Ўлим талвасаси ва шу ҳолатда қилиниши маҳбуб саналган ишлар

Ўлим талвасаси ва шу ҳолатда қилиниши маҳбуб саналган ишлар

Билинг! Бу бандаи мискиндан дунёнинг барча қайғуси-ю қўрқинчи, ғамлари-ю мусибатлари олиб ташланиб, ёлғиз ўлим талвасаси қолдирилган тақдирда ҳам, мана шу азобнинг ўзи унинг бутун ҳаётини заҳарлаб, севинчини қайғуга айлантирмоққа, унутиш ва ғафлат нелигини билмасдан, фақат шу азоб ҳақида ўйлаб ўтишига кифоядир.

Ҳа, ўлим талвасаси узоқ ва чуқур ўйламоққа, тинимсиз ҳозирлик кўрмоққа муносиб азобдир.
Луқмони Ҳакимни ўғлига қилган насиҳатини эсланг: «Ўғлим! Ўлимнинг қачон келишини билмайсан. Бас, тўсатдан сенга йўлиқишидан олдин ўлимга ҳозир тур».
Агар инсон энг тўкин ва лаззатли зиёфат оғушида хуш кайфият билан ўтирган пайтида ногоҳ бир соқчи кириб, уни беш қамчи уришини эслаб қолса, нима бўлади? Энди унга бу ўтиришнинг лаззати татийдими?! Йўқ! Лаззатдан асар қолмайди, қувончи қайғуга айланади.
Ўлим фариштаси олдида бу соқчи нима деган гап? Ўлим талвасаси олдида беш қамчи эмас, ундан кўпроғи ҳам арзимас нарса-ку! Ахир ҳар бир нафасда ўлим фариштаси инсон олдида ҳозир бўлиши, уни талвасага солиб қўйиши мумкин. У эса бундан ғофил. Бу бориб турган нодонлик ва алданишдан бошқа нарса эмас.
Англанг! Ўлим талвасасидаги оғриқ азобини фақат уни тотганлар билади. Бу азоб шиддатини тотмаган одам шунчаки оғриқларга қиёсан ёки ўлим талвасасига гувоҳ бўлган одамларнинг далилларига суяниб, бу ҳақда нимадир дейиши мумкин.
Жонсиз аъзо оғриқ сезмайди. Оғриқни жон билдиради. Аъзога бирон жароҳат етса ёки куйса, бунинг таъсири руҳда намоён бўлади. Жон шу таъсир миқдорида оғриқни ҳис қилади. Сўнгра оғриқ этга, қонга ва бошқа қисмларга тақсимланади. Албатта жонга ҳам оғриқдан улуш етади. Жонга етган мана шу улушни бошқа аъзолар тотиб кўрганида, асло тоқат қилолмас эдилар. Бу жуда улкан азобдир.
Наъз (яъни жон чиқар) ҳолати жоннинг бемисл азоби бўлиб, кейин бу оғриқ баданнинг ҳар бир нуқтасига, бутун аъзоларига тарқалади. Агар баданга тикан санчилса, энг аввал оғриқни жон сезади. Баданни куйдирган ўтнинг таъсири бундан-да улуғдир. Чунки оловнинг ёлқини баданни тўла қоплайди, ўт етмаган биронта аъзо қолмайди. Этнинг ҳар бир торидаги жон ришталари буни ҳис қилади.
Пичоқ, қилич ва найзага ўхшаш нарсалардан етган жароҳат тиғ теккан жойдагина бўлади. Шунинг учун ҳам, бу жароҳатнинг оғриғи олов етказган оғриққа бас келолмайди. Жон чиқар азоби айни жонга қилинган ҳужумдир. Жоннинг барча жузлари бу оғриққа ғарқ бўлади. Чунки жон ҳар бир томирдан, ҳар бир асаб толасидан, ҳар бир бўғиндан, бошдан оёққача бўлган ҳар бир туку теридан суғурилиб чиқади. Бу қайғу, бу оғриқ ҳақида сўраманг!..
Айтишади, ўлим қилич зарбидан, арранинг тишидан, қайчининг дамидан кўра шиддатлироқ. Баданни қилич кесса, жон оғрийди. Агар зарба тўғридан-тўғри жонга бўлса-чи?! Қилич зарбалари остидаги кишининг то қуввати бор экан, бақиради, ёлворади, ёрдам сўрайди. Жон чиқар ҳолатда эса оғриқ шиддатидан ун ўчиб қолади. Қайғу зулмати қуюқлашиб, қалбни тўла эгаллайди, қувват буткул яксон бўлади. Қувват йўқолгач, инграшга мажол қолмайди?!
Бу ҳолатда ақл чошиб лойқаланади. Тил оғирлашиб, аъзои бадан бўшашади. Киши инграш, қичқириш, ёрдам сўраш билан ўзини овутмоқ истайди, лекин бунга қувват қайда? Агар озгина қувват қолган бўлса, у ҳам сўнгги дамларда хириллашни, кўтарилиб тушаётган кўкракка бир етиб, бир етмасдан, халқумдан қайтиб кетаётган охирги нафасларни — ғарғара товушларини эшитишга сарф бўлади. Ранг ўзгариб, кулранг тусга кира бошлайди. Бу дамда инсон гўё асл фитрати тупроққа дўнаётгандек, барча томирлари узилгудек тортилади, оғриқ ичу ташига даҳшатли тарзда ёйилади. Кўз қорачиқлари кўтарилади, лаблар қаттиқ қисилади, тил танглайга ёпишади. Эркаклик мояги қувуққа тиқилади, бармоқларнинг учи кўкариб кетади.
Ҳар битта томири узилгудек тортишаётган баданнинг аҳволини сўраманг! Битта томир тортишганда ҳам бунинг азоби нақадар қаттиқ. Аммо, битта эмас, барча томирлараро ўтган жон томири тортилса-чи?!
Кейин бирин-кетин аъзолар ўла бошлайди. Аввал, оёқ панжалари, сўнгра болдирлар, сўнг сонлар совийди. То жон ҳалқумга келгунча, ҳар бир аъзо такрор-такрор ўлим талвасасини, ўлим қайғусини чекади. Кейин кишининг назари дунё ва дунё аҳлидан батамом узилади. Тавба эшиклари ёпилади. Ҳасрат ва надомат уни чулғаб олади.
Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Жон ғарғарага келгунича, банданинг тавбаси қабул қилинади» (Ибн Умар ривояти, Термизий).
Одамлар ўлим талвасасидан бехабар бўлгани учун унга эътибор бермайдилар, унинг даҳшатидан паноҳ тиламайдилар. Анбиё ва авлиё эса бу хавфдан огоҳ. Пайғамбарлик ва валийлик нури орқали улар ҳали ўлим келмай туриб, ўлим талвасасини идрок қилишади. Шу сабаб уларнинг қўрқинчи бисёр.
Исо алайҳиссалом дедилар: «Эй ҳаворийлар жамоаси! Оллоҳ таолодан ўлим талвасасини енгил қилишини сўранглар. Дарҳақиқат, ўлимдан қўрқинчим мени ўлимдан воқиф этди».
Ривоят қилинади: «Бани Исроилдан бир гуруҳи қабр ёнидан ўтаётиб бир-бирига: «Оллоҳ таолодан мана шу қабрдаги жасадни тирилтиришини сўрайлик», – дейишди. Кейин улар Оллоҳ таолога дуо қилишди. Шунда уларнинг қошида бир киши пайдо бўлди. Қайсидир қабрдан чиққан бу кишининг пешонасида сажда аломати зоҳир эди. У деди: «Эй одамлар! Мендан не хоҳлайсиз? Ўлимни тотганимга эллик йил бўлибдики, ҳанузгача унинг таъми қалбимдан кетгани йўқ».
Оллоҳ ундан рози бўлсин, Оиша онамиз дедилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бошидан кечирган ўлим шиддатини кўрганимдан сўнг, ўлими енгил кечган кишига ҳавас қилмай қўйдим».
Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганлари ривоят қилинади: «Оллоҳим! Жонни пайлардан, бўғимлардан, тирноқ учларидан суғуриб олгувчи Ўзингсан. Оллоҳим, ўлим онларида менга мадад бер, ўлимни менга осон қил» (Ибн Абу Дунё ривояти).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаламдан ўлимнинг шиддати ҳақида сўралганида дедилар: «Ўлимнинг энг енгили, бамисоли, жунга қадалган тиканларни тортганда ҳар бир тикан жун билан қўшилиб суғурилиб чиққани кабидир» (Ибн Абу Дунё ривояти).

Али каррамаллоҳу важҳаҳу жангга ундаб дерди: «Агар ўлдирмасангиз, ўласиз. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, қиличнинг минг зарбаси тўшакдаги ўлимдан енгилроқдир».
