Чунки у Оллоҳ таолонинг танлагани, расули, пайғамбаридир.
Қаранг, мулоҳаза қилинг! Суюкли Пайғамбарнинг умри поёнига етиб, муддати тугагач, Оллоҳ таоло у зотга бу дунёда яна озгина, атиги бир дақиқа муҳлат бердими? Ўлим соати етгач, лаҳза кечиктирдими?!
Йўқ! Муҳлат битгач, бандаларнинг жонларини олишга вакил қилинган мукаррам фаришталар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига жўнатилди. Яратувчисининг амрига мунтазир фаришталар пок жасаддан пок руҳни олиб, уни раҳмату ризвонга, энг гўзал яхшиликлар сари элтишга, бу пок руҳни Раҳиму Раҳмон бўлмиш зотнинг яқинига, сидқ мақомига кўтаришга ошиқдилар.
Шунчалик улуғ мартабаларга эга бўлсалар-да, жон чиқар пайтидаги шиддат Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни четлаб ўтмади. Қийналдилар, инградилар, изтироб чекдилар. Ранглари ўзгарди, пешоналаридан тер тошди, кўкраклари тез-тез кўтарилиб туша бошлади. Бу ҳолатга тикилган кўзларга ёш тўлди, ҳўнграб юбордилар. Бу ҳолатга гувоҳ кўнгиллар ғамга ботди, эриб оқдилар.
Ўлим қаршисида шоҳ ҳам, гадо ҳам баробар. Ҳаққа ёрдамчи, халққа жаннат ҳақида хушхабар берувчи, дўзахдан огоҳлантирувчи Пайғамбар ҳам тақдир олдида ожиз. Ўлим фариштаси буюрилганига бўйсунди, «лавҳул маҳфуз»да битилганини адо этди.
Оллоҳнинг ҳузуридаги «мақоми маҳмуд» соҳиби, Кавсар ҳовузининг эгаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлим онларидаги ҳолати мана шу! Ҳолбуки, у зот қабрдан энг аввал чиқадиган, қиёмат кунида шафоат соҳиби бўладиган зотдир.
Ажабо! Нега ўлимдан ғофилмиз?! Олдимизда нималар бўлишини билмаймиз-у, шаҳватларга асир бўламиз. Маъсият ва ёмонликларни ўзимизга дўст тутамиз. Нима учун саййидул мурсалин, имомул муттақин, ҳабибу раббул оламин бўлган Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўлимидан ибрат олмаймиз?! Балки, «дунёда абадий қоламиз» деган ўй ёки «шунча ёмон феълларимиз билан ҳам Оллоҳнинг ҳузурида мукаррам бўламиз», деган гумон бизни алдаётгандир?
Ҳайҳот! Балки, аниқ биламиз: барчамиз жаҳаннамга киргувчимиз. Жаҳаннамдан фақат муттақийларгина нажот топади. Ҳа, жаҳаннамга боришимиз хусусида заррача гумонимиз йўқ. Лекин ундан қай биримиз чиқамиз, буни билмаймиз.
Йўқ! Балки, биз нафсимизга зулм этдик, ёмонликлар қилиб яхшиликка кўз тикдик. Биз муттақий ҳам эмасмиз! Бутун оламларнинг Парвардигори деди:
«Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнг тақво эгаларини (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз» (Марям, 71-72- оятлар).
Демак, ҳар бир банда ўзига назар солсин: у золимларга яқинроқми ёки муттақийларга?
Солиҳ салафларимизнинг сийратига назар солинг, кейин ўзингизга боқинг! Улар қанчалик юксак даражага эришмасинлар, Оллоҳдан қўрққувчи эдилар. Сўнгра Пайғамбарлар саййиди, муттақийлар етакчиси Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолатига диққат қилинг: дунёдан ажралиш онларида у зот нақадар ғуссага кўмилдилар! Жаннати маъвога бораётган бўлсалар ҳам аҳвол нақадар шиддатли бўлди.
Оллоҳ ундан рози бўлсин, Ибн Масъуд дейди: «Бу дунёдан ажралиш онлари яқинлашган бир пайтда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қарадилар, кўзларидан ёш оқиб, дедилар:
– Марҳабо, хуш келибсиз! Сизларга Оллоҳнинг саломи бўлсин. Оллоҳ сизни паноҳига олсин. Оллоҳ сизга нусрат берсин. Оллоҳдан тақво қилишни сизга васият қиламан. Сизларни Оллоҳга топшираман. Албатта, мен сизлар учун Оллоҳ тарафидан танланган очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман. Оллоҳнинг ўлкаларида, Оллоҳнинг бандалари орасида Оллоҳга кибру ҳаво қилмангиз. Ажал яқинлашди, Оллоҳга қайтамиз. Қайтадиган жойимиз – «сидратул-мунтаҳо», «жаннатул-маъво», «каъсул-увфо» дир. Бас, мен (дунёдан ўтганим)дан сўнг динингизга кирганларга саломимни етказинг, уларга Оллоҳнинг раҳмати бўлишини айтинг» (Баззор ривояти).
Ривоят қилинадики, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим онларида Жибрил алайҳиссаломдан сўрадилар: – Мендан сўнг умматимнинг аҳволи қандай бўлади? – шунда Оллоҳ таоло Жибрил алайҳиссалломга ваҳий этди: «Ҳабибимга хушхабар бер. Уммати ичида уни уялтирмайман. Ҳашр кунида у қабрдан энг аввал чиқадиган инсонлардан бўлади ва Маҳшаргоҳда тўпланганларнинг саййиди қилинади. То унинг уммати кирмагунича бошқа умматларга жаннатга кириш ҳаромдир». –Ана энди кўзим қувончга тўлди, дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам (Табароний ривояти).
Оиша розийаллоҳу анҳо дедилар: « Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам еттита қудуқдан келтирилган етти меш билан ўзларини ғусл қилдирмоғимизни буюрдилар. Шундай қилдик, Расулуллоҳ бироз ором олдилар. Масжидга чиқиб, одамларга намоз ўқиб бердилар. Уҳуд аҳлига мағфират тилаб, уларнинг ҳаққига дуо қилдилар. Ансорларга васият қилиб, дедилар:
– Эй муҳожирлар жамоаси! Ансорлар менга бошпана берган, ишончимни қозонган кишилардир. Бас, ҳурмат эгаларини, яъни уларнинг муҳсинларини эъзозланглар, хатоларини кечиринглар.
Кейин дедилар:
– Бир бандага ё дунёни ё Оллоҳ ҳузуридаги нарсаларни танлаш ихтиёри берилди. У Оллоҳ ҳузуридаги нарсани ихтиёр қилди.
Шунда Абу Бакр розийаллаҳу анҳу йиғлади, Оллоҳ расулининг бу сўзлари ўзига тегишли эканини сезган эди.
– Тинчлан, эй Абу Бакр. Масжиддан кўчага очилган эшикларнинг барчаси ёпилсин. Илло, Абу Бакрнинг эшиги очиқ қолдирилсин. Чунки мен учун Абу Бакрдан афзалроқ бир дўст киши борлигини билмайман» (Доримий ривояти).
Оиша розийаллоҳу анҳо дедилар: « Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам менинг хонамда, мен билан бўладиган куни қўлларимда жон таслим қилган эдилар. Ўлим онларида Оллоҳ менинг ва Расулуллоҳнинг тупукларини жамлади.
Ўшанда биродарим Абдураҳмон қўлида мисвок билан Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига кирган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмоннинг қўлидаги мисвокка қарадилар.
– Уни сизга олиб берайми? – дедим. Бошлари билан «ҳа» ишоратини қилдилар. Мисвокни оғизларига қўйдим, қаттиқлик қилди. – Юмшатиброқ берайми? – дедим. «Ҳа» ишоратини қилдилар. Юмшатиб бердим.
Расулуллоҳ ёнларида турган сувли идишга қўлларини тиқиб:
«Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Албатта ўлим талвасаси, ўлимнинг аччиғи бор» – дедилар. Кейин қўлини юқорига кўтариб айтдилар:
– Рафиқул аъло, Рафиқул аъло.
– Оллоҳга қасамки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ортиқ бизни хоҳламаяптилар, – дедим» (муттафақун алайҳ).
Саид ибн Абдуллоҳ отасидан ривоят қилади: «Ансорлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг аҳволи оғирлашганини кўришгач, масжид атрофида тўплана
бошлашди. Аббос розийаллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига кириб, у зотга ташқарида ансорлар пайғамбарининг ҳолидан ташвиш чекиб қайғураётганларини билдирди. Хонага кейинроқ кирган Фазл ва ундан сўнг келган Али розийаллоҳу анҳу ҳам шу хабарни етказди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қўлини узатдилар. Улар Расулуллоҳнинг қўлидан ушладилар.
– Нима деяпсиз?-деди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам.
– Ўлиб қолишингиздан қўрқяпмиз, – дедик.
Эрлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг уйи теварагида тўпланаётганини кўрган аёллар ниманидир сезиб, бақириб йиғлашарди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнидан қўзғалдилар, Али ва Фазлга суяниб хонадан чиқдилар, олдда Аббос йўл бошлаб борди. Пайғамбар алайҳиссалом оёқларини зўрға судраб босарди, то минбаргача бордилар ва биринчи зинага ўтирдилар. Одамлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам атрофига жамланишди.
Пайғамбар алайҳиссалом сўзларини Оллоҳ таолога ҳамду сано айтиш билан бошлаб дедилар:
«Эй инсонлар! Айтишларича, менга юзланган ўлимдан қўрқаётган экансиз. Сизнинг бу ишингиз гўё ўлимни инкор қилиш кабидир. Пайғамбарингизнинг ўлимини тан олмаяпсиз. Ўзимга ва сизларга етадиган ўлимнинг хабарини бермадимми? Ажабо! Мендан олдин юборилган пайғамбарларнинг бирортаси уммати орасида мангу яшаб қолганми, мен орангизда абадий қолсам?! Огоҳ бўлинг! Албатта мен Раббимга қайтувчиман, сизлар ҳам унга қайтувчисиз.
Муҳожирларнинг аввалгиларига яхши муносабатда бўлишларингизни тавсия этаман. Муҳожирлар ҳам ўзаро яхши бўлсинлар. Чунки улуғ ва қудратли Оллоҳ дейди:
«Аср (вақти) га қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчилардир)» (Вал-Аср, 1-3- оятлар).
Шубҳасиз, барча ишлар Оллоҳнинг изни билан жорий бўлади. Секинни тезлатишга уринманг. Негаки, улуғ ва қудратли Оллоҳ бирон кишининг шошилиши билан ишни тезлатмайди. Кимки Оллоҳни алдашга ҳаракат қилса, алданиб қолади:
«Агар иймондан юз ўгирсангизлар, яқинки, сизлар ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узурсизлар» (Муҳаммад, 22- оят).
Ансорларга яхши муносабатда бўлишингизни тавсия қиламан. Чунки улар сиз (келишингиз)дан олдин Мадинани бошпана ва иймон диёри қилиб ҳозирладилар. Улар эмасми, мева-чеваларини сиз билан тенг баҳам кўришган?! Улар эмасми, (тор) уйларини сиз учун кенг қилган?! Улар эмасми, қашшоқликларига қарамасдан, сизларни ўзларидан устун қўйган (яъни, ўзлари оч бўла туриб, сизларга едирган)?!
Огоҳ бўлинг! Кимгаки икки киши ўртасида ҳукм этиш топширилса, ансорлардан муҳсинларининг яхшилигини қабул этиб, ёмонликларини кечирсин. Ўзларингизни улардан устун қўйманг.
Огоҳ бўлинг! Албатта мен сиздан аввал боргувчиман. Сизлар ҳам менга етиб оласиз. Огоҳ бўлинг! Ваъдалашган жойимиз ҳавзи Кавсардир... Кавсарнинг суви сутдан оқ, қаймоқдан юмшоқ, асалдан шириндир. Ундан ичган одам ҳеч қачон чан-қамайди. Ҳавзи Кавсарнинг тошлари марварид, ўзани мушкдир.
Кимки эртага (маҳшар кунида) бу ерга келишдан маҳрум бўлса, демак у барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди.
Огоҳ бўлинг! Кимки эртага бу манзилда бўлишни истаса, тилини ва қўлини ёмонликдан тийсин».
Шунда Аббос:
– Эй Оллоҳнинг расули, қурайшликларга ҳам васият қилинг, – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
–Мен бу васиятларни қурайшликларга қилдим. Бошқалар уларга тобеъдир. Уларнинг яхшилари қурайшнинг яхшиларига, фожирлари қурайшнинг фожирларига эргашади. Эй қурайш аҳли! (Барча) инсонларга яхши муносабатда бўлишингизни тавсия этаман. Эй инсонлар! Гуноҳлар неъматларнинг ўзгаришига, насибанинг алмашинишига сабаб бўлади. Агар халқ меҳрли бўлса, бошлиқлари уларга меҳрли бўлади. Агар одамлар бузғунчи бўлса, бошлиқлар уларнинг арз-додларига қулоқ тутмайди. Оллоҳ таоло деди: «Шунингдек, қилиб юрган гуноҳлари сабабли золим кимсаларни бир-бирларига дўст қилиб қўюрмиз» (Анъом, 129 - оят).
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розийаллоҳу анҳуга:
– Эй Абу Бакр, сўра,-дедилар.
– Эй Оллоҳнинг расули, ажал вақти яқинлашдими? - дея сўради Абу Бакр.
– Ажал яқинлашди, оз қолди.
– Оллоҳ ҳузуридаги неъмат Сизга муборак бўлсин, эй Набиййаллоҳ! Кошки, қайтадиган жойдан хабардор бўлсайдим.
– Оллоҳга ва сидратул мунтаҳога, кейин жаннатул маъвога, фирдавсул аълога, каъсул увфога, рафиқул аълога, саодатга, машаққатсиз ҳаётга қайтажаксан.
– Эй Оллоҳнинг пайғамбари, Сизни ким ювади? – сўради Абу Бакр.
– Аҳли байтимдан энг яқинларим.
– Сизни нимага кафанлайлик?
– Мени эгнимдаги кўйлагимга, яманий бир ҳуллага, оқ бир матога кафанланглар.
– Жаноза намозини қандай ўқиймиз?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар, биз ҳам йиғладик. Дедилар:
– Оллоҳ сизни мағфират қилсин, шошманг. Оллоҳ ажрингизни берсин, шошманглар. Ҳа, жасадимни ювасиз, тобутга соласиз ва ҳужрамнинг бир чеккасидан қабр қазийсиз. Сўнгра бир соат мени холи қўйинг. Аввало, улуғ ва қудратли Зот Оллоҳнинг ўзи менга раҳматини ёғдиради: «У сизларга
марқамат кўрсатадиган Зотдир. Унинг фаришталари ҳам (ҳақларингизга дуо қилурлар)» (Аҳзоб, 43 - оят).
Кейин менга саловот айтишлари учун фаришталарга изн берилади. Оллоҳ яратган жонзотлардан ҳузуримга биринчи бўлиб кирадиган ва мағфират тилайдиган зот Жибрил алайҳиссалом бўлади. Кейин Микоил, кейин Исрофил, кейин Малакул мавт – ўлим фариштаси кўп қўшнилари ва (бошқа) фаришталар ҳузуримга кириб, мен учун мағфират тилайди. Оллоҳ уларнинг барчасини раҳматига олсин.
Кейин сизлар ҳузуримга гуруҳ-гуруҳ кириб, менга саловот ва саломлар айтинглар. Бақириб-чақириб менга азият етказманглар. Жаноза намозини сизлар ва аҳли байтим бошлаб берсин. Кейин аёллар гуруҳи, сўнгра ўсмир ёшлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳузуримга кирсин, саловот ва саломлар айтсин.
– Сизни ким қабрга қўяди? – сўради Абу Бакр.
