Сўралиш


Эй мискин, фикр эт! Ушбу ҳолатлардан сўнг сен билан таржимонсиз, бевосита ҳисоб-китоб бошланади. Энг майда, арзимас деб билганларингдан тортиб, энг катта деб ҳисоблаган нарсаларинггача бирма-бир ҳисоб берасан. Қайғу ва кулфатлар ичра, хижолат терларига ғарқ бўлиб турганингда осмон қаватларидан улкан ва баҳайбат фаришталар тушади.

Уларга гуноҳкорларнинг пешона сочидан ушлаб, улуғ ва қудратли Зотнинг ҳузурига олиб келиш буюрилган...

Тасаввур эт: ўша фаришталар сени ушлаб, ҳисоб-китоб учун Раббингнинг ҳузурига элтяпти. Фаришталар шунчалик улкан ва бақувват бўлишига қарамасдан у Куннинг даҳшатидан шикаста, бандаларга ёғдирилаётган қаҳру ғазабдан қўрқувда, сенинг ҳолинг не кечади?
Фаришталар ерга тушар экан, уларнинг сиқувга олишидан қўрқиб, ерга юзлари билан йиқилмаган бирон пайғамбар, бирон сиддиқ, бирон солиҳ киши қолмайди. Бу Оллоҳга яқин бўлган-муқарраб бандаларнинг ҳоли, бўғзигача гуноҳга ботган осийларнинг аҳволи қандай бўлади? Фаришталарнинг кўкдан инишидаги ҳайбатни кўриб, қўрқувдан шошиб қолган бир қавм улардан: «Раббимиз сизларнинг орангиздами?» деб сўрашади. Фаришталар ўзларини яратган зот қандай қилиб уларнинг орасида бўлиши мумкин, деган ваҳм ичра бу саволнинг хатолигидан даҳшатга тушишади ва дарҳол: «Парвардигоримиз сизлар гумон қилаётган нарсадан пок. У Зот бизнинг орамизда эмас, лекин албатта ҳозир бўлур!» дея овозлари борича нидо қилишади.
Сўнгра саф-саф бўлиб турган фаришталар халойиқни ўраб олишади. Бу Куннинг ҳайбатидан уларнинг юзларида қўрқув ва синиқлик ҳукмрон.
Оллоҳ таоло деди:
«Энди албатта пайғамбар юборилган кишилар билан ҳам, юборилган пайғамбарлар билан ҳам савол-жавоб қилурмиз. Энди албатта уларга, билган ҳолимизда, (қилиб ўтган ишлари ҳақида) сўйлаб берурмиз. (Зотан) Биз ғойиб-йўқ эмас эдик, (балки барча нарсага гувоҳ бўлиб турган эдик)» (Аъроф, 6-7-оятлар).
«Парвардигорингиз номига қасамки, албатта, уларнинг барчасидан қилиб ўтган иш-амаллари ҳақида сўраймиз» (Ҳижр, 92-93-оятлар).
Оллоҳ саволни пайғамбарлардан бошлаб, дейди: «Оллоҳ пайғамбарларни тўплаб: «Сизларга (яъни, қилган даъватингизга умматларингиз томонидан) қандай жавоб бўлди? – деб сўрайдиган кунида, улар: – Биз билмаймиз. Фақат Сенинг Ўзинггина ғайб илмларининг билимдонисан, – дейдилар» (Моида, 109-оят).
У Куннинг шиддати пайғамбарларнинг ақлини шоширади, билганларини унуттиради. Уларга: «Халойиққа пайғамбар қилиб жўнатилдингиз, қани, нима дейсиз?» дейилса, гарчи билсаларда, даҳшатдан жавоб беролмай қолишади ва: «Бизда илм йўқ, Ўзинг ғайбларни билгувчисан» дейди улар Қиёматнинг ҳайбати босиб. Ҳақиқатан ҳам ўша пайт уларнинг билганлари ақлини тарк этади ва Оллоҳ таоло қувват бергунича унут бўлади.
Кейин Нуҳ алайҳиссалом чақирилади ва унга: «Ҳақни етказдингми?» дейилади. У: «Ҳа» – деб жавоб беради. Сўнгра унинг умматидан: «Сизларга ҳақни етказдими? – деб сўралади. «Биз бу одамни танимаймиз!» – дейишади.
Исо алайҳиссалом келтирилади ва Оллоҳ таоло унга дейди:
«Эй Ийсо бинни Марям, одамларга: «Оллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар!» деб сен айтдингми..?» (Моида, 116-оят). Исо алайҳиссалом бу савол ҳайбатидан бир неча йиллар изтиробда қолади.
Ҳа, у улуғ Кунда пайғамбарлар ҳам шундай саволларга тутилади. Кейин фаришталар келиб: «Эй фалончининг ўғли фалончи! Амалларинг кўрсатиладиган ерга кел!» дея одамларга бирма- бир нидо қилишади. Ана ўша пайт тиззалар қалтираб, жамики аъзолар титроққа тушади, ақллар лол қолади. Баъзи қавм қабиҳ амаллари Парвардигори ҳузурида намойиш қилинишидан, яшириб юрганлари халойиқнинг олдида очилиб қолишидан ор этиб, жаҳаннамга ҳайдалишни орзу қилиб қолишади.
Савол бошланишидан аввал Аршнинг нури ёришади:
«Ер (яъни маҳшаргоҳ) Парвардигорининг нури билан ёришди; китоб-номаи аъмол (ҳисоб-китоб учун ҳозирлаб) қўйилди; пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди ва уларнинг (яъни барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ билан ҳукм қилинди» (Зумар, 69-оят).
Энди ҳар бир банда Яратувчиси олдида юзма-юз ҳисоб беришга шак-шубҳасиз ишонади. Улардан ҳар бири гўё: Оллоҳдан ўзгаси мени кўрмаяпти, Оллоҳнинг олдида ёлғиз ўзим саволга тортиляпман, деб ўйлайди.
Ўша пайт Оллоҳ таоло: «Эй Жибрил, дўзахни келтир!» – дейди. Жибрил дўзахга яқинлашиб: «Эй жаҳаннам! Яратувчинг ва Хожанг- Оллоҳнинг амрига жавоб бер» – дейди. Жибрил дафъатан дўзахнинг қаҳру ғазабга тўлаётганига гувоҳ бўлади. Жаҳаннам қутуриб, қайнайди, «чарс-чарс» ёниб, осийларни қаърига чорлайди, халойиқ дўзахнинг ғазабли бўкиригини эшитади. Жаҳаннам қўриқчилари Оллоҳнинг амрига бўйсунмаган осийларга қаҳр билан ташланадилар.
Жаҳаннам ўтидан юз ўгириб қочмоқчи бўлаётган, борлиғи қўрқув ва даҳшатга тўлиб, тиз чўккан кўйи йиқилаётган халойиқни бир кўз олдингга келтир, уларнинг аҳволини бир чин кўнгилдан ҳис қилиб кўр:
«(У Кунда) барча умматни (даҳшат ва изтироб-ла) тиз чўккан ҳолда кўрурсиз...» (Жосия, 28-оят).
Баъзилар юзлари билан йиқилади, осий ва золимлар шовқин-сурон солиб бўкиради, сиддиқлар «нафсим, нафсим» дея ўзлари билан ўзлари овора бўлади.
Шу пайт халойиққа жаҳаннамнинг иккинчи ўкириги эшитилади. Одамларнинг қўрқинчи янада ошиб, қувватдан қоладилар, «ана энди биз кетдик» деб ўйлайдилар. Сўнгра жаҳаннам учинчи марта ўкиради, халойиқ ҳадик тўла нигоҳ билан атрофга боққанча жаҳаннамга юз тубан қулайди. Золимларнинг қалблари қайнаб, бўғзига тиқилади. Саодат аҳли ҳам, шақоват аҳли ҳам бу даҳшатлардан ўзларини йўқотиб қўяди.
Шундан сўнг Оллоҳ таоло пайғамбарларига қарата: «Не деб жавоб берасиз?» – дейди. Ҳатто пайғамбарларга нисбатан қилинаётган бу сиёсатни кўрган осийларнинг қўрқинчи янада ортади. Ота боласидан, ака укасидан, эр хотинидан қочади. Ҳар бири тақдири не бўлишини билмайди, фақат кутади, кутади...
Кейин улар биттама-битта ушланиб, сўроққа тутилади. Оллоҳ таоло уларнинг озу кўп, очиғу яширин амалларини ҳисоб-китоб қилади. Кўзу қулоқ, қўлу оёқ, барча аъзолари гувоҳликка ўтади.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Саҳобалар:
– Эй Оллоҳнинг расули! Қиёмат куни биз Парвардигоримизни кўрамизми? – дейишди.
– Ҳаво очиқ, булутсиз, қоқ кундуз куни қуёшни кўришингизга бирон нарса халақит берадими? – сўради Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам улардан.
– Йўқ, – дейишди саҳобалар.
– Ой тўлишиб, осмон чароғон бўлган кечада ойни кўришингизга бирон нарса халақит берадими? – сўрадилар Оллоҳнинг расули.
– Йўқ, – дейишди.
Шунда Расулуллоҳ дедилар:
– Нафсим измида бўлган Зотга қасамки, Раббингизни кўришга ҳам ҳеч нарса халақит беролмайди. Банда Парвардигорига юзма-юз қилинади, Оллоҳ таоло бандасига дейди: «Сени махлуқотнинг энг мукаррами ва саййиди қилмаганмидим? Сени жуфти ҳалолинг билан қўшмаганмидим, от ва туяларни сенга бўйсундирмаганмидим?..»
– Ҳа, шундай, дейди бандаси.
– Менга албатта юзма-юзма бўлишингни ўйладингми? – сўрайди Оллоҳ таоло.
– Йўқ, дейди бандаси.
Шунда Оллоҳ таоло бандасига:
– Мени унутганинг каби Мен ҳам сени унутдим, – дейди» (Имом Муслим ривояти).
Ўйла ва тасавур эт, эй мискин! Фаришталар елкангдан ушлаган кўйи Оллоҳнинг олдида турибсан, сўроққа тутиляпсан: «Йигитликни сенга неъмат этиб бердим, уни нималарга сарфладинг? Умрни муҳлат этиб бердим, уни қайларга совурдинг? Сенга ризқ ўлароқ мол бердим, ҳалол йўл билан топдингми, инфоқ қилдингми? Сени илм билан мукаррам этдим, билганларингга амал қилдингми? Оллоҳ Ўзининг неъматларини ва сенинг гуноҳларингни, Ўзининг яхшиликларини ва сенинг ёмонликларингни бирма-бир санаётган пайтда хижолату шармандаликдан қандай аҳволга тушасан? Агар инкор қилсанг, аъзоларинг сенга қарши гувоҳлик беради.
Анас розийаллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Бир пайт у зот жилмайгандай бўлдилар ва дафъатан:
– Биласизларми, нега кулдим? дедилар.
– Оллоҳ ва Унинг расули билгувчироқ, дедик.
– Банданинг ўз Парвадигори билан бўлаётган суҳбати мени кулдирди: – Эй Раббим, мени зулмдан қайтармадингми? – дейди банда. – Қайтардим, – дейди Оллоҳ таоло. Шунда банда: – Раббим, нафсимга ўзим томондан бир гувоҳ бўлсин, – дея сўради. – Нафсинг сени бугун ҳисоб-китоб қилишга, «киромин котибин» – амалларингни ёзиб борувчи фаришталар гувоҳликка кифоядир, – деди Оллоҳ таоло.
Кейин банданинг оғзи муҳрланади, аъзоларга «Гапиринг!» – дея амр қилинади. Аъзолар банданинг барча ишларини бирма-бир айтади. Кейин бандага сўзлаш ихтиёри берилади, Банда афсус-надоматлар билан аъзоларига қарата: «Сизларга ҳалокат бўлсин, мен сизларни қандай аярдим-а?!» – дейди (Муслим ривояти).
Эй Оллоҳ! Мўминнинг гуноҳини бекитиб, Ўзингдан ўзгага билдирмаслик ваъданг бор. Аъзолар эгасига қарши гувоҳлик берган пайтда халойиқ олдида шарманда бўлишдан Ўзинг асра.
Бир киши Ибн Умардан сўради:
– Пайғамбар алайҳиссалом «нажва» (сирлашув) ҳақида нима деганлар?
– Пайғамбар алайҳиссалом (бу ҳақда) айтадилар: – Орангиздан кимдир Парвардигорингизга яқин боради. Парвардигори олам у кишини ҳимоясига олиб: – Фалон-фалон ишларни қилдинг! – дейди. – Ҳа, қилдим – дейди бандаси. – Фалон-фалон ишларни ҳам қилдинг! – деб Оллоҳ унга яна бошқа амалларини ҳам эслатади. – Ҳа, қилдим – дея банда барчасини тан олади. Шунда Оллоҳ таоло: – У(фоний) дунёда гуноҳларингни яширдим. Бу Кун (Қиёматда) уларни кечираман, – дейди» (Муслим ривояти).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки бир мўминнинг айбини бекитса, Қиёматда Оллоҳ таоло унинг айбини бекитади». Оллоҳнинг бу марҳамати одамларнинг айбларини бекитадиган, уларнинг нуқсонларига тоқат этиб, ёмонликларини овоза қилмайдиган, ғийбатдан тийиладиган мўмин бандалар учун умид этиладиган насибадир. Зеро, бундай мўмин банда Қиёматда айни амалига мувофиқ мукофотланишга муносибдир.
Нега паришонсан, хаёлларинг қайга сочилган? Ўзингни йиғиб, бир жиддий ўйла. Оллоҳ айбингни ўзгалардан бекитди! Маҳшарга чорланаётган сас қулоғингга чалинмаяптими? Агар билсанг, бу - гуноҳларингга кифоя қилгулик қўрқинчдир.
Тасаввур қил: пешона сочларингдан ушлаб, сени судраб кетишяпти. Рангларинг бўзарган, аъзоларинг шалвираган, тиззаларинг титроқда, ҳушинг бошингдан учган, қалбинг изтиробга тўла, олам кўзингга қоронғу, кўзлар эса сенга тикилган. Фараз қил, худди шу ҳолатда муаккил фаришталар олдидасан. Улар ёнингга яқинлашиб, сени Раҳмоннинг арши қадар отишади. Оллоҳу субҳанаҳу таоло сенга улуғ каломини нидо қилади: «Эй Одам фарзанди, яқин кел!»
Қўрқувдан дукиллаб ураётган маҳзун қалб билан, кўзларингдан мўлт-мўлт ёш тўкиб, синиқ бир аҳволда яқинлашасан. Бирон нарса қолдирилмасдан ёзилган номаъи аъмолинг берилади. Эвоҳ! Сенга унут бўлиб кетган қанчадан-қанча ишлар номангга битиб қўйилган, эслаяпсанми? Қанчадан-қанча ибодатларни бой бердинг, бунинг офатларидан ғофил қолдинг? Бас, мана энди сенга уларнинг оқибатлари!
Номаи аъмолингга қара, қанчадан-қанча хижолатлик ишлар ва Ўзидан ўзгадан қўрқоқликлар! Қанчадан-қанча чекинишлар ва ўринсиз ожизликлар! Кошки, Оллоҳнинг ҳузурида қандай туришингни, қандай жавоб беришингни, жавоб бераётиб, қалбинг қай аҳволга тушишини, озгина бўлсада, сезганингда эди!
Кейин гуноҳларинг бирма-бир, ошкора эслатилади. Фикр эт, бундан ортиқ уят ва шармандалик борми?! «Эй бандам! – дейди ўшанда Оллоҳ. – Мендан ҳаё қилмай, қабиҳ амалларга бош урдингу, Мен халқ этган махлуқотдан уялиб, уларга чиройли бўлиб кўриндинг. Мен сенга улардан ҳақирроқ бўлдимми? Менинг назаримни арзимас билиб, ўзганинг назарини улуғ санадингми? Сени неъматлантирмадимми? Нима сени алдаб қўйди ёки «бугун Сени кўрмаяпман-у, эртага ҳам юзма-юз бўлиш йўқ» деган гумонга бордингми?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бутун оламлар Парвардигори Оллоҳ сизларнинг ҳар бирингизни ҳеч қандай тўсиқ ва таржимонсиз сўроққа тутади» (муттафақун алайҳ).
Оллоҳнинг расули дедилар: «Ҳар бир бирингиз улуғ ва қудратли Оллоҳ олдида турасиз, орада ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди. Шунда Оллоҳ бандасига хитобан:
– Сени ризқлантирмадимми, сенга мол-дунё бермадимми?» – деб сўрайди.
– Ҳа, бердинг, – дейди бандаси. Кейин Оллоҳ:
– Сенга пайғамбар юбормадимми? – деб сўрайди.
– Ҳа, юбординг, – дейди бандаси. Сўнгра ўнг томонга қарайди, жаҳаннамдан ўзга нарсани кўрмайди. Кейин чап томонга қарайди, жаҳаннамдан бошқасини кўмайди. Бас, ярим хурмо билан бўлса ҳам дўзахдан сақланинг. Агар тополмасангиз, битта яхши сўз билан бўлса ҳам дўзахдан сақланинг» (Бухорий ривояти).
Ибн Масъуд айтади: «Ҳали ҳар бирингиз мунаввар кечада тўлин ой билан ёлғиз қолганингиз каби улуғ ва қудратли Зот билан юзма-юз бўласиз. Шунда Оллоҳ дейди: «Эй Одам фарзанди! Нима сени «Оллоҳга ибодат қилмасанг ҳам бўлаверади» деб алдаб қўйди. Эй Одам фарзанди! Билганларингга амал қилдингми? Пайғамбарларга нима деб жавоб бердинг? Эй Одам фарзанди! Мен кўз олдингда кузатгувчи эмасмидим, ҳаром нарсаларга қарадинг?! Мен сенга бўйин томирингдан ҳам яқин эмасмидим, фаҳшу ғийбатларга қулоқ тутдинг...» Шундай деб Расулуллоҳ яна бир нечта аъзоларни санадилар».
Мужоҳид айтади: «Қиёмат куни банда то тўрт нарса хусусида сўралмагунча улуғ ва қудратли Зот олдидан кетмайди: йўқотган умри; амал қилган илми; озиб тўздирган жасади; қаердан топиб, қаерга сарфлаган моли».
Эй мискин! У Куннинг хижолати, хижолат пайтидаги хатар нақадар улуғ! Чунки у пайт сен икки йўл орасида бўласан: ё сенга айтилади: «Дунёда содир этган гуноҳингни бекитдим, бугун уни кечираман». Аввалгилару охиргилар ҳавас қилгулик бу ҳолдан бошинг осмонга етади. Ёки фаришталарга айтилади: «Бу ёмон бандани ушланглар, боғланглар. Сўнгра жаҳаннамга улоқтиринглар. Ўшанда еру осмонлар сен учун йиғлайди. Бу йиғи сенинг улуғ мусибатингга, Оллоҳнинг тоатидан бенасиб қолиб чекаётган қаттиқ ҳасратингга, охиратингни бебақо ва тубан бир дунёга алмашганингга муносиб йиғидир.

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Last modified on 11/09/2017

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.