Зайд ибн Аслам отасидан ривоят қилади: «Мўмин фақат амали билан охират мартабаларига ета олмайди. У ўзининг жаннатдаги даражасига ўлим талвасаси ва қайғуси орқали эришади. Кофир учун эса бу дунёда мисли кўрилмаган яхшиликлар ато этилади ва бу яхшиликлар янада тўлиқ бўлсин учун уларга ўлим ҳам енгил қилинади. Кейин улар тўғри жаҳаннамга киритилади».
Ўтганлардан ривоят қилинади: «Ўлим тўшагида ётган бемордан ўлим ҳақида сўралганида, шундай жавоб берган эди: «Гўё осмонлар ерни қоплаб олган, гўё жоним игнанинг тешигидан ўтяпти».
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам дедилар: «Ногоҳоний ўлим мўмин учун роҳат, фожирга ҳасратдир» (Оишадан, Имом Аҳмад ривояти).
Ривоят қилинади: «Иброҳим алайҳиссалом вафот этгач, Оллоҳ таоло унга деди:
– Эй халилим! Ўлим қандай экан?!
–Ўлим ҳолати, бамисоли, намиққан жунга тиқиб, сўнгра тортиб олинган сихга ўхшайди, ўзига тортади.
– Албатта, биз сенга ўлимни енгил қилдик, – деди бутун оламлар Парвардигори».
Ривоят қилинади: «Мусо алайҳиссаломнинг руҳи Оллоҳ таоло ҳузурига чорлангач, Парвардигори олам ундан ўлим ҳақида сўради. Мусо алайҳиссалом деди: «Жоним қизиб турган товада қоврилаётган, лекин ўлмаган қуш каби эди. Кейин у тинчланди, аммо қутилмади. Бироздан сўнг учиб кетди».
Яна бир ривоятда Мусо алайҳиссалом деди: «Жоним мисоли қассобнинг қўлида тириклайин териси шилинаётган қўйдек азобда эди».
Ривоят қилинадики: «Ўлим онларида Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёнларида сув тўла идиш бор эди. Сарвари олам қўлларини сувли идишга тиқиб, сув олди. Сўнгра уни юзларига суриб, дедилар: «Оллоҳим! Ўлим талвасасини менга осон қил» (Оиша ривояти, муттафақун алайҳ).
Оллоҳ рози бўлсин, Умар Каъбул Ахборга деди:
– Эй Каъб! Бизга ўлим ҳақида гапир.
– Майли, эй амирал-мўминин, – деди Каъб. – Ўлим, бамисоли, кишининг қорнига санчилган тиканли шохдир. Ҳар бир тикан томир билан бирга суғурилади. Кейин бир киши бу тиканларни қаттиқ тортади, олингани олинади, қолгани қолади.
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Банда албатта ўлим қайғуси ва ўлим талвасасини бошидан ўтказади. Албатта, унинг аъзолари бири бирига салом бериб дейди: «Сенга салом бўлсин, мендан ажралдинг ва мен ҳам то қиёматгача сендан ажралдим» (Анас ибн Молик ривояти).
Оллоҳнинг дўстлари ва ҳабибларида ўлим талвасаси шундай кечса, бўғзигача гуноҳга ботган биз осийларнинг аҳволи қандай бўларкин?!
Албатта, ўлим талвасаси билан бизга бошқа мусибатлар ҳам юзланади. Бундай мусибатлар учтадир.
Биринчиси, олдин айтилганидек, жон чиқар азоби.
Иккинчиси, ўлим фариштасини кўриш ва қалбни даҳшатли қўрқув эгаллаши. Жони олинаётган киши қанчалик бақувват бўлмасин, агар у маъсиятга ботган бўлса, ўлим фариштасига боқишга ожизлик қилади.
Ривоят қилинади: «Иброҳим Халилуллоҳ ўлим фариштасидан сўради:
– Фожир кишининг жонини қандай суратда оласан? Ўша суратда намоён бўла оласанми?
– Тоқат қилолмайсан, – деди ўлим фариштаси.
– Балки тоқат қиларман.
– Бас, у ҳолда мендан юзингни ўгир. Иброҳим алайҳиссалом ундан юз ўгирди. Кейин қайрилиб қаради ва: у зот рўпарасида сочлари тиккайган қоп-қора киши турарди. Қора кийимдаги бу кишидан қўланса ҳид таралар, оғзидан олов ёлқинланиб, бурун катакларидан буруқсиб тутун чиқарди. Иброҳим алайҳиссалом ҳушидан кетди. Бироздан сўнг ўзига келди. Ўлим фариштаси аввалги суратига қайтди. Иброҳим Халилуллоҳ унга деди:
– Эй ўлим фариштаси! Агар ўлим онларида фожирга мана шу суратда йўлиқсанг, шунинг ўзи унга кифоя қилади».
Абу Ҳурайра Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилади: «Довуд алайҳиссалом ғаюр (рашки кучли) инсон эди. Ташқарига чиқса, уйининг эшигини қаттиқ беркитарди. Кунларнинг бирида одатдагидек, эшигини маҳкам бекитиб, кўчага чиқиб кетди. Аёли уни кузатиб қолди. Бир пайт аёли ҳовлида нотаниш киши турганини кўриб: «Бу кишини ҳовлига ким киритди? Агар Довуд келса, албатта, бир кўнгилсизлик рўй беради-ку» деб турганида Довуд алайҳиссалом келиб қолди ва у кишига деди:
– Кимсан?
– Мен шундай зотманки, на подшоҳлар мени қўрқитур ва на бирор тўсиқ мени тўса олур!
– Демак, Оллоҳга қасамки, сен ўлим фариштаси экансан, деди Довуд алайҳиссалом ва унга эргашди».
Ривоят қилинади: «Исо алайҳиссалом ўтиб кетаётиб, бош чаноғига қоқилди ва деди:
– Оллоҳнинг изни билан менга гапир! Бош чаноғи гапира бошлади:
– Эй Руҳуллоҳ! Мен фалон-фалон замондаги подшоҳман. Салтанат тахтида ўтирганимда бошимда тожим, атрофимда қўшинларим, куч-қудратим ва ҳашаматим бор эди. Кунларнинг бирида қошимда ўлим фариштаси пайдо бўлди. Кейин унинг йўриғига кўра, ҳар бир аъзом мени тарк эта бошлади. Сўнгра ўлим фариштаси жонимни олди. Кошки эди, ўша йиғину анжуманлар бўлмаса, бугун айрилиғу маҳрумликка айланган! Кошки эди, ўша улфатчиликлар бўлмаса, энди кимсасизликка, даҳшатли ёлғизликка судраган!»
Ҳикоя қилинадики, пайғамбарлар ўлим фариштасини даҳшатли суратда кўрган киши туйган қўрқинчни эмас балки, фақат жон чиқар талвасасини ҳис этадилар.
Агар ўлим фариштаси кишининг тушига кирса, унинг қолган ҳаёти безовталикка айланади, умридан тот кетади. Бу ҳолат унинг ўнгида содир бўлса-чи?!
Аммо Оллоҳнинг ибодатидаги бандага ўлим фариштаси чиройли тусда кўринади.
Икрима Ибн Аббосдан ривоят қилади: «Иброҳим алайҳиссалом ўта ғаюр инсон эди. Уйида ибодат қилар, уйидан чиққанида эшигини қаттиқ бекитарди. Бир куни ташқаридан уйига кирар экан, ҳовли ўртасида нотаниш бир киши турганини кўрди.
– Сени ҳовлимга ким киритди? – сўради Иброҳим Халилуллоҳ.
– Бу уйга эгалик қилишга мен ва сендан ҳам ҳақлироқ Зот мени бу ҳовлига киритди.
– Сен қандай фариштасан?
– Ўлим фариштасиман.
– Мўминлар жонини оладиган суратда менга кўрина оласанми?
– Ҳа, мендан юзингни ўгир!
Иброҳим алайҳиссалом ундан юзини ўгирди, кейин қайрилиб қаради: рўпарасида гўзал либосли, хуш бўйли, юзларидан нур балққан йигит турарди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом деди:
– Эй ўлим фариштаси! Агар мўмин ўлим онларида мана шу суратингда сенга йўлиқса, бу унинг учун кифоядир».
Қилинган ҳар бир амалларни ёд олиб, ёзиб борувчи икки фариштани кўриш ҳам ўлим мусибатларидандир. Ваҳиб дейди: «Айтилишича, ўлган кишига амалларни ёзиб борувчи икки фаришта кўринади. Агар ўлган киши тоат ибодатли бўлса, фаришталар унга:
– Оллоҳ сени биз учун ҳам яхшилик билан мукофотласин. Бизни қанчадан-қанча содиқлар мажлисига олиб кирдинг ва қанчадан-қанча солиҳ амаллар узра ҳозир қилдинг.
Агар ўлган киши фожир бўлса, икки фаришта унга дейди:
– Оллоҳ сени биз учун ҳам ёмонлик билан жазоласин. Бизни қанча бузуқ мажлисларга олиб кирдинг, ёмон амалларинг узра ҳозир қилдинг, қабиҳ сўзларни эшиттирдинг. Бунинг учун Оллоҳ сенинг жазоингни берсин!»
Ўлик кўзларнинг амалларини ёзиб борувчи икки фариштага тикилиб қолиши мана шудир. Бу нигоҳ энди ҳеч қачон дунёга қайтмайди.
Ўлимдаги учинчи мусибат осийларнинг ўз жойлари жаҳаннамни кўришлари ва кўришдан олдинги хавфдир. Улар ўлим талвасасида (сакарот) ётган пайтларида куч-қувватдан ажраладилар, жонларини топширишга ҳозирланадилар. Ўлим фариштаси олиб келадиган иккита хабардан бирини эшитмагунча уларнинг жони чиқмайди. Ўлим фариштаси шундай огоҳ этади: «Эй Оллоҳнинг душмани! Жаҳаннам билан сени қутлайман». Ёки: «Эй Оллоҳнинг дўсти! Жаннат сенга муборак бўлсин».
Ақл эгаларининг қўрқинчи мана шу туфайлидир.
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Сизлардан бирор кимса борар жойи қаер эканлигини билмагунича, ўрни жаннатми ё дўзахми эканини кўрмагунича, бу дунёдан кетмайди» (Ибн Абу Дунё ривояти).
Ривоят қилинади: «Ҳузайфа ибн Йаман умрининг сўнгги кечаларининг бирида Ибн Масъудга деди:
– Бориб қарангчи, ҳозир қайси вақт?
Ибн Маъсуд ўрнидан туриб унинг олдига келди ва:
– Кун қизаряпти, – деди.
– Дўзахга элтувчи тонгдан Оллоҳ асрасин, – деди Ҳузайфа».
Умрининг сўнгги соатларида Абу Ҳурайранинг ёнида Марвон бор эди.
– Оллоҳим, унга ўлимни енгил қил, – дерди Марвон. Шунда Абу Ҳурайра:
– Оллоҳим, ўлимни қаттиқ қил, – деди ва йиғлади.
– Оллоҳга қасам, дунё учун ғам чекиб ёки сизлардан айрилиб қолишдан қўрқиб йиғлаётганим йўқ. Лекин кутяпман, Раббим нимани суюнчилар экан: жаннатними ёки дўзахни?!»
Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинади: «Агар Оллоҳ бандасидан рози бўлса, айтади: «Эй ўлим фариштаси! Фалончининг ҳузурига бор, унинг жонини келтир, унга ҳузур бағишлай. Унинг амали менга кифоя, уни синадим. У менинг суюкли бандамдир».
Кейин ўлим фариштаси хушбўй райҳонлар ва заъфарон илдизлар билан безанган беш юз фаришта билан бу суюкли банданинг ҳузурига тушади. Ҳар бир фаришта бошқаларникидан фарқли, фақат ўзигагина хос хушхабарни суюнчилайди. Руҳ бадандан айрилар экан, райҳонлар билан безанган фаришталар банда ёнида икки саф бўлиб ҳозир туришади. Бу ҳолатни кўрган Иблис қўлини бошига қўйиб чинқириб юборади. Шунда Иблиснинг лашкарлари:
– Сенга нима бўлди, эй етакчи зот? – дейишади.
– Бу бандага қилинаётган ҳурматни кўрмаяпсизларми? Кўзингиз қаерда эди, нега уни йўлдан оздирмадингиз?!
– Қаттиқ тиришдик. У бегуноҳ эди» (Ибн Абу Дунё ривояти).
Ҳасан Басрий деди: «Мўмин киши фақат Оллоҳ дийдори билан роҳат топади. Оллоҳ дийдоридан роҳат топган кишининг ўлим куни — шодлик ва сурур куни, эминлик куни, иззат ва шараф кунидир».
Ўлим арафасида Жобир ибн Зайддан:
– Нимани хоҳлаяпсан? – деб сўралди.
– Ҳасан Басрийни бир кўрсам,– деди Жобир.
– Мана Ҳасан Басрий! – дейишди. Жобир унга тикилиб деди:
– Биродарим! Вақт бўлди. Оллоҳга қасамки, энди мен сизларни ташлаб жаннат ёки дўзах томон кетяпман».
Муҳаммад ибн Восиъ ўлими арафасида: «Биродарларим! Сизларга Оллоҳнинг саломи бўлсин, дўзахга ё Оллоҳнинг афвига кетяпман», – деди.
Баъзилар жончиқар ҳолати абадий давом этишини хоҳлайди. Улар на савоб учун ва на азоб учун тирилишни исташади.
Бас, ёмон хотима хавфи орифлар қалбини парчалайди. Бу ҳам ўлим онларидаги улкан мусибатлардан биридир.

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.