– Аҳли байтларим ва сизлар кўролмасангиз ҳам сизларни кўрадиган фаришталар мени қабрга қўяди...
Энди боринг, мендан кейингиларга динингизни етказинг, - дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам» (Ибн Саъд ривояти).
Абдуллоҳ ибн Замъа ҳикоя қилади: «Робиъал-аввал ойининг боши эди. Билол масжидга келиб, намозга азон айтди. Шунда Расулуллоҳ:
– Боринг, Абу Бакрни чақиринг, одамларга намоз ўқиб берсин,- дедилар.
Кейин мен чиқиб қарадим. Масжид эшиги олдида Умар ва яна бир нечта кишилар бўлиб, уларнинг ичида Абу Бакр йўқ эди. Шунда мен:
– Эй Умар, одамларга имомлик қилинг, – дедим.
Умар ўрнидан туриб такбир айтди. Овози йўғон киши бўлгани учун Пайғамбар алайҳиссалом Умарни овозидан танидилар:
– Абу Бакр қани? Оллоҳ ҳам, мусулмонлар ҳам Абу Бакрдан ўзгаси имом бўлишини хоҳламайди.
Расулуллоҳ бу гапни уч бора такрорладилар ва:
– Боринглар. Абу Бакрни чақиринг. Одамларга имомлик қилсин,– дедилар.
Шунда Оиша розийаллоҳу анҳо айтдилар:
– Эй Оллоҳнинг расули, Абу Бакр кўнгилчан киши. Агар у сизнинг ўрнингизда намоз ўқиса, ўзини тутиб туролмайди, ҳўнграб йиғлаб юборади.
– Албатта, сиз хотинлар Юсуф алайҳиссаломнинг хотинларига ўхшайсизлар. Боринглар. Абу Бакрни чақиринг, одамларга намоз ўқиб берсин,- дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам.
Умардан сўнг Абу Бакр намоз ўқиб бердилар. Намоздан фориғ бўлишгач Умар Абдуллоҳ ибн Замъага:
– Вой бўлсин сенга, эй Ибн Замъа! Нима қилиб қўйдинг. Валлоҳ! Кошки Расулуллоҳ сенга бу ишни буюрган деб гумонга бормасам ва бу ишни қилмасам эди, – дедилар.
– Ахир ўша пайт бу ишга сиздан муносиброғини кўрмадим-да! – деди, Абдуллоҳ ибн Замъа ҳазрати Умарга».
Оиша розийаллоҳу анҳо дедилар: «Ўшанда Абу Бакр хусусида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга айтганимнинг сабаби унинг дунёга яқинлашишини хоҳламаган эдим. Халқни бошқариш хатарли ва ҳалокатли иш.
Фақат Оллоҳ асраган кишигина бу хатардан омон бўлиши мумкин. Яна бир сабаби, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаёт бўла туриб, у зотнинг ўрнига намоз ўқиган кишини халқ бир умрга ёқтирмай қолишидан чўчидим. Лекин Оллоҳнинг хоҳлагани бўлди. Ҳа, Абу Бакрга ҳасад қилдилар, қарши бўлдилар, унинг халифалигини машъум аломати деб билдилар. Аммо, Оллоҳнинг амри, Оллоҳнинг ҳукми ҳамиша ғолибдир. Яратувчининг ўзи Абу Бакрни дин ва дунё ишларида мен қўрққан барча хатарлардан сақлади» (Абу Довуд ривояти).
Оиша розийаллоҳу анҳо дейдилар: «Вафотларидан сал аввалроқ, яъни ўша куни эрталаб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламда бир енгиллик пайдо бўлди. Саҳобалар бу ўзгаришдан қувончга тўлиб, уйларига, ишларига тарқалдилар. Оллоҳ расулини аҳли байти билан холи қолдирдилар. Биз ҳам бу ҳолдан бошимиз осмонга етди. Мисли кўрилмаган севинч ва умид билан қувондик. Кутилмаганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга:
– Мени холи қолдиринг. Бу фаришта ҳузуримга киришга изн сўраяпти, – дедилар.
Мендан бошқа барча аёллар хонадан чиқди. Расулуллоҳнинг боши тиззамда эди. Ўтириб олдилар. Мен уйнинг бир бурчагига бориб турдим. Фаришта билан узоқ суҳбатлашганларидан сўнг мени чақириб, бошини тиззамга қўйдилар ва аёлларга ҳузурига киришни буюрдилар. Кейин мен Расулуллоҳга:
– Бу Жибрил алайҳиссаломга ўхшамаяпти? – дедим.
– Ҳа, эй Оиша. Бу ўлим фариштасидир. У менга деди: «Улуғ ва қудратли Оллоҳ сиздан изн бўлмагунча ҳузурингизга кирмаслигимни буюрди. Агар изн бермасангиз қайтаман. Изн берсангиз, ҳузурингизга кираман. Яна Оллоҳ таоло: – То Муҳаммаднинг ўзи ихтиёр этмагунча жонини олма, – деб буюрди. Айтинг, нимани хоҳлайсиз».
– То Жибрил алайҳиссалом келгунича менга тегма. Мана ҳозир унинг келадиган вақти бўлди, дедим.
Оиша розийаллоҳу анҳо дейдилар: Ўшанда биз шундай мушкул ишга дуч келдикки, бу иш қаршисида барчамиз ҳайратдан лол қотдик. Гўёки даҳшатли бир қичқириқ бизни домига тортган, бу улкан ишнинг ҳайбати қалбларимизни тўла эгаллаб олган эди.
Жибрил алайҳиссалом ўз соатида келди. Мен унинг келганини ҳис этдим. Аҳли байт уйдан чиқди. Жибрил алайҳиссалом уйга кириб, Расулуллоҳга деди:
– Улуғ ва қудратли Оллоҳдан сизга салом бўлсин. Гарчи Оллоҳ таоло аҳволингизни сиздан яхшироқ билгувчи бўлса-да, ўзингизни қандай ҳис қилаётганингизни сўради. Албатта, Оллоҳ таоло ўзининг бу сўрови билан сизнинг ҳурматингиз ва шарафингизни янада зиёда қилишни, барчаникидан устун ҳурматингиз ва шарафингизни комил этишни ва бу йўриқ умматингиз орасида суннат бўлишини ирода қилди.
– Ўзимни нимжон ҳис қиляпман, – дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.
– Хушхабар айтай: Оллоҳ таоло ўзи тайёрлаб қўйган неъматга сизни мушарраф қилмоқни ирода этди, – деди Жибрил алайҳиссалом.
– Эй Жибрил, ўлим фариштаси келиб, ҳузуримга кириш учун мендан изн сўради, – дедилар Расулуллоҳ ва бўлган воқеани айтиб бердилар.
Шунда Жибрил алайҳиссалом:
— Эй Оллоҳнинг расули! Раббингиз сизга муштоқдир. Оллоҳга қасамки, ўлим фариштаси шу пайтгача биронтасидан ҳузурига кириш учун изн сўрамаган ва бундан кейин ҳам сўрамайди. Лекин сиздан изн сўради. Буларнинг барчаси шарафингизни комил даражага кўтариш учун Раббингизнинг сизга марҳаматидир, У Зот сизга муштоқ, – деди.
– У ҳолда то ўлим фариштаси келгунча, мени тарк этма, – дедилар Расулуллоҳ Жибрил алайҳиссаломга. Сўнгра аҳли байтни ичкарига чорладилар.
– Эй Фотима, яқинроқ кел, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам. Фотима отасининг ёнига борди ва энгашди. Пайғамбар алайҳиссалом суюкли қизининг қулоғига нимадир шивирладилар. Фотима бошини кўтарди, унинг кўзларидан ёш томди, сўзлашга мажоли йўқ эди. Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
– Бошингни менга яқинроқ тут, – дедилар. Фотима энгашди. Расулуллоҳ унинг қулоғига ниманидир пичирладилар. Фотима жилмайиб бошини кўтарди, гапиришга сўз йўқ эди. Биз бу ҳолдан ажабландик. Кейинроқ бу ҳақда Фотимадан сўраганимизда: – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам «бугун мен ўламан», – деб қулоғимга шивирладилар, йиғладим. «Аҳлимдан биринчи бўлиб олдимга етиб келувчи ва мен билан бирга қолувчи сен бўлишингни Оллоҳдан сўрадим», – деб пичирладилар, жилмайдим, – деган эди.
Сўнгра Фотима икки ўғлини Расулуллоҳнинг ёнига олиб келди. Пайғамбар алайҳиссалом уларни ҳидладилар.
Кейин ўлим фариштаси келди, киришга изн сўради. Пайғамбар алайҳиссалом унга изн берди. Ўлим фариштаси деди:
— Эй Муҳаммад! Бизга нимани буюрасиз?
— Энди мени Раббимга етказинг.
— Ҳа, бугун шу иш бўлади. Албатта Раббингиз сизга муштоқ...
Ўлим фариштаси чиқди. Жибрил алайҳиссалом келиб, деди:
– Салом сизга эй Оллоҳнинг расули! Мана шу келишим – ерга охирги тушишимдир. Ваҳий кесилди, дунёнинг поёни кўринди. Энди ер юзида Сиздан ўзга, Сизнинг ҳузурингизда бўлишдан ўзга ҳожатим қолмади...
Оиша розийаллоҳу анҳо дейдилар: «Муҳаммадни ҳақ ила жўнатган Зотга қасамки, ўшанда уйдаги биронта жон Расулуллоҳга на битта калима айтишга, на ташқаридаги эркакларга хабар беришга ботинолди. Тингланган сўзларнинг нақадар улуғ ва муҳимлиги барчамизни лол қолдирган эди.
Мен ўрнимдан туриб, Расулуллоҳнинг олдига бордим, бошларини кўксимга қўйдим ва елкаларидан ушладим. Пайғамбар алайҳиссалом деярли ҳушидан кетаёзган эди. Пешоналаридан шу даражада кўп тер қуюлаётган эдики, ҳеч бир инсонда бунақасини кўрмаганман. Терларини арта бошладим, жуда ёқимли, бу дунёда мисли йўқ хуш бўй таралди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзига келганларида дедим:
– Ота-онам, жоним ва бутун аҳлим сизга фидо бўлсин, эй Оллоҳнинг расули! Пешонангиздан намунча кўп тер тошяпти?
– Эй Оиша! Мўминнинг жони тер билан чиқади. Кофирнинг жони худди ҳайвонларникидек оғзининг иккала четидан чиқади, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам.
Биз қўрқиб қолдик ва аҳлимизни чақирдик. Ёнимизга биринчи бўлиб етиб келган киши биродарим Абдураҳмон бўлди. Уни отам жўнатган экан.
Шундай қилиб, Расулулоҳнинг вафот онларида ҳузурида биронта эркак киши йўқ эди. Сўнгги дамларида Оллоҳнинг расулига Жибрил ва Микоил алайҳиссаломлар мутасадди қилингани учун ҳам Оллоҳ таоло ўзгаларни ундан тўсди..
Ҳар сафар ҳушидан кетаётиб, Расулуллоҳ: «Рафиқул аъло» (яъни, «энг олий рафиқим, дўстим Оллоҳни истадим») дерди. Гўёки ундан ҳар сафар истаги сўралаётгандек ва у жавоб бераётгандек эди...
Қачон сўзлашга мадори келса: «Намоз! Намоз! –дердилар. Албатта намозни жамоат бўлиб адо қилар экансиз, бирлигингиз бузилмагай, мустаҳкам бўлгай».
Пайғамбар алайҳиссалом то сўнгги нафасларигача «намоз», «намоз» дея ибодатга тавсия этдилар» (Табароний ривояти).
Оиша розийаллоҳу анҳо дейдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни чошгоҳ ва пешин оралиғида дунёдан кўз юмдилар» (Ибн Абдулбар ривояти).
Фотима розийаллоҳу анҳо дейдилар: «Душанба кунида нимагадир йўлиқаман. Оллоҳга қасамки, умматга юзланган улкан мусибатлар доимо душанба куни содир бўлади»...
Оиша розийаллоҳу анҳо дейдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жон таслим қилгач, одамлар саросимага тушишди. Дод-фарёдлар кучайди. Фаришталар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзининг кийимига ўрадилар. Одамлар Оллоҳ расулининг ўлим хусусида ихтилофга боришди. Кимлардир бу ўлимни ёлғонга чиқарса, кимлардир анча вақтгача сукут сақлади. Баъзилар сўзларни қориштириб, тушуниб бўлмайдиган даражада валдиради. Яна баъзилар бу воқеага ақл билан ёндошди. Айримлар ўзини йўқотиб, чўкиб қолдилар.
Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу бу ўлимни ёлғон дегувчилар жумласидан бўлса, Али розийаллоҳу анҳу чўкиб қолганлар, Усмон розийаллоҳу анҳу сукут сақлаганлар жумласидан бўлди.
Ўшанда Умар халқнинг олдида: «Албатта, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўлмади. Улуғ ва қудратли Оллоҳ уни батаҳқиқ қайтаради. Оллоҳнинг расулини «ўлди» деган хаёлга бораётган мунофиқ кишиларининг оёқ-қўллари албатта кесилажакдир. Улуғ ва қудратли Оллоҳ : «У сизларга қайтиб келгувчидир», деб Мусо алайҳиссаломга ваъда бергани каби, Расулуллоҳга ҳам ваъдаси бор» (Санади номаълум).
Яна бир ривоятда келади: «Эй инсонлар! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни «ўлди» дейишдан тилингизни тийинглар. Албатта у ўлмади. Оллоҳга қасамки, кимнинг: «Расулуллоҳ ўлди», деганини эшитсам мана шу қиличим билан бошини чопаман».
Али розийаллоҳу анҳу уйидан ташқарига чиқмади. Усмон розийаллоҳу анҳу ҳеч кимга гапирмади, у ўзини батамом йўқотиб қўйган эди. Уни қўлидан ушлаб олиб келишди ва қўлидан ушлаб олиб кетишди.
Шундай оғир вазиятда ўзини тутишдан бирорта мусулмон Абу Бакр Сиддиқ ва Аббосга тенг келолмади. Чунки улуғ ва қудратли Зот бу иккала шахсни тавфиқ ва тўғрилик ила қувватлантирган эди.
Одамлар фақат Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳунинг сўзларига риоя қилишлари мумкин бир шароитда ҳазрати Аббос келиб деди: «Ёлғиз Оллоҳга қасамки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим таъмини тотдилар. У зот ҳаёт пайтларида ушбу оятни айтар эдилар:
«(Эй Муҳаммад), ҳеч шубҳа йўқки, сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар. Сўнгра албатта сизлар қиёмат кунида Парвардигорингиз ҳузурида (бир-бирларингиз билан) талашиб тортишурсизлар» (Зумар, 30 - 31- оятлар).
Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотлари ҳақидаги хабар етиб келганида Абу Бакр Сиддиқ Ҳорис ибн Ҳазраж қабиласи орасида эдилар. Хабарни эшитган заҳоти дарҳол Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам томон шошдилар. Етиб боргач, Пайғамбар алайҳиссалом ҳужраларига кириб, у Зотга тикилдилар. Сўнгра эгилиб, юзларидан ўпдилар ва дедилар: «Ота-онам Сизга фидо бўлсин, эй Оллоҳнинг расули! Оллоҳ таоло сизга ўлимни икки марта тоттирмайди. Оллоҳга қасамки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этди».
Кейин одамлар олдига чиқиб дедилар:
– Эй инсонлар! Билингки, ким Муҳаммадга ибодат қилаётган экан, Муҳаммад вафот этди. Ким Муҳаммаднинг Раббига ибодат қилаётган экан, албатта, У зот ҳамиша тирик, ўлмайди. Оллоҳ таоло дейди:
«Муҳаммад фақат бир Пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у вафот этса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) кетасизми?!..» (Оли-Имрон сураси, 144 - оят). (Бухорий ва Муслим ривояти).
Гўёки одамлар бу оятни бугун эшитаётгандек эдилар.
Яна бир ривоятда келади: «Абу Бакр розийаллоҳу анҳуга Расулуллоҳнинг ўлими ҳақидаги хабар етгач, йиғлаб, саловот айтиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳужраларига кирдилар. Тамоман ғуссага ботган эдилар. Лекин сўзи ҳам, иши ҳам мустаҳкам Абу Бакр Сиддиқ ўзини тутиб олди. Энгашиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг юзларига ёпиб қўйилган матони олди, пешонаси ва ёноқларидан ўпдилар, юзларини силадилар. Яна йиғлай бошладилар:
– Ота-онам, жоним, аҳлим Сизга фидо бўлсин, эй Оллоҳнинг пайғамбари! Тиригингиз ҳам, ўлигингиз ҳам гўзалдир. Ҳеч бир пайғамбарнинг ўлими билан ниҳоя топмаган пайғамбарлик Сизнинг ўлимингиз билан хотималанди. Сиз ҳар қандай мақтовдан юксак, йиғи-ю кўз ёшлардан устунсиз. Тасалли бўладиган даражада хоссиз, биздан фарқланмайдиган даражада умумийсиз. Агар ўлимни ўзингиз ихтиёр этмаганингизда эди, жонларимизни сизга фидо қилардик. Агар йиғидан қайтармаганингизда эди, (тўхтовсиз ҳўнграшлардан) кўз ёшларимиз тугаб қолар эди. Аммо ҳарчанд уринмайлик, икки нарса — қайғу ва хотирадан кечолмаймиз. Бир-бирига чамбарчас боғлиқ бу икки ҳолат (ҳеч қачон) бизни тарк этмайди.
Оллоҳим! Бизни саловот ва саломимизни Расулингга етказ. Эй Муҳаммад! Сизга Оллоҳнинг раҳмати бўлсин, Раббингизнинг ҳузурида бизни ёд этинг.
Агар ўзингиздан сўнг сакинат ва хотиржамликни қолдирмаганингизда ўлимингиз содир этган даҳшатдан ҳеч ким қутулолмаган бўларди.
Оллоҳим! Пайғамбаримизга бизнинг саломимизни етказ ва суннатларини доимо биз билан бирга қил» (Ибн Абу Дунё ривояти).
Ибн Умардан ривоят қилинади: «Абу Бакр Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларига кириб, саловот ва сано айтди. Аҳли байт (Пайғамбар алайҳиссаломнинг яқинлари) масжиддаги намозхонлар эшитадиган даражада оҳу-фарёд қилишди. Ҳар сафар Абу Бакр ниманидир зикр қилганида фарёд кучаярди. Бу фарёдлар то эшик олдига келган бир кишининг қатъият тўла овоз билан: «Эй аҳли байт! «Ҳар бир жон ўлим (шарбати)ни тотгувчидир»(Анкабут, 57 - оят). Албатта ҳар бир ўтган жоннинг ўрнига кейингисини пайдо қилмоқ, ҳар бир рағбат этилган нарсага эришмоқ, ҳар бир хавфдан нажот топмоқ Оллоҳнинг измидадир. Бас, Оллоҳ таолога умид қилинг, У зотга маҳкам боғланинг!» – дегунича давом этди.
Жамоат бу сўзларини жим тинглади, лекин овоз эгасини танимадилар. Йиғилар тўхтагач, ҳалиги овоз ҳам тинди. Ён-атрофга боқиб, ҳеч кимни кўришмади. Одамлар яна фарёд ура бошлади. Шунда овози нотаниш бошқа бир киши нидо қилди: «Эй аҳли байт! Оллоҳ таолони зикр этинг. Ҳар қандай ҳолатда Унга ҳамд айтинг, мухлислардан бўласиз. Албатта, ҳар бир мусибат учун Оллоҳнинг тасаллиси, ҳар бир рағбат учун бир эвази бор. Бас, Оллоҳ таолонинг амрига итоат этинглар, амал қилинглар!»
Шунда Абу Бакр: «Бу овознинг эгалари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни охирги манзилга кузатишга келган Хизр ва Илёс алайҳимассаломдир», деди. (Табароний ривояти, исноди заиф).
Абу Бакр розийаллоҳу анҳунинг хутбаларини тўлиқ ҳикоя қилар экан, Қаъқаъа ибн Амр дейди: «Абу Бакр ўрнидан туриб, инсониятга ибрат бўларлик хутбасини ўқиди. Хутбани Оллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбар алайҳисаломга саловот айтиб, бошладилар: «Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. Оллоҳ таоло ваъдасига вафо қилди, бандасига ёрдам берди, душманларни мағлуб этди. Барча мақтов ёлғиз Оллоҳга хос.
Гувоҳлик бераман, Муҳаммад Оллоҳнинг қули ва расули, пайғамбарларнинг сўнггисидир. Гувоҳлик бераман, Китоб (Қуръони карим) қандай нозил қилинган бўлса, ҳадис қандай айтилган бўлса, сўзлар қандай сўзланган бўлса, ҳеч бир ўзгаришсиз шундайдир! Албатта, Оллоҳ Ҳаққул Мубин (аниқ ҳақ)дир.
Оллоҳим! Қулинг ва расулинг, пайғамбаринг ва ҳабибинг, амининг ва танлаганинг Муҳаммадга биронта бандангга ато этмаган энг афзал саловотинг бўлсин!
Оллоҳим! Расуллар саййиди, набийлар хотами, муттақийлар имоми, хайрнинг боши ва бошловчиси, раҳмат элчиси Муҳаммадга саловотинг, афвинг, раҳматингни индир!
Оллоҳим! Расулингни Ўзингга янада яқинроқ эт. Далилини улуғ, мақомини мукаррам қил. Ҳабибингни аввалгилару охиргилар ҳавас қиладиган мақоми маҳмудда тирилтир. Қиёмат кунида бизни у зотнинг мақталган мақоми билан манфаатлантир. Дунё ва охиратда бизга Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламни халифа қил. Уни жаннатдаги даража ва василага етказ.
Оллоҳим! Муҳаммадга ва унинг аҳлига саловот бўлсин. Иброҳимга баракат ёғдирганинг каби Муҳаммад ва унинг аҳлига ҳам баракат ёғдир. Албатта Сен мақтовга муносиб улуғ Зотсан!
Эй инсонлар! Кимки Оллоҳга ибодат қилаётган бўлса, албатта Оллоҳ ҳамиша тирик, ҳаргиз ўлмас. Муҳаққақ, сизга Оллоҳнинг буюргани бўлди. Жазавага берилманг. Зеро, улуғ ва қудратли Оллоҳ пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни энди сизларни орангизда бўлишдан кўра Ўзининг ҳузуридаги неъматга муносиброқ билди ва уни Ўзининг савоби сари элтди.
Оллоҳ сизларга Ўзининг Китоби ва пайғамбари саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатини қолдирди. Кимки мана шу икки нарсани маҳкам ушласа, орифлар жумласидан, уларни ажратган киши мункирлар жумласидан бўлади:
«Эй мўминлар! Адолат билан тургувчи бўлинглар...» (Нисо, 135 - оят).
Пайғамбарингизнинг ўлими туфайли шайтон сизни чалғитмасин, динингиздан адаштирмасин. Яхшилик билан шайтондан пешқадам бўлинг, шунда у ожиз қолади. Шайтонга интизор кўз тикманг, акс ҳолда изингиздан етиб, сизни фитнага солади».
Ибн Аббос ривоятига кўра: «Абу Бакр хутбасини тугатиб, деди:
– Эй Умар, менга айтишларича: «Оллоҳнинг пайғамбари ўлмади», деган эмишсан? Ахир Пайғамбар алайҳиссаломнинг фалон кунида «фалон-фалон», яна бошқа куни «фалон-фалон» деганларини наҳотки унутган бўлсанг?! Оллоҳ таоло Китобида айтди: «(Эй Муҳаммад), ҳеч шак-шубҳасиз сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар» (Зумар, 30 - оят).
– Оллоҳга қасамки, – деди Умар, – бошимизга тушган мусибат туфайли гўё Оллоҳнинг Китобида бундай оят борлигини эшитмагандайман. Гувоҳлик бераман, Оллоҳнинг Китоби қандай нозил бўлган бўлса, шундайдир! Расулуллоҳнинг ҳадислари қандай айтилган бўлса, шундайдир. Оллоҳ ҳамиша тирик, ҳеч қачон ўлмайди. «Албатта биз Оллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У зотга қайтгувчиларданмиз» (Бақара, 156 - оят). Оллоҳнинг расулига Оллоҳнинг саловоти бўлсин. Оллоҳнинг ҳузурида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам учун ажрлар бордир, – деб Умар Абу Бакрнинг ёнига ўтирди».
Оиша розийаллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳнинг жасадларини ювиш учун жамланишгач, айтишди:
– Оллоҳга қасамки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасадларини қандай ювишни билмаяпмиз: бошқа ўликларимизга қилгандек, кийимларини ечамизми ёки ечмасдан ювамизми?
Ўшанда Оллоҳ таоло кўзларни уйқуга элтди. Ҳозир бўлганларнинг барчаси соқоллари кўксига теккан ҳолда (яъни боши эгилиб) уйқуга кетди. Кейин кимлиги номаълум овоз эгаси: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни кийимида ювинглар», – деди.
Барча уйғонди. Расулуллоҳни кўйлагида ювишди. Ювиб бўлишгач, кафанлашди».
Али каррамаллоҳу важҳаҳу дедилар: «Кўйлакларини ечмоқчи эдик, нидо келди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимини ечманглар!»
Биз бўйсундик. Бошқа ўликларимизни чалқанча ётқизиб ювган каби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам шу ҳолатда кўйлакларини ечмасдан юва бошладик. То ювиб бўлгунимизгача ҳар бир аъзонинг ўзи биз хоҳлаган томонга буриларди. Ҳужрада майин шабаданинг эсиши эшитилаётгандек, «Расулуллоҳга юмшоқ, мулойим бўлинглар...» деяётгандек эди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари шундай бўлди. Ҳеч бир аъзоси, ҳатто бир туки қолдирилмасдан ўзлари билан бирга дафн қилинди.
Абу Жаъфар дейди: «... Вафотларидан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан мол-дунё қолмади. Ҳаёт пайтида эса на ғишт устига ғишт бино қилди, на қамиш устига қамиш қўйди».
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари мусулмонлар учун ҳақиқий ибрат ва гўзал намунадир.
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан