Ўлим онларида маҳбуб кўрилган амаллар баёни

Ўлим онларида маҳбуб кўрилган амаллар баёни

Билгил! Ўлим онларида хотиржамлик ва сокинлик, тилнинг фақат «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини айтиб, дилнинг шак-гумондан тўла холи бўлиши ўлими яқинлашган киши учун энг маҳбуб ҳолатдир.

Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинади: «Ўлими яқин қолган кишида учта ҳолатни кузатинг: пешонасидан тер тошади, кўзларидан ёш оқади, лаблари қурийди. Бу ҳолат Оллоҳнинг ушбу кишига туширган раҳматидир. Агар жон таслим қилаётган киши бўғилгандай хирилласа, рангги бўғриқиб қизарса, лаблари кулранг тусга кирса, бу унга Оллоҳнинг азобидир» (Салмон Форсий ривояти, Термизий).
Тилнинг шаҳодат калимасини қайта-қайта такрорлаши яхшилик аломатидир. Абу Сайид Худрий айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ўлими яқинлашган кишиларингизга «Ла илаҳа иллаллоҳ» ни такрорлаб туринглар» (Ибн Ҳиббон ривояти).
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эдилар, дейди Усмон розийаллоҳу анҳу: «Ким Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини, фақат Оллоҳгина борлигини билган ҳолда вафот этса, жаннатга киради» (Имом Аҳмад, Муслим, Нисоийлар ривояти).
Оллоҳ рози бўлсин, Умар деди: «Ўлими яқинлашган кишиларингиздан огоҳ бўлиб туринг, уларга Оллоҳни зикр қилинг. Чунки, улар сиз кўрмаётган нарсаларни кўради. «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни уларга такрорланг».
Абу Ҳурайра деди: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Ўлим фариштаси ўлаётган кишининг олдида ҳозир бўлиб, унинг қалбига назар солади. Қалбидан ҳеч нарса топмайди. Сўнгра унинг иккала жағини очиб, тилининг «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган ҳолда танглайига ёпишиб қолганини кўради. Ихлос калимаси туфайли бу банда мағфират қилинади» (Байҳақий ривояти).
Ўлими яқинлашган кишига шаҳодат калимасини кескин талаб билан эмас, балки ҳалимлик ила айтиб турмоқ лозим. Баъзан тил сўзга қовушмай қолади. Бундай ҳолатда қатъият машаққат туғдириши, калималарни айтишни оғирлаштириши, ҳатто хоҳишни сўндиришгача олиб бориши мумкин.
Бу калимани айтишга шунчалик жидду жаҳд қилинишидан мақсад — ҳаёт билан видолашаётган инсон сўнгги нафасларигача қалбида Оллоҳдан ўзгасига ўрин қолдирмаслик. Қачонки қалбда яккаю ягона Зотдан ўзга матлуб қолмас экан, ўлимга ташриф маҳбуб томон яқинлашиш, неъматлар манбаига етиш ҳисобланади. Агар қалб дунёга муккасидан кетиб, бутун борлиғи билан унга ёпишса, қолиб кетаётган ўткинчи лаззатларга ачинса, шаҳодат калимаси қалбдан эмас, тил учидан чиқади. Бу нақадар ёмон хотима! Негаки, дил иштирокисиз тилнинг ҳаракатидан фойда кам. Лекин Оллоҳ таоло фазл этса, не тонг!
Ўлим онларида яхши гумонда бўлиш ҳам мустаҳаб амаллардан ҳисобланади.
Воила ибн Асқоъ ўлими яқинлашган бемор ҳузурига кириб, сўради:
– Оллоҳ таоло ҳақида нималарни ўйлаяпсан?
– Гуноҳларим мени ғарқ қилди ҳалокатим яқин. Лекин Раббимнинг раҳматидан умидворман.
Воила такбир айтди. Беморнинг аҳли байтлари ҳам «Оллоҳу акбар» дейишди. Кейин Воила Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини эшитганини айтди: «Оллоҳ таоло дейди: Мен мени ўйлаётган бандамнинг ўйидаман, мен ҳақимда хоҳлаганини ўйлайверсин».
«Пайғамбар алайҳиссалом ўлими яқинлашиб қолган йигитнинг олдига кириб сўрадилар:
– Ўзингни қандай ҳис қиляпсан?
– Оллоҳ таолодан умидворман, гуноҳларимдан қўрқяпман.
Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
– Бу икки хислат бир банданинг қалбида жамланса, Оллоҳ у бандага умид қилганини ато этади, қўрқаётган нарсасидан сақлайди» (Термизий ривояти).
Битта аъробий бетоб бўлиб қолди. Унга:
– Сен ўласан, – дейишди.
– Мени қаерга олиб кетишади?– деб сўради аъробий.
– Оллоҳнинг ҳузурига!
– У ҳолда, яхшиликлар эгаси бўлган Зотга қайтишимнинг нимаси ёмон?! – деди аъробий.

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.