Одамлар Маҳшарга тўп-тўп ҳайдаладилар. Ажабо! Кураи заминнинг турли бурчакларидан, турли тоифаларга бўлиниб келаётган сонсиз халойиқни битта майдонга жамлаган Зот нақадар улуғ, на қадар қудратли! «Қиёмат куни одамлар оқ ва офра(оппоқ эмас, қорага мойилроқ) рангдаги, кепаксиз ундан қилинган нон каби (думалоқ), на бир бино, на бир аҳоли яшашига аломат бўлмаган ерда тўпланадилар»(муттафақун алайҳ). У ер бу дунё ерига ўхшамайди, фақат исмдагина ўхшаш холос: «У Кунда ер бошқа ерга, осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қолади...» (Иброҳим, 48-оят). Ибн Аббос дейди: «У ерда зиёдалашиш ва камайиш бор. У ернинг дарахтлари, тоғлари, водийлари ва устидаги бор нарса сидириб олинган ва у ер укозий тери каби чўзилиб ётибди. Кумуш каби оқиш бу ерда на бир қон тўкилган, на бир хато қилинган. Осмонларнинг қуёши, ойи, юлдузлари йўқ». Эй мискин! У Куннинг даҳшати ва шиддати ҳақида ўйла. Халойиқ Маҳшарда тўпланар экан, юлдузлар фалакларидан тўкилади, қуёш ва ой сўнади. Нур кетиб, ерга зулмат чўкади. Мана шу ҳолатда одамлар узра осмон ўрала бошлайди, қалинлиги ва шиддати беш юз йиллик йўл қадар бўлишига қарамасдан осмон ёрилади. Фаришталар унинг гирди-чеккаларида қоим турадилар. Ёрилаётган осмоннинг қулоқ пардасини тешгудек овози нақадар даҳшат! Шунчалар салобатли ва шиддатли осмонлар ёрилган у Кун қандай ҳайбатли! Кейин осмон эриган кумуш каби оқади, унга бар сариқлик қоришади. «У Кунда осмон эритилган мис каби бўлиб қолур. Тоғлар юнг каби (енгил) бўлиб қолурлар».(Маориж, 8-9-оятлар) «У Кунда одамлар тўзғитиб юборилган парвоналар каби бўлиб қолурлар (яъни қабрларидан чиқишиб, Қиёмат даҳшатидан ўзларини ҳар ёнга уриб-тўзиб кетадилар)! (Ал-Қориа, 4 -оят). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Одамлар ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда, қулоғининг юмшоқларигача терга ботиб юрадилар». Шунда Савдо онамиз: «Вой, қандай уят, бировнинг кўзи бировга тушмайдими?сўрадилар. «Одамлар ўзлари билан ўзлари банд бўлиб қолади» дедилар Оллоҳнинг расули (ва ушбу оятни ўқидилар): «(Чунки) улардан ҳар бир киши учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур!» (Абаса, 37-оят)
Бу қандай Кунки, одамларнинг авратлари очиқ, лекин ҳеч ким уларга қайрилиб боқмас. Қандаям боқсин, қайрилиб қарашга қани мажол, кимдир қорни билан, кимдир юзи билан судралиб кетаётир. Абу Ҳурайра Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Қиёмат кунида одамлар уч гуруҳ бўлиб тўпланадилар: уловда юрувчилар; яёв юрувчилар; юзлари билан юрувчилар». Шунда бир киши: «Юз билан қандай юрилади, эй Оллоҳнинг расули?» дея сўради. «Оёқлар билан юритишга қодир Зот, уларни юзлари билан юргизишга ҳам қодирдир!» деб жавоб бердилар Оллоҳнинг расули.(Термизий ривояти) Одамзод табиати ўзига ёқмаган барча нарсани инкор қилишга одатланган. Агар инсон яшин тезлигида қорни билан ўрмалаб юрадиган илонни кўрмаганида эди, оёқсиз юриш мумкинлигини инкор қилган бўларди. Аслида, оёқ билан юришни кўрмаган одамга бу одатий ҳол, яъни оёқ билан юриш ҳам эҳтимолдан узоқ нарса. Шундай экан, Қиёмат кунида содир бўладиган ажиб ишларни бу дунёда қиёси йўқлиги учун инкор этишдан сақлан! Негаки, дунё ҳаётида ҳам кўзинг кўрмаган бир ажойиботни сенга гапириб беришса, албатта инкор қилган бўлардинг. Бас, Маҳшар майдонидаги ҳолатингни қалбингда жонлантир: қип-яланғоч, хор, мағлуб, ўзни унутган ҳолда турибсан. Устингдан қандай ҳукм ўқилишини кутяпсан, бу ҳукм сени саодатга элтадими ё шақоватга, билмайсан? Оллоҳим! Ғафлатда қолишдан сақла. Чунки, бу даҳш ҳолдир.
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан