– Оллоҳнинг изни билан руҳларини чақираман. Улар дарҳол мана шу икки бармоғим орасида ҳозир бўлишади.
Кейин ер ўлим фариштаси олдида лагандек айлантирилади. Ўлим фариштаси унинг ичидан хоҳлаган жонни суғуриб олади...»
Ваҳб ибн Мунаббиҳ ҳикоя қилади: «Ўтган подшоҳлардан бири қаергадир саёҳатга отланди. Юриш олдидан у ўзига ҳаммани ҳайратга соладиган кийим келтиришларини буюрди. Олиб келинган кийим подшоҳнинг дидига ўтирмади. Дарҳол бундан ҳам яхшироғини келтиришларини буюрди. То ҳайратдан ёқа ушлайдиган даражадаги ажабтовур кийим келтиргунларича бу ҳол давом этди. Подшоҳ уловни ҳам шу талаб билан танлади. Ҳар сафар кўрсатилаётган отларни қайтариб, янада чиройлироқ янада хушбичимроқ от келтиришларини буюради. Ниҳоят, подшоҳ антиқа кийимлар кийиб, энг чиройли от устига минди. Ўша пайтда Иблис унинг бурнига дам урди, подшоҳнинг ичи кибрга тўлди. Энди унинг кўзи кўр бўлиб, на атрофдаги отлиқларни, на йўлдаги одамларни кўрарди.
Шу пайт увада кийимда, ҳоли хароб бир киши йўл ўртасига чиқиб, подшоҳга салом берди. Подшоҳ унинг саломига алик олмади. У отнинг жиловидан ушлаб, йўлга кўндаланг туриб олди. Шунда подшоҳ:
– Жиловни қўйвор! Қаттиқ жазога муносиб иш қиляпсан, – деди унга ғазабнок.
– Сенда ҳожатим бор, – деди у подшоҳга.
– Сабр қил отдан тушай.
– Йўқ, ҳозироқ, шу ҳожатимни раво қиласан.
Подшоҳ уловнинг жиловини унга топширишга мажбур бўлди ва:
– Айт ҳожатингни, – деди.
– Бу сир!
Подшоҳ бошини эгиб унга қулоғини тутди. У сирни очди:
– Мен ўлим фариштасиман!
Подшоҳнинг ранги ўзгариб, тили калимага келмай қолди. Кейин ўзига келиб:
– Фурсат бер, аҳлимни олдига қайтиб, омонатларимни адо қилай, – деди ўлим фариштасига.
– Йўқ, Оллоҳга қасамки, энди сен аҳлингни ҳам, қолдирган мол-дунёйингни ҳам ҳеч қачон кўролмайсан, – деди ўлим фариштаси ва унинг жонини олди.
Подшоҳ қуриган ёғоч каби ерга қулади.
Кейин ўлим фариштаси шу аҳволда мўмин бандасига йўлиқди, унга салом берди. Мўмин банда унинг саломига алик олди.
– Сенда ҳожатим бор, – деди ўлим фариштаси унга.
– Айтақол, қулоғим сенда.
– Яқинроқ кел, деди ўлим фариштаси ва унга сирни очди:
– Мен ўлим фариштасиман!
– Хуш келибсан, марҳабо, эй интизор кутилган зот! Ер юзида ғойиб нарсалар ичида мен учун энг суюклиси сенсан!
– Нимани хоҳлайсан? Ҳожатларинг бўлса, бемалол адо қилишинг мумкин.
–Йўқ! Оллоҳ таолонинг дийдоридан улуғроқ ва суюклироқ ҳожат борми! – деди мўмин банда.
– Айт жонингни қандай шаклда олишимни истайсан?
– Сен мен истагандай жонимни олишга қодирмисан?
– Ҳа, мен шунга буюрилганман.
– У ҳолда озгина муҳлат бер, таҳорат олай ибодат қилай. Бошим саждага қўйилган пайти жонимни ол.
Дарҳақиқат шундай бўлди: мўмин банда бошини саждага қўйгани заҳоти ўлим фариштаси унинг жонини олди».
Абу Бакр ибн Абдуллоҳ Музаний дейди: «Бани исроиллик бир киши кўп мол-дунё тўплади. Ажали яқинлашгач, ўғилларига деди:
– Қани, тўплаган мол-дунёларимдан бир қисмини менга кўрсатинг-чи!
Отлар, туялар, қуллар, чўрилар ва бошқа мулк, бойликларининг хилма-хилидан келтириб, унга кўрсатишди. Шунча бойликларининг қолиб кетаётганига ачиниб, ҳасрат билан йиғлади. Унинг кўз ёш тўкаётганини кўрган ўлим фариштаси:
– Нега йиғлаяпсан? Бу бойликларни сенга ато этган Зотга қасамки, то баданингдан жонингни суғуриб олмагунча, бу уйдан чиқмайман! – деди.
– Менга муҳлат бер, бойликларимни тарқатай.
– Зинҳор! Муҳлатинг тугаб битди. Ажалинг етишидан бурун қаерда эдинг?!
Кейин ўлим фариштаси унинг жонини олди».
Ривоят қилинадики, битта бой тўплаган бутун мол-дунёсини битта ҳам қолдирмасдан бекитиб қўйди. Қаср қурдириб, унга иккита мустаҳкам эшик
ўрнаттирди. Эшикка қўриқчилар қўйилди. Сўнгра аҳлини тўплаб, улар учун таом ҳозирлатди. Тахтга оёқларини чалиштириб ўтириб, аҳлига боқди: улар ёппасига таомланарди. Таомдан сўнг уларга ва ўзига хитобан деди:
– Эй нафс! Неъматлардан истаганингча баҳраманд бўл. Тўплаган мол-дунёйим йиллар бўйи сенга кифоя қилади.
Хўжайин бу сўзини айтиб, тугатар-тугатмас, эгнида увада жанда, бўйнига мискинларникидек тўрва осиб олган киши эшик қоқди. Тунги сукунатни бузиб, шиддат билан қоқилаётган эшикнинг овозида қандайдир ваҳима бордек. Кўримсиз аҳволига қарамасдан шунчалик салобатга эга, атрофга қутқу солаётган бу мискин ким ўзи?!
Хўжайин энди тўшакка чўзилган эди. Қуллар эшик олдига чопиб бориб, у мискиндан сўрашди:
– Нима ишинг бор?
– Хўжайинингизни чақиринглар.
– Хўжайинимиз сендек мискинни қабул қилармикин?
– Қабул қилади!
Қандайдир бир мискин эшик тагига келиб, хўжайинни чақираётганини айтишди.
– Нега қувиб солмадинглар! – деди уларга хўжайин.
Шу пайт эшик аввалгиданда шиддатлироқ тақиллай бошлади. Қоровуллар яна эшик томон отилишди.
–Хўжайинингизга хабар беринг, мен ўлим фариштасиман, деган даҳшатли товушдан гўё қаср титраб кетди. Соқчилар қўрқинчдан қотиб қолишди. Улкан бир мусибатнинг яқинлашганини ҳис қилган хўжайин ҳам ювош тортиб қолди ва деди:
– Унга юмшоқлик билан айтиб кўринг-чи, менинг ўрнимга бошқа бирортасининг жонини олмасмикин?
Шунда ўлим фариштаси унинг ҳузурида ҳозир бўлиб:
– Мол-дунёйингни нима қилсанг, ўзинг биласан. Мен сенинг жонингни олиш учун бу ерда ҳозирман. То жонингни олмагунча кетмайман, – деди.
Хўжайин бутун мол-дунёсини шу ерга келтиришларини буюрди. Сўнгра бойликларига қарата:
– Сизга Оллоҳнинг лаънати бўлсин! Сиз эмасми, мени Раббимнинг ибодатидан чалғитган ва Раббим билан орамизни тўсган?! – дея сўка бошлади.
Шунда Оллоҳ молга нутқ ато этди:
– Мени сўкма, муттақий кишилар султонлар эшигидан қувилган бир пайтда, сен эмасми, мени восита қилиб, султонлар ҳузурига шошилган?! Сен эмасми, мени шоҳона айш-ишратларга сарфлаб, ёмонлик йўлида сочган?! Агар хайр учун мени инфоқ этсанг, ким сенинг йўлингни тўса оларди? Мен ҳам Одам фарзанди янглиғ тупроқдан яралдим. Кимдир савоб томон, кимдир азоб томон йўл олади.
Кейин ўлим фариштаси бу мол эгасининг жонини олди. Жонсиз банда ерга қулади».
Ваҳб ибн Мунаббиҳ дейди: «Ўлим фариштаси ер юзида мисли йўқ шафқатсиз, золим кишининг жонини олди. Кейин осмонга кўтарилди. Фаришталар ундан:
– Сен жонини олганлар ичида ўта раҳмингни келтирганлари ҳам борми? – деб сўрашди.
– Ер юзида қайсидир бир саҳрода қолган аёлнинг жонини олишга буюрилдим. Аёлнинг кўзи ёриётган эди. Ўшанда у аёлнинг нақадар ғариб ва ночорлигини кўриб ачиндим. Миттигина чақалоқнинг эса кимсасиз саҳрода ёлғиз, қаровсиз қолаётганига жуда раҳмим келган эди, – деди ўлим фариштаси.
Шунда фаришталар унга:
– Ҳозир сен жонини олган, ер юзидаги энг золим киши — сенинг раҳмингни келтирган ўша чақалоқ бўлади, – дейишди.
– Субҳаноллоҳ! Ҳикматлари латиф Зотнинг хоҳлагани бўлур, – деди ўлим фариштаси».
Ҳасан Басрий дейди: «Ўлим фариштаси ҳар куни ҳар бир уй атрофини уч маротаба айланади. Агар бу уйларнинг бирортасида ризқи тугаган, ажали етган киши бўлса, ўлим фариштаси унинг жонини олади. Ўлган одамнинг яқинлари йиғлаб, оҳ-фарёд қилишади. Шунда ўлим фариштаси эшикнинг иккита кесакисига ёпишиб дейди:
– Оллоҳга қасамки, бу марҳумнинг ризқини мен емадим, умрини мен тугатмадим, ажал паймонасини мен тўлдирмадим. Албатта олдингизга қайтаман. То бирортангиз қолмагунча бу ерга келавераман.
Оллоҳга қасамки, агар одамлар ўлим фариштасини мана шу ерда кўриб, унинг шу сўзларини эшитса, албатта, ўликни унутиб, фақат ўзлари учун кўз ёш тўккан бўлар эдилар».
Язид ибн Раққоший дейди: «Бани исроиллик энг шафқатсиз бир киши хонасида ёлғиз, ташвишлардан холи ҳолда ўтирган эди. Шу пайт унинг ҳузурига нотаниш бир одам кирди, дарҳол унга ғазабини тўкиб-сочди:
– Кимсан, ким сени хонамга киритди?!
– Шу ернинг Эгаси мени бу хонага киритди, – деди нотаниш одам бамайлихотир, – мени бирон жойга киришим учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Мен подшоҳлардан изн сўрамайман. Султонларнинг куч-қудратидан ҳайиқмайман. На бешафқат золим, на итоатсиз шайтон менга қарши чиқа олади.
Шунда у золимнинг қўллари шалвираб, қўрқувдан зир титрай бошлади, ҳатто юз тубан йиқилди. Кейин бошини кўтариб, хору залил ҳолда:
– Демак, сен ўлим фариштасисан, шундайми? - деди.
– Ҳа!
– Муҳлат бер тавба қилай.
–Муддатинг тугади, нафасларинг саноқли, соатинг битди. Кечиктиришга асло йўл йўқ!
– Мени қаерга олиб кетасан?
– Қилган амалларинг қошига ва ўзинг учун тайёрлаган уйингга!
– Ахир мен солиҳ амал қилиб улгурмадим, ўзим учун яхши уй ҳам ҳозирламадим-ку?!
– У ҳолда бош териларини сидириб олгувчи олов – дўзахга кетасан!
Сўнгра ўлим фариштаси унинг жонини олди. Жонсиз жасад ўз аҳли олдида қулади. Кимдир бу ўлик учун ўкириб, кимдир ҳўнграб йиғлади.
Агар улар хотиманинг ёмонлигини билганларида, бундан-да қаттиқроқ йиғлаган бўлар эдилар».
Аъмошдан ривоят қилинади: «Сулаймон ибн Довуд ҳузурига ўлим фариштаси кирди ва шу ерда ўтирганлардан бирига узоқ тикилиб қолди. Ўлим фариштаси ташқарига чиққач, у киши:
– Бу ким? – деб сўради.
– Ўлим фариштаси, – деди Сулаймон ибн Довуд.
– У худди бирор иши бордек менга жуда кўп тикилди.
– Хўш нимани истайсан?
– Мени ундан халос эт.
Сулаймон ибн Довуд шамолга бу кишини Ҳиндистоннинг энг чекка жойига элтиб қўйишини буюрди. Шамол амрни дарҳол бажарди.
Ўлим фариштаси иккинчи маротаба келганида, Сулаймон ибн Довуд ундан:
– Ёнимда ўтирган кишилардан бирига нимага бунча кўп тикилдинг? – деб сўради.
– Ҳа, жуда ажабландим. Ахир Ҳиндистоннинг чекка бир жойида бу кишининг жонини олишга буюрилгандим. Буйруқнинг адосига жуда оз вақт қолган эди. Ажабо! У эса сенинг ҳузурингда ўтирарди?! – дея жавоб берди ўлим фариштаси».
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан