Қасамки умрингизга азиз падар,
Қачонки келса етиб, қазо қадар.
Жон халқумга борса, сиқилса кўкрак,
Наф бўлурми мардга бойлигу тирак.
Шунда Абу Бакр юзини очиб:
–Ундай эмас, мана бундай деб, қуйидаги оятни ўқидилар:
«Мана ўлим мастлиги (яъни жон чиқар пайти) ҳаққи рост (етиб) келди. (Эй инсон), бу (ўлим) сен қочгувчи бўлган нарсадир» (Қоф, 19 оят). Кейин дедилар: – Мана шу иккита кўйлагимни ювиб, мени уларга кафанланглар. Янги нарсага ўликдан кўра тириклар муҳтожроқдир».
Оллоҳ ундан рози бўлсин, Салмон Форсий Абу Бакр ҳазратларидан ҳол сўраб ҳузурига кирди ва:
– Эй Абу Бакр! Бизга насиҳат қилинг, – деди.
– Албатта, Оллоҳ олдингизда дунёлар очади. Ундан ўзингга етарлисини ол! Билгилки, ким бомдод намозини адо қилса, бас у Оллоҳнинг ҳимоятидадир. Оллоҳнинг ҳимоятида бўлган ҳолда Оллоҳнинг аҳдини бузма. Агар бузсанг, юзинг билан жаҳаннамга улоқтирилажаксан!
Абу Бакр розийаллоҳу таоло анҳунинг аҳволлари оғирлашгач, одамлар ундан халифа тайинлашини сўрашди. У зот Умар розийаллоҳу анҳуни халифа этиб тайинладилар. Шунда одамлар:
– Бизга қўпол, дағал бир кишини халифа қиляпсиз. Эртага Раббингизга нима деб жавоб берасиз?! – дея эътироз билдиришди.
– Бандаларингга бандаларинг ичидан энг яхшисини халифа қилдим, дейман, – деди уларга Абу Бакр Сиддиқ.
Кейин Умар розийаллоҳу анҳуга одам юборилди. Умар келгач, Абу Бакр ҳазратлари у кишига қарата дедилар: «Мен сенга шундай васият қиламан. Билгилки, кундузда Оллоҳнинг ҳаққи бор, кечаси уни қабул қилмайди. Кечада Оллоҳнинг ҳаққи бор, кундузи уни қабул қилмайди. То фарз ибодатларингни адо қилмагунингча, нафл ибодатларинг мақбул эмас. Бу дунёда ҳаққа эргашган ва ҳақнинг оғирлигини англаган кишининг тарозуси Қиёмат кунида ҳам оғир келади. Чунки ичига ҳақдан ўзгаси қўйилмайдиган тарозу палласининг оғир босиши айни ҳақиқатдир.
Бу дунёда ботилга эргашган ва уни енгил (осон) қабул қилган кишининг тарозуси қиёмат кунида ҳам енгил келади. Негаки, ичига ботилдан бошқа нарса қўйилмайдиган тарозу палласининг енгил қилиниши ҳам шубҳасиз ҳақиқатдир.
Оллоҳ жаннат аҳлини яхши амаллари туфайли зикр этади, ёмонликларини кечиради. Шунда бири дейди: «Мен булардан пастман, буларнинг мартабасига етолмайман».
Оллоҳ дўзах аҳлини ёмон амаллари туфайли зикр этади, солиҳ амалларини ўзларига қайтаради, рад этади. Шунда бири айтур: «Мен булардан афзалман».
Оллоҳ таоло мўминларда рағбат ҳосил бўлиши учун раҳмат оятини, қўрқув ҳосил бўлиши учун азоб оятини зикр этди. Токи улар ўз қўллари билан ўзларини ҳалокатга судрамасин! Оллоҳдан ҳақдан ўзгасини кутмасин!
Агар ушбу васиятимни хотирингга маҳкам жойласанг, ғойиб нарсалар ичида сен учун ўлимдан суюклироғи бўлмайди. Ҳолбуки, ўлим ҳақдир. Агар ушбу васиятимни зое этсанг (унутсанг), ғойиб нарсалар ичида сенга ўлимдан манфурроқ нарса йўқ! Ҳолбуки, ўлим муқаррар, ундан қочиб қутулолмайсан».
Сайид ибн Мусаййаб дейди: «Абу Бакр розийаллоҳу анҳунинг ўлим онлари яқинлашгач, саҳобалардан бир гуруҳи унинг ҳузурига киришди ва:
– Эй Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси! Аҳволингизни англаб турибмиз. Бизни насиҳатингиз билан озиқлантиринг –дейишди. Оллоҳ рози бўлсин Абу Бакр дедилар:
– Ким ушбу калималарни айтиб, жони узилса, Оллоҳ таоло унинг руҳини «Ал-уфуқул мубин»га кўтаради.
– «Ал-уфуқул мубин» нима? – сўрашди.
– Арш олдидаги майдондир. У ерда Оллоҳнинг боғлари, дарёлар, дарахтлар бор. Ҳар куни бу манзилга юз раҳмат ёғилади. Ким ушбу сўзларни айтса, Оллоҳ унинг руҳини ўша манзилда ҳозир қилади: «Оллоҳим! Албатта, Сен халқингга эҳтиёжинг бўлмаган ҳолда уларни яратдинг. Сўнгра уларни икки гуруҳга: жаннат ва жаҳаннам аҳлига ажратдинг. Мени жаннат аҳлидан қил, жаҳаннам аҳлидан эмас.
Оллоҳим! Халқингни тафовутли қилиб яратдинг. Яратишингдан олдин уларни танладинг. Кимнидир бадбахт этдинг, кимнидир саодатманд! Кимнидир адашган қилдинг, кимнидир тўғри йўлда! Гуноҳларим туфайли мени бадбахтлар тоифасидан қилма.
Оллоҳим! Ҳар бир жонни яратишдан олдин унинг амалларини билгувчи Зотсан. Ҳеч бандангда Сен билган нарсадан қочиб қутулиш имкони йўқ! Мени ўзингга итоат қиладиганлар жумласидан айла.
Оллоҳим! Бандаларинг ҳаракатини Ўзинг тақдир этдинг. Бирон нарса сенинг изнингсиз ҳаракатлана олмас. Ҳаракатларимга тақвони асос қил.
Оллоҳим! Яхшиликни ва ёмонликни яратдинг. Яхшилик ва ёмонлик қилгувчини ҳам яратган Ўзинг. Бас, мени яхшилик қилгувчилар жумласидан айла.
Оллоҳим! Жаннат ва дўзахни яратдинг. Жаннат ва дўзах аҳлини яратган ҳам Ўзинг. Бас, мени жаннат аҳлидан қил.
Оллоҳим! Қайси бир қавмга залолатни ёр этдинг, кўкрагини тангу тор этдинг. Бас, менинг кўксимни иймон учун оч, қалбимни иймон билан зийнатла.
Оллоҳим! Ишларнинг тадбирини этгувчи Ўзингсан. Натижани ҳам белгиловчи Ўзинг. Ўлимдан сўнг мени гўзал ҳаёт билан тирилтир ва Ўзингга яқин эт.
Оллоҳим! Кимки кундузи ва кечасини Сендан ўзгага ишонч ва умид боғлаб ўтказса, зиёндадир. Оллоҳим, Ўзинг менинг ишончим ва умидимсан. Мутлоқ куч ва қудрат Ўзинггагина хосдир.
Бу айтганларимнинг барчаси улуғ ва қудратли Оллоҳнинг Китобида бордир».
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан