаб қолди. Шунда Аммора ибн Ҳазм унинг қуролини олиб қўйди. Уйғонгач, Зайд қуроли йўқлигини кўриб, қўрқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, уйқучи, ухлаб ётганингда қуролинг кетиб қолибдими?» деб ҳазил қилдилар. Сўнгра: «Бу боланинг қуролини ким билади?» деб сўрадилар. Аммора: «Эй Аллоҳнинг Расули, у менда», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга қуролини қайтар», дедилар-да, кейин мусулмон кишининг ўзига билдирмай, бирор нарсасини олиб қўйиб қўрқитишдан қайтардилар. Буларнинг ҳаммаси мусулмонлар учун энг гўзал ўрнакдир. Шунинг учун ҳам ўзларидан кўра сон ва қурол жиҳатидан ғоятда устун бўлган аҳзоблар (душман гуруҳлари)ни кўрган мўминлар заррача қўрқишмади».

Оҳ, қани энди, ҳаммамиз ҳам шу ўрнакларнинг моҳиятини тушуниб етсак эди! Афсус ва минг афсуски, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари, инсоний фазилатлари моҳиятини, ҳақиқатини тушунмасдан умримиз ўтиб бормоқда. Аслиятдан шу даражада узоқлашиб кетганимиз боис аждодларимиз ҳаёти тасвирлаган шамоил рисолалар билан танишаётганимизда гўё эртак ўқиётгандек бўламиз. У ердаги гап-сўзлар ўзимиз ҳақиқат деб билган, аслида ҳақиқий истиқоматдан анча йироқ ҳаётимизга мос тушмагани боис, тафсилотларни ё қийинчилик билан қабул қиламиз ёки умуман қабул қилмай қўя қоламиз. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ояти карималарда ўзлари ҳақида баён этилган Аллоҳ таолонинг муқаддас каломини тасдиқлаб, бу борада: «Мен гўзал ахлоқларни камолига етказиш учун юборилдим!», дедилар (Имом Бухорий ривояти). Имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ «Иҳёи улумид-дин» асарларида катта тобеинлардан Ато ибн Абу Рабаҳ роҳимаҳуллоҳнинг бир фикрини келтирган: «Ким ҳақиқий, улуғ мақомга эришган бўлса, фақатгина чиройли ахлоқи сабаблидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мустасно бошқа ҳеч ким чиройли хулқда мутлақ камолотга етиб боролмаган. Шу сабабдан ҳам Аллоҳ наздида инсонларнинг энг севимли деб топилгани ўзининг гўзал ахлоқи билан ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўл ва босган қадамларига изма-из эргашганлардир». Бу гап жуда ҳам тўғри ва айни ҳақиқатдир. 

У бир илон, у бир ўлим, найранглари бўлим-бўлим…

Уламоларимиз инсон хулқини чиройли бўлишида энг биринчи нафс тарбиясига эътибор қаратиши лозим, дейишади. Лекин нафс масаласида гап очилгудек бўлса у жуда ҳам қисқа қилинади ё дарҳол у жойдан туриб кетилади ёки гап бошқа томонга бурилади, шу мавзудаги китоб шартта ёпилиб, жойига ташлаб қўйилади, интернетда эса бундай мақола ўқилмай, тезда ўтказиб юборилади. Умуман нафс борасидаги гап айрим Аллоҳ азиз қилган уламоларнинг ҳузурларидаги суҳбатлардан ташқари  камдан-кам ҳолатлардагина узоқ давом этиб, маромига етказилади. Нега шундай? Бунинг сабабини ҳам умри давомида нафси билан курашиш натижасида Аллоҳнинг азиз бандалари мақомига кўтарилган муборак зотлар бундай изоҳлашади: «Бу каби мавзуларнинг малол келиш сабаби жуда ҳам оддий, тарбия топмаган нафс ҳеч қачон табиатига зид нарсани тан олмайди, бунга чидаб ҳам туролмайди».

Бу айтилган гапни ҳар биримиз бевосита ўзимизнинг нафсимиз мисолида яхши биламиз. Нафснинг ҳийлакорлиги, тарбия топмасидан олдин унга яқинлашиш мутлақо амри маҳол экани, унинг табиатидаги бу қайсарлик инсонларда турли кўринишда аён бўлиши ҳам ўтган азизларимизнинг ҳаётлари тасвирланган адабиётларда батафсил баён этилган. Кўплаб Ислом олимлари инсонларга тушунарли бўлиши учун нафсни ҳаётда мавжуд энг бадхулқ махлуқ, энг хунук ва ёқимсиз деб топилган нарсаларга ўхшатишган.

Масалан, Мавлоно Румий қуддиса сирраҳу «Маснавий»ларида нафсни бутларнинг онасига қиёслаб, бундай таърифлайдилар: «Нафс бутларнинг онасидир. Инсонлар ясайдиган бутлар илон бўлса, нафс аждаҳодир. Инсонлар ясаган бутларни синдириш мумкин, лекин нафс ўзидан учқун пайдо қилувчи чақмоққа ўхшайди. Бутлар учқун бўлса, нафс чақмоқдир. Учқунни сув билан ўчириш мумкин, лекин тош ва темир зарбидан пайдо бўладиган чақмоқни сув билан ўчириб бўлмайди...».

Нафсни заҳарли илонга ўхшатган буюк суфийлардан Нажмиддин Кубро қуддиса сирраҳу ҳам унинг кирдикорларини фош этиб, Аллоҳ йўлидаги соликларни огоҳ этадилар: «Нафс ҳеч ўлмайдиган илондир. Афъо аталмиш заҳарли илон бунга яхши мисол бўла олади. Бу илон чопиб ташланса ҳам, боши кесилса ҳам, тўқмоқланса ёки териси бутунлай шилиниб олиниб, гўшти пиширилса ва ейилса ҳам, бир неча йил ўтганига қарамай, унинг терисига қуёш нури тегиши билан ҳаракатлана бошлайди. Нафс ҳам худди шундай. Ўлган нафсга ҳаво, шаҳват ва шайтонлик оташи хуруж этса, дарров жонланиб, ҳаракатга тушади».
Ислом тасаввуфининг машҳур намояндаси Юнус Эмро қуддиса сирраҳу ҳам тарбия топмаган нафсни энг манфур тарзда ифодалаган: 

Кел эй дўст, санга розим бор,
Ўйламаки, ғарозим бор,
Бу нафсдин эътирозим бор,
Нафсдир сани йўлдан қўйғон, 
Расво бўлур уни суйғон.

 Нафс ёмондур, нафс золим,
У бир илон, у бир ўлим,
Найранглари бўлим-бўлим,
Нафсдир сани йўлдан қўйғон, 
Расво бўлур уни суйғон.

 Бир ит каби тинмай хурур,
На сир билур, на-да сурур,
Ундин фақат Роббим қўрур,
Нафсдир сани йўлдан қўйғон, 
Расво бўлур уни суйғон.

Қадим мўътабар китобларимизда баён этилгани билан бугун истеъмолимиздаги мавжуд нафс тушунчаси орасида катта фарқ бор. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Бугунги кунга келиб нафс моҳияти саёз ва юзаки тушунтириладиган бўлиб кетди. Нафс деганда еб-ичишу ҳузур-ҳаловатдан нарига ўтилмайди. Нафс тарбияси ҳам худди шундай енгил тушунадиган бўлиб қолдик. 

Нафсига кун бермаган қутби замон...

Ислом тарихида Имом Шаароний деган муборак муборак бир зот яшаб ўтган. Ҳижрий 898–973 йилларда Мисрда яшаб, Ислом динига жуда катта хизмат қилган бу зот, кўплаб забардаст шогирдлар етиштирган. Имом Шаароний олимнинг тахаллуси бўлиб, асл насаби Абдулваҳҳоб ибн Аҳмад ибн Али ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Зарка ибн Муса ибн Султон Аҳмад Тилмсони Ансорийдир. Бобоси Тилмсон ўлкасининг султони бўлган экан.  Насаби силсила билан ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. Ислом дунёсида эса Имом Шаароний тахаллуси ва «Қутби Шаароний» номлари билан шуҳрат қозонган. «Шаароний» бошида сочи бор дегани.

Имом Шаароний шайхул ислом Закариё Ансорий, Афзалуддин, Муҳаммад Мағрибий, Ҳасан Ироқий каби замонасининг етук Ислом олимларидан дарс олган. У дарс олган китобларини ёдлаб олар, фиқҳ, ақойид, ҳадис илмларини пухта эгаллашга ҳаракат қиларди. Натижада шофеъий мазҳабининг етук фиқҳ олими ва ҳадис илмида ҳам пешқадам бўлиб етишган. Айни пайтда замонасининг машҳур тасаввуф шайхи Алийюл Ҳаввос роҳимаҳуллоҳнинг энг яқин талабаси ҳисобланган. Яна ўша даврнинг кўплаб машҳур олим ва машойихлари хизматида юриб, уларнинг таважжуҳига ноил бўлиб, Аллоҳнинг авлиёси бўлган. Даврининг қутби даражасига етишган бу муборак зотнинг ақойид, фиқҳ, ҳадис, тасаввуф ва бошқа мавзуларда уч юздан зиёд бир-биридан мукаммал асарлар ёзгани қайд этилган. Айниқса, ҳар тўртта мазҳабни битта манбадан келиб чиқишини тушунтирган «Мезон-ул кубро» асари фиқҳ олимлари орасида машҳур. Асри саодатдан то замонасигача яшаб ўтган тўрт юздан зиёд катта олим ва валийларнинг ҳоллари, кароматлари, сўзлари ёзилган «Табақот-ул кубро» асари эса аҳли тасаввуф орасида танилган. 

Аллоҳ таоло Имом Шаароний роҳимаҳуллоҳга жуда катта эҳсонда бўлганини ўзлари ҳам тез-тез эслатиб турар экан. У кишининг жинларга ҳам дарс бергани китобларда баён этилади. Бир куни ҳузурига жинларнинг вакиллари ташриф буюриб, тавҳид билан боғлиқ етмиш бешта савол беришади ва: «Эй, Шайхулислом! Бизнинг олимларимиз бу саволларга жавоб бера олишмади. Буларнинг ҳақиқатини фақатгина инсонларнинг олимлари билади экан», дейишади. Шу саволлар сабаб бўлиб Имом Шаароний «Кашфул ҳижоб варраан ан важҳи асилот-ил-жан» деган машҳур китобни таълиф этган.

Кунларнинг бирида Имом Шааронийдан бу йўлда қандай қилиб юқори даражаларга эришгани ҳақида сўрашганда у зот бундай жавоб беради: «Бу йўлда, аввало, устозларимга тўлиқ таслим бўлдим. Нима буюришса, ҳаммасини бажардим. Нафсим билан йиллар давомида мужоҳада қилдим. Унинг хоҳишига қарши чиқиб, уни тарбияладим. Танҳо қолган вақтларимда бўйнимдан ип ўтказиб хонамнинг шифтига боғлаб қўйиб, ибодат қилардим. Уйқу ғолиб келиб ухламоқчи бўлсам, бўйнимдаги ип бунга йўл бермасди. Ўзимни мажбурлаб ибодат қилардим. Шу тариқа нафсимни ўз ҳолига қўймай, хоҳламаган ишларини унга мажбуран қилдириб, уни тарбиялаб, йўлга солардим. Ҳаромдан қаттиқ қочганимдек мубоҳларнинг ҳам кўпини тарк қилдим. Ейишга ҳеч нарсам қолмаганида ўт ердим ва ҳеч кимсадан бирор нарса сўрамасдим. Яхшилаб текширилмаган нарсани емасдим. Аллоҳнинг иродаси билан шу ҳолгача етиб келдимки, олдимдаги таомнинг қандайлигини емасдан олдин билардим. Агар таом ҳалол бўлса, гўзал ва хушбўй таъм, ҳаромдан таёрланган ёки шубҳали таомдан эса бадбўй ҳид келиб турарди. Луқмамга шу йўл билан эътибор қаратадиган бўлдим. Қўлимдан келгунича амр ва таъқиқларга амал қилишга интилдим. Аллоҳ менга ибодатларни завқ билан адо этиш неъматини эҳсон қилди. Қалб кўзим очилди...», (Юсуф Набаҳоний, «Жомиъу кароматил авлиё», 2-жилд; “Мажмаъ-ул муаллифин”, 6-жилд; “Шазарот-уз-заҳаб”, 8-жилд; “Асмо-ул муаллифин”, 1-жилд”; “Ал-Аълам”, 4-жилд).

Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ: «Агар нафсингни бирор фойдали юмуш билан банд қилиб қўймасанг, у сен билан шуғулланади», деб бежизга айтамганлар. Ҳа, жуда ҳам ҳайратланарли ҳаёт тарзи. Нафсимни тарбиялайман, Аллоҳнинг севган қули, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин уммати бўламан, иймон ҳақиқатию, ҳузур-ҳаловатини, фоний дунё моҳиятини тушуниб етмоқчиман деган инсон учун Аллоҳ азиз қилган бир бандасининг ҳаёт китоби етарли бўлади аслида. Ислом дунёсида Аллоҳ азизу мукаррам қилган бундай бахтиёр инсонлар жуда ҳам кўп.  Имом Шаароний роҳимаҳуллоҳ худди шундай муборак зотларга ишора қилиб “Мезон-ул кубро” китобларида шундай сатрларни ёзадилар: 

“Суннат, яъни ҳадиси шарифлар Қуръони каримни очиб бермоқда. Мазҳаб имомлари суннатни очиб бермоқдалар. Дин олимлари эса мазҳаб имомлари сўзларини очиб бермоқдалар. Бу қиёматгача шундай кетади. Дин имомларининг ҳеч бир сўзи Исломдан ташқарида эмас. Чунки уларнинг ҳар бири ҳам шариат, ҳам ҳақиқат олимидилар”. 

Агар юқоридаги Имом Шаароний ҳазратнинг нафс тарбияси ҳақидаги сатрларини оддий назар билан ўқисак, ҳеч нарса ололмаслигимиз, бу гапларни ақлимиз қабул қилмаслиги, аксинча, унга ишонқирамаслигимиз аниқ. Қабул қилган тақдиримизда ҳам жуда оғир шартлар билан оламиз.

Бугунги виртуал дунё биринчи ўринга чиққан йигирма биринчи асрда ҳамма билганини тап тортмай гапираверадиган, битта-иккита китоб ўқиб, ўзини дин олими деб ижтимоий тармоқларда шайхлик даъвосини қилиб, бошқаларнинг бошини айлантириб юрган киши учун бу гаплар ғалати, ҳақиқатдан йироқ бўлиб кўриниши табиий ҳол. Муаммо ҳаётда худди шундай тарзда яшаб ўтиб кетган табаррук зотларни тушуна олмаётган биздами ёки қайсидир бир даврларда, қандайдир шарт-шароитларда яшаб, бутун инсониятга ўрнак бўлган бу азизларнинг шахсиятидами?

Афсус билан айтишимиз мумкинки, бу масала, яъни уларни тушуна олмасликдаги биринчи муаммо фақат бизда. Ҳозирда мавжуд тушунчалар билан аввалги Ислом уламолари томонидан ёзиб қолдирилган нафс ҳақидаги қарашларни умуман англаб ҳам, идрок этиб ҳам бўлмайди. Лекин шу нарса ҳақиқатки, Қуръони Карим, ҳадиси шарифларда зикри келган ва Ислом оламининг машҳур уламолари томонидан баён этилган нафснинг асл моҳиятини ўрганмай, билмай, ҳаётга тадбиқ этмай туриб ҳеч қачон нафсимизни таний олмаймиз. Бу йўл ҳар қанча қийин, юки ҳар қанча оғир бўлмасин, шу оғир юкни зиммамизга олиб, қадамба-қадам азизларимиз йўлидан юришга мажбурмиз.

