Дунё ҳавасига берилишнинг сабаблари ва бу дарднинг муолажаси

Билинг, орзу-ҳавасларга берилишнинг иккита сабаби бор: жаҳолат ва дунёга муҳаббат.
«Ҳуббуд дунё», яъни «дунёга муҳаббат» дегани нима?
Инсон дунёни, дунё истакларини, дунёни қўлга киритиш воситаларини дўст тутади. Бу туйғудан ажралиш, бу айрилиққа сабаб бўлувчи ўлим ҳақида фикрлаш қалбга оғир. Негаки, ниманидир ёмон кўриш, ўша нарсани ўзидан узоқлаштиришга мажбур қилади.

Инсон бўлмағур орзу-ҳаваслар ошиғидир. У доимо мақсадига мувофиқ келган нарса орзусида бўлади. Мақсадига мувофиқ келган нарса эса дунёда абадий қолиш. У шу мақсад йўлида изланади, бу изланиш ҳаётининг мазмунига айланади. У ўзининг ҳеч қачон амалга ошмайдиган мақсадини амалга ошириш учун мол-дунё, аҳли аёл, уй-жой, ёр-дўст, улов-маркаб каби дунёвий сабабларни шу даражада қадрлайдики, гўё шуларнинг ўзи айни бақо, гўё шу воситаларгина ягона чора!?
Ҳа, инсон қалби шу ёлғонларга алданган. Ўлимни эслаш, бу туйғуга яқин бориш унга бегона. Баъзан ўлим ва ўлимга ҳозирлик кўриш ҳақидаги ўйлар хотирига келади. Лекин инсон ўша заҳоти бу ўйларни хаёлидан қувиб: ҳали ёшсан, олдингда қанча кунлар бор, тавбага улгурасан, дейди, ўзига ўзи. Вақт ўтиб, ёши улғайгач, айтади: айни кучга тўлган пайтинг, қариб, кексайгунча сабр қил, кейин тавба қиларсан. Қариб, чолга айлангач, тавбани кечиктиришга сабаб бўлувчи баҳоналар яна кўпаяди: шу иморатни ва мол қўрани қуриб битказай ёки шу сафардан қайтай, кейин албатта тавба қиламан; ўғлимнинг уйига фалон-фалон жиҳозларни олиб берай ёки фалон душманимни ҳам бир ёқли қилай, кейин бир йўла тавбага юзланаман, дейди. Шу тарзда бир ишга ўн иш уланиб кетаверади, дунё ташвиши тугамайди. Кунлар кетидан кунлар ўтаверади, тавбани кечиктириш эса то сўнгги кунгача, кутилмаганда ўлим ёқадан оладиган нафасгача давом этади. Ўша дақиқаларда ҳасрат кўп, қайғу чексиз бўлади. Ахир, дўзах аҳли қичқириғининг аксари тавбани кечиктирганлиги учун эмасми?! Улар: биз тавбани кечиктирувчиларнинг аҳволига вой бўлсин, деб алам билан бақирадилар.
Тавбани кечиктирувчи шўрлик инсон бугун тавбани орқага суришга ундаётган сабаб эртага ҳам ўзи билан бирга бўлишини англамайди. Муддат чўзилгани сайин бу саркашлик қувват олиб, мустаҳкамланиб боради. Бечора инсон ҳам дунёга шўнғийди, ҳам дунёдан узилишини орзу қилади?! Ҳайҳот! Дунё муҳаббатидан кечиш дунёга қучоқ очиш билан эмас, ундан юз ўгириш билангина ҳосил бўлади.
Баъзан инсон: ҳали йигит ёшида бўлсам, ўлим менга узоқ, деган ўйда ёшлигига ортиқча ишонади. Ҳолбуки, «шўрлик бола» бутун шаҳардаги эркакларга нисбатан қариялар сони ўндан бир миқдордан ҳам камроқ эканлигини хаёлига келтирмайди. Ахир, ўлим ёшлар ичида кўпроқ бўлгани учун ҳам қариялар сони кам-ку?! Агар солиштирилса, битта кекса кишининг вафотига қадар мингга яқин гўдак ва ўспирин ҳаёт билан видолашади. Инсон ҳали жисмонан соғлом бўлгани учун ўлимни, ўлимнинг кутилмаганда келишини узоқ муддатлардан кейин содир бўлиши мумкин ҳодиса деб билади, унинг яқинлигини ҳис қилмайди.
Гарчи, «ўлимнинг шарпаси ҳали узоқда», деб ўзни ишонтирилса-да, дард, дарднинг тўсатдан келиши асло эҳтимолдан узоқ эмас. Балки, дафъатанлик ҳар қандай дард, ҳар қандай хасталикка хос хусусиятдир. Хасталикка чалинган кишининг соғлом кишига нисбатан ўлимга яқинлиги кўпчиликка аён ҳақиқат.
Кимки мана шулар ҳақида фикр юритса, ғафлатдан огоҳлик сари қадам ташлаган бўлади. Огоҳ инсон ўлим учун йигитлик, қарилик, ўрта ёш ёки ёз-қиш, куз-баҳор, эрта-кеч каби махсус вақтлар тайинланмаганини яхши билади. Ўлимни кўз олдида тутиб, доимо унга тайёргарлик билан машғул бўлади.
Аммо жаҳолат ва дунёга муҳаббат инсонни узун дунё ҳавасига, ўлимнинг яқинлигидан ғофил қолишга ундайди.
Тўғри, баъзан нималардир сабаб бўлиб, у ўлимни эслай бошлайди. Лекин инсон бу ҳодиса айнан ўзи билан содир бўлишига, бир кун ўзи ҳам албатта бу дунё билан хайрлашиши аниқ эканлигига жиддий қарамайди. У жаноза намозларига чиқади, марҳумларни сўнгги манзилига кузатади. Аммо ўзи ҳам яқинда шундай кузатилишини хаёлига келтирмайди. Чунки оёқлар ўзгаларнинг жанозаларига юришга одатланган, кўзлар ўзгалар ўлимини кўриб ўрганган. Шундай экан, инсон қандай қилиб ўзининг ўлимини тасаввур эта олсин?! Бу унга нотаниш ҳиссиёт. Негаки, у ҳали ўлмаган. Баъзан ўлимни эслаб қўйиш масаласига келсак, бу ўткинчи ҳолат. Инсон бу ҳолатдан тез чиқиб кетади, уни дарҳол унутади. Шунинг учун ўлимни англаш йўлида пайдо бўлган бу ҳолат ҳар сафар биринчи ва охирги ҳолат бўлиб қолаверади.
Билинг, қачонки банда бошқа бировлар тақдиридан ўзи учун ибрат ола бошласа, унга маърифат эшиги очилади. Бу эшикдан кирган ориф эртага тобути кўтарилишини, жасади совуқ ва қоронғу лаҳадга қўйилиб, қаро ерга топширилишини, қабр оғзи хом ғишт билан ёпилиб, одамлар қабрдан аста узоқлашишини тасаввур қилади. Буни англамаслик, англашни кечиктириш жаҳолатдан бошқа нарса эмас!
Демак, узундан узоқ орзу-ҳавасларга боғланиб қолиш ҳам бир касаллик, дард экан. Дард муолажаси уни келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф қилиш билан амалга оширилади. Агар бу дарднинг жаҳолат ва дунёга муҳаббат каби иккита иллати дафъ қилинса, касаллик барҳам топади. Жаҳолатдан қутилиш йўли — охиратга доимо сафарбар қалбдан чиқадиган соф фикр ҳамда покиза қалб эгалари айтган пурмаъно ҳикматни тинглашдир.
Дунёга муҳаббат оғир дард. Бу дарднинг муолажаси аввалгилару охиргиларни қийнаб келади. Шубҳасиз, бу дарднинг ягона давоси охират кунига, охиратда бериладиган қаттиқ азоб ва улуғ савобларга иймон келтиришдир.
Ишонч «яқийн» даражасига етганида, яъни шак-шубҳадан батамом халос бўлганида дунёга муҳаббат туйғуси қалбдан кетади, қалбда ҳавасга жой қолмайди. Чунки қалбни ундан улканроқ муҳаббат эгаллайди. Дунёнинг нақадар ҳақир ва охиратнинг нақадар улуғлигини англаган киши, агар машриқдан мағрибгача бўлган ерларнинг подшоҳлиги ато қилинса ҳам, бу арзимас дунёга қиё боқмайди. Негаки, безовталик ва ғам-кудурат манбаи бўлган ушбу дунё, унинг наздида, заррача қадри йўқ. Беқадр нарсага эса қувониб бўлмайди! Бебаҳо ганж, яъни охиратга иймон турганида, ўткинчи дунёга муҳаббат қалбга қандай ўрнашиши мумкин?!
Аллоҳ таолодан солиҳ бандаларига бу дунёни қандай кўрсатган бўлса, бизга ҳам шундай намоён қилишини сўраймиз. Дунё билан видолашаётганларни кўраяпсизми? Ўлим келганида улар қай аҳволда эдилар? Улар ўлимни кутганмидилар?
Ўлимга ҳозирлик кўрган киши улуғ зафарга эришади. Кимки ўткинчи дунё орзу-ҳавасларига алданса, очиқ-ойдин зиён кўради.
Инсон ҳар лаҳза ўз аъзоларига назар солсин. Вақти келиб, бу аъзоларни қуртлар қандай кемиришини, суяклар қандай сочилишини тадаббур қилсин. Шошилмасдан, батафсил кўз олдига келтирсин: қурт-қумусқалар кемиришни аввал ўнг кўзининг қорачиғидан бошлайдими ёки чап кўзининг қорачиғидан?
Дарҳақиқат, инсоннинг бутун аъзои бадани қурт-қумурсқага ем бўлишдан ўзгага ярамайди. Оллоҳ таоло розилиги учун ҳосил бўлган илм ва холис амалигини у билан қолади.

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.