Билгил! Бу дунёда нафсини ҳисоб-китоб қиладиган, амаллари, сўзлари, лаҳзаларини шариат мезони билан ўлчайдиган кишигина тарозининг хатаридан нажот топади. Умар розийаллоҳу анҳу деди: «Ҳисоб беришингиздан олдин нафсингизни ҳисоб-китоб қилинг. Тарозига қўйилишидан аввал амалларингизни тортинг» Нафсни ҳисобга тортиш - ўлимдан олдин барча гуноҳлардан холис тавба қилиш, Оллоҳ таоло фарз этган амалларни бажаришда қўйилган нуқсонларни ўнглаш, мазлумлар ҳаққини қайтаришдир. Кимки кимгаки тили, қўли, қалбида ёмон гумони билан озор етказган бўлса, ҳ а л о л л а н и б олсин, яъни ўзи озор берган ҳар бир мазлумни топиб, уни рози қилсин. Токи умрининг охиригача қалби пок бўлиб, унда биронта мазлумнинг ҳақи, биронта адо қилинмаган фарз қолмасин. Бундай инсонлар жаннатга ҳисоб-китобсиз кирадилар. Мазлумлар ҳақини адо қилмай кетган кишининг аҳволига вой! Кўз олдингга келтир: даъвогарлар ҳаққини талаб қилиб, атрофини ўраб олишади. Кимдир унинг қўлига, кимдир сочига, кимдир ёқасига ёпишади. Бири: «менга зулм этдинг» – деса, яна бири: «мени сўкдинг» – дейди. Бирови: «мени ҳақорат этдинг» – деса, бошқа бирови: «мен йўғимда ўзимга ёқмаган нарсалар билан мени эсладинг» – дейди. Кимдир: «менга қўшни бўлдинг, лекин қўшничиликни буздинг» – деса, яна кимдир: «мен билан муомала қилдинг, лекин алдадинг» – дейди. Яна бирови: «мен билан олди-берди қилдингу, мени чув тушириб кетдинг» – деса, бошқаси: «молнинг айбини мендан яширдинг, баҳосини кўтариб, ёлғон сўзладинг» – дейди. Кимдир айтади: «Муҳтожлигимни кўрдинг, билдинг, бой бўлатуриб, ҳолимдан хабар олмадинг». Яна бири дейди: «Мен мазлум эдим. Зулмни мендан дафъ қилишга қодир бўлатуриб, золимга ялтоқлик этдинг, унинг истагига юрдинг». Шундай аҳволда турганингда даъвогарлар сенга тирноқларини ботиради, ёқангдан маҳкам ушлаб, ҳақларини талаб қилади. Сен уларнинг кўплигидан ўзингни йўқотган ҳолда ҳайратда қотасан: наҳотки, умринг давомида сен муомала қилган кишилар ичида сенда ҳаққи бўлмаган ёки сен ғийбат, хиёнат этмаган ё масхараомуз назаринг билан қарамаган бирорта одам топилмаса?!
Сен бу даҳшатли исканжадан қутулишга уринасан, умид-ла Парвардигори Эгамга бўйнингни чўзасан, кошки у Зот бу қўллардан сени халос этса. Шунда қулоғингга улуғ ва қудратли Зотнинг нидоси эшитилади: «Бу Кунда ҳар бир жон ўзи қилган иш-амали билан жазоланур. Бу Кунда (ҳеч кимга) зулм қилинмас» (Ғофир, 17-оят). Ўша пайтдаги даҳшат қалбни гўё илдизидан суғургандек бўлади, нафс ҳалокатига аниқ ишонади ва Оллоҳ таолонинг Ўз пайғамбари орқали огоҳлантирганларини эслайди: «(Эй Муҳаммад), сиз ҳаргиз: «Оллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил», деб ўйламанг! Фақат Оллоҳ уларнинг (жазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли қиёмат) кунига қолдирмоқда, холос. (У куни) улар бошларини (осмонга) кўтарган ҳолларида (чорланган томонга ҳисоб-китоб учун) чопурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайди (яъни, қўрқувдан қотиб қолиб, ўзларининг қандай ҳолда эканликларини ҳам кўрмайдилар)...(Иброҳим, 42-43-оятлар). Бугун сен одамларнинг иззат-нафсига тегиб, уларнинг молларини еб, ўйнабкулиб юрибсан. Бугун сенинг қувончинг нақадар чексиз! Лекин у Кун – адолат гилами узра Раббингнинг ҳузурида турганингда, сенга сиёсат билан хитоб қилинаётган бир пайтда ҳасратинг бемисл чексиз бўлур! Сен у Кунда муфлис, фақир, ожиз, ҳатто узр айтишга ҳам яроқсиз, синиқ бир аҳволда қоласан. Эвоҳ! Умр бўйи тер тўкиб топган яхшиликларинг у Куни ҳақлари учун эваз сўраётган даъвогарларинг ҳисобига ўтказилади. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: «Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: – Муфлис ким биласизларми? – Эй Оллоҳнинг расули! Бизнингча, муфлис на дирҳами, на динори, на бошқа матоҳи бор кишидир, – дедик. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: – Умматимнинг муфлиси Қиёмат куни Парвардигорининг ҳузурида ўқиган намози, тутган рўзаси, берган закоти билан ҳозир бўлади. (Лекин шу ибодатларни адо этгани ҳолда) у кимнидир сўккан, кимнингдир обрўсини поймол қилган, бировнинг молини еб кетган, бирини урган, бошқасининг қонини тўккан. (Бу мазлумларнинг) бунисига ҳам, унисига ҳам унинг яхшиликларидан олиб берилаверади. Натижада, мазлумларнинг ҳақларидан ҳали қутулмай туриб, (топган барча) яхшиликлари тугаб бўлади. Энди унга даъвогарларнинг гуноҳлари юкланади. Кейин у жаҳаннамга улоқтирилади» (Абу Ҳурайра ривояти). Бас, у Кундаги м у с и б а т ҳақида ўйла. Айт-чи, риё офатларидан, шайтон ҳийлаларидан омонда бўлган бирон яхшилигинг борми?! Билгилки, агар битта хайр амални узоқ муддатларда, минг машаққат билан бу офатлардан омон сақлаб қолганингда ҳам охиратдаги даъвогарларинг сендан пешқадамроқ у амалга етади ва уни ўзиники қилиб олади. Нафсингни бир тергаб, тафтиш қилиб кўр! Кундузни рўза, кечани намоз билан ўтказишга тиришдинг. Кейин билдингки, ҳали кун тугаб улгурмасданоқ, тилинг ғийбатга шошибди. Энди ўйлаб кўр, шунча топган савобларинг қаерга кетди?! Хўш, ҳарому шубҳали нарсаларни еганларинг, тоатларни нуқсонли адо қилганларинг-чи? Бунга қандай чидаш мумкин?! Шохсизлар учун шохлилардан қасос олинадиган кунда қандай қилиб мазлумнинг ҳақларидан халос бўлишни умид этяпсан? Абу Зар шундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам иккита қўйнинг сузишаётганини кўрдилар ва: – Эй Абу Зар, буларнинг нима учун сузишаётганини биласанми? – дея сўрадилар. – Йўқ, – деди Абу Зар. – Лекин Оллоҳ билади, ҳали Қиёмат куни уларнинг ўртасида ҳукм қилади» (Имом Аҳмад ривояти). Абу Ҳурайра Оллоҳ таолонинг: «Ерда судралиб юрган ҳар бир жонивор, осмонда қанот қоқаётган ҳар бир қуш худди сизлар каби (Бизнинг қўл остимиздаги) жамоалардир. Китобда (яъни тақдири азал китобида) бирон нарсани қўймай (ёзганмиз). Кейин ҳаммалари Парвардигори даргоҳига тўпланурлар» (Анъом, 38) ояти хусусида деди: «Оллоҳ таоло Қиёмат куни барча махлуқини тўплайди. У Зотнинг адолати ҳатто шохсиз ҳайвоннинг шохли ҳайвондан интиқом олинишигача жорий бўлади. Кейин Оллоҳ таоло (уларга): – Тупроқ бўл! – деб амр қилади. Шунда кофир кимса: – Кошки мен тупроққа айлансам эди, – деб қолади». Эй мискин! У Кун амалларинг саҳифасига боқиб, номаи аъмолингни савоб ишларан холи кўрасан. Ахир сен қанча яхши амаллар қилган эдинг, савоб учун қанчалар тер тўккан эдинг. Шунда сен: – Қани, қаерга кетди менинг яхши амалларим? – деб зорланасан. – Сенинг савобларинг мазлум даъвогарларинг саҳифасига ўтказилди, – дея жавоб берилади. Саҳифанг гуноҳлар билан тўлганини кўрасан. Ҳолбуки, бу сенинг гуноҳларинг эмас. Ҳолбуки, сен бу гуноҳлардан тийилиш учун қанчалар машаққат чеккансан. – Эй Раббим, ахир бу гуноҳларни мен қилмаганман-ку! – дейсан. – Ҳа, бу сендан алданган, сен сўккан, сендан ёмонлик кўрган, қўшничилик, суҳбат, мунозара ва бошқа муомалаларда сендан зулм кўрган қавмнинг гуноҳларидир, – дейилади. Ибн Масъуд шундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ дедилар: – Шайтон араб ерида санамларга ибодат қилинишидан ноумиддир. Лекин бутпарастликдан ҳақирроқ бўлган гуноҳларингиз уни хурсад қилади. Аслида шу кичик гуноҳлар сизни ҳалокатга етаклайди. Кучингиз етганча зулмдан сақланинг. Зеро, банда Қиёмат кунида Оллоҳ таолонинг ҳузурига тоғлар қадар ибодатлари билан келиб, улар менга нажот беради, деб ўйлайди. Ҳолбуки, ўша пайт унинг олдига бошқа бир банда келиб: – Раббим, бу банданг менга зулм этди, – дейди. – Унинг савобларидан олинг, – деб буюради Оллоҳ. Савоблари тоғларча бўлган банданинг биронта яхшилиги қолмагунча бу ҳол давом этади. Бунинг мисоли, сафарга отланиб, яйдоқ бир саҳрода тўхтаган мусофирларнинг ҳолатига ўхшайди. Уларнинг ёнида ўтинлари йўқ. Ўтин териб келиш учун улар турли томонларга тарқалишади. Сал вақт ўтмай, йиғилган ўтинлардан катта гулхан ёқиб, хоҳлаганларига эришишади (яъни, бирорта ўтин йўқ эди, анчагина ўтин йиғишди, уни ёқиб, иссиғидан фойдаланишди, сал фурсатдан сўнг шунча ўтиндан ҳеч нарса қолмади)» (Аҳмад ривояти).
«(Эй Муҳаммад), ҳеч шубҳасиз сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар. Сўнгра албатта сизлар қиёмат Кунида Парвардигорингиз ҳузурида (бир-бирларингиз билан) талашиб-тортишурсизлар (ва сиз ўз зиммангиздаги пайғамбарликни тўла-тўкис етказганингизга ҳужжат келтирурсиз, улар эса сизни ёлғончи қилиб, куфру залолатда ўтганларига турли баҳоналарни рўкач қилурлар, аммо Оллоҳнинг адолатли ҳукмидан қочиб қутула олмаслар)!» (Зумар, 30-31) оятлари нозил бўлганда Зубайр ибн Аввом : – Эй Оллоҳнинг расули! Бу дунёда гуноҳларга ботиб талашибтортишганларимиз, (у Кунда) яна худди шу тарзда такрорланадими? – деб сўради. – Ҳа, ҳар бир ҳақ эгасининг ҳаққи тўла адо этилгунга қадар такрорланади, – дедилар Оллоҳнинг расули. Шунда Зубайр: «Оллоҳга қасамки, аҳвол оғир» – деди» (Имом Аҳмад ривояти). Ҳа, у Кун шундай шиддатлики, заррача ўтинч ўтмас. Битта тарсаки, битта сўз учун интиқом олинур, золимда мазлумнинг ҳақи қолмас. Анас ибн Молик айтади: «Расулуллоҳнинг шундай деганларини эшитдим: – Оллоҳ таоло бандаларини яланғоч, чангга беланган ва «буҳм» ҳолида тирилтирур. – «Буҳм» нима дегани? – дея сўрадик. – Улар ҳеч вақосиз бўлишади. Узоқдагилар худди яқиндагилардек эшитадиган овозда Оллоҳ таоло уларга нидо қилади: – Подшоҳ Менман, Қози Менман! Жаннат аҳлидан бўлган кишида жаҳаннам аҳлидан бўлган кишининг ҳаққи бор экан, то ўша ҳақ олинмагунча, у жаннатий жаннатга кирмайди. Дўзах аҳлидан бўлган киши ҳам то жаннат аҳлидан бўлган кишининг ҳаққини адо қилмагунча дўзахга кирмайди. Ҳатто, бу ҳақ бир тарсаки бўлсин, (албатта унинг учун қасос олинади). – Ахир биз улуғ ва қудратли Оллоҳнинг ҳузурига яланғоч, чангга беланган ва ҳеч вақосиз ҳолда борсак, қандай қилиб ҳақларни адо қиламиз? – дедик. – Савобларингиз ва гуноҳларингиз эвазига, – дедилар Оллоҳнинг расули» (Имом Аҳмад ривояти). Эй банда, Оллоҳдан қўрқ! Кишиларнинг молларини ноҳақ йўллар билан олиб, уларга зулм қилишдан, иззат-нафсига тегиб, кўнгилларини хижил этиб қўйишдан, муомалада хулққа зарар етишидан сақлан. Албатта Оллоҳ ва бандасининг ўртасида бир хослик, яқинлик бор. Оламлар Парвардигори мағфиратли Зот, кечиримли бўл. Кимнинг зиммасида мазлумлар ҳақи йиғилиб қолган экан, дарҳол тавбага шошсин. Мазлумлар ҳали ҳақини сўраб, қистовга олади. Бас, Интиқом кунига ҳозирлик кўр, савоб амалларни кўпайтир. Оллоҳ ва ўзинггагина аён яхшиликларни пайдо қил. Камоли ихлос билан қилинган бу яхшиликларни Оллоҳдан ўзга ҳеч ким билмасин. Шояд шундай амаллардан бири сени Парвардигорингга яқинлаштирар ва мўмин дўстларини бандаларининг ҳақларидан халос этишдек лутфига сазовор этар. Анас ибн Молик Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилади: «Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурида эдик. У зот кулдилар, ҳатто курак тишлари кўриниб кетди. Шунда Умар:
– Ота-онам Сизга фидо бўлсин, эй Оллоҳнинг расули! Нима Сизни кулдирди? – дея сўради. – Умматимдан икки киши улуғ ва қудратли Оллоҳ қаршисида тиз чўккан ҳолда турибди. Бири: – Эй Раббим, биродаримдан ҳаққимни олиб бер, – деди. Шунда Оллоҳ таоло: – Биродарингнинг ҳаққини бер, – деб амр қилди. – Раббим, ҳаққини қандай қилиб берай, битта ҳам савоб амалим қолмади-ку?! – деди у. – Битта ҳам савоб амали қолмабди, нима қиласан? – деди Оллоҳ ҳаққини талаб қилган кишига. – Эй Раббим, гуноҳларим унга юклансин, – деди у. (Бирданига Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жим бўлиб қолдилар), кўзлари тўла ёш эди, йиғладилар, сўнгра дедилар: – Дарҳақиқат, у Куннинг хатари улуғ. У Кунда одамлар гуноҳлари бошқага юкланишга муҳтож бўладилар... Кейин Оллоҳ таоло ҳаққини биродаридан талаб қилаётган бандасига деди: – Бошингни кўтар, жаннатларга назар сол! – У бошини кўтариб: – Ё Раббий, кумушдан бўлган баланд шаҳарларни, дуру марваридлар билан безатилган олтин қасрларни кўряпман. Булар қайси пайғамбарники ё қайси сиддиқники ёхуд қайси шаҳидники? – деди ҳайратланиб. Шунда Оллоҳ таоло: – Ким Менга қийматини тўласа, шуники, – деди. – Эй Раббим, ким ҳам бу қасрларнинг қийматига эга бўла оларди, – деди у умидсизланиб. – Сен унга эга бўлоласан, – деди оламлар Парвардигори ҳаққини биродаридан даъво қилаётган бандасига. – Қандай қилиб? – сўради у. – Биродарингни кечир, – деди улуғ ва қудратли Зот. – Эй Раббим, мен уни кечирдим! – Шунда Оллоҳ таоло деди: – Қани, биродарингнинг қўлидан ушла ва уни жаннатга етакла! Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: – Оллоҳдан қўрқинглар! Ораларингизни ислоҳ қилинглар! Чунки, Оллоҳ мўминларнинг орасини ислоҳ қилур» (Ибн Абу Дунё ривояти). Демак, бу ўринда: ораларимизни ислоҳ қилмоқ – Оллоҳнинг хулқи ила хулқланмоқ ва шу йўл билан бу буюк мартабага ноил бўлмоқ ҳикмати эслатиляпти. Бир тасаввур қил: саҳифанг киши ҳақидан холи ёки Раббинг сени Ўз лутфи ила афв этди, абадий саодатга ишончинг комил. Ҳукм ерини тарк этар экансан, сенга ризодан кийим кийдирилди, сўнгсиз саодатга, туганмас неъматларга қайтяпсан, қанчалик қувончга тўласан?! Севинч ва сурурдан қалбинг учиб кетай дейди. Юзинг оппоқ ва нурли, худди кечаси порлаган тўлин ойдек. Тасаввур қил, халойиқ олдидан бошингни тик тутиб, гуноҳ юкларидан озод ҳолда қўр тўкиб ўтяпсан. Атрофингда майин шабада ғир-ғир эсади, бахтиёр пешонангдан ризо мусаффолиги ёғилади. Аввалгилару охиргилар сенга, сенинг ҳолингга ҳавас ила боқади. Ҳуснинг ва жамолингга суқланиб қарайди. Олдингда ва орқангда фаришталар юради, барчанинг кўз ўнгида: – Бу фалон ўғли фалон! Оллоҳ ундан рози бўлди ва рози қилди. У абадий саодатга эришди! – деб нидо қилишади.
Бир ўйлаб кўр! Охиратдаги бу мақом риёкорлик ва ҳийлакорлик билан халқнинг қалбида қозонган бу дунёдаги сохта мартабангдан улуғроқ эмасми?! Бас, охират мақомини бу мартабадан беқиёс даражада юксак деб билар экансан, энди самимий бўл. Улуғ ва қудратли Зот билан муомалада соф ихлос ва содиқ ният билан бу мақомни идрок қилишга интил. Бошқа йўл йўқ! Оллоҳ асрасин, агар саҳифангдан сен арзимас деб билган, ҳолбуки Оллоҳ наздида улуғ деб саналган гуноҳлар чиқса, сенга Оллоҳнинг нафрати ёғилади: «Сенга лаънат бўлсин, эй ёмонликнинг қули! Ибодатингни қабул қилмайман». Бу нидони эшитибоқ, юзинг қораяди. Оллоҳ таолонинг ғазабига сабабчи бўлганинг учун фаришталар ҳам сендан ғазабланади ва: «Сенга бизнинг ва бутун халойиқнинг лаънати бўлсин!» – дейишади. Кейин олдингда азоб фаришталари ҳозир бўлиб, қаҳр билан сенга ташланишади, пешона сочингдан ушлаб, бутун халқ олдида юзингни ерга судраб ўтишади. Халойиқ қорайиб кетган юзингга қараб, хор бўлганингни кўришади. Сен ўзингга жаҳаннамни, ҳалокатни чорлайсан. Шунда сенга: «Бугун сен битта эмас, кўп ҳалокатларни ўзингга чорла!» – дейилади ва фаришталар нидо қилишади: «Бу фалон ўғли фалондир, Оллоҳ уни шарманда этди, хор қилди, қабиҳ қилмишлари учун лаънатлади. Бас, у абадий бадбахтликка кетди». Бу шармандалик гуноҳларни бандалардан яшириб, давомли қилганинг ёки бандаларнинг меҳрини қозонишни талаб этганинг учун ёхуд фақат уларнинг ҳузурида айбинг очилиб қолишидан қўрққанинг учун содир бўлди. Бу нақадар улкан жаҳолат! Инқирози муқаррар дунёда банда олдида шарманда бўлишдан бор кучингни сарфлаб сақланасан. Лекин бундан улуғроқ шармандалик – Маҳшар аҳли олдида Оллоҳнинг ғазабига учрашдан, жаҳаннамга улоқтирувчи азоб фаришталарининг аламли азобидан қўрқмайсан. Бу тафсилотларнинг барчаси сенга тегишли, аммо олдингда буларданда улуғроқ хатар бор, у Сирот хатаридир.
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан