Сўнгра қуёш уларнинг боши узра икки ёй миқдорида яқинлаштирилади, у ерда бутун оламлар Парвардигори соясидан бошқа соя қолмайди. Фақат муқарраб зотларгин бу соя остида бўладилар. Инсонлар икки гуруҳга ажраладилар : бир гуруҳ Аршнинг соясида, бошқаси қуёшнинг ёндирувчи ҳарорати остида. Эритиб юборувчи бу қайноқ ҳарорат ғам-андуҳни кучайтиради. Зич ва тиқилинчдан оёқлари чалкашиб кетаёган халойиқ бир-бирини итаради. Бутун оламлар Парвардигори – Оллоҳ олдида бундай шармандали ҳолда бўлиш уларни янада қаттиқроқ хижолатга солади. Қуёшнинг оловли тафти, нафасларнинг ҳарорати, ҳаё ва хавф ўтида қоврилаётган қалбнинг куйдириши ва бошқа азоблар одамларни қийнайди, уларнинг ҳар тукидан тер тошади. Шу даражада тошадики, ерлар сувга тўлади, баданларга қадар кўтарилиб, ҳатто Оллоҳнинг ҳузуридаги манзилларгача етади. Тошиб чиқаётган тер кимнидир тиззасигача, кимнидир белларигача, кимнидир қулоғининг юмшоғигача кўмса, яна кимнидир буткул ғарқ қилади. Ибн Умар Расули акрамнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Барча одамлар Парвардигори олам ҳузурида тик туриб(ҳисоб-китоб берадиган Қиёмат) Кунида улардан баъзилари қулоғининг ярмигача терга ғарқ бўлади» (муттафақун алайҳ). Абу Ҳурайра Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини айтади: «Қиёмат куни одамлардан оққан терлар ерга етмиш боъ(қулоч) сингади, уларнинг оғизлари ва қулоқларигача етади» (муттафақун алайҳ). Бошқа бир ҳадисда айтилади: «Қирқ сана кўзларини осмонга тикканча турадилар. Ғам-андуҳ шиддатидан терлари оғизларигача етади» (Ибн Масъуд ривояти). Ақоба ибн Омир дейди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қиёмат куни қуёш ерга яқинлашади, одамлар терга ботади. Аъзои бадандан тошиб чиқаётган тер кимнингдир товонигача, кимникидир болдирининг ярмигача, баъзиларники тиззагача, бировиники белгача, бириники оғизгача етади, – деб оғизга ишора қилдилар. – Яна бирларидан оққан тер (оёғидан то) бошигача тўла қоплаб олади» (Аҳмад ривояти). Эй мискин! Ғам-андуҳ ичра терларга ғарқ бўлаётган Маҳшар аҳлига боқ. Уларнинг ичида шундай деб бақираётганлари ҳам бор: «Эй Раббим, гарчи жаҳаннамга жўнатиб бўлсада, мени бу андуҳ ва интизорликдан қутқар!» Буларнинг барчаси ҳали ҳисоб-китоб қилинишидан, жазолар берилишидан олдин рўй беради. Сен ҳам шу одамлардан бирисан, аъзои баданингдан тошиб чиқаётган терлар қаерга етишини билмайсан. Оллоҳ йўлида қилинган ҳар қандай ибодат, у ҳаж бўладими, рўзами, намозми, мусулмоннинг бирон ҳожатини раво қилишми, амри маъруф ёки наҳйи мункар йўлидаги машаққатми, буларнинг барчаси инсонни терлатмаслиги мумкин. Лекин Маҳшар майдонидаги ҳаё ва хавф ҳар бир бандани терга ғарқ қилади. Маҳшардаги қайғу шу даражада давомлики, гўё чеки йўқдек туюлади. Агар Одам фарзанди жаҳолат ва ғурурдан узоқ бўлса эди, бу дунёда тоат туфайли чекилган ранжу аламларда оққан терлар Қиёматдаги ғам-андуҳ ва интизорлик остида тўкилган терлар олдида арзимас ва муддат жиҳатидан жуда қисқа эканлигини билган бўларди. Чунки, у Кун шиддати қаттиқ, муддати узоқ Кундир.
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан