Сўнгра илтижо эта бошлади: «Эй Раббим! Қалби тошдек қотган бу осий чолга Ўзинг раҳм эт. Оллоҳим! Сўнгги нафасларда қоқилиш ва тойилишдан асра. Ўзингдан ўзгага умиди, ишончи йўқ кимсани ҳилминг билан ёрлақа». Ривоят қилинишича, Муовия хаста ётган пайтида бир гуруҳ кишилар ундан ҳол сўраб ҳузурига киришди. Улар беморнинг аҳволи оғир эканлигини сезишди. Муовия Оллоҳга ҳамду сано айтиб, шундай деди: «Наҳот бу дунё бизнинг билганимиздан бошқача бўлса?! Оллоҳга қасамки, биз бу дунёнинг чиройига учдик. Бутун жидду жаҳдимиз, лаззатга ўчлигимиз билан унга ташландик. Лекин ҳеч қанча вақт ўтмасдан дунё уларни биздан кетма-кет, босқичма-босқич тортиб олди. Дунё бизга вафо қилмади, дунё бизга маломат бўлди. Бу дунё уйига «туф» ва яна «туф!» Ривоят қилинишича, Муовия охирги хутбасида деди: «Эй инсонлар! Мен ўриб олинишга тайёр экинман. Албатта, мен сизларни идора қилдим. Мендан кейин сизларни бошқаражак киши мендан ҳам ёмонроқ бўлади. Худди мендан олдин идора қилган зот мендан яхшироқ бўлганидек! Эй Язид! Қачон ажалим етса, жасадимни ювишни оқил кишига топшир. Негаки, Оллоҳ наздида оқилнинг ўрни бўлак. Жасадимни мулойимлик билан ювсин. Такбирни овоз чиқариб айтсин. Эй Язид! Оллоҳнинг ота-она ҳақидаги насиҳатини унутма! Мени янги «кўйлагим»га ўраб, қабримга қўйганларингдан сўнг Раҳмлилардан раҳмлироқ бўлмиш Зот билан Муовияни холи қолдиринг». Муҳаммад ибн Уқба дейди: «Ўлим онларида Муовия деди: «Кошки «ЗуТуво»даги оддий қурайшлик кишилардан бўлиб қолсам, кошки бу вазифада ишламасам эди». Абдулмалик ибн Марвон вафоти яқинлашгач, дамашқлик бир кир ювувчининг ишига қараб: «Кошки бир кир ювувчи бўлган бўлсам-у, кунларим шу ҳунар орқасидан ўтган, шу ҳунарим туфайли нон топиб еган бўлсам. Кошки дунё ишларига бошчи бўлмасам эди», – деди. Бу сўзлардан хабар топган Абу Ҳозим (Салама ибн Динор ал-Аърож алМаданий-тобеъинлардан) шундай дейди: «Оллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, улар ўлими арафасида биз яшаётган ҳаётни орзу қилдилар. Биз эса ўлим яқинлашганида улар яшаётган ҳаётни орзу қилмаймиз». Хаста ётган пайтида Абдулмалик ибн Марвонга дейилди: – Ўзингизни қандай ҳис этяпсиз, эй амирал-мўминин? – Оллоҳ таолонинг ушбу оятида айтилганидек: «Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал бошда қандай яратган бўлсак, шундай ёлғиз ҳолда келдингиз. Сизларга берган нарсаларимизни ортингизда қолдирибсиз...» (Анъом, 94 оят) – деди амирул мўминин ва жони узилди». Умар ибн Абдулазизнинг хотини, Абдулмалик ибн Марвоннинг қизи Фотима деди: «Умар ўлим хасталигига чалинган пайтида айтарди: – Оллоҳим! Гар куннинг бир соати миқдорича бўлса ҳам, ўлимимни улардан махфий тут.
Умарнинг вафоти куни эди. Мен унинг ҳузуридан чиқиб, қўшни хонада ўтирдим. Мен билан эрим ётган қуббали хонанинг ўртасини биргина эшик тўсиб турган эди. Қўшни хонадан
Умарнинг овозини эшитдим:
«Биз ўша охират диёрини ер юзида зулму зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилгувчи кишиларникидир» (Қасас, 83- оят). Кейин Умар жимиб қолди, на бир ҳаракат, на бир сўз эшитилди. – Бориб қара-чи, Умар ухлаб қолдимикан? – дедим ходимга. У Умарнинг хонасига кирар экан, чинқириб юборди. Сапчиб туриб, у томон йўналдим. Хонага кирдим, Умар вафот этган эди». Умар ибн Абдулазизнинг аҳволи оғирлашгач, табиб чақирилди. Табиб унга қараб: – Бемор заҳарланган, омон қолишини айтолмайман, – деди. Шунда Умар ибн Абдулазиз кўзини очиб табибга тикилди ва: – Заҳар ичмаган кишиларнинг ҳам омон қолишини айтолмайсан, – деди. – Заҳарни сездингизми, эй амирал-мўминин? – сўради табиб. – Заҳар қорнимга тушганидаёқ сезган эдим. – Нечун давога рағбат этмайсиз, эй мўминлар амири? Ахир аҳволингиз оғир-ку! – Ҳузурига бориладиганларнинг энг яхшиси Раббимдир. Оллоҳга қасамки, агар дардимнинг давоси қулоғимнинг юмшоғи қадар яқин эканлигини билганимда ҳам унга қўл чўзмаган бўлардим. Оллоҳим! Дийдорингни Умарга хайрли қил... Вафоти арафасида Умар йиғлади. – Нега йиғлаяпсиз, эй амирал-мўминин? Оллоҳ сиз туфайли суннатларни жонлантирди, адолатни юзага чиқарди. Ахир булар қувончга боис ишлар-ку?! – дейишди. – Ҳали ҳисобга турғизилиб, бу халқнинг ишлари хусусида сўралмайманми? Оллоҳга қасамки, халққа қилган бирор адолатимни Яратувчининг ўзи тилимга жорий этмагунча улуғ ва буюк Зот қаршисида гапиришдан қўрқаман. Ахир зое кеткизган амалларимиз қанча, – Умар ибн Абдулазизнинг кўзларидан ёш тўхтамас эди. – Мени ўтирғизинглар, – деди у. Ўтирғизишди, кейин у: – Буюрганингни нуқсонли қилган, қайтарганингдан қайтмаган осий менман, – деб уч марта такрорлади. Сўнг: «Ла илаҳа иллаллоҳ», – деди ва бошини кўтариб, бир нуқтага тикилиб қолди ва деди: – Бир яшилликни кўряпман, улар на инс ва на жин... Ҳикоя қилинадики, Ҳорун ар-Рашид ўлими арафасида кафанларини ўз қўли билан танлади ва уларга қараб деди: «Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйинг асқотмади-я! Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я» (Ал-ҳааққа, 28-29 оятлар). Халифа Маъмун ерга кул тўшатиб устига ётди ва шундай деди: «Эй мулки абадий барқарор Зот! Мулки соврилиб битган зотга Ўзинг раҳм қил». Халифа Мўътасим ўлими арафасида деди: «Агар ҳаётимнинг бунча қисқалигини билганимда эди, кўп нарсалардан тийилган бўлардим». Халифа Мунтасир ўлим онларида ўз ҳолига ачиниб, изтироб чекди. Шунда унга:
– Сизда қўрқиладиган ҳолат йўқ, эй амирал мўминин, – дейишди. – Ҳа, дунё кетиб, охират менга юзланганидан бошқа нарса йўқ, деди Мунтасир... Ҳажжож ўлими арафасида: «Оллоҳ сенинг гуноҳларингни кечирмайди, – деяпти одамлар. – Оллоҳим! Ўзинг мени мағфират қил, – деди». Ҳажжожнинг бу сўзлари Умар ибн Абдулазизни ажаблантирар, унга ҳавасини орттирар эди. Ҳажжожнинг бу сўзлари Ҳасан Басрийга бориб айтилганида: – У шундай дедими? – деб сўради Ҳасан Басрий. – Ҳа, – дейишди. – Мумкин (яъни, Оллоҳ Ҳажжожни мағфират қилиши мумкин), – деди Ҳасан Басрий...
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан