Мезон - тарозининг сифати

Мезон яъни, амаллар тортиладиган тарози ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисан? Кўз олдингга келтир: гуноҳ ва савоблар битилган номалар ўнг ва сўлга сочилиб учади, одамлар уч гуруҳга ажралади. Биринчи гуруҳ бирорта савоб амали йўқ одамлардан иборат.

Дўзахдан қоп-қора бўйин чиқиб, қуш донни терган каби уларни теради ва барчасини йиғиштириб жаҳаннамга улоқтиради. Олов уларни комига тортади. Шунда: «Бу жаҳаннамийлар абадий бадбахтликка тушдилар» – деган нидо эшитилади.
Иккинчи гуруҳ бегуноҳ одамлардир. Уларга: – Оллоҳга доимий ҳамд айтувчилар ўрнидан турсин, – дейилади. Улар ўрнидан қалқиб, жаннат сари юрадилар. Сўнгра кечаларини ибодат билан ўтказувчилар ва дунё тижорати Оллоҳ таолонинг зикридан чалғитмаган кишиларга ҳам шу муомала қилинади. Кейин уларга: – Бу жаннатийлар боқий саодатга кетди, – деган нидо бўлади».
Учинчи гуруҳ кўпчиликни ташкил этиб, улар яхши ва ёмон амалларни аралаш қилган кишилардир. Уларнинг яхши амали кўпми ё ёмоними, бу ёлғиз Оллоҳга аён. Лекин Оллоҳ таоло Ўзининг афвидаги фазлини ва жазосидаги адлини бандаларига ҳам билдириш учун уларнинг амалларини тарозига солади. Гуноҳ ва савоб амаллар ўралган нома ва саҳифалар ҳар томонга сочилиб учади ...
Тарози қурилади. Кўзлар номаларга тикилган: номалар тарозининг ўнг палласига тушадими ёки чап палласига? Сўнгра нигоҳлар тарозининг тилига қадалади: гуноҳлар томон оғир босадими ё савоблар? Бу даҳшатли ҳолат халойиқнинг ақлини шоширади.
Ҳасан Басрий ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини Оиша онамизнинг тиззаларига қўйиб ухлаётган эдилар. Оиша онамиз охиратни эслаб йиғладилар. Ҳатто кўз ёшлари сарвари оламнинг ёноқларига тушиб, у зотни уйқудан уйғотиб юборди. Шунда Оллоҳнинг расули:
– Нега йиғлаяпсан, эй Оиша? – дедилар.
– Охиратни эсладим. Сиз пайғамбарлар Қиёмат кунида аҳлингизни эсга оласизми? – сўради Оиша.
– Жоним измида бўлган Зотга қасамки, уч ерда киши кишини эсга олмайди: тарози қурилиб, амаллар тортилаётган пайтда (чунки ўша пайт Одам фарзандининг кўзи енгил ё оғир келаётган тарози палласига қадалган бўлади); номаи аъмоли берилаётганида(бу пайтда банданинг назари ўнг ё чапдан келаётган номадан узилмайди); сиротдан ўтаётганда» (Абу Дардо ривояти).
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: «Қиёмат куни Одам фарзанди тарозининг икки палласи орасига келтирилади. Унга бир фаришта вакил қилинган бўлади. Агар банданинг тарозиси оғир келса, фаришта одамлар эшитадиган овозда нидо қилади: – Фалончи абадий саодатга эришди, – агар тарозиси енгил келса, фаришта барча эшитадиган овозда: – Фалончи абадий бадбахтликка юз тутди, – дея нидо қилади. Тарозининг савоблар қўйиладиган палласи енгил келганида азоб фаришталари қўлларида темирдан бўлган тўқмоқлар билан, устларида олов кийимларда келишади ва дўзахнинг насибасини дўзахга олиб кетишади».
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Қиёмат ҳақида дедилар: «Оллоҳ таоло Қиёмат куни Одам алайҳиссаломга нидо қилиб:
– Эй Одам, тур, жаҳаннамийлар гуруҳини жўнат, – дейди.
– Улар қанча? – деб сўрайди Одам алайҳиссалом.
– Ҳар мингтадан тўққиз юз тўқсон тўққизта!
Бу сўзларни эшитган саҳобалар қаттиқ ғамга ботдилар, кулиш нелигини унутдилар. Расули акрам асҳобида содир бўлган бу аҳволни кўриб: «Амал қилинглар, хушхабар беринглар! Муҳаммаднинг жони Уники бўлган Зотга қасамки,дунёда сиз билан бирга яна иккита махлуқ бор...
– Ким улар, эй Оллоҳнинг расули? – дейишди.
– Яъжуж ва Маъжуж, – дедилар Расули акрам. Қавм энди ўзига келди. Расулуллоҳ дедилар:
– Амал қилинглар ва хушхабар беринглар! Муҳаммаднинг жони Уники бўлган Зотга қасамки, Қиёмат куни одамлар орасида сизлар туянинг ёнбошидаги холдек, отнинг тиззасидаги бўртиб, қавариб турган еридек кўзга ташланасизлар» (муттафақун алайҳ).

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.