Гапни шу ерда мухтасар қилиб, “Тазкия рукни” остида бериладиган мақолаларимиз орқали Ислом дунёсининг буюк машойихлари асарлари асосида, ҳаётий тажрибалари мисолида нафсимизнинг асл моҳиятини тушунишга, унинг мартабаларини яқиндан билишга, залолатга бошловчи ботиний иллатларимизни яхшилаб ўрганиб, уларни бартараф этиш чораларини топишга ҳаракат қиламиз. 

Бу йўлда Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраб қоламиз.

авоми бор)

Улуғбек Султон

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу мақолани ёзилишига яқин бир дўстимнинг мулоҳазали саволи сабаб бўлди. Бир куни суҳбат чоғида гап назар ҳақида борар экан, у қатъий тарзда шундай деди: «Кўзни олиб қочиш, ерга қараб юриш ҳақида гапирасиз. Тўғри, лекин бугун ҳаёт ўзгариб кетди, кўча-кўйда аввалгидек эркаклар алоҳида, аёллар алоҳида томонда юрмайди, интернет кириб бормаган жой қолмади, телевизор ҳам аллақачон чегарасидан чиқиб кетди. Ҳаё пардаси кўтарилди, сиз айтаётган гапларга қулоқ соладиган инсонлар ҳам саноқлидир. Ким билади унга амал қиладиганлари аслида қанча?! Аҳвол шундай бўлганидан кейин айрим қоидалар ҳали ҳам иш беради, деб ўйлайсизми? Бошқа йўли бордир, балки ...»

Ғазаб

Имом Байҳақий Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб,: «Эй Аллоҳнинг Расули! Менга шундай бир амал ўргатингки, у туфайли мен жаннатга кирай. У озгинагина бўлсин, токи мен уни англай олай», деди. Шунда у зот: «Ғазаб қилма!» дедилар».

Аллоҳ таоло инсонни гўзал суратда яратиб, унга жуда кўплаб неъматларни ато этди. Жумладан, махлуқотлардан фақат инсон зотига нутқни берди. Тил шундай воситаки, бир ширин сўз билан қалби вайрон одам кўнглини обод этиш ёки аксинча, бир ёмон сўз билан тилка-пора қилиб юбориш табиий. Инсон тил орқали улкан савобларни қўлга киритиши ёки аксинча, охиратда надомат чекиши мумкин. Қуйида баъзи салафи солиҳларнинг тилни тийиш ва уни фақатгина яхши ўринларда ишлатиш борасида айтган сўзлари билан танишамиз.
Имом Муновийнинг “Файзул қадир” номли китобида бундай келтирилади: “Ибн Арабий айтади: “Машойихларимиз ҳар доим кун давомида гапирган сўзлари ва қилган ишларини ҳисоб-китоб қилиш учун қайд қилиб борардилар. Хуфтон намозини адо қилгач, дафтарга қараб ўзларини ҳисоб-китоб қилар, агар истиғфорга ҳақли иш кўрсалар, истиғфор айтар, тавбага лойиқ бўлса, тавба этар, шукр талаб амалларда шукрона келтириб, сўнг ухлар эдилар”.
Имом Кархий: “Инсон ўзига фойдасиз нарсани сўзлаши Аллоҳ томонидан хорланиши билан баробардир”, деганлар.
Ҳасан Басрий: “Аллоҳ таоло бирор бандани фойдасиз ишда машғул қилиб қуйиши ундан юз ўгиришининг аломатидир”, деганлар .
Молик ибн Динор айтади: “Агар қалбинг қотганлиги, баданинг заифлашгани ва ризқингда маҳрумликни кўрсанг, огоҳ бўлгинки, сен ўзингга фойда бермайдиган нарса тўғрисида гапиргансан”.
Юнус ибн Убайд айтади: “Киши ўзига манфаат келтирмайдиган бир сўзни тарк қилиши бир кун рўза тутишидан афзалдир.”
Имом Шофиъий айтади: “Ким Аллоҳ қалбини нурлантириб қуйишини хоҳласа, беҳуда гапларни тарк қилсин”.
Имом Шофиъий айтади: “Уч нарса ақлни ўткирлаштиради.
1. Уламолар билан ўтириш.
2. Солиҳлар суҳбатида бўлиш.
3. Беҳуда гап-сўзлардан тийилиш”.
Умматнинг ҳакими Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ  Муҳаммад  Шафиъ раҳматуллоҳи алайҳга  бундай васият қилган: “Албатта фарз, вожибларни адо қилиш, суннат ва мустаҳабларга риоя этиш хосу авом мусулмонга бирдек лозимдир. Лекин сени уч амалда бардавом бўлишни васият қиламан:
1. Аллоҳга  тақво қилгин. Зеро, у намоз, рўза ва зоҳирий муомалот масалалари билан чегараланмаган. Балки ботиний амалларда ҳам тақво риоясини қилиш вожибдир. Шундай экан, тақво зоҳирий амалларда кўрингани каби ботинийларида ҳам руёбга чиқсин.
2. Фойда келтирмайдиган нарсалардан четлан. У хоҳ амал, хоҳ калом бўлсин фарқи йўқ. "Моо лоо яъни"дан мурод, инсонга дунёда ҳам охиратда ҳам фойда келтирмайдиган ишдир.
3. Ҳар куни озгина бўлса-да, Қуръон тиловатида бардавом бўл. Бундан ташқари, “Субҳоналлоҳ”, “Алҳамдулиллоҳ”, “Ла илаҳа иллаллоҳ”, “Астағфируллоҳ” каби зикрларни такрорлашда ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот йўллаш ҳамда намоздан сўнг айтиладиган тасбеҳларда бардавом бўлгин .
Замонамизнинг етук олимларидан Муҳаммад Тақий Усмоний айтади: “Падари бузрукворимиз, аллома  Муҳаммад  Шафиъ раҳматуллоҳи алайҳга баъзан динга ҳам, дунёга ҳам фойдаси йўқ саволлар йўлланса, унга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Беҳуда ишларни тарк қилиш киши исломининг гўзаллигидандир” деган муборак ҳадисларини ёзар эдилар.
Шундай экан, юқоридаги ўгитларга амал қилиб, ўтаётган ҳар бир лаҳзамизни ғанимат билишимиз, бизга берилган тил неъматидан унумли фойдаланишимиз керак. Зеро, вақтимизни беҳуда гап-сўзларга совуриш ўрнига, илм-фан, касб-ҳунар, таълим-тарбия ва жамиятимиз фаровонлиги йўлида сарфласак, икки дунё саодатига эришамиз. Аллоҳ таоло бизларга ато қилган барча неъматларидан оқилона фойдаланишимизни насиб айласин.

_____________________________________________________________________________________

Муҳаммад Раҳматуллоҳ Ан-Надавий. “Ашраф Али Таҳонавий ҳакимул уммат ва шайхул машойихил асри фил ҳинд”. Дорул қалам. Димашқ. 123-бет.
Муҳаммад Тақий Усмоний. “Усулул ифто ва одобуҳу”. 293-бет.

 

 Манба: islom.uz

 Абдушукур МУРОДОВ,
Тошкент ислом университети магистранти

Илм Аллоҳни танишликдадир. Ким Аллоҳни таниса, У Зотнинг буйруқларига итоат қилишга ғайрат қилдирадиган ишларни билади. Ким Аллоҳни танимаса, буйруқларидан буриб юборадиган ишларга ғайрат қилади.

Сунний тасаввуф ўзи нима ва унинг вазифаси нимадан иборат? Аввало, турли омилларга кўра «тасаввуф» сўзи орқали ифода қилинаётган ҳақийқатнинг «руҳий тарбия», «тазкиятун-нафс», «сулук» ва шунга ўхшаш маънолар билан ифода қилинганини айтиб ўтмоғимиз лозим.

Қуръони  каримда зикр қилинган нафс ҳолатга қараб турли сифатларга эга бўлади.

1. Гоҳида «хотиржам нафс» бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло «Фажр» сурасида: «Эй хотиржам нафс! Роббингга  сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолда қайт! Бас, бандаларим ичига киргин! Ва жан-натимга киргин!» деган (27–30-оятлар).

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.