Фарзанд ўлими хусусида салафларнинг сўзлари

Фарзанди ёки яқинларидан бири вафот этган киши шуни англамоғи лозим: ажал кимнидир олдин, кимнидир кейин, албатта қувиб етади. Тасаввур қилинг, ота ва бола сафарда эдилар. Шаҳарга, яъни муқим манзил бўлмиш асл Ватанга бола отасидан олдинроқ етиб келди. Сал вақтдан кейин ўзи ҳам Ватанга қайтишини билган ота фарзандининг манзилга эртароқ борганидан у қадар афсус чекмайди.

Негаки, ўртада чексиз фироқ  эмас, балки «олдин» ва «кейин» деган оралиқ бор, холос. Худди шунингдек, ўлим бу – изингдан келаётганлардан илгарироқ Ватанга қайтишдир. Ким ўлимга нисбатан мана шундай қарашда бўлса , унинг ўлимдан қўрқиши кам бўлади. Фарзандининг ўлимига сабр этган кишига етадиган савоблар ҳақида кўп хабарлар ворид бўлган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сиқт (чала тушган бола) мен учун ҳар бири Оллоҳ йўлида жанг қилаётган юз отлиқдан суюклидир» (Ибн Можа). «Сиқт» сўзи энг оз (чала тушган бола) орқали энг кўпга (баркамол инсон) диққатни қаратиш мақсадида зикр қилинган. Фарзанд қалбдан қанчалик кўп жой эгаллаган бўлса, уни йўқотган пайтдаги сабрга ҳам шунчалик савоб бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қайси мусулмоннинг учта фарзанди вафот этса-ю, у бу мусибатни сабр билан ўтказса, ўлган фарзандлари уни дўзахдан тўсувчи қалқон бўлади, – шунда Расулуллоҳ ёнида турган аёл: – Иккита фарзанди вафот этган бўлса-чи? – деб сўради. – Иккитаси ҳам, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам». (Муслим, Ибн Ҳиббон ривояти).
 
Фарзанди вафот этган пайтдаги отанинг холис дуоси энг умидли, ижобати яқин дуодир. Муҳаммад ибн Сулаймон ўғлининг қабри тепасида туриб деди: «Оллоҳим! Ўғлим учун раҳматингни умид этаман, азобингдан хавфдаман. Умидимни юзага чиқар, хавфимдан уни омон эт». Абу Синон фарзанди қабри тепасида шундай деди: «Оллоҳим! Фарзандимнинг зиммасида қолган ҳаққимни мен ўтдим. Сен ҳам унинг зиммасида қолган ҳаққингни ўт. Чунки Сен энг сахий, энг карим Зотсан!» Битта аъробий ўғлининг қабри тепасида туриб деди: «Оллоҳим! Ўғлимнинг менга қилган хизматидаги қусурини кечирдим. Сен ҳам унинг тоатингдаги қусурини афв эт!» Зар ибн Умар ибн Зар вафот этди. Марҳум лаҳадга қўйилгач, отаси Умар ибн Зар деди: «Эй Зар! Сени йўқотганимиз учун чекилган қайғу бизни охиратинг қайғусидан чалғитди. Кошки нелар ҳақида сўралганингни ва нималар деб жавоб берганингни билсам? Оллоҳим, бу менинг ўғлим Зардир. У билан вақтимни хуш, димоғимни чоғ этдинг. Унинг кунини тўлиқ, ризқини бутун қилдинг. Унга зулм этмадинг. Оллоҳим, уни Ўзингнинг ва менинг итоатимга бўйсундирдинг. Оллоҳим! Ўзинг ваъда этган – фарзандимнинг ўлими туфайли чеккан мусибатимнинг ажрини фарзандимга ҳадя этдим. Бас, унинг азобини менга ҳадя эт, уни азобдан халос қилгин». Қабр тепасида ҳозир бўлганлар, йиғлаб юборди. Кетаётиб Умар ибн Зар деди: «Эй Зар! Сен кетдинг, бизнинг Оллоҳдан ўзгага эҳтиёжимиз йўқ...» Басрада бир киши бир аёлга қараб:  – Ажабо! Бу кўркамликнинг сабаби, ғам-ғуссадан йироқлик бўлса керак, – деди. Шунда аёл: – Эй Оллоҳнинг бандаси! Ғам-ғусса нелигини мендан сўра. Мен шундай қайғу ичидаманки, бу борада ҳеч ким менга бас келолмайди, – деди. – У қандай қайғу экан? – дея ажабланиб сўради ҳалиги киши. Аёл ҳикоя қила бошлади... Қурбон ҳайити куни эди. Эрим қурбонликка қўй сўйди. Ширингина иккита ўғлим шу ерда ўйнаб юришган эди. Бир пайт катта ўғлим кичигига: «Отам қўйни қандай сўйганини сенга кўрсатайми?» – дебди. «Ҳа, қани кўрсат», – дебди кичик ўғлим. Шунда катта ўғлим укасининг бўйнига пичоқ тортибди. Биз ғафлатда қолдик. Қонларга беланган ўғлимизнинг қичқириғидан сўнггина воқеадан хабар топдик. Катта ўғлим қўрққанидан тоққа қочиб кетди. Тоғда у оч бўриларга ем бўлибди. Ўғлимнинг отаси ҳам ҳарорат шиддатидан чанқоқликдан вафот этди. Ўша қисматларни бошидан кечирган аёл, мана, рўпарангда турибди, – деб сўзини тамом қилди». Бунга ўхшаш мусибатларни хотирламоқ қайғунинг  шиддатини юмшатади. Доимо ҳар қандай мусибатдан каттароқ мусибат мавжуд  ва ҳар қандай ҳолатда мусибатни кетказувчи Оллоҳдир.

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.