Кимки бу оламда ҳаётини Тўғри йўлга қурган бўлса, охират Сиротидан ўтиш унинг учун енгил бўлади ва нажот топади. Кимки бу дунё ҳаётида тўғриликдан чалғиган ва гуноҳ юкларини елкага ортиб олган бўлса, Сиротга аввал қадам қўйиши биланоқ, қоқилади ва қулайди. Тасаввур қил: олдингда тубсиз, қоп-қора жаҳаннам устига қурилган қилдай ингичка кўприк, юрагинг қўрқувдан орқага тортади. Шунда қулоғингга жаҳаннамнинг ғазаб билан ўкирган фарёди эшитилади. Ҳолинг ночор, қалбинг изтиробли, оёқларинг дир-дир титраётган бўлишига қарамасдан, кўприкдан юришга мажбурсан. Энг аламлиси, елкангга нафақат бундай нозик кўприк, балки кенг йўлда ҳам текис юришингга монеълик қиладиган юкларни ортиб олгансан. Ўнгми ё чапми, битта оёғингни кўприкка аста қўяр экансан, қиличнинг дамидек ўткирликни сезиб сесканасан. Олдингда халойиқ: кимдир қоқиляпти, кимдир қулаяпти, азоб фаришталари уларни чангак ва илгаклар билан жаҳаннамга тортяпти. Шуларга гувоҳ бўлиб турган пайтингда бирданига сен кейинги қадамингни ташлашга мажбур қилинасан. Кўз олдингда одамлар оёқлари осмондан бўлиб, бошлари билан жаҳаннамга қулаяптилар... бор кучингни сўриб, толиқтириб ташлайдиган тепалик, нафасни бўғиб қўядиган даражадаги тор йўлак! Нақадар даҳшатли манзара! Ўша ондаги ҳолингга назар сол: гўё эмаклаб бир тепаликка кўтариляпсан, елкангга оғир юк ортилган. Ўнгга, чапга қайрилиб, одамларга қарайсан, дўзахга қулашяпти. Пайғамбар алайҳиссалом: «Ё Раббим, саломат қил, саломат қил» – деяпти. Сиротдан ўтолмай, жаҳаннам қаърига қулаган халойиқнинг азоб ва ҳалокат тўла фарёдларини эшитасан. Энди айт-чи, оёғинг тойиб кетса, сўнгги надоматдан не фойда?! Ўша пайт ҳалокатни ўзингга чорлаб, шундай деб қолмайсанми: «Эҳ, кошки эди, мен ҳаёт вақтимда солиҳ амаллар қилиб ўтган бўлсам! Эҳ, кошки эди, Пайғамбар алайҳиссалом билан бир йўлда бўлган бўлсам! Вой бўлсин менга, кошки эди, фалончини ўзимга дўст билиб танламаган бўлсам! Эҳ, кошки эди, қайтадан тупроққа айланиб, буткул унут бўлиб кетсам! Эҳ, кошки эди, онам мени туғмаган бўлса!» Ўша пайт ловуллаган олов сени қаърига тортади ва нидо келади: «(Оллоҳ) айтди: «(Жаҳаннамда) хор бўлингиз ва Менга сўз қотмангиз!» (Мўминлар, 108-оят). Чинқирасан, инграйсан, ёрдам сўраб бақирасан, нафасинг бўғзингга тиқилади. Ҳа, ҳали олдингда мана шундай хатарлар турибди. Ажабо, бугун ақлинг у хатарлар хусусида ўйлармикан, уларни тасдиқлармикан? Агар ишонмасанг, билки, жойинг абадий жаҳаннамдир. Йўқ, сен бу муқаррар воқеликка ишонасан, уни тасдиқлайсан-у, аммо негадир ғофиллик оғушидасан, эрта учун ҳозирлик кўришда сусткашлик қиляпсан. Бу зиён ва туғёндан бошқа нарса эмас. Оллоҳ таолога тўла итоат қилиш ва гуноҳларни тарк этиш билан у Зотнинг розилиги йўлида ҳаракат қилмасанг, иймонинг фойда берадими?! Агар олдингда Сирот ва ундан ўтиш даҳшатидан бошқа бирорта қўрқинч бўлмаганида ҳам мана шу даҳшатнинг ўзи (умрбод) қўрқишингга кифоядир. Оллоҳнинг расули дейдилар: «Сирот жаҳаннам узра қурилади. Пайғамбарлар ичида мен биринчи бўлиб умматларим билан ундан ўтаман. У Кун пайғамбаралардан бошқа ҳеч ким гапирмайди. У Кун пайғамбарларнинг дуоси: «Оллоҳим саломат қил, Оллоҳим саломат қил» – деган сўзлар бўлади. Жаҳаннамда саъдон ўсимлигининг тиконига ўхшаш чангаклар бор. Саъдоннинг тиконини кўрганмисиз? – Ҳа, кўрганмиз, эй Оллоҳнинг расули, – дейишди. – Чангаклар саъдоннинг тиконига ўхшайди, бироқ бу чангаклар жуда катта, уларнинг саноғини бир Оллоҳ билади. Одамлар у чангакларга амаллари билан илинадилар, кимдир ҳалокатга юз тутса, кимдир этлари шилиниб, силиниб, кейин нажот топади» (муттафақун алайҳ).
Абу Саид Худрий Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қиладилар: «Одамлар усти тикону чангакларга тўла жаҳаннам кўпригидан ўтишар экан, ўнг ва чап томонларидан чангакларга илинадилар. Кўприкнинг иккала тарафида турган фаришталар: «Оллоҳим, саломат қил, Оллоҳим, саломат қил» – дейишади тинимсиз. Кимдир кўприкдан чақмоқ каби ўтса, кимдир шамол каби ўтади. Кимдир чопқир от каби, кимдир югуриб ўтади. Кимдир юриб ўтса, кимдир эмаклайди, яна кимдир судралади. Аҳли дўзах эса на ўлади, на яшайди. Кимлардир гуноҳларига кўра жазоланади, куйдирилади, кўмирга айланади, сўнгра шафоатга изн берилади» (муттафақун алайҳ). Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Оллоҳ таоло аввалгилару охиргиларни маълум Кунда шак-шубҳасиз Маҳшарга тўплайди. Улар самога кўзларини тиккан ҳолда қирқ йил ҳукмни кутиб туришади. Кейин мўминларга: «Бошларингизни кўтаринг» – дейилади. Бошларини кўтаришади. Бас, уларга амалларига яраша нур ато қилинади. Кимгадир улкан тоғ баробар нур берилади ва бу нур унинг олдида юради. Кимдир бундан кичикроқ, кимдир хурмо дарахтича, кимдир ундан ҳам озроқ нурга эга бўлади. Ҳатто охирги кишига берилган нур оёғининг бош бармоғи қадар ергагина етади, шу даражада хира ёруғлик таратадики, гоҳ ёнади, гоҳ ўчади. Нур таралиб, оёқ ости кўринган пайтда юради, ўчганида тўхтаб қолади». Сўнгра уларнинг нурлари миқдорига кўра Сиротдан ўтишлари зикр қилинади: «Кимдир кўз очиб юмгунча, кимдир чақмоқ каби, кимдир булут каби, кимдир учар юлдуз каби, кимдир учқур от каби, кимдир чопқир киши каби ўтади. Нури оёғининг бош бармоғи қадар ерни ёритган киши юзлари, қўллари, оёқлари билан судралиб, эмаклайди. Битта қўлини олдинга ташлайди, иккинчиси орқага тортади, битта оёғини ердан узса, наригиси осилиб қолади. Ҳатто олов унинг ёнларигача келади. Бу хатарлардан қутулгач, кўприк устида туриб, дейди: «Оллоҳга ҳамд бўлсин, ҳеч кимга бермаган неъматини менга ато этди, жаҳаннамни кўрганимдан сўнг ундан нажот берди». Кейин уни жаннат эшиги олдидаги кўлга олиб келиб, чўмилтиришади» (Ибн Адий ва Ҳоким ривояти). Анас ибн Молик айтади: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини эшитдим: «Сирот қилич каби ўткир, қилдек ингичкадир. Фаришталар мўмин ва мўминаларни қутқарадилар. Жаброил алайҳиссалом менинг белим (камарим)дан тутади, мен: эй Раббим, саломат қил, саломат қил, дейман. У Кунда тойиб кетувчи эркаклар ва тойиб кетувчи аёллар кўп бўлади» (Байҳақий ривояти). Эй инсон! Фурсатинг ғанимат. Сирот ҳақида, унинг даҳшат ва қўрқинчи хусусида ўйла. Чунки Қиёмат куни даҳшатларидан энг омон киши бу дунёда у ҳақда кўп ўйлаган кишидир. Негаки, Оллоҳ бир бандада иккита қўрқувни жамламайди. Кимки Қиёмат куни даҳшатларидан бу дунёда қўрқса, охиратда у даҳшатлардан омон бўлади. Лекин бу ўринда Қиёмат даҳшатларини эшитган пайтда қалблар эриб, кўзлардан ёшлар қуюлиб, ҳеч қанча ўтмасдан, қайғулар унутилиб, ўйин-кулгуга бериладиган аёлларга хос енгил-елпи қўрқинч назарда тутилмаяпти. Бу қанақасига қўрқинч бўлиши мумкин?! Ахир, қўрққан нарсадан қочилади, Кимки бир нарсага етишни умид қилса, уни излайди. Оллоҳ таолога гуноҳ қилишдан тўсадиган ва У Зотга тоат қилишга ундайдиган хавфгина, фақат шу хавф сени қутқаради. Аёлларнинг енгил-елпи қўрқувидан ҳам енгилроғи аҳмоқларнинг қўрқувидир. Қачонки улар Қиёмат даҳшатларини эшитса, тиллари дарҳол паноҳ тилашга шошилади: «Оллоҳдан ёрдам сўрайман, Оллоҳ бизни паноҳингга ол, Оллоҳим саломат қил...» – дейди-ю, ҳалокатининг сабаби – гуноҳлардан қайтмайди, Оллоҳ қайтарган ишларни қилишда давом этаверади. Шайтон унинг «паноҳ тилаш»идан кулади. Унинг мисоли, шундоқ ёнида мустаҳкам қалъа туриб, қалъага бекинмасдан, ўзи томон одимлаётган ваҳший ҳайвонни кутиб ўтирган кишига ўхшайди. У узоқдан йиртқичнинг ёвуз, сўйлоқ тишларини, баҳайбат гавдасини кўради ва тилида тинимсиз: мустаҳкам қалъа мени паноҳига олади, қалъанинг пухта қурилиши ва пишиқ устунлари мени йиртқичдан қутқаради, дея такрорлайди. Буларни у фақат тилида айтади-ю, амалда жойидан жилмайди. Бу тарзда йиртқичдан «халос бўлиш» ўта кулгули хомхаёл эмасми?! Охират даҳшатларидан сақловчи ягона қалъа «ла илаҳа иллаллоҳ»дир. Кимки бу калимани айтар экан, энди у кишининг ягона мақсади – Оллоҳ таоло, унинг учун энди Оллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган зот йўқ. Ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олганларнинг «ла илаҳа иллаллоҳ» деганлари эса ёлғон, уларнинг аҳволи хатарли. Агар юқорида айтилганларни бажаришдан ожиз бўлсанг, Оллоҳнинг расулига меҳр қўй, у зотнинг суннатларини улуғ бил, умматлари ичидаги солиҳ кишиларнинг ҳурматини қозон, уларнинг дуоси билан барака топ. Балки шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёки у зотнинг умматларидан бўлмиш солиҳ кишиларнинг шафоатига нойил бўларсан, охират учун йиққан сармоянг кам бўлса-да, балки шафоат туфайли нажот топарсан.
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан