Учрашув ҳақ ўлим билан бир куни,
Қалбингни ҳозирлаб, вазмин кут уни.
Қилса ҳамла, излама қочарга ер,
Қўрқма, рози бўлиб, омонатни бер.
Али каррамаллоҳу важҳаҳу кичик эшик олдига етиб келганларида, Ибн Мулжим унга ташланиб, ханжар санчди.
Шунда Оллоҳ рози бўлсин, Алининг қизи Умму Кулсум ташқарига чиқиб деди: «Во ажаб! Бу нимаси?! Эрим – амирул мўминин (Умар розийаллоҳу анҳу) бомдод намози пайтида ўлдирилган эди. Энди айни шу маҳал отам (Али розийаллоҳу анҳу)нинг ҳам жонига қасд қилинди!»
Ривоят қилинади: «Ибн Мулжим пичоқ санчган пайтда Али каррамаллоҳу важҳаҳу дедилар: «Каъбанинг Раббига қасамки, мен ғолиб бўлдим».
Муҳаммад ибн Алидан ривоят қилинади: «Жонига қасд этилганидан сўнг ҳазрати Али ўғилларига васият қилдилар. Кейин охирги нафасларигача «Ла илаҳа иллаллоҳ»дан ўзга сўзни тилга олмадилар».
«Ҳасан розийаллоҳу анҳунинг аҳволи оғирлашгач, Оллоҳ рози бўлсин, Ҳусайн акасининг ҳузурига кирди ва:
–Эй ака! Нега бунча безовтасиз? Ахир Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Али ибн Толибнинг ҳузурига кетяпсиз. Улар сизнинг оталарингиздир. Хадича бинти Хувайлиднинг, Фотима бинти Муҳаммаднинг ҳузурига кетяпсиз, улар сизнинг оналарингиздир! – деди.
Шунда Ҳасан розийаллоҳу анҳу айтдилар:
– Эй ука! Мен шундай бир ишга юзма-юз турибманки, бунақаси олдин бўлмаган».
Муҳаммад ибн Ҳасан розийаллоҳу анҳумадан: «Мухолиф томон (Ибн Зиёднинг қўшини) Ҳусайн розийаллоҳу анҳуни қуршаб олгач, Ҳусайн розийаллоҳу анҳу уларнинг мақсадини англади, ўрнидан қалқиб, асҳобига шундай хутба қилди: «Оллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Нима бўлаётганига ўзингиз гувоҳсиз. Дунё ўзгарди. Дунёнинг яхшиликлари дунёдан юз ўгирди. Дунёдан нима қолди ўзи?! Бамисоли, идиш тагида йилтиллаётган бир ҳўплам сув!
Бас, етар! Бузилган бу ҳаёт менга кифоя. Кўрмайсизми, ҳаққа амал йўқ, ботилдан қайтиш йўқ.
Бас! Мўмин киши Оллоҳ таолонинг дийдорига рағбат қилсин. Менинг наздимда ўлим сафари саодатдан, золимлар билан бирга кун кечириш эса жиноятдан бошқа нарса эмас!»
Каррамаллоҳу важҳаҳу — «Оллоҳ унинг юзини муборак қилсин». Али ибн Абу Толибнинг номлари шу дуо билан сифатланади.
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан