Бу динсизларнинг, Оллоҳга ва охират кунига ишонмайдиганларнинг қарашидир. Баъзилар: «Инсон ўлим билан йўқликка юз тутади. То қиёматгача қабрда на жазо аламини, на савоб неъматини ҳис қилади», – деб ўйлайди. Бошқа бировлар: «Руҳ боқийдир, у ўлим билан йўқолмайди. Савоб оладиган ҳам, азобланадиган ҳам жасад эмас руҳдир. Жасадлар на тирилади, на ҳисоб-китоб учун тўпланади», – дейди.
Бу фикрларнинг ҳаммаси ҳақиқатдан йироқ, бузуқ қарашлардир. Ўлим ҳақидаги энг тўғри қараш оят ва хабарларда собит бўлган. Шунга кўра ўлимнинг маъноси ҳолат ўзгаришидан бошқа нарса эмас. Руҳ танадан ажралиши эса жасадда руҳ тасарруфининг тўхташи, жасаднинг руҳ измидан чиқишидир.
Инсон аъзолари руҳнинг воситаларидир. Руҳ шу воситалардан фойдаланади. Қўл билан ушлайди, қулоқ билан эшитади, кўз билан кўради, қалб билан нарсалар моҳиятини англайди. Бу ўринда зикр қилинаётган қалб руҳдир. Руҳнинг ўзи воситасиз ҳам нарсалар моҳиятини англайди. Шунинг учун баъзан ҳеч бир аъзо иштирокисиз қалбнинг ўзи турли хил ғам, кулфатлар аламини тортса, баъзан қувончу шодликларга тўлиб суюнади.
Руҳнинг ўзида бўлган сифат руҳ танадан ажраганидан сўнг ҳам руҳ билан бирга қолади. Руҳга аъзолар орқали боғланган нарсалар фаолияти, жасад ўлими билан тўхтайди. Бу ҳаракатсизлик то руҳ яна жасадга қайтгунча давом этади.
Руҳнинг қабрда жасадга қайтарилиши эҳтимолдан узоқ иш эмас. Шунингдек, бу ишнинг то қиёмат кунигача кечиктирилиш эҳтимоли ҳам бор. Оллоҳнинг ўзи бандаларига қандай ҳукм этишни энг яхши билгувчи Зотдир.
Ўлим туфайли жасаднинг фаолиятдан тўхташи хасталикка чалинган киши аъзоларининг фаолиятдан тўхташига ўхшайди...
Агарда барча аъзолар руҳга бўйсунишдан тўхтаса, ўлим рўй беради.
Инсон ҳолатининг ўлим билан боғлиқ ўзгаришида икки жиҳат бор: Биринчиси, инсон ўлиши билан ундан кўзи, қулоғи, тили, қўли, оёғи, умуман барча аъзолари тортиб олинади. Шунингдек, у аёли, фарзанди, яқинлари ва бошқа танишларидан ажралади. Чорва ҳайвонлари, хизматкорлари, далалари, ҳовлилари ва бошқа мулклари қўлидан кетади. Аслида бу ашёларнинг инсондан тортиб олиниши билан инсоннинг бу ашёлардан тортиб олиниши ўртасида фарқ йўқ. Негаки, оғриқ берувчи нарса бу – фироқ, айрилиқдир. Бир гал айрилиқ кишидан молини тортиб олиш туфайли юз берган бўлса, кейинги сафар кишини мулки ва молидан ажратиб, асир қилиш орқали содир бўлган. Оғриқ иккала ҳолатда ҳам бир хил.
Демак, ўлимнинг маъноси, инсонни бу оламга ўхшамаган бошқа оламга элтиш орқали уни мол-мулкидан суғуриб олиш ёки суғуриб олинишидир.
Агар инсон бу дунёда ниманидир ўзига дўст тутса, шу нарса билан овуниб, унинг борлигига одатланган бўлса, ундан ажралишнинг ҳасрати катта бўлади, борлигига одатланган нарсанинг йўқолиши уни чексиз ғамга ботиради. Дунёни дўст тутган бу қалб эгаси қолиб кетаётган мол-мулкидан, мавқе-мартабаларидан, ҳовли-жойларидан, ҳатто бир пайтлар кийиб, у билан кўзлари қувонган кўйлагидан эътиборини узолмайди.
Агар у инсон фақатгина Оллоҳни дўст тутиб, қувончи ҳам фақат Оллоҳ зикри билан бўлганида эди, унга ато қилинган неъмат янада улуғлашар, саодати комил бўларди. Орадан парда кўтарилиб, Маҳбубга элтувчи йўл очиларди. Ҳар қандай ташвишларнинг бу йўлни тўсишига чек қўйиларди. Зеро, дунёга меҳр уйғотувчи сабабларнинг барчаси Оллоҳнинг зикридан чалғитувчи ташвишлардир.
Хуллас, ўлим ва тириклик ҳолатлари ўртасидаги ўзаро зид икки жиҳатнинг биринчиси мана шудир.
Инсон ҳолатининг ўлим билан боғлиқ ўзгаришидаги иккинчи жиҳат шуки, унга тириклигида ошкор бўлмаган нарсалар ўлимдан сўнг ойдинлашади. Бу ҳолат бамисоли, уйқуда аён бўлмаган нарсалар уйғоқликда намоён бўлганига ўхшайди. Одамлар уйқудадирлар, ўлгач уйғонадилар. Вафотидан сўнг инсонга энг аввал зарар берадиган ёмонликлар ва фойда берадиган яхшиликлар кўринади. Булар инсон қалбининг ичкарисига яширилган китобда битилгандир. Дунё ташвишлари инсонни бу китобга диққат қилишдан чалғитган эди. Ташвишлар кесилгач, унга барча амаллари кўринади. Ёмонликларини кўриб, шу даражада ҳасрат чекадики, бу ҳасратдан халос бўлиш учун ҳатто оловнинг тубига ўзни отишни афзал билади. Шунда унга айтилади: «Номаи аъмолингни ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир» (Ал-исро, 14-оят).
Буларнинг барчаси жон узилиши арафасида, дафндан олдин юз беради. Инсоннинг ичини фироқ ўти ёндиради. Бу ўт кўнгилни беғам қилиб қўйган ўткинчи дунёдан айрилиқ ўтидир. Лекин бунда охират озиғига сабаб бўладиган, қаноат даражасидаги дунё назарда тутилмаяпти. Негаки, кифоя қиларлик озиқ талабида бўлган киши мақсадига эришиши билан ортиқча юк машаққатидан қутулади ва бундан унинг боши осмонга етади. Чунки у ниятига кўра, охират озиғига сабаб бўладиган даражадаги дунёга эга бўлди, қолгани унга ортиқча юк.
Эҳтиёжи миқдоридагина дунёга эга бўлган кишининг ҳолати мана шудир. У дунёдан тўла беҳожат бўлиши учун зарурий эҳтиёждан ҳам узилишни хоҳлайди. Албатта, унинг бу хоҳиши ҳосил бўлади ва у дунёдан батамом узилади.
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан